BBC navigation

Қамоқдаги битиклар: Мамадали Маҳмудов. "Оқ гул" - иккинчи қисм

Сўнгги янгиланиш 3 ноябр 2013 - 21:56 GMT

Би-би-си Ўзбек Хизмати атоқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг қамоқхонада ёзилган туркум асарларини эълон қилишни режалаган. Эътиборингизга ҳавола қилинаётган "Оқ гул" романини адиб Чирчиқдаги жазо муассасасида ёзиб тугатган.

Эврил Турон

[Мамадали Маҳмуд]

Оқ гул

(воқеий роман)

(Иккинчи қисм)

74

Оқгул дам Бекка, дам менга қараб, ушбу сўзларни тиниқ меҳр билан айтди:

– Сени билмадиму Эврил, бу, Чингизхоннинг иши... Кўнглим шундай деяпти. Чунки у мен ўйлаганимдан ҳам ортиқ журъатли. Буни юрагим билан ҳис этаяпман. Яна унинг бир хислатини тан оламан: У ишончли дўст.

Марварид каби Оқгул ҳам илк бор уни: “Чингизхон” – деб тилга олди. “Чингизхон!..” Буни ва беғубор мақтовни Оқгулнинг оғзидан эшитиш Бек учун чинакам бахт. У ўз этига сиғмай севинди: “Чингизхон!..” Ундан буни эшитиш қанчалар завқли!”

Одатда Оқгулни ўқувчилар, ҳатто уни кўролмовчи қизлар ҳам эшитишни истардилар. Унинг сўзларидан ўзларича маъно ахтарардилар, таъсирланардилар. У ким билан мулоқотда бўлса ҳам, ўзига ишонтирар ва сеҳрлаб оларди. Менимча, унга бу фазилат Тангри томонидан берилганди. Ҳозир Бектемир Оқгулни инкор этишга ожиз қолди. Қизилчадек қизарди. Аммо: “мени ишим” дейишдан ўзини тийди.

Мен: “Оқгулда бир илоҳий куч бордай, – дедим ичимда, – уни таниган киши бежиз: “Ўзгача қиз...” деб айтмайди. Менимча, ҳаёт Оқгулга ўхшаш инсонлар билан гўзал. Улар қаторига Бекни ҳам қўшгим келади...”

Яна талай мисол, масалалар ечдик. “Ечдик” дейишим тўғри бўлмас. Ўзи аслида ҳамма мисол, масалаларни бизга Оқгул ечиб, тушунтириб берди. Содда, осон йўллар билан.

– Эртага ҳам қолдирайлик, – деди Оқгул ҳорғин ва маъюс оҳангда, – энди, бир пиёладан чой ичамиз, болалар.

Мен енгил тортдим. Менимча, Бек билан Марварид ҳам.

Марварид чой дамлаб келиш учун ошхонага чиқиб кетди. Оқгул бир ўрим сочини олдига ташлади. Седанадай холи бор яноғига кафтини босди ва очиқ деразадан ташқарига боқди. Шунда мен унинг кўзларидаги тубсиз ғамни кўрдим. У чуқур, жуда чуқур руҳий азобда эди. Мен юрак –юрагим билан ҳис қилдим. Унга ёрдам беролмаслигимни ўйлаб, ич –ичимдан эзилдим ва ожизлигимдан нафратландим. Шу онда Оқгулнинг борлиғи ларзага келаётган, ярим юмуқ киприклари ҳўл ўлароқ титраётган эди – ки, буни унинг ўзи ҳам сезмасди. Бундан менинг кўнглим вайрон бўлди. Оғир табиатли Бекнинг эса кўзларидан ёш оқди. Мунгга, аламга, нафратга ғарқ ёш!..

75

Оқгул вакил мактабда пайдо бўлгунча, ойдай тўлишиб борди. Кейин қайтаётган ойдай катила* бошлади. Жуда озиб кетди. Буни қўрқувдан десам, янглишарман. Мақсадга эришолмай... десам тўғри бўлар.

У мақсадсиз ҳаётни пуч ёнғоққа бенгзарди. Уни “ёлонсув”*дан айромас дерди. Айрим онларда ўзига – ўзи савол ҳам бериб қоларди:

“ – Миллиардлар мақсад билан яшайдиларми? Ё қоринлари учунми?” Оқгул бунга бир аниқ жавоб тополмасди. Қошларини чимириб қўярди.

“ – Менинг мақсадим бор... – дерди ичида, – шунинг учун ҳам мен бу ҳаётни ардоқлайман. Бўлмаса, у менга : ёлонсув...”

Тунги мудҳиш ҳодисадан сўнг Оқгул тамомила бўлмаса ҳам, қисман умидсизлик ўрами*га тушиб қолди.

Агарчи мен уни метин иродали, ақлли қизлигига шубҳа қилмасам ҳам, “ўзига ишонч” деган нарса, яъни қудратда тенгсиз нарса ундан юз ўгираётганини илғагандек бўлдим. Ёхуд менга шундай туюлдими? Билмадим.

Мен ўз ўлимини олдиндан билиш даҳшатини – ер юзида юз берувчи даҳшатларнинг энг даҳшатлиси деб ўйлайман. У тоғдек одамни ҳам букиб, бир сиқим қилиб қўяди. У ўлимнинг ўзидан ҳам даҳшатлидир. Ўзини ёвузларча ўлдириб кетишини сезиш эса, ундан ҳам минг марта даҳшатли.

Бундай ўлимдан Тангрининг ўзи асрасин. Мен одамнинг юрагини сиқиб, қон этгувчи шу лаҳзада ич-ичимдан Тангри таолога илтижо қилдим.

“ – Омонгулга умр бер, Яратган Эгам!”

Айни шу онда мен Бектемирни ҳам ичида қон йиғлаб, Тангрига ёлвораётганини ҳали одам уруғига номаълум, қандоқдир сирли бир куч воситасида эшитдим:

“ – Омонгулни ўз паноҳингда асрагин, Тангрим! Агар иложи бўлмаса, унинг ўрнига менинг жонимни ол! Сендан ўтиниб сўрайман, Яратган Эгам, Омонгулга бериладиган жаъзони менга бер!”

Руҳсиз ва толғин бир алпозда чой ичдик. Қизлар билан хайрлашарканмиз, Марварид қўрқувга қотилган паст товушда деди:

– Ниқобли кишиларни олиб кетишаётганини отам кўрган. У қўй сўйиш учун эрта уйғонган. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очманглар, болалар. Отам қаттиқ огоҳлантирилган...

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Катила – катилди – камайиб, камайди.

* ёлонсув – сароб.

* ўрам – гирдоб.

76

– Ташвиш тортма, – дедим мен.

Бектемир индамади.

Оқгулнинг юзи қордек оппоқ эди. Бироқ кўзида ваҳм шарпаси кўринмасди.

“ – Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади, – кўнглимдан кечирдим мен, – унинг бутун дарди ичида. Бундайда, бу қиз ўзини – ўзи еб қўяди. Унга руҳий мадад лозим. Шунга мен ўзимча қизларга далда бердим:

– Қизлар, бизлар доим Сизлар билан биргамиз!

Оқгул бу гап биринчи галда ўзига аталганини англади ва унинг сулув юзларига қизиллик югурди.

Мен йўлда Бектемирга юрак қони билан Тангрига қилган илтижосини айтдим. У ажабланди:

– Ҳа, шундай дедим. Сен менинг ичимда кечган бу сўзларни қандоқ эшитдинг?

– Буни тушунтиролмайман. Тубсиз дард билан, содда тил билан шундай деганингни аниқ эшитдим.

– Қизиқ!

– Бунга ўзим ҳам ҳайрон бўлдим.

– Ғалати.

– Дунёда одам боласи билмайдиган сирлар кўп, дўстим.

– Оқгул эшитмадимикан?

– Менимча, йўқ. Аммо у киши кўнглини кўра билади. Мен шундай деб ўйлайман. Яҳудий хонимнинг Оқгулга бежиз назари тушмаган.

– Тўхта-тўхта! – Бир кўза олтин топган кимсадек қичқирди Бек. Ногоҳоний ҳаяжон ёлқини унинг юзида лола тусида акс этди.

Мен чўчиб тушдим. Ўткинчилар бизга ажабланиб қарадилар. Мен Бекнинг енгидан силтаб тортдим:

– Ўпкангни бос!

– Нега шу пайтгача эсимга келмаган бу?

– Нима?

– Мен йўлини топдим, Эврил! Йўлини топдим!

– Нимани?

– Йўлини топдим!

– Жинни – пинни бўлиб қолмадингми, Бек? – Мен унинг кўзига хавотир билан боқдим, – секин сўзла, ҳамма бизга қараяпти.

– Топдим, дўстим!

– Хит қилиб юбординг – ку, Бек, нимани ахир?

– Яҳудий хонимни!

Эсинг жойидами ўзи, Бек?

77

– Ундан кўмак сўраймиз!

– Энди, менга етди! – Қоронғи тунда хавф – хатарга лиқ ўрмонда адашиб қолган, сўнг кутилмаганда ўз йўлини топган касдек севиндим мен. – Ажойиб топилдиқ, Бек!

Шошиб изимизга қайтдик.

– Энди, буёғи Оқгулга боғлиқ, – дедим мен сал бўшашиб.

– Нимага?

– Оқгул яҳудий хонимнинг телефон рақамларини бизга беришига унча ишонмайман.

Бектемир бўздек оқарди ва йиғламсираган оҳангда деди:

– Бу ёғини ўйламабман, дўстим.

Бизни қайтганимизга қизлар ажабландилар. Ҳам севиндилар. Мен Оқгулга мақсадимизни айтдим. У гап қатида нима ётганини сезди ва тушкун бир алпозда деди:

– У киши ҳозир СССРдамас

– Қаердан биласан? – Сўради Бек соддадиллик билан.

Оқгул унга жавоб қайтармади. Бошини ерга эгиб, сукут сақлади. Мен ўзимча фаҳмладим:

“ – Қўнғироқлашиб турсалар керак”.

– Профессор Мария хоним СССРда бўлганда ҳам мен бундай қилмасдим, – деди Оқгул хиёл сукутдан сўнг, – чунки бунга ўзимни мажбур этолмасдим. Ақлим, юрагим, ғурурим йўл қўймайди. Қолаверса, бу телефон гапимас. Мени тўғри тушининглар, болалар, ўзи бу масала... – У гапини тугатмади.

Мен ўзимча тугалланмаган бу сўзни тугатдим:

“ – Ўзи бу масала пишган... Ҳар нарсанинг вақт – соати бор...”

Биз Оқгулни тушундик.

У ўз номус – орини осмондан ҳам юқори қўярди. Мен буни тўғри деб билдим. Балки, Марварид ва Бектемир ҳам шундай фикрга келишгандир?

“ – Бу телефон гапимас” – деганда у ҳақ эди.

Биз бошимизни эгган бўйи тоғдек оғир сукут, денгиздек теран қайғу қуршовида уйга қайтдик.

Мева тугмас ўрис оғочлари ўсиб ётган “Маданият уйи” ёнидан ўтарканмиз, бизга кимдир тагдор гап отди:

– Бизнинг маҳаллага серқатнов бўлиб қолибдиларми?

Бошимизни кўтариб, товуш келган ёққа қарадик. Ва “Маданият уйи” мудири Бердибек аканинг қорачадан келган сепкилли юзини кўрдик.

– Вақт шуни талаб қилаяпти, – дедим мен истар-истамай, – имтиҳон...

78

– Вақт дегин... Бошқа нарсамасми ишқилиб?..

Бектемирнинг лаблари асабий титради, муштлари тугилди:

– Нима, сизга ҳисоб берайликми?

– Тилинг узун кўринади, болакай.

Ўзи тўлиб турган Бек унинг кесатиғига ортиқ чидолмади, қўрс овозда сенсираб хириллади:

– Пичингларингни хотинингга қил!

Бердибек ака ундан бундай қўпол гап кутмаганди. Ҳар қалай Учқулоч олтин конида унинг ўз ўрни, обрўси бор:

Коммунист.

Мудир.

Бу она сути оғзидан аримаган гўдак бўлса, юзидан олаяпти, уят, андиша, ҳурмат деган нарсаларни билмай юзидан олаяпти. Қараб турса, қутирган итдек ташланади ҳам. У алам, ғазабдан титраб – қақшади:

– Сен билан кейин гаплашаман!..

– Айб ўзингизда, – дедим мен босиқ овозда, – биз жимгина уйимизга кетаётгандик, сиз ҳеч нарсадан – ҳеч нарса йўқ, йўлимизни тўсдингиз, тилингизга эрк бердингиз: “Бизни маҳалламиз...” деб айирмачилик қилдингиз. Тўғрими?

– Сен ҳам бетгачопар кўринасан!

– Мен доим ҳақ томонда тураман, – уни таҳликага солиш ва бизни сотмаслик учун атайлаб гапимга сиёсий тус беришда давом этдим. – Нима, сизнинг маҳаллангиз СССРдан айроми? Таъқиқ қўясиз. Ёки Коммунистга шундай ҳуқуқ берилганми? Гитлер ҳам бундай қилмасди. Исталган ерда гаплашамиз. Ҳатто Москвада ҳам. Устингиздан “Правда”га ёзаман. БМТга ҳам. Шунга мажбур этаяпсиз. Бундай ҳолда сизга ишонган тоғларингиз ҳам кўрмак бермайди. Беролмайди ҳам.

Берди ака ўз ишига жон – тани билан ёпишиб олган киши эди. Ишидан айрилишдан кўра, жонидан айрилишни авфзал кўрарди. Сўзларимга ишонди. Мен бир нимага аҳд қилсам, уни оҳирига етказардим ҳам. У ҳар нарсага қизиқувчан, кузатувчан, пишиқ одам сифатида менинг бу одатимни билган бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, “Париж коммунаси”* газетасида чоп этилган мақола, ҳикояларини ҳам ўқиб борган. Бу ҳақда унинг ўзи менга айтган эди.

Берди аканинг юзи палағда тухумдек сарғайиб – кўкариб кетди.

“ – Бир ҳамлада ямламай ютаман!..” деганди... Бунинг акси бўлиб чиқди. У ичидан зил кетди.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* “Париж комуннаси” – Фориш тумани газетаси.

79

“ – Жуда манмани болалар экан. Юзинг – кўзинг дейишмайди. Тарбиясиз!.. Мана буниси катта кишидек гап суқади. Ундан ҳар нарсани кутса бўлади. Ёзиши ҳам мумкин. Иккови ҳам бир гўр. Ҳеч балодан қайтмайди. Уларга бошқача йўл билан “сабоқ” бериш керак!..”

Мен Берди аканинг ичида нелар кечганини ўзимча фаҳмларканман:

“Уни ҳам ишга солибди – да...” деб ўйладим.

Бироқ у сиртига сув юқтирмасликка уринди. Ўлжасини ололмаган маймундек чийиллади:

– “Ишонган тоғларингиз...” дейсан...

– Сизни бизга қарши қайраётганлар... – дедим қатъият билан унинг гапини кесиб, – Ўзбекнинг мана бу гапи эсингиздан чиққан кўринади:

“Икки от тепишса, ўртада эшак ўлади”...

– Ўзинг муштдек бўлсанг ҳам, тилинг заҳар. Ёшингга яраша гап қилмайсан. Осмондан келасан.

Бек ёвига отилган бургутдек унга таҳдид солди:

– Сенгамас Эврилга ақл ўргатиш. Унинг ўзида ақл ғиж – ғиж. Бизмас, сен “муштдек болалар” билан ўчакишяпсан. Сенинг ёшингга шу ярашадими? “Кейин гаплашаман...” дейсан. Кимга ишонаяпсан? Ўз калланг билан иш тут! Эркак бўлсанг пайсалга солма, ҳозир гаплаш, бирга – бир чиқ!..

Берди аканинг чўтирга мойил юзига қон тепди. Оғир зарбдан тупроққа тўзғиб қулаган маҳлуқдек бўғилиб хириллади:

– Сизлар билан айтишган одамнинг ўзи аҳмоқ! Йўқолинглар бу ердан! Иккинчи кўзимга кўринманглар!

Биз секин уйимизга йўналдик. Ўрис оғочлари кўланкалари остида турган дев келбатли уч йигит ер тагидан бизга қараб қолишди...

“Маданият уйи”дан хиёл узоқлашганимиздан кейин Бектемирга уқтирдим:

– Бугун уйдан – эшикка чиқмайсан, дўстим.

– Сталин бўл.

– Ҳазилнинг вақтимас, Бек. Изимизда исковичлар... Жуда хавфли.

– Оқгулни жаллодларга ташлаб қўямизми?

– Оқгул билан Марваридга ҳам кечалари ташқарига чиқмасликларини ўтиниб тайинладим. Бир амаллаб имтиҳондан ўтиб олсак, марра бизники. Сен дарҳол Қозоқистонга, опангникига* кетасан. Бир неча

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Қозоқистонга, опангникига – Уста Суннатнинг биринчи хотини (Бекнинг онасига уйланишидан олдинги хотини)дан бўлган қизи (исмини билмайман) қозоққа теккан ва Қозоқистонда яшарди.

80

йилга. Бу ерда қолишинг ўлим билан тугайди... Сени топади... нишондасан...

– Қўрқитаяпсанми!

– Мутлақо!

– Ҳеч ёққа кетмайман!

