Би-би-сига айтаман: Нурмуҳаммад Содиқовни қутқаришда ёрдам беринг!

  • 5 Ноябр 2013

Би-би-си Ўзбек хизмати муҳарририятига Анвар Мухатов мактуб йўллаган ва поччаси Нурмуҳаммад Содиқовнинг 2013 йил январ ойидан бери бедарак кетгани ҳақида ёзган.

Мухатовнинг ўз мактубида ёзишича, Нурмуҳаммад Содиқов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли тужжорий тизимлардан бирида юқори лавозимни эгаллаб келган.

Шу йил январ ойида номаълум шахслар келиб Нурмуҳаммад Содиқовни олиб кетишган ва кейинчалик уни Гулнора Каримованинг одамлари ушлаб турганлигини айтишган.

Биз мактуб муаллифи билан боғланиб ҳодиса тафсилотлари ва куёвини айнан Гулнора Каримовага тегишли одамлар ушлаб турганлигини даъво қилиш учун қандай асосларга эга эканлиги ҳақида сўрадик:

Анвар Мухатов: Менга маълум бўлишича, куёвимиз Гулнора Каримовага тегишли тужжорий тизимда ишларди. Январ ойида мен Ўзбекистонда бўлган вақтим, номаълум кишилар уйига келиб уни олиб кетишди. У билан бирга менинг опамнинг, бутун оиланинг ҳужжатларини ҳам олиб кетишган. Кейин биз ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган вақтимиз улар томонидан бу амал қилинмагани, куёвимизни ҳибсга олингани ҳақида ҳеч қандай қайд йўқлигини айтишди. Яъни, уни ҳуқуқ-тартибот ёки хавфсизлик хизматига тегишли бўлмаган кишилар олиб кетишган. Ўшандан бери куёвимиз ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ ва биз жуда хавотирдамиз.

Би-би-си: Умуман ҳеч қандай хабар йўқми унинг аҳволи ёки қаерда эканлиги ҳақида?

Анвар Мухатов: Баъзи одамлар орқали унинг ҳаёт ва соғлом экани ҳақида маълумот олганмиз. Мен бу одамларнинг исмини ошкор қила олмайман, чунки уларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйишим мумкин. Уни Гулнора Каримованинг одамлари ушлаб туришганини айтишган.

Би-би-си: Уни Гулнора Каримованинг одамлари ушлаб турганлигига ишониш учун сизда қандай асос бор?

Анвар Мухатов: Мен яна бир марта такрорлайман, биронта ҳуқуқ-тартибот органида унинг ушланиши ҳақида маълумот йўқ. Куёвимиз Гулнора Каримова атрофидаги оддий одам эмас эди, анчагина мавқеи юқори одам эди.

Би-би-си: Бу шунчаки турли гуруҳлар ўртасида борди-келди, ҳисоб-китоб муносабатларини очиқлаб олиш ҳаракати бўлиши мумкин эмасми? Балким кимдир унинг учун товон пули талаб қилмоқчидир?

Анвар Мухатов: Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Бирон талаб бўлганида, шу вақтгача айтишарди-ку. Уни олиб кетишганидан бери деярли бир йилча вақт ўтди. Бошқа томондан уни олиб кетгани келган кишиларни куёвимиз танирди, иш бўйича. Шунинг учун Гулнора Каримовага бевосита алоқадор бу ҳодиса, дея айтмоқдамиз. Буни бошқачасига ҳеч қандай тушунтириш мумкин эмас. Ўзбекистонда бундай ишларни фақатгина катта таъсир ва қудратга эга бўлган кишиларгина қила олиши мумкин.

Би-би-си: Сизлар унинг ғойиб бўлгани ҳақида милицияга мурожаат қилган вақтингиз бу ҳодиса қайд қилиниб, расман қидирув эълон қилиндими?

Анвар Мухатов: Йўқ. Мен эмас, яқинларимиз мурожаат қилишганда, одамлар куёвимизнинг соғ-омон эканлиги ва милиция қўлида эмаслигини айтишган. Шунинг учун милицияга расман бу борада мурожаат ҳам қилишмаган, у ерда эмаслигини билишади, кимдир уни ушлаб турганини ҳам билишади. Пул, уй-жой, машина ҳамма нарсалари ё олиб қўйилган ё мажбур бўлиб сотишган. Опамнинг қўлида ҳужжатлри йўқ, ишлай олмайди, бирон жойга кета олмайди. Унинг ҳаёти қандай кечишидан мен жуда хавотирдаман. Шунинг учун мурожаат қилишга қарор қилдим.

Би-би-си: Уни Гулнора Каримованинг одамлари ушлаб турибди деяпсиз, шундай экан унинг ўзига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, бу борада сўраганмисизлар?

Анвар Мухатов: Мен бевосита қариндоши эмасман. Мен бу мурожаатни опамнинг тақдиридан ҳавотир олганим учун ёздим. Мен бу ҳолатга жамоатчилик эътиборини тортмоқчиман. Опам Гулнора Каримовага мурожаат қилган бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки айтганимдек у оддий одам эмасди ўша тизимларда. Бошида мана қўйиб юборишади, деган умидда эдик, лекин бундай бўлмади.

Би-би-си: Энди бу борада нима қилмоқчисизлар?

Анвар Мухатов: Мамлакатда нималар бўлаётганига жамоатчилик эътиборини тортмоқчимиз.

Би-би-си: Нима учун шу вақтгача бу борада деярли ҳеч нима қилмасдан, мана энди бу масалани кўтармоқдасизла? Охирги вақтларда Гулнора Каримова атрофида бўлаётган ҳодисалар сизларни ҳам фурсатдан фойдланиб қолиш кераклиги ҳақидаги хулосага етакладими?

Анвар Мухатов: Йўқ биз фурсатдан фойдаланиб қолмоқчимасмиз. Гулнора Каримова атрофида кечаётган ҳодисалар не қадар ҳақиқатага яқинлигини билмаймиз. Куёвимизни қўйиб юборишар, бирон англашилмовчилик рўй берган, қўйиб юборишади дея умид қилгандик. Лекин бундай бўлиб чиқмади.

Би-би-си: Лекин куёвингизни ушлаб туриш Гулнора Каримова учун нимага керак? Бундан мақсад нима?

Анвар Мухатов: Албатта мен уни Гулнора Каримова одамлари ушлаб туришибди, деб 100 фоиз ишонч билан айта олмайман. Қўлимизда далиллар йўқ. Ўзбекистонда, қонуний давлатда, бўлаётган ҳодисаларга биз эътибор қаратмоқчимиз, холос.

Бу мавзуда батафсилроқ