Тошкент метроси: Рекламалар хавфсизликдан чалғитади, погонлилар эса сергаклантиради

  • 8 Ноябр 2013
Хавфсизлик чоралари кучайиши ортидан йўловчилар сони тушиб кетган
Хавфсизлик чоралари кучайиши ортидан йўловчилар сони тушиб кетган

Расмийлар Тошкент метросидан рекламалар нима учун олиб ташланганига изоҳ берган. Тошкент метроси қўриқлаш хизматига масъул шахс рекламалар йўловчиларнинг эътиборини чалғитиши ва бу хавфсизликка таъсир қилиши мумкинлигини билдирган. Ушбу изоҳ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кулгисига сабаб бўлган.

Тошкент метрополитенини қўриқлаш бўйича Ички ишлар органи батальони қўмондони подполковник Руслан Ирназаров Тошкентда чоп этиладиган “На посту” газетасига берган интервюсида метрони тўлдирган огоҳликка даъват қилувчи ташвиқотлар ҳақида гапирган.

“Рекламага қараб қолган йўловчи кимдир томонидан ташлаб кетилган сумкани пайқамай қолиши ёки бошқа йўловчининг ўзини бошқача тутишига эътибор қаратмаслиги мумкин. Шунинг учун метродаги реклама ўрнига фуқароларни огоҳликка чорловчи кўргазмали ташвиқот пайдо бўлди”, - деган Руслан Ирназаров.

"Метрода мусиқа тинглаш ҳам таъқиқлансин"

Тошкент метросидаги рекламалар бундан 2 йил олдин бирор тушунтиришларсиз йўқолган эди. Унинг ўрнига ҳар бир вагон ва бекатда огоҳликка чорловчи плакатлар пайдо бўлган.

Ҳар бир бекатда эса “Эҳтиёт бўлинг эшиклар ёпилади” деган машҳур жумланинг ёнига “Огоҳ бўлинг, метрополитен ходимларига хабар беринг” каби ҳушёрликка чорловчи чақириқлар қўшилган.

Подполковник Ирназаровнинг интервьюси ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган. Фойдаланувчилар хавфсизлик учун рекламаларнинг йўқолганини кулги остига олишган.

“ Метрога наушниклар олиб киришга ҳам қаршиман! Масалан, мен мусиқа эшитиб ухлаб қоламан ёки чалғийман ва ёнимдаги қутини кўрмайман”, - киноя қилади твиттер фойдаланувчиларидан бири.

Реклама огоҳликдан чалғитар экан, унда ҳамма жойдан рекламани олиб ташлаш керак деган кесатиққа тўла твитлар ёзилган.

“ Ман яна давлат телеканалларидаги рекламаларга ҳам қаршиман. Бу рекламалар одамларни шубҳали қути ва одамларни топишдан чалғитмоқда. Реклама - зарарли, реклама - оммавий маданият элементи, у бизни тўғри йўлдан адаштиради, ҳушёр ва огоҳ бўлишимизга халал беради. Шундай экан, ундан фақат метрополитенда эмас, бутун мамлакат миқёсида воз кечмоқ керак”.

Твиттер фойдаланувчиси рекламалар ҳамма жойдан олиб ташланса, “кўчаларда рекламаларга анқаймай, яна ўша кўчаларда турган шубҳали қутилар, юрган шубҳали шахслар ҳақида шонли милицияга хабар берамиз”, - дейди.

Тошкент метроси Ўзбекистондаги аэропорт, вокзал, стадион сингари қаттиқ қўриқланадиган объектлар сирасига киради.

Ҳар бир бекатга кириш ва чиқиш жойларида камида икки милиционер метални аниқловчи ускунаси билан туради ва қўлида бирор сумкаси бор ҳар бир йўловчини текшириш ҳуқуқига эга.

Гоҳида ушбу милиционерлар билан бирга итларини етаклаб олган кинологлар ҳам навбатчилик қилади.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳаттоки жетон сотувчи кассаларнинг ҳам олдинги жойлари ўзгартирилиб метро эшикларидан ташқарига чиқарилган.

Бекат эшикларидан кириб келиш билан у ерда яна бир милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати ходими сумкаларни текширади. Ушбу ходимларга энди сумкаларнинг ичини очиб унда нима борлигини билиш ваколати берилган.

Йўловчи шундан сўнг бекатга киради. У ерда ҳам камида тўртта милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари навбатчилик қилиб юради.

Тартиббузар погонлидан ҳайиқади

Расмийлар погонли ходимларнинг мавжудлиги тартиббузарликларнинг олдини олишига ишонади.

“На посту” газетасига берган интервьюсида Расул Ирназаров барча метро бекатларига кенг кўринишни таъминловчи қўшимча видео камералар ўрнатилиб чиқилаётганини айтган. Унга кўра ҳар бир бекатга кираверишда ва унинг ичидаги погонли шахсларнинг туриши жамоат тартибига риоя қилишда ижобий роль ўйнамоқда.

“Ҳаттоки погонли одамнинг туриши ва видеокамераларнинг мавжудлиги профилактик маънога эга, жамоат тартибига амал қилишда ижобий роль ўйнамоқда. Бу тартибни бузишга мойил одамлар учун ўзини тутиб туриш омили ҳисобланади. Ҳамда фуқароларга уларнинг хавфсизлиги муҳофаза остида деган ишонч беради”, - деган метрополитен қўриқлаш батальони қўмондони Руслан Ирназаров.

Ирназаров жаноблари хавфсизлик учун қанча маблағ сарфланаётгани ва уни таъминлашда қанча ходим иштирок этаётгани борасида маълумот бермаган.

Кузатувчилар йўловчилардан тушаётган маблағ метрони юритиш ҳаражатларини қопламаслигини айтишади. Метродан рекламаларнинг ҳам олиб ташланганлиги унинг иқтисодига жиддий зарар берган.

De Facto маркет агентлигининг 2008 йилда келтирган маълумотларига кўра бир йилда Тошкент метросига 1 миллион 800 минг АҚШ долларилик реклама берилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Тошкент метросида йўловчи ташиш 2013 йилнинг 8 ойида ўтган йилга нисбатан 8,3 фоизга тушиб кетган.

Қўмита йўловчиларнинг камайганига нима сабаб бўлгани борасида бирор маълумот бермаган.

Кузатувчилар Тошкент метросидаги хавфсизлик чораларининг ҳаддан зиёд кучайтирилгани йўловчиларнинг безиб қолишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтишади.

“”Олмазор”дан “Буюк Ипак йўли” бекатига кетишим керак эди. Аммо қўлимда сумкаларим бўлгани боис қиммат бўлсада 15 минг сўмга таксида кетдим. Чунки ич кийимларим ва шахсий буюмларим жойланган сумкамни бегоналар томонидан титилишини истамадим”, - дейди йўловчилардан бири.

Тошкент метроси кунига 180-200 минг йўловчига хизмат кўрсатади.