– Қонимни қайнатма, Бек. Кетасан!

Оқгул ҳам кетади яҳудий хонимнинг олдига.

– Бу қўлингдан келадими?

– Келади.

– Лоф ур.

– Менда ундоқ одат йўқ.

– Мақтанчоқ.

– Бас қил. Мазаҳнинг ўрнимас. Умуман бировларни таҳқирлаш ёмон одат. Йиғиштир!

– Қўлингдан келса айт, қандоқ?

– Режа бор.

– Мендан яширма.

– Онам кон бошлиғининг дафтарчасидан профессор Мария ҳонимнинг телефон рақамларини яширинча ёзиб олади...

– Ў – ў! – Қичқириб юборди Бек. – Зўр фикр! Ажойиб фикр!! Тирик бўлганда, сенинг ақл – идрокингга Ўғузхон* ҳам қойил қоларди.

– Оширварма.

– Юрак сўзим.

– Бу тун сен менинг айтганимдан чиқмайсан. Менга сўз бер.

– Бир айланиб келаман.

– Йўқ.

– Одамнинг эркини бўғма.

– Ҳеч ёққа чиқмайсан!

– Беш – ўн дақиқага, холос.

– Бир онга ҳам. Бу ўта қалтис. Тушун.

– Сал юмша, қон ичма.

– Вазиятни ҳисобга олмаяпсан, Бек. Тентаклик қилма.

– Бир гапни ҳадеб чайнайверма., Эврил. Мен ғалча эмасман, жоним ҳалқумимга келади.

– Яхши, бошқа эслатмайман, келишдик.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Ўғузхон – милоддан олдин (III – II асрлар) улуғ давлат (Буюк империя) қурган бобомиз – Матэ Туман ўғли Ботир Тангриқут.

81

Бектемир бир сўз дейиш учун оғзини хиёл очди, бироқ демади. Мен унинг мўғулникига бенгзаброқ кетгувчи кўзидан норозилик ифодасини ўқидим. Ичимда: “Бу бола қутурган итлар билан ўйнашяпти...” деб оғриндим, – бунга йўл қўймайман!”

Онам бизга яҳудий хонимнинг манзили билан телефон рақамларини олиб беришга сўз берди.

– Фақат яширинчамас, – деди, – бу ёзуқ. Ёзуқ ишга Тангри қарши. Унга сабабини очиқ айтаман. У йўқ демайди.

Биз севиндик.

27

Очиқ ҳавода, супада чалқанча ётдик. Салқин сабода танамиз яйраяпти. Бу кўнглимизга ҳам аллақандоқ таскин беряпти, ҳузур бағишлаяпти. Тумонот – тумонот юлдузлар бошимизга шуъла сочмоқда. Ойни тун ютганми, у йўқ.

Бектемир болаларча соддадиллик билан мени саволга тутди:

– Биз ўлиб кетганимиздан кейин ҳам шу юлдузлар жимирлайверадими, Эврил?

– Э, гўдак, – дедим унга меҳрга лим мунгли овозда, – биздан ном –нишон қолмаганда ҳам жимирлайверади, миллиард йилдан кейин ҳам жимирлайверади.

– Қандоқ адолатсиз дунё!..

Мени уйқу элитди. Энди, дўстимнинг саси қулоғимга элас – элас чалинарди. Элас – элас.

– Ўлганимиздан кейин бу дунёга сира қайтиб келмаймиз – а, Эврил?

Сира – сира...

Сира – сира...

Сира – сира...

Мен уйқумда шу сўзни пичирлаб такрорлабман:

Сира – сира...

Сира – Сира...

Сира – сира...

28

Худди шу вақтда Бектемир қалқади. Ҳеч кимга сездирмаслик учун биринчи шахта билан тепа оралиғидан ўтгувчи хилват сўқмоқ сари юради. Бу тор, кимсасиз сўқмоқ “Олтинтош” омборини қиялаб ўтар ва Оқгуллар маҳалласига элтарди.

82

Учқулоч теран уйқуда. Бектемирнинг ёнида зангламас темирдан ўзи ясаган (отасининг устахонасида) кумуш сопли пичоқ. “Олтинтош” омбори биқинида, Хонбандига элтувчи йўлга яқин ерда, кутулмаганда, унинг қаршисидан икки ўрис, бир ўзбек чиқди. Йигитлар йигирма уч – йигирма беш ёшларда эдилар. Бек юлдузлар ёғдусида уларнинг билакларидаги ёзувларни ўқиди:

“Патруль...”

– Қаердан келяпсан? – Рус тилида сўради гавдали ўзбек.

– Дўстимникидан.

– Тун ярмида – я?

– Имтиҳонга тайёрландик. Шунга вақт ўтганини сезмай қолибмиз.

– Қаёққа кетаяпсан?

– Уйга.

– Нега ёнингда пичоқ олиб юрибсан? – Совуқ оҳангда сўради ўрта бўйли ўрис.

– Бу миллий пичоқ. Ўзбек урфи бўйича мумкин.

– Қонунни биласанми?

– Оз – моз.

– Қани, пичоғингни кўрайчи, бола, – кенг елкали ўрис гапга уланди.

Шу он узоқдан, шимол томондан машина чироқлари кўринди. “Патруль”лар бир – бирларига аланг – жаланг қарашди. Бекнинг кўнглида хавотир уйғонди:

“ – Булар сохта патруллар...”

У қора чарм қинидан пичоғини суғурди.

– Бер, – ўнг қўлини чўзди кенг елкали ўрис.

– Кўриб турибсан миллий пичоқ.

– Бер!

– Йўқ, – у пичоқни қинига қайта солиб қўйди.

– Нима?!

– Бермайман, бу менинг шахсий пичоғим.

– Бўлмаса биз билан юр! – Буюрди ўзбек.

– Қаерга?

– Патруллар пунктига.

– Нега?

– Пичоғингни текшириб кўрамиз.

– Ҳеч ёққа бормайман.

– Бормайсан?!. – У шарт қўлтиғи тагидан тўппонча чиқарди ва Бекка ўқталди, – итдек отиб ташлайман, бола!

Бектемир қўрқмади:

83

“ – Отолмайди, – деди ичида, – отадиган одам айтиб ўтирмайди”.

Учовлон уни ўраб олишди.

– Болага пичоқ олиб юриш қонунан таъқиқланган! – деди юмшоқ оҳангда кенг елкали ўрис кулимсираб.

Бек бу юмшоқ оҳанг, кулимсираш замирида чипор илон заҳарли тилини ўйнатиб турганини ақл кўзи билан кўрди. Сергак тортди. Жуда сергак тортди. Ўзи сезиб – сезмай ҳимоя ва ҳужумга шай бўлди. Кенг елкали ўрис уни чалғитиш учун:

– Яхшиликча берақол, болакай, – дея Бекка тағин қўлини чўзди.

Энди Бек ёвуз хавфини аниқ туйди. Пичоғини қайта суғурди. Бироқ шу он гавдали ўзбек тўппончасининг орт томони билан унинг калта сочли бошига устма – уст урди. Ўрта бўйли ўрис жигарига тепди. Бек кенг елкали руснинг ўнг қўлини яралаб қулади. У вой – войлаб тисарилди. Икки ёв қутургандан – қутурароқ Бектемирни уриб – тепишда давом этди. Лекин яқин келиб қолган машина унинг жонига оро кирди.

Уч кас қоронғилик қўйнига шўнғиди.

29

Юмалоқ очун одамзод билмайдиган, таг – тугига етмайдиган, етолмайдиган Тангри қонуниятлари асосида айланади, тумонот сир, жумбоқ, мўъжизаларни ўзида сақлароқ айланади.

Абадий айланади.

Инсон ақли буларни, яъни ўзига берилганидан ортиғини очишга ожиз. Ҳеч замон очолмайди ҳам.

Ҳозир кон бошлиғининг ўз хизмат машинаси: “вильс”да жиноят устига келиб қолишини одам боласи “тасодиф” деб билади. Аслида шундайми? Йўқ. Бу ҳам Тангри иши”...

“Тасодиф...”, “Ҳалокат...”, “Фалокат...”, “Тўсатдан”... Одамзод юзлаб атамалар ўйлаб топган. Бироқ буларнинг барчаси Тангри таолонинг қонуниятлари асосида юзага келади. Унинг измисиз оламда ҳеч нарса содир бўлмайди.

Ҳеч нарса!..

Агар, теран тафаккур этолсак, ақл, идрок, шуур, сезги, ҳис, туйғуларимизни борлиғича ишга сололсак, ҳали Бекнинг ризқи ёруғ очундан узулмаганини ғира – шира англагандек бўламиз.

Шу сабабли, ҳа, айни шу сабабли Тангри Соколни “Тасодиф” ниқоби остида Бектемирга ёрдамга юборган. Буни Сокол сезганми? Йўқ. Сезишга қодир эмас, мутлақо қодир эмас.

84

У Хонбандидан (ўзига тегишли ишларни бажариб) уйига қайтаётир.

Сокол!..

Учқулочда биринчи одам...

Тангри Бектемирни ўлим чангалидан қутқазиш учун уни танлаган.

Сокол қонга беланиб ётган чалажон Бекни Учқулоч хастахонаси*га тез етказди...

30

Мен бу лаҳзада ТУШ бўғовида ўзим билан қўнишаётган эдим:

“ – Ўтган киши қайтмайди. Сира қайтмайди. Сира-сира... Йўқ, қайтади. Йўқ қайтмайди. Қайтади... Қайтмайди...”

Кўзга кўринмас бир куч, шакли – шамойили йўқ бир куч мени бўғади:

“ – Шаккок! – деб сўкади. – Сен Оллоҳга шак келтираяпсан! Яна Қуръонга, бутун илоҳий китобларга!..”

“ – Кимсан?” – дейман бўғилиб.

“ – Мен ўлим фариштаси*ман” – дейди у.

Мен қўрққанимдан дир – дир титрайман. Ўзимникига ўхшамас хирқироқ, қалтироқ овозда дейман:

“ – Ер яралгандан бери қайтган одамни ҳеч ким кўрмаган. У борса келмас йўл...”

“ – Тавба қилдим” – деб айт.

“ – Мен ўз кўзимга ишонаман, ўз ақлимга ишонаман, мутлақ аниқ далил – асосларга ишонаман”.

“ – Оллоҳга – чи?”

“ – Тангри ҳақ. Бошқалари тўқима..!”

“ – Оллоҳ сўзига ишонмайсанми?”

“ – Олам яралгандан бери унинг сўзини ҳеч ким эшитмаган. Ўзини ҳам ҳеч ким кўрмаган”.

“ – Янглишма, бола. Таврот, Забур, Инжил, Қуръон, яна кўплаб китобларни Оллоҳ туширган. Улардаги ҳар бир калима Уники. “Сен қайта тирилмайди” деб иддао қилаяпсан. Бу улуғ гуноҳ. Мана, Олло Таоло нима дейди, эшит:

“Кофирлар қайта тирилмаймиз деб, гумон қиладилар.” Эй Муҳаммад, айтинг, Роббимга қасамки, албатта қайта тирилтирилурсизлар. ( Сув билан ўсимликлар тирилганидек)”. (Тағобун – 7).

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Учқулоч хастахонаси – муваққат, мўъжаз хастахона.

* Ўлим фариштаси – Малакул – Мавт – Азроил.

85

“ – Қачон қайта тирилади?”

“ – Қиёмат Қойимдан сўнг”.

“ – Қачон Қиёмат Қойим бўлади?”

“ – Бу ёлғиз Тангрига аён. Аммо, сен қиёмат ҳақидаги ушбу оятни эслаб қолгин:”

“ Бас, қачонки юлдузлар сўндирилиб, осмон ёрилгач, тоғлар (қум каби) сочилгач ( Қиёмат Қойим бўлур)”. (Мурсалат – 8 – 11).

Мен даҳшат қуршовида илоҳий сўзларни такрорлайман:

“ – Юлдузлар сўндирилиб, осмон ёрилгач, тоғлар қум каби сочилгач Қиёмат Қойим бўлур”.

“ – Бундоқ ҳолда еру кўкда ҳаёт тугайди – ку” – дейман.

“ – Тугайди, – дейди ўлим фариштаси, – аммо сўнг етти қат осмоннинг ўзга бир ерида ҳаёт бошланади. Бунинг қаердалигини Оллоҳдан бошқа билмайди”.

“ – Шундан кейин ҳамма ўлганлар тириладиларми?”

“ – Ҳа”.

“ – Миллион – миллион йиллар ўнжа ўлганлар ҳамми?”

“ – Ҳа”.

“ – Ўғузхон, Билга Ҳоқон, Темурхон боболарим ҳам тириладилар – да”.

“ – Энди ҳақни англаётгандайсан, бола”. – у мени бўғишдан тўхтади.

Мен ҳаяжонланган, қаттиқ ҳаяжонланган ҳолда дейман:

“ – Ў! Бу қандоқ мўъжиза!! Мисли кўрилмаган мўъжиза!!!”

Шунда ўз – ўзидан бошимда илоҳий сўзлар айланди:

“ Эй Муҳаммад, айтинг,

Роббимга қасамки, албатта

қайта тирилтирилурсизлар.

Сув билан ўсимликлар

тирилганидек”.

Агарчи мен диндан узоқ бола бўлсам ҳам, бу оят менинг қўнглимда қайта тирилишга умид боғлайди. Шу билан бирга у қалбимдаги қўрқувни ҳам ҳайдайди.

Мен ўлим фариштасидан юрак ботиниб сўрайман:

“ – Сен менинг жонимни олгани келдингми?”

У жавоб беради:

“ – Ерда қиладиган ишларинг бор...”

Оқгул ҳақида сўрашга оғиз жуфтлайман. Бироқ лабларим мумёлаб қўйилгандек очилмайди. У қатъий, лекин одамнинг кўнглини ўкситмайдиган оҳангда дейди:

86

“ – Адашма!..”

Бу ўлим фариштасининг менга айтган сўнги сўзи эди. У кўкга учади. Мен уни кўрмайман. Юрагим билан сезаман.

Шунда кўз олдимда қора очун аста – секин, аста – секин ёриша бошлайди.

Аста – секин...

Аста – секин...

Аста – секин...

Мен уйғониб кетдим. Анча – анчагача бу ғайри – табиий учрашув таъсиридан чиқолмадим. Ўзимни – ўзим саволга тутдим:

“ – Нега ўлим фариштаси менинг тушимга кирди? Нега? Ё ўлимим яқинми? Йўқ. У буни инкор этди. Мени ерда қиладиган ишларим бор эмиш. Қандоқ ишлар? Бунга жавоб изладим. Топмадим. Балки, кейин топарман.

“ – Адашма!...” – деди. – Нимадан адашмай? Мен ҳар қандоқ ҳолда ҳам ўз Элимни Эркка етакловчи йўлдан бораман. Буни: “ Ҳақ йўл” деб биламан. Яшашдан туб мақсадим ҳам шу. Балки, Ўлим фариштаси ҳам шуни қўзда тутгандир? Яна диний туйғуларни ҳам...

Мен тирик эканман, шу ишларни қиламан. Тангри ҳам бу ишларимни ёрлақайди. Мен бунга ишонаман. Бутун вужудим билан ишонаман.

Шундай экан, Ўлим фариштаси тушимга кириши сирли бир ҳол эмасми? Бу нимадан дарак? Ўйладим... ўйладим... охири топдим: Бекнинг мана бу тушкин сўзларини ечиб бериш учун тушумга киргандир:

“ – Ўлганимиздан кейин бу дунёга сира қайтиб келмаймиз – а, Эврил? Сира – сира... сира – сира... сира – сира...”

Мен тушимни Бектемирга айтиш учун сўл томонимга бурилдим. У йўқ. Уни ёзилмада деб ўйладим. Кутдим. Келмади. Бирдан миямда нохуш фикр портлади:

“Ухлаётганимда сурган...”

Сапчиб қалқдим. Ёзилмага чопдим, йўқ. Айвонга чопдим. Йўқ.

Юз – қўлимни шошиб ювароқ Оқгуллар маҳалласига югурдим. Жимжит. Бекнинг қариндошиникига югурдим. Беҳуда... Борлиғимни хавотир, қўрқув, турли ёмон ўй – фикрлар чулғаб олди. Юрагим кўксимдам ёрилиб чиқар даражасида қаттиқ урмоқда. Яна зир югуриб ҳамма хилват гўшаларни кўздан кечириб чиқдим. Лекин Бектемирни топмадим. Қуёш кўтарилганда, наилож уйга қайтдим.

Онам мени қаттиқ изтироб ичида, кўзлари тўрт бўлиб, остонада кутиб турган экан:

– Менга бир оғиз айтмай кетибсан – да, болам, – деб оғринди хазин ва титроқ овозда, – қон ютдим – а!...

87

– Узр, она, – мен мунғайиб бошимни эгдим.

– Дўстинг хастахонада. Дам ҳушига келиб, дам ҳушидан кетиб, алаҳсираб ётибди. Врач унинг бадан, бошини ювиб, ёрилган ерларини тиккан. Худо бир асрабди... Кон бошлиғи кўриб қолмаганида ...

Онам гапини давом эттиролмади, унсиз йиғлади. Мен унинг ҳай – ҳуйига ҳам қарамай, Учқулочнинг чекка қисмида (шарқида) жойлашган хастахонага бор кучим билан чопдим.

