Ўзбекистон Божхона иттифоқига қўшиладими-қўшилмайдими?

  • 14 Ноябр 2013
Сенат раиси қовун туширдими?
Сенат раиси қовун туширдими?

Ўзбекистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши борасида ўзбек расмийларидан бир бирига зид хабарлар келмоқда. Аввалига сенат раиси иттифоққа қўшилиш масаласига ижобий қарашини айтган бўлса, кейинроқ сенат аъзоси Содиқ Сафоев ушбу масала кун тартибида бўлмагани ва кўриб чиқилмаганини таъкидлаб раддия берди.

12 ноябр куни Россия матбуотида Ўзбекистон Божхона иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқишга тайёр сарлавҳаси остида хабар чиқди.

Унда Россия парламенти юқори палатаси раҳбари Валентина Матвиенконинг Ўзбекистон сенати раиси Илгизар Собиров билан учрашуви давомида божхона иттифоқи ҳақида савол берилгани айтилади.

“Журналистларнинг Ўзбекистон божхона иттифоқига қўшилишига қандай ёндашасиз деган саволига Илгизар Собиров “ижобий” дея жавоб берди”, - деб хабар ёзди РИА Новости.

Бироқ ушбу хабар чиққандан бир кун ўтиб Олий Мажлис Сенатининг ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев Матвиенко билан учрашувларда Божхона иттифоқига қўшилиш масаласи муҳокама қилинмаганини айтиб чиқди. Бу ҳақда 12uz.com ахборот портали хабар берди.

“Ўзбекистон олдингидек Россия билан ҳамкорлик масаласига қизиқиш билдиради. Бироқ ҳозирча янги интеграцион жараёнларда иштирок этишга тайёр эмас. Ўзбекистон Божхона иттифоқига эҳтиёткорлик билан қизиқиш билдириши хабар қилинди. Ишонтириб айтаманки, бу муаммо муҳокама қилинмади ва кун тартибида йўқ эди. Биз икки томонлама муносабатлар масаласини муҳокама қилдик ва Ўзбекистон республикасининг Божхона иттифоқига муносабатида ҳеч қандай ўзгаришлар киритилгани йўқ”, - деган Содиқ Сафоев.

Илгизар Собировнинг гапи ва ундан келиб чиққан хабар ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ҳукумат идораларига яқин твиттер фойдаланувчисининг ёзишича, учрашувлар давомида бундай гап-сўз бўлмаган ва сенат раисининг ҳаминқадар рус тилиси бу каби хабарларга сабаб бўлган.

“Сенат Раисининг ҳаминқадар рус тилиси мана шунақа хабарларнинг урчишига сабаб бўлди”, - деб ёзади твиттер фойдаланувчиси.

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Сенат раиси ушбу гапларни Ўзбекистон президенти ва бошқа мутасаддилар билан мувофиқлаштирмаган ҳолда айтиб юборган бўлиши мумкинлигини айтади.

“Балким меҳмоннинг райига қараб илиқ сўзлар, ҳар хил комплиментлар айтилган бўлиши мумкин. Шу орада Ўзбекистон Божхона иттифоқига қизиқиш билдирмоқда ва бу жараён ижобий тус олиши мумкин деган позицияни ўзи ўйламаган ҳолда ёки бу гапларнинг аҳамиятини англамаган ҳолда айтган бўлиши мумкин”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшунос ушбу ҳодиса сўнгги вақтларда Гулнора Каримова билан ҳукумат тепасидаги маш машаларга боғлиқ эмаслигини айтади. Илгизар Собиров президент девонидан бирор мутасаддининг гапини нотўғри тушунган бўлиши ёки кутилмаганда ўзи ташаббус кўрсатган бўлиши мумкин.

Қонунчилик бўйича, Ўзбекистон сенатининг раиси амалдаги президент ўз вазифасини бажаролмай қолган ҳолатда мамлакат бошқарувига ўтади ва 3 ойнинг ичида президентлик сайловларини ташкил қилади.