Неъмат деган қорачадан келган, озғин, кўркам духтур* (мед. брат) узоқроқ уруғимиз бўлади. У ўз ишини врачлар даражасда пухта билади, бироқ менга ёқмайди. Одам билан оғзини сунъий тарзда йириб, иршайиб, олифтанома гаплашади. Боғдон лаҳжасини (ўғузча) бузиб, адабий тилда сўзлашга уринади. Бундан менинг энсам қотади. Мен ичимда: “ – Кошки эпласа...” – деб пичинг қиламан.

Келиб – келиб, ҳозир шу олифтага менинг ишим тушди. Мен бундан ичимда ғижинсам ҳам, ундан Бектемирни олдига киришга рухсат сўрашга мажбур бўлдим.

– Қонун – қоидалар бор, жигар, – у олтин тишларини ярқиратиб иршайди, – мен буни ўйлаб топмаганман.

– Одам ўйлаб топганми?

– Эс – ҳушинг жойидами, бола? Бўлмаса ким? Ундан бошқаси бунга қодирмас.

– Тангри – чи?

– Жинни – пинни эмасмисан ўзи?!.

Неъматнинг сўзи таъсирида менда шундай фикр туғилди:

“ – Одам боласи одамзотни бошқариш учун қонун – қоидалар “кашф” қилган. Қонун – қоидалар дегани: буғов, жилов, тушов, қурол...дегани. Қурол бўлганда ҳам, энг дахшатли, энг қудратли қурол. Агар бу Сталин*дек ёвуз каснинг “қўлига тушса”, унинг оқибати олдида зилзила, ўлат, тўфонлар ҳам ҳолва бўлиб қолади. Худбин, қўрқоқ, тахтпараст йиртқич ўз жонини, тахтини сақлаб қолиш учун ҳар қандок қирғин, ёвузликдан қайтмайди. Бироқ қанча аянчли бўлмасин, бусиз одамзотни бошқариш қийин. Ҳатто мумкин эмас. Мен буни ўзим истамаган ҳолда одам боласининг буюк кашфиёти деб биламан.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* духтур (мед. брат) – у замонда олий маълумотли врачлар етишмаганига , Неъмат Учқулоч хастахонасига бошлиқ эди.

* Сталин 65 миллион одамни бошига етган. Коммунистик мафкура сабабли 165 миллион киши ҳаётдан кўз юмган.

88

Менимча, инсон қонундан олдин уй, эшик, дарча, илгич, қулф – калитни; сўнг тўсиқ (панжара), девор, қопи (дарвоза)ни; сўнг зиндон, қамоқхоналарни “ихтиро” қилган. Булар яшаш, сақланиш, сақлаш воситалари, бунга одамни ҳаётнинг ўзи мажбур этган.

Дўстим оғир аҳволда ётганда, мени бундоқ ҳаёл суришим, кечирилмас ҳол. Аммо, баъзан, киши хаёлга берилганини ўзи ҳам сезмай қолади. Чунки хаёл кутулмаганда, оний тезликда юз беради. Бундоқ онда одам ўзини идора қилолмай қолиши мумкин.

Мен ичимда ўз – ўзимдан хижолат чекдим. Ва:

– Бир гал қонунни четлаб ўтсак, ер ёрилиб, осмон тушиб кетмас, – дедим.

– Ўзинг чигирткадай бўлсанг ҳам, катта кишилардай гапирасан. Мен бир сўзли одамман. Ғашимга тегма.

Ўзи менинг гапириш усулим шундай.

– “Гапириш усулимиш”... Сенгамас бировнинг устидан кулиш... Олдин ўзингни бил, мақтанчоқ. Жўна!

Менинг юрагим “шув” этди. Кўнглимдан: “ – Ўзига нисбатан менинг муносабатимни биларкан – да” – деган гап кечди. Бироқ сир бермай, сўрадим:

– Бекнинг аҳволи яхшими ўзи?

– Нафас оляпти. Ўлмайди. Айб ўзида. “Саёқ юрган, таёқ ейди”. Тун ярмида ит дайдиб, санқиб юради. Аҳмоқ бола! Кон бошлиғи ёрдам бермаганда, ўлиб кетарди.

Неъматдан ёруғлик чиқмаслигини сездим. Руҳсиз ҳолда ташқарига чиқди. Шунда миямга: “Одам боласи хастахона билан бирга дераза ҳам “кашф” қилган деган фикр урилди. Яширинча очиқ ойна олдига бордим.

Бектемирнинг бадани, боши бинт билан ўралган (фақат кўз қисми сал очиқ) бўлса ҳам, уни бешта касалнинг ичидан бир қарашда адашмай топдим. У шифтга қараганча чалқанча ётибди. Жуда паст товушда уни чақирдим:

– Бек!

У бошини дераза томонга зўрға бурди. Ҳол – аҳвол сўрашга ҳам менга имкон бермади:

– У омонми? – сўради ўта заиф, қалтироқ сасда. Хасталар ичида Оқгулнинг отини айтишни лозим топмади.

– Соғ – омон. Тушда уларникига ўтаман.

– Сўраса, мени Боғдонда дегин.

“ – Қизларни алдашга тилим бормайди” – демоқчи бўлдим. Лекин Бекни бу аҳволда ранжитгим келмади.

89

– Ҳа, – деб қўя қолдим.

– Яҳудий хоним масаласи...

– Бугун ҳал бўлади. Хотиржам бўл. Хабар бераман.

– Энди кет, ишлар билан бўл...

Бекнинг аянчли аҳволидан кўнглим вайрон бўлиб, уйга қайтдим. Тикка ўрмалаётган қуёш ёндираман дейди. Кўча – куйда одам уруғи кам. Тўсатдан Неъматнинг пичингги эсимга тушди:

“Ўзинг чигирткадай бўлсанг ҳам, катта кишилардай гапирасан”.

Ўйлаб қарасам, у ҳақ. Айрим онларда одам ўз камчилигини сезмайди. Чиндан ҳам баъзи сўзларим катта кишиларникидай, сохтадай, китобийдай. Буни тан олмасдан иложим йўқ. Шу лаҳзада ичимдан бир сас келди:

“ – Ҳамиша ўзингни-ўзинг тергаб юр, тузатиб юр”.

Неъматнинг иккинчи кесатиғи ҳам юрагимга игнадек санчилди:

“ – Сенгамас бировнинг устидан кулиш... Олдин ўзингни бил...”

Қанча заҳарли бўлмасин, мен бу кесатиқни тўғри деб билдим. Шу зум кўзга кўринмас бир кас қулоғимга шивирлади:

“ – Неъматнинг аччиқ гапи сенга сабоқ бўлғай”.

“ – Тилнинг тизгини йўқ, – деб ўйладим мен ўзимча, – асов отни бошқариш қийин бўлганидек, баъзан ақл тилни идора қилолмай қолади”.

Шунда, қўққис, онамнинг сўзи эсимга тушди:

“ – Ҳар бир сўзни ўйлаб сўзла, гапнинг ҳам оёғи бор...”

“ – Агар Оқгул ичидаги дардни ташига чиқармаганда, – дедим ўзимга – ўзим, – ҳозир бундай мудҳиш кунларга қолиб ўтирмасди”.

Ичидаги дард!..

Менимча, бу узун йиллардан кейин... айтиладиган дард эди. Узун – узун йиллардан кейин... Куч – қувватга тўлгандан кейин... Очунга танилгандан кейин...”

Мен буни шундай изоҳладиму, бироқ қалбим бу фикримга қўшилмаётгандай эди. Тўғрироғи, у ўзгача фикрда эди:

Бўғоз хотин туғади.

Ой тутилади.

Бўрон қўпади.

Ердан минглаб марта катта юлдуз парчаланиб кетади.

Булар Тангри амри билан юз беради ва шу сабабли уларни тўхтатиб бўлмайди. Айни шулар каби Оқгулнинг ичидаги дард ҳам ўзига бўйсунмаган ҳолда кўксини ёриб чиқди. Худди етти қат ер қаъридан отилиб чиққан вулқон мисол.

90

Оқгул Совет сиёсати билан “улуғ оға”га қарши бир сўз дедими? Йўқ. Ҳамма қўрқанидан ёлғон сўзлаётганда, у тарихий ҳақиқатни айтди. Мавжуд ҳақни айтди. Бу эса тузумга ёқмади. Энг асосийси:

Оқгулнинг ақлидан қўрқди.

Тўғри сўзлигидан қўрқди.

Келажагидан қўрқди.

Йиллар кечароқ уни Элга танилишини, Чўлпонлар каби тузум илдизига болта урушини англади. Мана, таъқибга, ҳатто йўқ қилишга бўлган сабаб.

Бош сабаб...

31

Менимча, энди Оқгулни асраш қийин.

Худди ўрик оғочидан узилган довучча мисол...

Довучча...

Оқгул...

Табиатнинг шафқатсиз қонуни олдида ҳамма мавжудод ожиз.

Жонли, жонсиз айросиз...

Энди, Оқгул биринчи ва сўнгги қўриқчисидан ҳам айрилди. Бекнинг ҳаёти ҳам хавф остида... У ҳозир Оқгулни ўлимдан асраб қолиш йўлларини ўйлаб ётибди. Ўзининг оғир дарди кўзига ҳам кўринмаяпти. Қани энди ўрнидан туролса! Туролмайди. Ўз мувозанатини сақлолмайди. Боши айланиб, йиқилиб қолади. Ҳамма ёғи зирқираб оғрияпти. Оғриганда ҳам даҳшатли!..

Мен уйга хазин ўйлар қуршовида терга ботган, мажолсиз ҳолда келдим. Онам йўқ. Ишда. Жазирамадан, чивиндан сақланиш учун деразаларга қалин, қора тўсмалар илинган. Пақирлардаги сувлар илиб қолган. Бир челак сувга ювундим. Лекин артинмай, ўзимни кўрпачага ташладим. Хона жимжит. Қоронғу. Салқин аралаш дим. Қотиб қолибман. Тушумга Бек кирди. У соппа – соғ, ўша ҳаво ранг спорт кийимда. Оқгулнинг қора тўсма осилган деразаси остида қора қоплондек писиб турибди.

Бўғиқ тун.

Ой йўқ.

Юлдузлар йўқ.

Симёғочга осилган митти чироқнинг хира ёғдусида Бек Отелло*га ўхшайди. Ёш, қоп – қора Отеллога. “Тавба!.. – дейман, – Тавба!..”

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Отелло – Оқ хунлар империяси императори. Қадимги аждодимиз.

91

Унинг кўзлари қоплонникидек қаҳрли. Зулматни ёритароқ ёнмоқда. Қўлидаги кумуш сопли пичоқ совуқ ҳамда қўрқинчли йилтираяпти.

Ҳаво дим.

Шамол йўқ.

Сокит.

Қора тўсма силкинди. Балки, менга шундоқ туюлгандир? Қайдам. Митти чироқ ҳам сўнди.

Учқулоч зулмат ичида қолди.

Тавба – тавба!

Оққуш Бекнинг шундай кўз олдидан учиб ўтди. Бек буни кўрмади. Мен бундан ажабландим. “Бек – Бек! Қара – қара!” – деб қичқирдим. Бор овозим билан қичқирдим. Бек эшитмади. Борлиғини кўз – қулоқ қилиб турган Бек эшитмади. Бундан баттар ҳайратландим.

Энди Оққуш менинг бошим узра оппоқ қанотларини силкита – силкита учиб ўта бошлади. Гўё:

“ – Алвидо Эврил, алвидо!” деяётгандек эди.

Шунда, шундагина мен уни: “Оқгул, – деб ўйладим, – Оққушга айланиб қолган Оқгул!.. Ё, Тангрим – ей! Бу қандоқ бўлди!!.”

Шунда, шундагина мен, ё Тангрим – ей, Оққуш билан ёнма – ён буюк бир нима учаётганини ҳис этдим. Кўзга кўринмас буюк бир нима!.. Ё Тангрим – ей, англадим, бу ўша: Ўлим фариштаси – Азроил!

Қўрққанимдан юрагим орқамга тортиб кетди. Шунга қарамай, мудҳиш бир титроқ хуружида ўлим фариштасига ёлвордим:

“ – Оққушни ташлаб кет!”

Нидом ҳавода қуруқ қор мисол сочилиб кетди. Ё тавба! Қор мисол!.. Умримда овозни қорга айланганини ва қор мисол сочилганини кўрмаганман.

Ё Тангрим! Бу фоний дунёда нималар бўлаяпти ўзи?!.

Оққуш Учқулоч тепасига ойдай кўтарилганда, ялтоқ итларнинг ялтоқона акиллашлари кучайди. Бир тўда қора ит хириллаб Бектемирга ташланди. Бек уларга бас келолмаслигини сезди, пичоғини ялтиратиб сермаб, томга учиб чиқди. Худди бургут янглиғ. Ё тавба! Унда бундай қобилият борлигини олдин ҳеч сезмаганман.

Ожиз қолган итлар бироз ириллаб туришди – да, сўнг ер чангитиб менинг ёнимдан ўтиб кетишди.

Мен чанг – тўзон ичида қолдим...

Оққуш зулматга сингиб кетди.

Кўз олдимга тупроққа қорилиб ётган довучча келди.

Сўнг Оқгул...

92

Икки хил мавжудот...

Бир хил тақдир...

Шафқатсиз тақдир...

“ – Оқгул! – дея йиғладим, – Оқгул!..”

– Уйғон болам, уйғон! – Онамнинг ташвишли овози қулоғимга узоқлардан келди. Қалтираб кўзимни очдим. Борлиғим тердан жиққа ҳўл эди. Онам ҳўл кигиз ўралган кўзадан бир пиёла муздек сув олиб келиб берди:

– Ич, ўғлим, – деди қўрқувга қотилган меҳрибон овозда, – ичақол.

“ – Тангрига шукр, тушум экан! – дедим мен ичимда ва сувни бир симиришда ичдим. – Раҳмат, Она!”

Қалқдим. Чанқоғу қўрққанимдан оғзим қуриб қолган эди. Кўзадан тўйгунимча сув ичдим. Кейин бир пақир сувни кўтариб ҳовлига чиқдим ва бошимдан қуйдим. Бирдан енгил тортдим. Бироқ фикри-зикрим Оқгулда эди:

“ – Нега бундоқ қўрқинчли туш кўрдим? Жуда қўрқинчли! Уни кўп ўйлаганим учунми? Ё Бекнинг туши таъсирими бу, Ишқилиб шундоқ бўлсинда, Яратган Эгам! Оқгулнинг умрини узун қил! Уни ўз паноҳингда асра!”

Оддий оқ сочиқда артиниб бўлганимдан сўнг онам менга профессор Мария хонимнинг манзили ва телефон рақамлари ёзилган варақни узатди. Севинганимдан мен: “ – Раҳмат Она!” – дея уни қучоқлаб, юз –кўзларидан ўпдим. Вужудимни титратаётган туш, гумон, ғамлар тарқаб кетди.

– Ҳозир у хоним Исроилда экан, ўғлим, – деди онам афсусга қотиқ хомуш овозда менинг бошимни силаб.

Менинг ичим яна музга айланди. Онам буни юз – кўзимдан уқди шекилли, менга тасалли берди:

– Уч – тўрт кунда қайтармиш.

Ихтиёрсиз равишда кўнглимдан шу сўзлар кечди:

“ – Оқгулга келганда, ҳамма нарса тескари:

Қимматли китоблари ўғирланди.

Бўрон оға ўлдирилди.

Яҳудий хоним Исроилда.

Бектемир тўшакка михланди

Энди Оқгулнинг ҳаёти тамомила хавф остида қолди.

Тамомила!

Уч – тўрт кунгача уни ким қўриқлайди?

Уч – тўрт кун!..

93

Юз йилдек узун замон!

Юз йилдек!..”

– Сенга қуймоқ пишириб қўйдим, ўғлим.

Онамнинг гапидан ўзимга келдим. Оқгулларга сўз берганимни, эртага сўнгги имтиҳонлигини, тушликни ҳам уларникида қилишимни унга айтдим.

– Мейли, болам, мейли, – деди – яхши тайёрланинглар, фақат... фақат... – дея манглайимдан ўпиб, ўйланиб қолди. Кейин, чамаси, бир фикрга келди, сўзини айтди, – ортиқча гапдан ўзларингни тийинглар, ўғлим. Замон нозик. Ўз жонларингга жабр қилманглар. Ўрис босқинида бўвакларни ҳам, гўдакларни ҳам ўлдиришди. Бўғоз хотинларнинг ичларини ҳам ёришди... Буни эл – юрт билади. Онгли дунё билади. Тузум бошида шуларнинг авлодлари туришибди... Ёш – қари деб ўтиришмайди...

– Биламан, она, – дедим, – хотиржам бўлинг.

32

Нон, қаймоқни олиб, хастахонага чопдим. Деразадан Бекка нарсаларни узатарканман, янгиликни айтдим. Бундан у қаттиқ қувонди:

– Ҳозироқ унга телефон қил, дўстим. Яна телеграмма ҳам бер.

Бектемирнинг дардига-дард қўшишни истамадим. Яҳудий хонимнинг Тел – Авивда эканини ундан яширдим.

– Хўп, Бек, – дедим.

– Дўстларга салом айт.

– Хўп.

– Биласанми, дўстим, – у мени тўхтатди, – хастахонада миямга аваллари келмаган фикрлар келяпти:

Ҳозир мен ҳамма аъзолари соғ кишини энг бахтли киши деб ўйлайдиган бўлдим. Менимча, одам учун бу биринчи бахт.

Кўнглинг ғаш бўлса, олам кўзингга қоронғу кўринади.

Менимча, одам учун кўнгил тинчлиги: иккинчи бахт.

Истаган вақтингда қалбингга энг яқин дўстларинг билан кўришиб туришинг, менимча, бу учинчи бахт.

Сенга эришдек, лофдек туюлса ҳам, Эврил, айтай: ҳозир мен ўзинг билган дўстларимни бир марта кўриш учун жонимни ҳам беришга тайёрман. Ишон, дўстим, бу менинг юрак сўзим! Афсус! Бунинг иложи йўқ. Ўрнимдан туролмай ётибман. Минг афсус!!!

94

Бекнинг: “дўстларимни...” деганда, биринчи галда Оқгулни кўзда тутаётганини уқдим. Ўзим сезмаган ҳолда унга маъноли боқдим. У мендан соғинчга ғарқ кўзларини яширмади. Яширолмади.

33

Қизлар мени олма остидаги сўрида кутиб олишди. Оқгулнинг ота – онаси, укалари уйда йўқ эди.

“ – Боғдонга кетишгандир?..” – деб ўзимча фараз қилдим.

Қизлар менга: “ – Бек қани?” – деган маънода савол назари билан қарадилар. Уларга ёлғон сўзлолмадим. Икковининг ҳам руҳи тушиб кетди.

– Сўнгги имтиҳонга бир кун қолганда – я!..– Оқгул гапини давом эттиролмай титради. Бошини чангаллаб ўйланиб қолди. Унинг юзлари қордан – да оқарди, тийрак кўзлари олмосдек кескин тус олди, дудоқлари асабий очилиб, юмилди.

Марварид ҳам ғамга ботди.

“ – Нега айтдим – а, нега?!” – дея ўзимдан ўзим ғижиндим.

Ниҳоят қизлар ўзларини тутиб, тергига бир чинни лаган кулчатой, бир чойнак кўк чой олиб келишди. Гап – сўзсиз, иштаҳасиз овқатландик. Терги йиғиштирилгач, бир пиёладан кўк чой ичдик.

– Имтиҳон ҳам кўнгилга сиғмаяпти, – деди Оқгул ўта хазин охангда, – эртага нима бўлишини ёлғиз Тангри билади. Ёлғиз Тангри!.. У – ф – ф!!. Ўлим қўрқинчли!.. Ўлим ғулғуласи ундан – да қўрқинчли!.. У - ф – ф!!!

Оқгул менга алаҳсираётгандай туюлди. Бундан менинг юрагим увушди. Тиззаларим қалтиради. Мен уни бу қадар тушкун ҳолда сира кўрмагандим. Сира!..

“ – Нега бирдан таслим бўлаяпти? – Мен ўз – ўзимни саволга тутдим. – Нега? Таслим бўлиш бу иродали қиз табиатига ёт эди.

Энди?..

Энди: “ – Мен учун бирон ёруғ йўл қолмади” – деб ўйлаётгандир? Балки, шундай ечимга келгандир ҳам. Ўта тушкун, ўта мунгли у гаплар шунинг мевасимасми? Шунга унинг ёш қалби денгиздан – да чуқур қайғу, изтиробларга дош беролмагандир? Беролмаётгандир?..

Қайғу, изтироблар!..

Қайғу, изтироблар бўлганда ҳам, енгиб бўлмас қайғу, изтироблар!.. У тоғдек одамни ҳам сиқиб, букиб, бир сиқим қилиб қўяди.

Қалб қийноғидан ортиқ қийноқ борми дунёда?

Қалб азобидан ортиқ азоб борми дунёда?

95

Оқгул кеча–ю–кундуз ўйлай – ўйлай, қутилиш йўлини топмай. ўзини – ўзи еди: унинг қуруқ суякларигина қолди”.

Расм дафтари ва қаламнинг шитир – шитиридан хаёлим қочди. Оқгул тухумсимон шаклида ўн битта айлана чизди. Уларнинг қоқ ўртасига Қуёшни “ўрнатди”. Айлана чизиқларга эса Меркурий*, Венера*, Ер*, Марс*, Юпитер*, Сатурн*, Уран*, Нептун*, Плутон*ларни “жойлаштирди”.

Бу Қуёш тизими* (системаси) эди.

-------------------------------------------------------------------------------------------------------

* 1. Меркурийда бир йил – 88 кун. 2. Венерада бир йил – 150 кун. 3. Ерда бир йил – 365 кун. 4. Марсда бир йил – 700 кун. 5. Юпитерда бир йил – 1000 кун. 6. Сатурнда бир йил – 1500 кун. 7. Уранда бир йил – 50 йил, бизнинг йил ҳисобимизда. 8. Нептунда бир йил – 150 йил, бизнинг йил ҳисобимизда. 9. Плутонда бир йил – 250 йил бизнинг йил ҳисобимизда.

96

Мен бундан ажабландим. Марварид ҳам ҳайрон бўлди.

– Эртага математикадан имтиҳон эмасми, Оқгул? – Таажубини яширмай сўради Марварид.

– Балки?..

Бу жавобдан: “ – Эси оғиб қолдими?..” деган сўз бошимга тўқмоқдек урилди. Бундан ич – этим жимирлаб кетди.

– Мен мана бу сайёра*нинг йил ҳисоби бўйича олтмиш бир ярим йил яшайман... – У тухумсимон айланаларнинг бирига ишора этди, – сўнг...сўнг жоним учиб кетади. – Унинг кўзларидан маржон – маржон ёш оқди.

Оқгулнинг сўзлари бизга телбанинг гапидек ғайри – табиий туюлди. Бундан менинг ич – этим эзилди. Марвариднинг ҳам. У сир бермай деди:

– Олтмиш бир ярим йил яшаш ҳам ҳар кимга насб бўлавермайди, Оқгул.

Оқгул синиқ кулди.

Менинг кўнглим ёмон бир нарсани сезгандек, нотинч эди. Ёмон бир нарса!.. Нима у? Буни аниқ билмасдим. Шу тобда мен фикрлашга ҳам ожиздай эдим.

“ – Агар чиндан ҳам олтмиш бир ярим ёшга кирса, – дедим ўзимга – ўзим, – буни олқишлаш керак. Лекин... Лекин... бу ерда бир сир бордай... Ё уни томи кетаяпти? Томи?..”

– Тангри менинг ўзимга қўйиб берса, мен ўзга бир сайёрада яшардим – деди Оқгул хаёлимни тўзғитиб, – Масалан: Марс*да!...

Унинг гапи қаътига қандоқдир сир яширинганлиги менинг хаёлимга ҳам келмади. Марварид эътироз билдирди:

– Марсда ҳаёт йўқ – ку Оқгул.

– Эсим қурсин, Марварид, ўзга Қуёш Тизимида, ўзга ерда...

– Ўзга Қуёш Тизими?.. Ўзга Ер?.. – Ҳайрон бўлдим мен ва кўнглимдан ихтиёрсиз бир тарзда ушбу сўзлар ўтди: “ – Оқгулнинг ҳуши ўзидамас. Ишқилиб уни Тангри асрасин!”

– Минглаб ўзга Қуёш тизмлари бор, Эврил. Улардаги Ерлар бизникидан катта ҳам кўркам. У Ерларда яшовчилар биздан кўп ақлли, имонли, илмли.

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* ...Мана бу сайёра – Қуёшга энг яқин сайёра – Меркурий. Меркурийда бир йил 88 кун. Ҳозир Оқгул 15 ёшда бўлса, Меркурий йили ҳисоби билан 61.5 ёшга тўлади.

* Марсда ... – Марс сайёрасида бир йил 700 кундир. Ерда 15 ёшга кирган одам, Марсда тақрибон 8 ёшга чиқади.

97

– Буни сенга ким айтди, Оқгул?

– Юрагим сезаяпти, юрагим айтаяпти. Хаёл кўзи билан кўраяпман ҳам.

– Профессор Мария хоним ҳам шундай фикрдаларми?

– У киши Шарқшунос олималар, Эврил.

Биз баттар таажжубландик. Чунки Астрономия фанини билмас эдик.

– Сизлар мени жиннига чиқариб қўйяпсизлар. – Оқгулнинг оғир касалларникидай заъфарон юзлари ғалати тиришди, – гап мағзини чақмаяпсизлар, – унинг сўниқ кўзлари яна ловуллаб ёнди.

Биз мулзам бўлиб қолдик.

Оқгулнинг танбеҳидан кейин мен тухумсимон айланага қанча синчиклаб боқмай, ундан ҳеч нарсани англамадим. Ҳозир идрок қиладиган ҳолда эмасдим ҳам. Тушум ҳам кўнглимга ғулғула сола бошлаганди. Киражак тун ваҳми мени бўғма илондек бўғиб келарди. Оқгулнинг қисматини ўйлардим. Тан – жоним билан Ўйлардим. Энди, Бек йўқ. Уни ким қўриқлайди? Менда эса бундоқ жасорат етишмайди. Мабода етишганда ҳам, қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Буюк Муқанна:

“Ўз кучингга ишомасанг, жангга кирма, йўқса, ҳалокатга учрайсан”, деб бежиз айтмаган.

Оқгул мендаги кечинмани адашмай уқди ва оғринди:

– Мен ҳозирча тирикман, Эврил. Олтмиш бир ярим йил яшайман... Мен ҳақимда ўйлашни бас қил. Бу менга оғир ботаяпти.

Мен ноқулай аҳволга тушдим. Юзим ёнганини ҳис этдим. Бундан қутилиш учун уни чалғитишга уриндим:

– Нега ўн битта айлана чиздинг? Менимча, иккитаси ортиқча. Ўзинг ҳам бу чизмада Қуёш теграсида тўққизта сайёра айланаётганини кўрсатгансан.

– Тўғри, Эврил. Аммо мен буни профессор Мария хонимнинг ўргатмасидан келиб чиққан ҳолда шундоқ қилдим.

– Бу ҳақиқатга зид – ку.

– Мен ҳам аввал сендай ўйлардим. Энди бошқача...

– Қандай?

– Болалик пайтида Юсуф элчи*нинг тушига ой, қуёш ҳамда ўн битта юлдуз киради.

– Бу бир ривоятда, Оқгул.

– Мен ҳам айни шу гапни профессор Мария хонимга айтгандим. У буни инкор этганди:

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Юсуф элчи – Юсуф пайғамбар. У Ёқуб пайғамбарнинг ўғли.

98

“ – Илоҳий китоблар*даги битикларни ривоят деб бўлмайди, азизим. Қуръонда ҳам бу тўғрида оят бор:

“Ёқуб (А.С.)га ўғли Юсуф деди:

“Менга (тушумда) Қуёш, Ой ҳамда ўн битта юлдузнинг сажда қилиб тургани кўрсатилди”*.

(Юсуф сураси, 4 – оят).

– Сен бунга инонасанми?

– Шак келтирма, Эврил.

– Бундан чиқди: Қуёш теграсида ўн битта планета айланаётир.

– Шундай.

– Қани иккитаси?

– Менимча, улар Ердан жуда – жуда йироқда, Масалан: миллиардлаб чақирим йироқда ва мутлақ – мутлақ қоронғулик қаърида бўлиши мумкин. Қачонлардир, Эврил, илм – фан уларга етиб боради. Балки, сен буни гувоҳи бўларсан. Марварид ҳам. Чунки сизлар мендан узоқ умр кўрасизлар...

– Ундай дема, Оқгул. Бу ёлғиз Тангрига аён.

– Балки, мен янглишаётгандирман. Лекин менинг юрагим шуни сезаётгандай... Ўша икки сайёра топилганда, мени эсларсизлар... Балки, сен, Эврил, ўзимиз тўғримизда китоб ҳам ёзарсан.

– Тангри насб этса, Оқгул.

– Мен сизларни севаман!

Мен сизларга инонаман!

– Биз ҳам сени севамиз, Оқгул! – дедим мен.

– Сен бизни жонимизсан! – деди Марварид.

Оқгул: “ – Агар мен ораларингизда бўлмасам...” – дейишга оғиз жуфтлади. Бироқ бизни аяб фикридан қайтди. Ва пича сукутдан сўнг деди: – Агар мен шу таътилда сизлардан узоқларда бўлсам, масалан: Мария хонимникига кетсам, “Оқ туғ” Кенгашини сен бошқарасан, Эврил”.

Унинг кўзларига яна қайғули, аламли ёшлар қалқиди. Шунга қарамай, овозида шиддат, ишонч, ҳукмфармога ўхшаш бир нималар мавжуд эди. Мен Оқгулга бу хислатларни Тангри берган деб айтишга журъат этаман. “Улғайса, “Етакчи...” бўлади” – деб ўйлардим. Бек, Марварид, бошқалар ҳам шундай фикрда эдилар. У доимий равишда биздан бир қадамча олдинда юрарди.

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Илоҳий китоблар – Таврат, Забур, Инжил кўзда тутилади.

* Бу оятни Оқгул ўрисчадан ўзбекчага ўгирган. Профессор Мария хонимнинг сўзи асосида.

99

Унинг бу одатини ўзгалар билан юрганда ҳам кузатганман. Оқгул туғма шундай эди.

– Сен яҳудий хонимникига кетсанг, биз бу айрилиққа қандоқ чидаймиз? – Марварид оғир хўрсинди. – Сени соғинамиз! Жуда – жуда соғинамиз! Аммо, шунга қарамай, узоқларга, дажжол қўли етмас узоқларга кетсанг, қувонамиз! Чексиз – чексиз қувонамиз, азиз дўстим! – Унинг кўзлари ёшга тўлди.

– Марварид менинг кўнглимни айтди, Омонгул, – дедим мен вужудимни қуршаб олган қайғу – ғамини қизларга сездирмай, – қаерда бўлсанг ҳам, омон бўлсанг бўлгани, дўстим. Биз сенга узоқ умр тилаб, Тангрига илтижо қиламиз!..

34

Оқгул қачон бу ечимга келди? Қора ниқобли “ўғрилар” воқеасидан кейинми? Ёхуд Бектемир фожеаси боисми? Ёки доимий босим туфайлими? Адашмасам: ҳаммаси сабабли... Ҳаммаси сабаблию, аммо Бек воқеаси унинг иккиланишига узил – кесил чек қўйди.

Менимча, Оқгул ўзи учун оқибати ҳалокат билан тугаяжак тўфон мисол кучли қуршовдан қутилиш йўлини кўп излади. Тинсиз излади. Бекни ўлимдан тасодифан қутилиб қолиши уни профессор Мария хонимникига кетишига туб туртки бўлди. Зотан Оқгулга бундан ўзга йўл йўқ ҳам эди.

Бироқ, энди, уни:

“ – Улгурармиканман?!..” деган савол даҳшат билан ич – этини емира бошлади.

Мени ҳам зўр ташвиш исканжага олди:

“ – Кечикиб қолмаса бўлгани!..”

Марварид ҳам шундай ўй қуршовида эзилмоқда эди:

“ – Ишқилиб Тангри қўлласин!..”

Орамизга чўккан анча сукутдан сўнг Оқгул бизга тубсиз меҳр билан термилиб деди:

– Тангри умр берса, азиз дўстларим, қаерда яшамай, ҳамиша хаёлан Сизлар билан бирга бўламан.

Ҳамиша!.. – Унинг кўзлари ёшга тўлди. Қайғули ёшга.

Гўё очунда ҳаёт тўхтаб қолгандай, сўрини ўлик сукут қуршади. Бу ҳол бир неча он давом этса ҳам, менга узоқ вақтдай туюлди.

100

– Сизлардан ҳеч ажрагим келмайди, Эврил, – Оқгул кўз ёшларини шафтоли гулли қўлрўмолчаси билан артди. Сўнг бир нима эсига тушдими, қалқди, уйига кириб “Сўна” романини олиб чиқди. Марварид билан мен таажжубландик. Оқгул ҳар ёққа кўз югуртирди. Тинч. У титроқ бармоқлари билан китоб орасидан бир варақ олиб, менга узатди:

– Яшир.

Мен шошиб уни ҳаво ранг дафтарим ичига бекитдим.. Оқгул биздаги таажжубга барҳам бериш учун паст ва титроқ овозда деди:

Профессор Мария хоним менга ўша китоблар (ўғирланган) билан бирга беш хил эски Турк Ёзувини ҳам берувдилар. Мен яширинча, мана шу ЎРХУН Алифбосини ўрганаётгандим:

ЎРХУН ЁЗУВИ:

V - Q - h1

Г - ℓ - h2

- Й -

» - OU -

NN - OÜ - h hỳ

- - hthd

- V2 1 -

S - 1 - 1

- 2 - 2

- 2 - O U

- 1 - 1

X - 2 - 2

- 1 - S1

- 2 - S2

- K2 - S

R - ÖKÜKKÖKÜ - t1

- Z2 hh - t2

M - Zt - Z

- m

Шу сабабли уни ўқиётганим: “Сўна”нинг орасига қўйгандим. Бўлмаса, бу ноёб Ёзувдан ҳам айрилиб қолардим.

Марвариднинг юз – кўзига зўр ачиниш белгилари тошди:

101

– Одам тополмайдиган ерга...

– Бундоқ бўлишини билганимда... Китобларим орасида турувдида...

Мен ҳам куйиндим:

– Эссиз!.. Ярамас “вакил!..”

– Тузум дегин! – Марварид мени тузатди. – “Вакил” бир қўғирчоқ – Роботда.

- Энди, афсусдан фойда йўқ, – Оқгулнинг овозида яна ўзига ишонч пайдо бўлди. – Бу ёзувни асра, Эврил. Ўз кўзингни асрагандек асра. Ўз юрагингни асрагандек асра. Кўпайтир, Марварид билан Бекка биттадан нусха бор. Бир замонлар келганда... Ҳур замонлар... – Оқгул гапини мавҳум қолдирди. Тин олди. Кейин давом этди:

– Бизнинг ЎЗ ЁЗУВИМИЗ бўлишини истайман. Бутун Турк элларига Бир ЁЗУВ бўлишини истайман. Шунда биз мислсиз кучга кирамиз.

Гуржининг ўз ёзуви бор. Мўғулнинг ўз ёзуви бор. Ҳатто арманининг ҳам. Нимага бизники йўқ? Ёвуз араб босқинчилари бизнинг Ёзувларимизни ёқиб юборишган. Ҳамма – ҳамма китобларимизни ҳам, не муқаддас нарсамиз бўлса, ҳамма – ҳаммасини. Орадан минг йил кечиб, Ўрис шовинистлари ҳам айни шу “усул”ни қўллашди. Бизнинг Туркий сўз қурилишимизга арабчаси ҳам, кирилчаси ҳам мос келмайди. Биз ЎЗ ЁЗУВИМИЗНИ тиклашимиз лозим. Хор – зор бўлиб ётган ЎЗ Ёзувимизни, бизни асрлар бўйи кутиб ётган ЎЗ ЁЗУВИмизни!..

– Бутун Турк элларининг ЎЗ ЁЗУВлари йўқ, – куйинди Марварид. – Туркистонни қарам десак, Мустақил Туркиянинг ҳам!..

Бу кўргулик!..

Бу кўргулик!

– Кўргулик! – деб такрорлади Оқгул, – не қисмат бу, билмадим! – У ўйланиб қолди ва сўнг деди: – Бу буюк хатони тузатишимиз мумкин... Ҳозирча биз бу Алифбони тугал ўрганайлик. Хотирамизда сақлайлик. Хотирамиз “Қулф”ини ҳеч ким очолмайди.

КГБ ҳам!

Ер юзида унинг калити йўқ.

Марварид гўзал бошини эгиб – кўтароқ тасдиқлади.

– Тўғри, – дедим мен ҳам.

– Менинг фикримни англадинг, Эврил. Энди мен бундан хотиржамман. Ҳа, тағин бир сўзни айтай. Бу ҳам Мария хонимнинг ўгути:

“ – Ўзида юксак маданият намунасини акс эттирган Лотин Ёзуви билан Инглиз тилини ўрганиш лозим. Ҳатто Америкадек Давлат ҳам Лотин Ёзувида. Ва ҳам инглиз тилида сўзлайди. У жаҳон тили. У билан дунё “эшик”лари очилади”.

102

Мен бу ўгутлар таъсирида ўйга толдим. Ўзимча фикрладим ҳам:

“ – Яҳудий хоним биз билмайдиган нарсаларни билади. Бу билан бизнинг мудроқ кўзимизни очишга уринади. Тузум: “Қора” – деганни у: “Оқ” – дейди. Тузум: “Оқ” – деганни у: “қора” – дейди. Туб ҳақнинг илдизини очади. Бу билан бизни “ЎЗЛИК” – деган ҳақ курашга даъват этади; зимдан тайёрлайди. Ўзимча ҳис этаман: бу кураш оғир, қонли, узоқ давом этадиган кураш. Бу курашда Оқгул, Бек, Марваридлар билан бирга мен ёнма – ён туриб курашаман. Бизнинг умримиз шу билан мазмунли ҳам гўзал бўлади. Фитратларники каби...

Ҳозир бизнинг ичимизда Фитратлар борми? Ё ҳаммаси отилганми? Ёки қамоғу сургунларда шаҳид бўлганми? Менимча бизнинг ичимизда ҳам бор. Фитратдек, Чўлпондек, Мария хонимдек инсонлар. Тузум уларни ўлдириб тугатолмайди. Билъакс ўзи таназзулга учрайди. Билъакс ўзи узлатга кетади. Янги – янги авлодлардан янги – янги Фитратлар ўсиб чиқади. Чиқаверади. Бунга митти мисол:

Оқгул,

Марварид,

Бек...

Балки, яна биз билмайдиган ёшлар бордир.

Балки, юзлаб ёшлар,

Балки, минглаб ёшлар...

Мария хоним минглаб ўзбеклар қилмаган, қилолмаган ишларни қилаяпти. Юракдан. Холис. Миллати, дини бошқа бу хотин нима учун бизга жон куйдираяпти? Кўнглимдагини айтсам: Дунёда оз бўлса ҳам Мария хонимдай одамлар бор. Уларни “Ҳақиқат курашчилари” десам тўғри бўлар. Улар бутун инсониятни ўйлаб иш кўрадилар. Ҳа, у хотинда одамзотда камдан – кам учрайдиган шундай хислат, шундай туйғу бор. Мен бунга ишонаман. Қани биздан ҳам шундай буюк кишилар чиқса!”

– Етти ухлаб тушимизга кирмайдиган гаплар, – Марвариднинг овозидан ўйим бошимдан учди, – биз кўлмакни: “кўл”, тепани “тоғ” – деб юрган эканмиз.

Оқгул маюс жилмайди ва маюс сасда деди:

– Эврил, шу тобда сенинг бошингдан не кечганини юзингдан ўқидим. Худди бир ёзувни ўқигандай ўқидим. Марвариднинг кўзида ҳам шундай ифода ёлқинланиб турди. Менимча, профессор Мария хонимнинг таъсири атом таъсиридан кучлидай. Агар гапим ўринли бўлса: “Одамнинг одамга таъсири”дан буюкроқ таъсир, буюкроқ куч йўқ, буюкроқ “Қонун” ҳам йўқ. Дунё барча “қонунлар”дан кўра ҳам, “Одамни одамга таъсири Қонун”дан кўпроқ юксалиб боради.

103

– Менимча ҳам, – Марварид Оқгулни қувватлади.

– Энди, ўзимизнинг Чингизхонни кўриб келайлик, – оҳиста қалқди Оқгул.

Биз ҳам қалқдик.

Кесишувгача бирга бордик. Сўнг қизлар мен билан меҳр аралаш назокат ила хайрлашдилар. Шунда, ногоҳ миямга:

“ – Бу сўнгги хайрлашув бўлса-чи?!.” – деган савол яшин янглиғ урилди. Мен умримда илк даъфа кўкрагимни чангаллаб қолдим. Сўқоқ четидаги қора тошга беҳол ўтирдим. Юрагим игнадек санчмоқда эди...

35

Эрталаб сўнгги имтиҳонга ёндим. Мактаб остонасида мени тил, адабиёт ўқитувчиси совуқ қарши олди. У қовоғидан қор ёғилган ҳолда:

– Орқамдан юр! – дея мени Бўрон оға ўрнига тайинланган мактаб директори ҳузурига бошлаб кирди.

Ёш, назокатли, хушбичим рус хоним (унинг исми – шарифи алла замонлар эсимдан чиқиб кетган) менга ўтиришга жой (стул) кўрсатди ва синчковлик ила мулойим боқди. Мен унинг сарғиш юзларию зангор кўзларидан ачиниш ифодаларини ўқидим.

– Мен буни истамаган ҳолда сенга айтишга мажбурман... – деди рус хоним хийла сукунатдан кейин. – Сен мактабдан четлатилдинг... Марварид билан Бек ҳам... Мени тўғри тушунинглар...

Бу гап менга юрагимга санчилган игнадек таъсир этди: Бошим айланди, кўз олдим қоронғулашди. Бироқ йиқилмадим. Ирода билан ўзимни тутдим. Директор хонимнинг (менга нисбатан) кин, оғудан холи, билъакс меҳрли кўзларига: “ – Нима сабабдан?..” деган маънода боқишга ўзимда куч топдим.

Директор мендаги кечинмани сезди. Тил, адабиёт ўқитувчисига қараб, ўйланиб, иккиланиб қолди. Афтидан унга ишонмаётгандай эди. Балки, мен шундай ўйлагандирман? Яна, ким билсин?

У қизарди. Лекин менга бир сўз демади. Ерга маъюс боқди. Тил, адабиёт ўқитувчиси заҳрини сочди:

– Яширинча учрашиб юргансизлар!..

Ҳамма бало шундан чиққан...

Бу гап тагида бир даҳшатли туҳмат чаён мисол вишиллаб ётгандек эди. Шунгами, менинг юрагим бежо уриб, сиқа бошлади. Бироқ мен унга сир бермай, жавоб қайтардим:

– Яширинчамас, очиқча... ўз уйларимизда...

104

– Сабаб?..

– Имтиҳонларга тайёргарлик кўрдик.

– Тоққа саёҳатга – чи?..

– Бу Қонунда таъқиқланганми?

– Йўқ, аммо тоғда нима ишлар қилдиларингиз?

– Лола, чугри, пидина, ялпизлар тердик.

– Фақат шуми?

– Ҳа.

– Интим ишлар – чи?..

– Сиздан бундай туҳматни кутмагандим.

– Мен ўзимдан келиб чиқиб айтмаяпман.

– Туҳматлигини ичингизда сезиб турибсиз – ку.

– Яна ортиқча гаплар-чи?.. – У буни давлатга қарши маъносида урғу билан айтди.

– Бу ҳам туҳмат! – Мен унга ўйлаб – нетиб ўтирмай жавоб қайтардим. Бироқ шу он: “Овозимизни ёзиб олган бўлса – чи?” деган савол миямни пармалаб ўтди. Юрагим санча бошлади. Аммо шу зумнинг ўзида ғойибдан мадад саси ҳам келди: “Ёзиб олмаган” ... Ўзимни дарҳол қўлга олдим. Лекин, энди, ичимда икки Эврил* бир – бири билан тортишишга тушди:

“ – Ёзиб олган!”

“ – Ёзиб олмаган!”...

Бундан тоқатим тоқ ўлароқ бошим гангиди. Кўз олдимни сийрак туман босди. Юрагим беомон ура бошлади. Тил, адабиёт ўқитувчисининг заҳарли овози тағин қулоғим тагида бомбадек портлади:

– Ораларингда бир нима ўтган!..

– Ҳеч нима ўтмаган, – дедим зўрға. Афтидан қон босимим ошди. Томоғим, танглайим, лабларим қақраб қолди. Бурним битди. Менга ҳаво етмасди.

– Бўлмаса, Омонгул нега ўзини – ўзи осиб қўйди?!.

– Нима?!!

Хона гир айланди.

Хонани зулмат босди.

Мен машъум қоронғуликка қуладим. Шунда рус хонимнинг товуши узоқ – узоқлардан келаётгандек қулоғимга элас – элас чалиниб қолди:

– Биз терговчи эмасмиз, педагогмиз, буни унутмайлик! Йўқолинг кўзимдан!

Мен ўзимга келганимда бошимда директор, Неъмат духтур, ўзбек, рус ўқитувчилари турардилар. Уларнинг орасида тил, адабиёт ўқитувчиси

105

йўқ эди.

Ҳолсиз қалқдим. Директор ачинишга қотилган меҳрибон овозда мени тўхтатишга уринди:

– Бироз ўзингга келгин, бироз тин олгин.

– Раҳмат, – ўпкам ёшга тўлди. Кўксидан ўқ еган йўлбарс боласидек судралиб, ўксиб йиғлаб, коридорга чиқдим. Сўнгги имтиҳонга келган ўқувчиларнинг шивир – кучирлари кўнглимни бутунлай вайрон қилди:

“ – Оқгул ўзини осиб қўйибди!..”

“ – Оқгул ўзини осиб қўйибди!..”

“ – Оқгул ўзини осиб қўйибди!..”

Йўлда онасидан айрилган бўтадай бўзлаб борарканман, ўткинчиларнинг гап – сўзлари юрак – бағримни тилка – пора этди:

“ – Дунёга сиғмади!..”

“ – Ҳур кетди!..”

“ – Тунги соат уч – тўртларда уни ўз хонасида бўғиб ўлдиришган. Сўнг олмаларига осиб кетишган...”

“ – Бундоқ қиз юз йилда бир туғилади!..”

Мен куйиб йиғлаб, ўша таниш тепага чиқдим. Оқгулларнинг уйи, теграси, йўллари одамларга тўлиб тошган.

Ҳамманинг боши эгик.

Ҳамманинг кўзида ёш.

Оқгулнинг кўк кийган, бели рўмол билан боғланган онаси (хотинлар орасида) ўзини юлиб бўзларди:

– Вой болам!!!

Мени нега ташлаб кетдинг, вой болам!!!

Сен ўлгунча, мен ўлсам бўлмасмиди, вой болам!!!

Худди шу аснода Оқгулнинг бизга:

“ – Мен мана бу сайёра бўйича олтмиш бир ярим ёшга чиқаман...” – дея қуёшга яқин планетани кўрсатганини эсладим. Демак: у ўзини ўлдириб кетишларини билган. Марварид билан мени аяб ёлғон сўзлаган.

Ё Тангрим, у қайси сайёра?

Қон йиғлаб ўйладим.

Қанча ўйламай тополмадим.

Топадиган ҳолда эмасдим. Шунда, ё Тангрим, ғойибий бир сас қулоғимга шивирлади:

“МЕРКУРИЙ”.

Эсладим: Меркурий саксон беш кунда Қуёш атрофида бир марта айланади. Бу: бир йил дегани. Демак, Ерда ўн бешга кирган қиз, Меркурий йили ҳисоби бўйича олтмиш бир ярим ёшга чиқади.

106

Тавба – тавба!..

Келажак тунда Оқгул мисли кўрилмаган даҳшатли воқеа юз беришини ва ундан қочиб қутила олмаслигини сезгандир? Бизни қўрқитиб юбормаслик учун Қуёш тизимини ўйлаб топган. “Эртага сўнгги имтиҳон” деганимизда ҳам, у: “Балки?..” деб бежиз айтмаган. Мактабдан ҳайдалишимизни ҳам, туҳматга қолишимизни... ҳам олдиндан кўра билган.

36

Оқгулни тобутга солишди.

Дод – фарёд очунни тутди.

Оғаётган қуёш ерни беаёв қиздирмоқда. Агарчи мен совуққа ҳам, иссиққа ҳам чидамсиз бўлсам – да, шу лаҳзада жазирамани сезмаётгандек эдим.

Бошидан – оёғигача оқ кийинган, оқ соқолли, қорни катта мулла* баланд овозда қичқирди:

– Ислом динида ўзини - ўзи ўлдирган одамга жаноза ўқиш ёки тиловат қилиш маън этилган. Гуноҳга ботмай, шунга қараб иш тутинглар!..

Бунгача ҳам туман Ички Ишлари Бошқармасидан бир кас расмий тарзда келган ва шу гапни таҳдид оҳангида айтган эди.

Шу сабаблими, менинг миямга уч фикр келди:

“ – Қўрқоқ олдин мушт кўтаради...”

“ – Ойни этак билан бекитаяпти...”

“ – Ўзларини – ўзлари очиб қўймоқда...”

Таъқиққа қарамай, ўзларини имонли билганлар ичларида жоноза ўқидилар.

Одамлардан айро, ҳўнг – ҳўнг йиғлаб тобутга эргашдим. Уни Учқулочнинг шарқий қисмига, тоғсимон тепанинг ён бағридаги янги қабристонга қўйишди. Чин мусулмонлар ичларида Қуръон ўқидилар, тиловат қилдилар.

Секин – секин ҳамма тарқади.

Оқгулнинг қабри ёнида ёлғиз қолдим. Пастга юмалаб энган намхуш кесакларни (жой – жойига) таҳладим. Қизғиш тупроқларни кафтларим билан текислаб, силлиқладим. Атрофни шувоқда супуриб, тозаладим. Шунда, кўз олдимда Оқгул жонланди ва қатъиятга қотилган меҳрибон

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Мулла – Эл уни ГПУнинг қулоғи дерди.. “ГПУ” дерди. “ГПУни одами” дерди.

107

овозда деди:

– Ҳеч замон ўз йўлимиздан қайтма, Эврил!

Ҳеч замон!!

Ҳеч замон!!

– Мен шуни деб яшайман, Оқгул!

– Мен сенга инонаман, дўстим!

У ғойиб бўлди.

Ич – ичимдан хўрсиниб, ўкиниб, ўксиб йиғладим.

– Оқгул, азиз дўстим, кеча, кечагина сен билан бирга эдик! – деб йиғладим, – кеча, кечагина бахтиёр эдик!

Энди?..

Сен...

Оҳ!..

Қандоқ адолатсиз дунё бу!

Қандоқ адолатсиз, ҳиссиз, ҳаёсиз дунё!..

Қандоқ ёлғонга, тўҳматга, қонга ботган дунё бу!

Тангрим!

Нега ҳақ қолиб, ноҳаққа эрк бердинг?!

Нега разил, мунофиқни ғолиб қилдинг?!!

Нега?!!

Нега?!!

Нега?!!

Мен ўпкамни босолмай, ўксиб йиғладим.

Ҳўнг – ҳўнг йиғладим.

Узоқ, жуда узоқ йиғладим.

Қабристонни қабрдек қора тун босганини ҳам сезмадим.

Қабрдек қора тун!..

Мен қоронғу кечаларда қабристондан, арвоҳ, алвасти, жинлардан қўрқардим. Бироқ, ҳозир менда (нима учундир) шу туйғу, шу қўрқув туйғуси йўқ. Мен, Оқгулни ташлаб кетмадим. Кетолмадим. Уйга оёғим тортмади. Унинг қабрига бошимни қўйиб йиғладим.

Унсиз йиғладим.

Тун жим – жит.

Тоғдан шамол энмоқда.

Салқин шамол.

Мен хаёлан Оқгул билан қўнишдим.

Тонггача қўнишдим.

Нима ҳақда?

Бу сир...

108

Уни келажак авлодларга айтаман.

Насб этса...

Этакда бир тўда аёл кўринди.

Оқгулнинг онасини танидим.

Марваридни танидим.

Мен истамай уйга қайтдим.

Шунда менга ҳаёт бўм – бўшдай туюлди.

Бўм – бўшдай!..

Оқгулсиз ҳаёт!..

Уфқ қонга айланган эди...

Ҳали қуёш чиқмаган эди...

Т у г а н м а

Қабристондан буюк қайғу билан қайтарканман, ўз – ўзидан “Муқанна нидоси” деган сўз миямдан кечди. Сўнг ушбу сатрлар юрагимни ёндириб ўтди:

М у қ а н н а н и д о с и

(VIII – аср)

1.

Бор нарса вақт қули, 13

Бари соврилар бир кун.

Ер,

Ой,

Қуёш,

Юлдузлар ҳам...

Балки осмон ҳам... 13

Зўр Давлат,*

Мафкура

Улар олдида нима? 13

Бир зарра,

Чанг.

Умри:

Кўз очиб, юмгунча дам. 13

У бир бўғов.

Ичи:

---------------------------------------------------------------------------------------------------

* Зўр давлат – империя – халифалик кўринишида.(тагида СССР...)

109

Йиринг,

Оғу,

Сароб,

Қон... 13

У бир қамоқ,

Кишан,

Киши қурган жаҳаннам... 13

У ёлғон, ҳаромларга тўлиб оқаётган ям*

У тирик оламда зўр ҳоқон:

Нафс,

Таъма... 13

Инон!

Биз уларга қарши курашмоқ учун 13

Ерга энганмиз бу кун!

Бизнинг теримиз – ла 13

Покланар,

Соғаяр

Ушбу ярали очун. 13

Инон!

Бўрон, довулларга бероламиз дош!.. 13

Инон!

Етар бунга биздаги:

Онг.

Куч.

Бардош!.. 13

Инонма!

Ёвнинг ҳеч бир сўз, ваъдаларига! 13

Агар қул қулликдан қутулмаса,

Қодирмас: 13

Ў з л и к н и т и к л а ш г а,

Т е р а н т а ф а к к у р л а р г а. 13

Занжирларни уз!

Уз шарт!!

Буз!!!

Етар хўрлик!

Бас! 13

Бизлар қул бўлишга келмаганмиз дунёга! 13

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Ям – дарё

110

Кўникма ҳеч:

Зулм,

Таҳқир,

Зўрлик, 13

Рўёга!...

Қўзғол!

Қўзғал!!

Қўзғал эй менинг мазлум Элим!!! 13

Қабристон билан уйим оралиғида, тошлоқ йўлда туғилган бу сатрларга эллик беш йил ўтди.

Эллик беш йил!..

Шу узун замон ичида мен унинг бир сўзини ҳам ўзгартирмадим. Кўнглим шуни истади...

Уйга қандай етиб келганимни билмайман. Сатрларни қоғозга туширдим. Шундагина борлиғим олов бўлиб ёнаётганини ҳис этдим. Ўзимни бошқаролмай қолдим. Йиқилдим. Бир ой дам ҳушимга келиб, дам ҳушимдан кетиб, алаҳсираб ётдим. Ўн кун тилдан ҳам қолдим. Онам узоқни кўра биладиган одам эди. Мени ўлдириб юборигшларидан қўрқиб, касалхонага ётқизмади. Яширинча даволашга Лочин отли бир табибни топди...

Мен ўзимга келганимда Бекка ушбу хатни ёздим:

“Азиз дўстим!

Сендан ўтиниб сўрайман: шу саҳарда саҳро (Қизилқум) орқали Қозоқистонга қоч. Бўлмаса ҳаётинг Оқгулники каби фожеа билан тугайди. Бир неча йилгача юртга қайтма.

Мен билан хайрлашишга келма.

Менга хат ёзма.

Бу жуда хавфли. Биз (Марварид, мен) доимий кузатувдамиз...

Тангри умр берса, яхши кунлар келганда кўришамиз.

Омон бўл!

Дўстинг...”

Онам хастахонага бориб, мактубни Бекка беради. У шундан уч кун ўтгач, қуюқ тунда “Ўрол”да Қозоқистонга қочади. Ва муқаррар ўлимдан қутилиб қолади.

Марварид ва мен Оқгулнинг ўлимида гумон этилиб, олти ой тергов бердик.

111

Қишда ўн олти ёшимда, махсус суюқ лой ҳозирлов цехида моторист ёрдамчиси, сўнг, ойлар ўтиши билан моторист бўлиб ишладим.

Марварид билан мен (Совет армиясига кетгунимча) махфий тарзда кўришиб турдик. “Оқ туғ” Кенгаши ишини давом эттирдик... Оқгул ўгут қилганидек, “коса, коса тагида ним коса” қабилидаги митти ҳикояларим “Париж комуннаси”да (вақти – вақти билан) босилиб турди.

Бирда, йўлда ўша чийиллоқ овозли “вакил” билан “тўсатдан” учрашиб қолдик. Гўё “тўсатдан”... Аслида... У мендан Бектемирни сўради.

“ – Ҳозир у Уфадамиш”.

“ – Ёлғонни ямламай ютма”.

“ – Эшитганим шу”.

“ – Қозоқистонда”.

“ – Бўлмаса нега сўраяпсиз?”

“ – Шунчаки қизиқаяпман... Кимдан эшитдинг?”

“ – Чойхона*да шахмат ўйнаётганимда қулоғимга чалинувди”.

“ – Эсласанг яхши бўларди”.

“ – Қандоқ эслайман? У кишиларни кўрмадим ҳам.

“ – Тулкилик қилма, бола, эсла!”

Унинг бу гапи менинг иззат – нафсимга тегди, қоним қайнади. Унга ғазаб билан боқиб, дедим:

“ – Актёрлик қўлингдан келмаса, қисиб юр, ялоқ!..”

Шу куни мени ишдан ҳайдашди.

Ниҳоят, орзиқиб кутганим: армияга жўнаш вақтим етди. Марварид билан бирга Бўрон оға ва Оқгулнинг қабрларини зиёрат этдик...

Украинанинг Житомир вилоятидаги Новгород – Вольинск шаҳрида (танкчилар қисмида) уч йил хизмат қилдим. Шоира Леся Украинка* туғилиб-ўсган бу сулув юрт мени ўзига ром этди:

Яшил ўрмонлар... Кўм – кўк ўтлоқлар... Мовий кўллар... Осмондан андоза олган “Красивая меча” дарёси ва мусиқали ирмоқлар бетакрор гўзал эди.

Шу табиатига яраша одамлари ҳам кўркаму сахий кўринардилар. Мен буни бир безаксиз айтаяпман.

Танкларимиз билан ўсиқ ўтли, сертепали паёнсиз дала – даштларга

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Чойхона – Учқулочнинг қоқ ўртасида фақат бир чойхона бор эди. Кўп устунли, айвонли.

* Леся Украинка – Новоград – Вольинск шаҳрида туғилган. Мен унинг уй-музейида бўлганман, шеърлари билан танишганман.

112

(машқ қилишга) чиққан кунларимизда украинлар бизларни сув ўрнига сут, товаларда пиширилган (гумбазсимон) нон, пўстлоғи арчилмай тайёрланган бульба (йирик – йирик қора картошка), тотли пишириқлар билан сийлардилар.

Украина тунлари сўлим, серзавқ эди. Тўп – тўп йигит – қизлар ой, юлдузларнинг жимир – жимир ёғдуларида тупроқли кўчалар, ўт босган сўқмоқлар, сирли шовуллаётган ўрмон четларида гармон чалиб, қўшиқ айтиб, сайр қилардилар:

“Мы пидем де трави пахили...”

Бу кентда мен бир йил танк командирлигига ўқидим. 54, 56 – танклар кучда эди. Хизматим сўнггида “Т – 62” русмли танкга ҳам командирлик қилдим. Экипажимдаги ўғлонлар: Анатолий Евсеев (рус, механик – ҳайдовчи), Леонид Вайсбух (еврей, новодчик – орудия), Хуррам Ҳоқон (турк, зарежаюший)лар билан ўзимни қувноқ, тетик сезардим.

“ – Байналминал экипаж... – дерди сирли кулиб ақл – идрокда теран Вайсбух, – аммо, бу тасодифий ҳолмас...” – у гапини тугатмай, яна куларди. Мен унинг сирли кулгиси остида сирли кесатиқ ётганини ҳис этардим.

“ – Советча...” – ҳазилсевар Евсеев сирли тўсма*ни сал кўтарарди. Афтидан тўла кўтаришга унинг юраги бетламасди.

“ – Улуғ оға бош...” – луқма ташларди турк Ҳоқон.

“ – Улуғ оға бош бўлса, бу байналминал бўладими?”

“ – Бўляпти – ку, Лёня” – тишининг оқини кўрсатиб тиржаярди толья.

Дам олишга (увольненияга) ҳам тўртовимиз бирга чиқардик. Жозибали танишларимиз бизни (келишганимизга биноан) Красивая – Меча дарёси кўприги устида шодон қарши олардилар. Бир – бирлари билан иноқ қизлар ҳам тўрт миллатга мансуб эдилар. Бундан бизлар ажабланардик. Вайсбух буни:

“ – Кам учрайдиган ҳодиса” – дерди ва хиёл сукутдан сўнг гапини уларди: – бу чин байналминал... улуғ оғасиз...”

Болаларча кулардик.

Валентина Катвитская поляк, Зинаида украин, Маргарита можар, Кристина булғар эди.

Турли чечак, ўтлар билан ястанган қирғоқ, кўл буйи ёки қайинзор ўрмонларда дайдирдик. Беғам, беармон дайдирдик...

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* тўсма – парда.

113.

Шундай онларда, баъзан, Оқгул, Мрварид, Бекларни эслаб, ўйлар уммонига ғарқ бўлганимни сезмай қолардим:

“ – Қани, энди, Тангри бир карам қилса, – дердим ичимда, – Оқгулга қайта ҳаёт берса, у Марварид, Беклар билан бирга мени кўргани (бу ерга) келишса!..

О, бундан ортиқ бахт бўлармиди менга! Бироқ, энди, бу тилагим ҳеч замон ушалмайди, ҳеч замон, ҳеч бир замон!..”

Қўзларимдаги ҳалқа – ҳалқа ёшларни кўриб, Катвитская ҳайрон бўларди ва ҳатто хижолат чекарди:

– Зериктириб қўймадикми, Эврил?

– Йўқ – йўқ.

– Юртингни соғиндингми?

– Йўқ, Валя, ўзим... Узоқ бир воқеа эсимга тушди...

Казармага қайтганимда ҳам Оқгул ҳаёли мени тарк этмасди:

“ – Одам боласи алдайди, – дердим ўзимга – ўзим, – ёки ўзини овутади:

“Ҳақиқат эгилади, синмайди”.

“Қинғир ишнинг қирқ йилда ҳам қийиғи чиқади”.

“Ёлғоннинг умри қисқа”.

Менимча, ҳақиқат абадиятга синиши, қинғир иш ҳам, ёлғону туҳмат ҳам ҳеч замон фош бўлмаслиги мумкин.

Ўзи дунё адолат ва туҳматдан тузилгандай. То Ер тургунча улар ўртасида кураш кетади. Бирда адолат енгса, бирда туҳмат... Ҳеч бири мутлоқ ғолиб бўлмайди...

Оқгул ҳақиқати ҳам ҳеч қачон очилмайди. Тузм, замон, маконлар ўзгарса ҳам...

Лекин, шуни аниқ биламан: Тангри карами кенг:

Бир кун, йўқ, бир соат, йўқ, бир дақиқадан кейин ҳам шундай воқеа, ҳодисалар юз берадики, бунга ҳайрону лол қоласан.

Адашмасам, 1960 йили, кузда Карпат орти Ҳарбий округи бўйича Станислав (Иван Франко) шаҳрида сара боксчилар мусобақаси ташкил этилди. Унга мен ҳам (заҳирадаги боксчи сифатида) қатнашдим. Ўшанда биринчи разрядли боксчи, иккинчи категорияли судья даражасида эдим.

Ровна* шаҳри ҳарбий қисмидан келган боксчилар орасида менга қия турган бир аскар танишдек кўринди. Унга яқин бориб қарадим. Ва

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Ровнага хизматга келганига 7 ой кечган. Ровна Новоград – Вольинскийга яқин шаҳар.

114

ҳайрат, ҳаяжондан оғзимга бир сўз келмай, қотиб қолдим.

У менинг дўстим Бек эди!!.

Бек!!!

У зобит, аскарлар ичида кўкка учмоқчи бўлган асов отдек алоҳида ажралиб, қад кериб, мағрур турарди. Мен ҳайрону лол эдим.

Очунда шундай тасодиф бўлиши мумкинми? Яна олис, ёт бир юртда денг. Бунга ўзгалар – ку ўзгалар, ўзим ҳам ишонмаётгандек эдим. Наҳот кўзларим алдамаётган бўлса?!.

Наҳот!..

Йўқ – йўқ, бу тасодиф эмасди. Бу мен билан Бекка Яратган Эгамнинг бир карами: инояти эди.

Менинг юрагим шундай дерди.

Менинг ақлим шундай дерди.

Қаттиқ бир ҳаяжон ичида, ихтиёрсиз бир тарзда қичқирдим:

– Бек!!!

– Эврил!!!

У оломонни ёрароқ мен томонга отилди.

Бир – биримизнинг бағримизга сингиб кетдик. Икковимиз ҳам гўё тилдан қолгандик, гапиролмасдик.

Кўзларимиздан ёшлар оқарди.

Соғинч ёшлари!...

Севинч ёшлари!...

Бектемир Жамбул (Авлиёота, Тароз)да яшагани – ю бошидан кечирганларини қисқа баён этди. У эзмаликни ўлгудай суймасди.

– Тақдир тақозаси билан, – деди гапи сўнггида, – ҳарбий хизматни энди бошладим. Янглишмасам, сендан икки йилча кейин...

Мен бунинг сабабини сўрамадим.

Энди Бекнинг хатти – ҳаракат, овоз, лаб, юз – кўзларида қатъиятлик белгилари яна ҳам бўртиб кўринарди.

Энди бўй – басти ҳам девни эслатарди.

У формада эди.

Унинг ўзига ишончи, руҳияти тоғдек баланд эди.

Бек Карпарт орти Ҳарбий Округи бўйича “Мутлақ чемпион” деган ном олди. Биронта ҳам рақибини уч раундга етказмади.

Менга боксга тушишга зарурат туғилмади.

Бек кулди:

– Мазза қилиб дам олиб кетяпсан – а, Эврил?

– Бунга севинмаяпман... Аммо, дўстим, сени кўрганимдан бошим осмонда.

115

Биз Станиславда талай кун бирга бўлдик. Оқгул билан Марваридни кўп эсладик. Оқгулнинг ваҳшиёна ўлдирилиши ҳар иккимизнинг қалбимизда ҳам ўчмас из қолдирган эди.

Хайрлашиш олдимизда Бек мени саволга тутди:

– Хизматдан сўнг уйга қайтасанми?

– Йўқ, Учқулочда менга келажак йўқ...

– Энамни куйдирасанми?

– Режаларим бор, Бек. Ефремов (Тула вилояти) шаҳрида Бутуниттифоқ комсомол ёшлари қурилиши кетаяпти. Шунга ёзилиб қўйдик... Ишлаб, ўқимоқчиман... Онам мени (хат орқали) тўғри тушунди... Кейинчалик онамни олиб келиш ниятим бор.

– Ефремовгами?

– Ҳа. Менинг сезишимча, Россияда эркинлик кўпдай, имконият кўпдай...

– Менимча ҳам режанг тўғри, Эврил. Хизматдан кейин олдингга бораман. “Оқ туғ” ишини ҳам бирга давом эттирамиз. Фақат уни: “Оқгул” деб ўзгартирган ҳолда.

– Ўзим ҳам шуни ўйлаб юргандим, бу ҳақда Марварид ҳам айтганди, демак: уччовимизнинг ҳам фикримиз бир:

“Оқгул”.

Хайрлашдик.

Кўзларимиз ёшга тўлди.

Қалбларимиз ғамга тўлди.

Анатолий Евсеев, Леонид Вайсбух, Хуррам Ҳоқон ва мен Ефремов шаҳрига комсомол йўлланмаси билан ишга жўнадик. Қизлар бизларни (кўзларида айрилиқ ёшлари билан) поездга кузатиб қўйишди.

Лев Толстой севган, Иван Бунин хаёл сурган, Темур ҳоқон от ўйнатган бу ошён бизни ўз гўзаллаги билан аср этди.

Бу ошён!..

Теграси адоқсиз ўрмонлар билан ўралган тиниқ ҳаволи сулув ошён!..

Уни “Случь” дарёси ўпиб – ардоқлаб, ювиб – тараб оқаётир.

Тўрттовимиз ҳам бир ётоқхонага жойлашдик. Қиш қиличини омонсиз қайрасада, ёшлар билан тўлиб – тошган бу кент лава янглиғ қайнаётир. Ҳар куни ишдан кейин душга тушамиз, боримизни ардоқлаб киямиз. Тинмагур қизлар бизни танцага ё музда учишга судрашади... Кўпинча Вайсбух китобдан бош кўтармайди.

Мен Оқгул ҳақида қисса ёза бошладим... Уни: “Осмон қизи” – деб атасаммикан? – дейман ўзимга – ўзим, – ёки: “Ўлим ҳалқаси”?..

116

Кадрлар бўлими бошлиғи Наташа хоним ўз ишига пухта, қаттиққўл хотин эди. Аммо у мен билан илиқ сўрашарди. Хотирам алдамаса, унинг ёши қирқдан ошган, кўзлари зангори эди. Қирқилган сочлари елкасига макканинг попугидай товланиб тушар ва бу сарғиш юзига зеб бериб турарди.

Кимё комбинати қурилишида ишлаётганимга энди тўрт – беш ой бўлганда, у мени ўз ҳузурига чақирди ва мулойим овозда деди:

– Сени Воронежга бир йиллик ўқишга юбораяпман. Биласан, комбинатга машинистлар керак. Тайёрлан. Эртага жўнайсан. Яширмайман, сенга меҳримиз бор...

Мен бундан севиндим. Лекин: “ Сенга меҳримиз бор...” деганини тушунмадим. Яна (ўзидан бошқа) ким бўлиши мумкин? Ким? Сўрашга ботинмадим. У қўлимни сиқди:

– Табриклайман!

“ – Ўқишни ёмони йўқ, – дедим ичимда, – шу баҳонада ҳунарли бўламан. Шу баҳонада ўзга шаҳарни кўраман. Бу ўрусия билан дурустроқ танишишимга бир туртки ҳам бўлади. Вайсбухнинг:

“ – Ҳамма улкан қурилишлар Россияда... – дегани эсимда, – йўллар, метролар, завод – фабрикалар, шаҳарлар... Яна бошқа муҳим, махфий объектлар... Яна яшин тезлигида ҳарбий салоҳиятни ошириш... Дунёда энг кўп хавфли қуроллар ишлаб чиқариш...

Буларнинг юздан бир фоизи ҳам сенинг юртингда йўқ. Биласанми, Россиянинг туб мақсади нима?

Мен Вайсбухнинг фикрини тўлароқ билиб олиш учун жўрттага елкамни қисдим.

“ – Компартия шиори:

Тенглик.

Тинчлик.

Бирлик” ниқоби остида ҳамма нарсани ўзиники қилиш...

Ўзлаштириш...

Гегемон бўлиш...

Бўлажак ўзбек – турк ёзувчисига бу керак. Бунинг мағзини чақ.

Россия бундай улуғ қурилишларни қайси маблағ ҳисобига қилаяпти?

Ўрта Осиёнинг ер ости, усти бойлиги қаёққа сизиб кетаяпти?..

Болтиқ бўйи билан Кавказники – чи?..

Яна бошқа социалистик Республикалар...

Энг биринчи галда Ўрта Осиё ҳисобига десам янглишмайман. Ўрта Осиё битмас – тугамас бойликка эга.

Ўрта Осиё Россия учун дастурхон, хом – ашё базаси...”

117

У менга Россия ерида қурилган, қурилаётган, қурилажак завод – фабрикалар ва ўзга улкан иншоотлар ҳақида ёзилган бир махфий китоб берди:

“ – Ҳеч кимга сездирмай ўқи, Эврил, – деди. – Фақат тез, бу сенга керак бўлади...”

АҚШда ўрис тилида (жуда кам нусхада) босилган бу китоб (“Бакавул”*)ни етти кунда (Ефремовда) яширинча ўқиб чиқдим. Шунда Оқгулни профессор Мария хонимдан эшитгани – ушбу асар тўғрисида менга айтгани эсимга энди:

“ – Демак, – деб ўйладим, – яҳудий хоним Оқгулни китоб мазмун – моҳияти билан ҳам таништирган...”

Ўқув уйимиз ва ётоқхонамиз Воронежнинг марказий сўқоғида жойлашган эди. Кўчанинг у томонида Политехника институти биноси кўриниб турибди. Шаҳар адоғида атом заводи қад кўтармоқда. Бу қурилиш, оқгул, Вайсбухларнинг гаплари ва махфий китоб таъсирларида менинг бошимда шу сўзлар ловуллаб кечди:

“ – Ўрусияда оғир, енгил саноат ривожланган. Тағин турли – туман, сон – саноқсиз институтлар... Буни ўзбек фақат орзу қилиши мумкин.

Бироқ ўзбек пахта бўйича СССРда биринчи...

Ўзбек уйқудан:

“Пахта” деб уйғонади.

“Пахта” деб нафас олади.

Пахта деб онгли очундан узилиб қолади...

Пахта деб ўлади.

Хотинлар “Кукурузник”*лар ўлим “дори”лари*ни сепаётган пахта далаларида туғадилар.

Заҳар қоплаган жўякларда ишлаб, жўякларда бевақт жон берадилар.

Бу ҳақиқат.

Аччиқ ҳақиқат.

Ишламасалар “Пахта душмани” тамғаси остида қамаладилар, томорқаларидан, мол – ҳолларидан, уй-жойларидан айриладилар, сургун қилинадилар.

--------------------------------------------------------------------------------------------------

*Бакавул – китобнинг ўрисча номи хотирамдан кўтарилган. У шундай мазмунда эди.

*Кукурузник – “Ан – 2” учоғи.

*Ўлим “дори”лари – бутифос.

118

Бу ҳақиқат,

Аччиқ ҳақиқат.

Пахта!..

Энг оғир.

Энг паст маошли иш*...

Пахта!..

Қул иши.

Қул маоши...

Шу сабабли келгиндиларнинг бири ҳам пахтада ишламайдилар.

Ҳаммаси шаҳарларни ишғол этган.

Шаҳарда иссиқ – совуқ сув, газ, электр қуввати, транспорт ва ўзга қулайликлар.

Буни пахтачилар ҳавас қиладилар.

Ўз кентига сиғмаган, ўз кентига ёт элим!

Мияси, оғзи, қулоғи, қўл – оёғи бўғов элим!

Тарихи, эътиқоди, урф – одати тушов элим!

Ўз юртида оч, яланғоч элим!

Ўз юртида қул элим!

Мен бу ҳақда “Ўлим ҳалқаси” қиссамда алоҳида тўхталаман. Бундан Оқгулнинг руҳи ҳам шод бўлади.”

Ўз одатимга биноан мен ҳар куни эрта тонгда уйғонаман, ярим соат бадан тарбия билан шуғулланаман, душга тушаман, бир бакал қаҳва ичаман. Сўнг бир соат “Ўлим ҳалқаси” устида ишлайман. Кейин нонушта қилиб, ўқишга ёнаман...

Ўқиш...

Ўзим қизиқмаган соҳа бўлса ҳам, ўрис, украин, татар йигит – қизларидан ортда қолмай ўқий бошладим.

Татарлар...

Анча ўрислашган бўлсалар ҳам, бир туғишган турк уруғи сифатида (қонларига тортадилар...) мени яқин оладилар. Улар билан ўз тилимизда қўнишиб, роҳат қиламан. Буни Ватандан узоқда, ёт элда яшаётган одам юрагидан ҳис қилади...

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Энг паст маош – 30, 40, 50 сўм атрофида маош. Эрта тонгдан тунгача иш. Тунда ҳам кўрак чувилади. Дам олиш кунлари йўқ. Таътил (отпуска) йўқ.

* Қулайликлар – шаҳарда 7 соатли иш. Шанба, бозор кунлари дам олишади. Вақтида таътил. 100 сўмдан ортиқ маош.

119

Ўз тилимиз!..

Тангри биз туркларга берган энг буюк неъмат бу!

Дам олиш кунларимиз завқли ўтарди. Татар, ўрис қизлари қўзиқорин, маймунжон, яна бошқа мева – чевалар теришга мени ҳам судрардилар.

Мен кўпинча ўқишдан кейин (тузукроқ кийиниш, еб – ичиш, онамга пул жўнатиш учун) товар вокзалига борардим. Вагонлардан юк тушурардим.

Бокс машғулотига қатнашишга ҳам, бадиий китоблар ўқишга ҳам вақт топардим. Кучли истак бўлса, вақт топаркансан.

Кучли истак!..

Орзулар ушалиши шунга ҳам боғлиқ.

Воронежни иккига бўлиб бир дарё оқади. Дон дарёси. Уни биз турклар: “Тин дарёси” деймиз. Баъзан Тиннинг зангор қирғоқларида танҳо сайр қилишни севаман. Бу менга лаззат бағишлайди!

Теран сукунат, шаббода, ғира – шира тун, мавжли дарёда ой, юлдузлар чўмилади. Мен Онамни эслайман. У мени сарғайиб кутаяпти. Мен ҳам унинг дийдорига зорман. Бироқ олдимда мақсадларим кўндаланг турибди. Келажакка замин ҳозирлашим лозим...

Биринчи галда Университет...

Бунинг учун кечки ўрта мактабни битиришим керак. Учқулочда иложи йўқ. Ўрусия нисбатан эркин юрт. Курсни битирай, Ефремовда ўқийман. Сўнг олийгоҳ эшигини очаман.

Соҳилнинг кимсасиз, сокин хилватгоҳларида келажак режаларимни тузаман. Уларни амалга ошириш учун тўсиқ, давон, тўфонларни ёриб ўтишга ўзимни тайёрлайман. Афсус, бу ҳақда дардлашишга Оқгул, Марварид, Беклар етишмайди.

Бугун ҳам кечки емоқдан сўнг дарё бўйида узоқ санқидим. Хаёл билан дунёни кездим... Тун чўкаётганда, кўприкка яқин келдим. Салқин шамол урф (мода)да бўлган қўшиқни қирғоққа ёймоқда:

Все ждала, все верила, сердцу вопреки,

Мы стабой два берега, у одной реки...

Кутулмаганда кўзим кўприк устидан пастга судрашиб энаётган бир йигит, бир қизга тушди. Йигит сўл қўлида қизнинг оғзини бекитиб олганди.

Мен беихтиёр тўхтадим. Бир зум: “Қизга кўмак берайми?” деб иккиланиб турдим. Кейин: “ – хавфли, – дедим ўзимга – ўзим, – унинг ўнг қўлида пичоқ йилтираяпти. Менинг кўнглимда қўрқув уйғонди. – киши юртида бекафан ўлиб кетмай яна, хавфли!..”

120

Мен қоронғуликда эдим. Улар мени кўришмади.

Йигит қизни кўприк чироқларининг хира нурида дарё бўйига судраб энди ва томоғига пичоқ тираб, буюрди:

– Узук, сирғаларингни еч! Туфли, кофтангни ҳам! Сумкангни ерга қўй! Тез!

Қиз дир – дир қалтираб, йиғлаб эланди:

– Ҳужжатларимни олай.

– Айтганимни қил, – у қизнинг юз – кўзига шапалоқ тортди, чотига тепди, – тез! Яна бир оғиз гапирсанг ўлдираман!

Еч!!!

Қизнинг хўрланаётганига чидаб туролмадим. Мендаги ваҳм чекинди. Зулматни ёрароқ пичоқ тутган касга қоплон мисол отилдим:

– Уни қўйиб юбор!

Гарчи у маст бўлса ҳам, нагоҳоний ҳайқириғимдан довдираб қолди. Шу аснода мен унинг устига ваҳший бир тусда ( ўзимга шундай туюлди) бостириб бордим. Ва:

– Қўйиб юбор!!! – деб бўғилиб хирилладим.

Унинг кўзларида қўрқув пайдо бўлди. Қизни бўшатди. Оғзидан ароқ иси сасимоқда эди. Пичоқ билан менга ташланди:

– Не русский, чёрт! Убью!..

Мен сўлга чекиндим. Ва энгашароқ ўнг қўлим билан унинг ўнг жағига мушт туширдим. Буни боксда “крюк” дейди. У тўнғиздек қулади, пичоғи дарёга учди. Ундан ҳамма нарсани қайтариб олдик ва у қалқишга уринаётганда қочдик.

Қизни етаклаб олгандим. У сўқоққа чиққинимизча, икки – уч марта қоқилди. Лекин мен уни йиқилишга қўймадим.

Қиз Политехника институти ёнидаги кўп қатли уйнинг иккинчи қатида яшаркан. Эшиги олдига кузатиб чиқдим. Қиз ҳаллосларди, ўзини босолмай ҳамон йиғларди.

– Хайр, – дедим.

У қўлимни қўйиб юбормай сўради:

– Отинг нима?

– Эврил.

– Қаерда яшайсан?

Айтдим...

– Менинг отим Оксана, қўшни эканмиз, уйга кир.

– Узр, ётоқда вақт чекланган.*

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Ётоқда кечки соат ўндан кейин эшиклар ёпилади.

121

– Мени бир фалокатдан қутқазиб қолдинг, Эврил, чексиз раҳмат!

– Одам – одамга ёрдам беради, Оксана, бу табиий ҳол.

– Ҳаммада ҳам бу туйғу йўқ.

Мен жавоб бериш ўрнига, Оксананинг қиёфасини эслаб қолиш учунми ёки шунчаки бир қизиқиш истагидами, билмадим, унинг майда, сийрак сепкиллар “сочилган” юзига, тиниқ қора кўзига, оч қизил дудоғига, калта қирқилган қорамтир сочига, ихчам қад – қовматига (сездирмай) кўз югуртирдим. Агар сезгим алдамаса, у буни ақл кўзи билан илғади. Мен ўзимни ўнғайсиз ҳис этдим ва ичимда: “ – зийрак қизга ўхшайди, – дедим, – кўринишидан ҳам тарбия топган, хуш хулқдай”.

– Эртага кечқурун, сени уйда кутамиз, Эврил.

– Вақт масаласи... – вокзалга ишга чиқишимни унга айтолмадим.

– Илтимос, албатта келгин, бундан онам ҳам қувонади.

– Хайрли тун, Оксана.

– Хайрли тун, Эврил.

Ўқишдан кейин вокзалга (трамвайда) ёндим. Тўрт соат тинмай вагондан юкли қутиларни туширдим. Сўнг ётоқхонада душга тушдим. Артиндим. Кийиндим. Кейин сўқоқ четидаги бозорчадан бир тутам (оқ, қизил, мовий) гул сотиб олдим ва Оксаналарникига бордим.

Эшикни қирқ беш ёшлар чамасидаги бир салобатли хоним очди. Ёш бўлганида уни Оксанадан ажрата олмасдим. Она – бола икки туп лоладек бир – бирига ўхшаш эди. Фақат хонимнинг сочлари қизғишроқ, узунроқ, дудоқлари юпқароқ эди. Гарчи юзлари тиниқ кўринса ҳам, манглайида қирқ беш йил изи: бир ажин сезилиб – сезилмай турарди.

Политехника институти профессори бўлмиш бу хонимнинг исми: София эди. Қизи эса шу олийгоҳ (иккинчи курс) талабаси. Буни суҳбатимиз орасида билдим.

Уч хонали уйлари ( бир хонаси кутубхона) ҳавас қилар даражада озода ва ортиқча безак, нарсалардан холи эди. Бу менга ёқди. Бу менга Оқгул, Марваридларнинг фариштали уйларини эслатди.

София хоним Оксанага ёрдам берганим учун менга ўз миннатдорчилигини қайта – қайта билдирди...

Емоқ олдидан София хоним менга Напалеоннинг сурати (от устида), (шляпада) акс эттирилган коньякни кўрсатиб, деди:

– Буни бултур Париждан олиб келгандим, оз – оздан ичайлик, ўғлим.

Мен унга ичмас, чекмаслигимни айтдим. Она – боланинг юзларига табассум ёйилди.

– Бу яхши одат, – деди София хоним, – менинг қизим ҳам умрида уни татиб кўрмаган. Бироқ кечаги ҳодисадан кейин...

122

Мен ўйланиб қолдим. Оксана:

“ – Онамнинг гапини ерда қолдирмайлик” – деган маънода менга жилмайиб боқди.

Мен ноилож қолдим, София хоним қадаҳ айтди:

– Умримизда ёмонлик кўрмайлик, болаларим. Саодатли ҳаёт бизга насб этсин!

Ичдик.

Мен қизиганимни ҳис қилдим.

Бузоқ эти билан қип – қизил қилиб қоврилган картошка едик. Шоколад билан бир бакалдан аччиқ қора қаҳва ичдик.

Кейин турли мавзуларда қўнишдик. Айрим ҳолларда тортишдик ҳам. Суҳбатимиз очиқ, самимий кечаётгани учун мен ҳам баъзи – баъзида ўз фикр, мулоҳазаларимни айтиб турдим. Бунда “Бонапарт”нинг ҳам таъсири борлигини ўзимча туйдим.

Миллатлар, юртлар тўғрисида ҳам фикрлашдик. София хоним ўз шажарасини Исроил* (бани Исроил)*дан бошлаганини, замонларнинг сиқув, силсилаларида аждодлари икки минг йил ўнжа ер юзига сочилиб кетгани, шу “кўча – кўч”лар билан ўзининг боболари ҳам Оврўпага ва сўнг урусияга келиб қолганини айтди.

– Рим империяси зуғуми билан қувғин қилинганми, София хоним?

– У замонда ҳам, ундан олдин ҳам, кейин ҳам...

– Менимча, буни бир фойдали томони ҳам бўлди.

– Қизиқ, қандоқ, Эврил?

– Ҳаётнинг аёвсиз синовлари... қақшатгич қирғинлар... муътеликлар... муҳтожликлар... сиқинтилар... сарсон – саргардонликлар... Яҳудийларни (ўзга элларга нисбатан) ақлан қайраганлар, бинобарин, бу фикрий теранликка олиб келган...

– Идрокли бола кўринасан, ўзбекмисан ўзинг, Эврил?

– Ҳа, шундай, ўрис босқинидан бери...

Бу гап беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди. Бундан ичимда куйиндим. Аммо, энди орқага қайтишнинг иложи йўқ эди.

– Бу мавҳум гап, Эврил, – София хоним зийрак аёл эди, ичимдаги ўзгаришни сезди ва: – тортинмай, қўрқмай, очиқ сўзлайвер, ўғлим. Бизга ўз онангга, ўз синглингга ишонгандек ишон.

Мен унинг овозида зарра ясамалик йўқлигини туйдим. Шунга ўз сўзимни айтдим:

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Исроил – Исро – тун –кеча дегани. Яҳудийча “ил” тун одами (Мусо – Моисей одами) дегани.

* Бани Исроил – Исроил қавми.

123

– Босқингача дунё бизни турк, юртимизни Туркистон деб атаган.

Оксана луқма ташлади:

– Бўлакламоқ... ўзгартирмоқ... адаштирмоқ... жуда эски усул...

– Ўзи бўлакланган эди – ку, Эврил.

– Уч хонликни кўзда тутаяпсизми, София хоним?

– Ҳа.

– Тўғри, бироқ, уччови ҳам Тангри Таоло берган номларга содиқ эди:

Туркистон...

Турк...

– Сен уларни ёқлайсанми?

– Йўқ, София хоним, хонларнинг тарихий атамаларга садоқатини айтдим, холос. Бироқ бузғунчиликларини эмас. Туркистонни ғорот қилган, босқинчига бой берган шулар! Уларнинг ўзаро ички, майда, мижғов низолари, шахсий адоват, манфаатлари, айш – ишратдан бош кўтармаганликлари ва ўта худбинликлари сабаб Туркистон босқинчига қарам бўлиб қолди.

– Агар уч хонлик бир бутун ўлароқ босқинчига қарши курашганда, енгилмасмиди?

– Йўқ.

– Менимча, енгиларди, Эврил. Чунки эл – юрт қаровсиз, маърифатсиз қолган, қашшоқ ҳолга тушиб, дунёдан узилиб қолган эди. Хонлар эса халқдан... Халқнинг қўлловисиз эса ғалабага эришиш қийин.

– Қанча ачинарли бўлмасин, София хоним, фикрингиз тўғридай, – дедим мен ўйлаб туриб, – аммо “босмачилар” ҳаракати – эл ҳаракати эмасми?

Тор маънода уни шундай дейиш мумкин, Эврил, ҳатто, жуда тор маънода. Фаҳмимча, у ўз-ўзидан уюшган бир нарса. Ёхуд бир мунча онгли кишилар томонидан уюштирилган нарса... Уни халқ ҳаракати дейиш, менимча, ҳақиқатга зидроқ.

Мен София хонимнинг жавобларидан қаноат ҳосил қилсам ҳам, кўнглимнинг бир четида унга қўшилмаётгандек ҳам эдим. Шунга София хонимга қуйидаги саволни бердим:

– Туркия султони куёви ҳамда ҳарбий нозири Анвар пошодек инсон “дунёдан узилиб қолган халқ” кучига таянган, инонган ҳолда Туркистонга келган эмасми?

– Анвар пошо ҳақида ҳеч нарса ўқимаганман, фақат бир марта катта даврада эшитганман. У менга бир чарақлаб сўнган юлдузни эслатган.

124

Тарихда бундай инсонлар кам учрайди.

Анвар пошони қадим, этник юртидаги қондошларини босқиндан қутқазишга келгани миллий туйғуни ўлмаслигидан, қудратидан далолат беради.

– Буни мен яҳудийлар мисолида яна ҳам тиниқ кўраман, София хоним, – дедим – орадан минг – минг йиллар кечароқ (тарқалиб кетганига) Исроил давлатини қайта тикланиши* фикримнинг яққол исботидир.

– Тўғри, Эврил, – деди Оксана.

София хоним ҳам мени қувватлади ва гапида давом этди:

– Анвар пошони бобо юртига – олов ичига келишини мен буюк жасорат, деб биламан. Менимча, у том маънода йигирманчи йилларнинг афсонавий қаҳрамони. Мен Совет тузумини ёқлаган ҳолда, буни юрагимдан айтаяпман, у аймоқми, ёвми, айросиз, воқеаларга холис ёндашаман.

– Сиздек холис одамлар оламда оз, София хоним.

– Мен мақтовни суймайман, Эврил – София хоним қизарди. Оксана тотли кулди.

– Анвар пошо дунёдан узилган халқни уйқудан уйғотиш, ўзаро қовушмаган қўрбошиларни қовуштириш ва сўнг улар билан бир бутун ўлароқ қизил армияга қарши курашиш учун Туркистонга келган. Бунинг учун ёш йигит бутун ақл-идроки, куч – қувватини ишга солган ва ўзи бу Миллий Озодлик ҳаракати бошида турган! Тез фурсат ичида Бухоро амирлигига қарашли бутун ҳудудларни қизиллардан озод этган. Ўшанда Туркистон эли ушбу сўзларни айтган:

“ Бизга Анвар пошони Тангри юборган”.

“Туркистон буюк бир инсон томонидан озод этилади!”

Лекин Анвар пошонинг бевақт ўлими* сабабли бу иш амалга ошмай қолган. Йўқса, балки, ҳозир Туркистонда ўзгача ҳаёт, ўзгача мафкура ҳукм сурармиди?..

Оксана ўзи билибми, билмайми, тагдор гап қилди:

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Исроил давлатини қайта тикланиши – 1948 йилда бани Исроил қавми қовушароқ Исроил давлатини қайта қуришди(икки минг йил кечароқ дейиш мумкин).

* Анвар пошо Ислом Қуролли Кучлари бош қўмондони ва Бухоро амири ноиби бўлган. У Жунайдхон, Шермуҳаммад каби қўрбошиларнинг кучларини бирлаштирган. Ва Советларга қарши қақшатгич жанглар олиб борган. Ғалаба қозонган.

125

– Инсоният тарихи шуни кўрсатади: бир тузум муқим яшолмайди, янгидан – янгилари чиқаверади... Ёки ўз ичидан янгиланиб боради...

– Мен сенинг фикрингга қўшиламан, Оксана, – дедим ва сўнг София хонимга мурожаат этдим, – поэзияга қизиқасизми?

– Яхши шеърлар бўлса, ўқийман. Менга Анна Аҳматова билан Мария Цветаевалар ёқади. Улар кўп азобу ғам чекишди.

– Эшитдим... Кўп эшитдим... Бироқ ўқимадим, китоблари таъқиқдами?

– Энди Сталин йўқ, энди йўллар очилади, сабр қил... ўқийсан...

Мен ичимда: “сабр қил, ўқийсан...” – деган сўзларни беихтиёр такрорладим, – менимча, унда бу китоблар бор. Ҳозирча, сир тутаётир”.

– Бизда ҳам асарлари таъқиқланган, қатл этилган шоирлар бор, – дедим хаёлимни ҳайдаб, – улардан ёрқини: Чўлпон.

– Чўлпон ҳақида эшитганман, – деди София хоним гапимни бўлиб, – уни миллатчиликда айблаб отишганми?

– Ҳа, қирқ ёшида... Чўлпон Анвар пошо билан ҳам яқин бўлган. Унинг ўлимидан ларзага келган ва марсия битган.

– Уни ёд биласанми?

– Ҳа.

– Ўқи, ўғлим.

Ўқидим...

– Ўзбекчани билмаймиз – да, – София хоним афсусланди.

Мен марсияни сўзма – сўз русчага ўгурдим.

Оксана қуйидаги сатрларни ўрисчада такрорлади:

Тарихнинг рангини кўп қонлар билан

Қорайтган, тўлдирган бироқ Болжувон

Энг сўнгги умидни қонга бўяган,

Оҳ, қандай уғурсиз замонлар келган...

София хоним негадир ўйланиб қолди. Қизи каби унинг юз – кўзига ҳам ачиниш белгилари ёйилди. Анча сукутдан сўнг ушбу қаторни ўқиди:

Қутқазиш юлдузи йўқликка кирмиш...

– Қандоқ аянчли! – деди София хоним ва сўнг ғамли бир сасда Анна Аҳматовадан ўқиди:

Я пью за разоренный дом,

За злую жизнь мою.

За одиночество вдвоем.

И за тебя я пью –

За ложь меня предавших губ.

За мёртвих холод глаз.

126

За то, что бог не спас...

Хона сукут қаърига чўкди. Хийладан кейин мен чала қолган мавзуни давом эттирдим:

– Атамаларнинг ўзгариши миллат, юртларнинг ўзгаришу чалкаштиришга олиб келади. Масалан:

Ўзбек – Ўзбекистон.

Туркман – Туркманистон.

Қозоқ – Қозоқистон.

Қирғиз – Қирғизистон.

Қорақалпоқ – Қорақалпоғистон...

Бу бешови ҳам бир туғишган, бир тилли эл:

Турк эли.

Замонлар кечиши билан бу туғишган уруғлар Туркистон яхлит давлат бўлганини, уни босқинчилар олти бўлакка бўлганини унутиб борадилар, ётлашиб, ёвлашиб борадилар. Оқибат натижада бир-бирларига оғули тошлар отадилар. Қозоқ:

“ – Бу Қозоқистон, бу менинг юртим, мен қозоқман, бу ерда сартга нон йўқ” – деб ўзбекнинг юрагини яралайди.

Ўзбек ҳам ўз навбатидан осмондан келиб, қозоқни камситади:

“ – Қозоқда... Қозоқнинг фами...”

Туркман, Қирғиз, Қорақалпоқлар ҳам бир – бирларини булғанч сўзлар билан ўйиб – ўйиб оладилар.

Бу кетишда бу ички низолар замонлар кечароқ урушга айланмайдими?

Туркистонни юртларга, миллатларга бўлишдан ҳам босқинчининг бош мақсади шу эди.

– Мен шунга ўхшаш гапни курсдошим қозоқ қизи – Ойгулдан ҳам эшитгандим, она, – деди Оксана.

– Эскидан бу гап бор... – София хоним Оксанани қувватлади.

Мен яна гап тизгинини тутдим:

– Бу беш қондошга яна биттасини сунъий равишда тиқиштирди:

Олдин автоном...

Кейин алоҳида...

127

– Юнон*, Эрон*, Араб* босқинларида келиб қолганларми?

– Туркистон кечмишини ҳам биласизми, София хоним.

– Инсон ёруғликка оламни билиш учун келади.

Шу сўз таъсирида менда мана бундай фикр уйғонди:

“ – Оқгул Мария хонимдан кўп илм ўрганди. Мен ҳам София хонимдан сабоқ оламан. Фақат кўнармикан?”

– Келиб қолганларга келсак, – София хоним ўйимни ҳайдади, – энг қадимги юнон, Ҳинд, Хитой битикларида ҳам Туронда турк яшагани, юқорида айтганимдай, босқинларда форс уруғи қолиб кетгани ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳақда менга Анна Аҳматованинг Ўғли Лев Гумилев ҳам айтган ва бир қанча эски битиклар берган.

“ – Лев Гумилев тўғрисида Оқгул ҳам кўп айтар эди” – дейишга оғиз жуфтладим. Аммо гапни чувалатмаслик учун фикримдан қайтдим ва бунинг ўрнига дедим:

– Буни эроннинг ўз шоири Фирдавсий ҳам тасдиқлайди. Унинг “Шохнома”сида миллатчиликка зўр “ружу” қўйилган, форсни осмону фалакка кўтарган ва Туронга босқини кўпиртирилган. Афросиёб шаҳрига асос солган буюк Турон ҳоқони Алп Эр Тўнга (Афросиёб)га ҳамда турк ботирларига осилган...

– Мен “Шохнома”ни ўқимаганман. Лекин Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарини кўзимдан кечирганман. Унда шундай битик бор:

“Эроний тўдалар Туронда пайдо бўлмасидан минглаб аср олдин бу юртда Турклар яшаб келганлар”.

София хоним таъсири: Мен Абу Райҳон Берунийни ўқишни кўнглимга тугдим*. Ва сўнг ўзим сезиб – сезмай юқорида чала қолган гапимга кўчдим:

– Бўлакланган Туркистонликлар бир – бирларини кунилайдилару аммо юртларида, асосан шаҳарларида илдиз отаётган келгиндиларга оғиз очолмайдилар. Ҳатто, аксинча, ўз уйларида унинг тилида сўзлайдилар. Ўрусияда шундайми? Йўқ, Англия, Франция, Олмония – чи? Йўқ. Ўша юртлардаги ҳамма келгиндилар ўша юртлардаги ерли миллатларнинг тилларида қўнишадилар. Мен буни олқишлайман.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Юнон – Македонский босқини.

* Эрон – Аҳмонийлар босқини.

* Араб – қутайба Ибн Муслим босқини.

* Узун йиллар кечиб, мен Беруний ҳақида очерк ёздим.

128

София хоним эътироз билдирди:

– Бунинг илдизини ўзларингдан ахтаринглар.

“Илдизини”... – Ўйланиб қолдим мен ва оқибат бир ечимга келдим: “Ўзимизни уриб кетган... Ўзимизда бирлик йўқ”.

Шу кеча узоқ қўнишдик: Қизғин, мазмунли.

София хонимнинг:

“ – Тун оғиб қолди, бизникида қол” – деганига қарамай, ётоқхонага қайтдим. Эшик оғасининг қош – қовоғини ёзиш учун унга беш сўм чўздим.

Оксаналарникига учунчи ё тўртинчи марта борганимдами, аниқ эсимда йўқ, София хоним:

– Палов қилишни биласанми, Эврил? – деб сўради мендан.

– Эплайман, деб ўйлайман, София хоним.

У менга масаллиғ олишга пул берди. Олмадим. Оксана билан бирга бозор қилдик. Олтинчи кун (шанба) кечқурун ҳафсала билан палов тайёрладим. Серсабзи, сергўшт. Помидор, пиёз, бодринг, қалампирлардан аччиқ – чучук ҳам ҳозирладим. Бу ишларда менга Оксана кўмаклашиб турди.

Ош олдидан эллик – эллик граммдан француз коньягини ичдик. Паловни унча ўхшата олмасам ҳам, она – бола мақташди:

– О, қандай мазали! – Менга меҳр билан боқди Оксана.

– Ҳар шанба куни палов қилиб берасан – а, Эврил? – жилмайди София хоним.

– Бундан мен ҳам роҳат қиламан, София хоним.

– Яша ўғлим.

– Оксана ҳам ош қилишни ўрганиб олди.

– Эркакнинг қўлидан палов ейишнинг ўзгача тоти бор... Сени, энди, Воронеждан қўйиб юбормаймиз... Ўзим сени Политехника институтига, механика факультетига тайёрлайман. Ёзувчи бўлиш учун алоҳида олийгоҳда ўқиш шарт эмас. Одамнинг ўзида бўлса ёзаверади.

София хонимдан мен етти ой узлуксиз математика (алгебра, геометрия, тригонометрия) билан физикадан таълим олдим.

София хоним шундай қобилиятга эга эди – ку, фанларни жуда содда тил, жуда содда усулда илдиз – илдизи билан ўргатарди.

Мен бу фанларнинг ич – ичига кириб бораётганимни ўзим ҳам сезиб, сезмасдим. Менга мўъжизадек туюлган бу ҳолдан ўзим ҳам ҳайрон эдим. Чунки мен мактабда математика – физикадан зўрға учга ўқирдим.

Энди эса бу фанларга қизиқиб қолдим.

София хоним менда инженер – ёзувчи бўлиш ҳиссини уйғотди. Яна

129

мен ундан кўп нарсаларни ўргандим ва шунингдек ҳаётий сабоқларни ҳам...

Кўз очиб – юмгунча Ер Қуёш атрофидан бир марта айланди:

Бир йил кечди.

Воронеж билан хайрлашадиган он ҳам етди. София хоним:

– Ефремовга бориб, ишдан бўшаб қайт, ўғлим, – деди, – Воронежда ишлаб, кечки мактабда ўқийсан. Гаплашиб қўйдим... Ўнинчи синфни битирганингдан сўнг бизнинг институт (Политехника)га кирасан. Мен ўйлаганимдан кўра ҳам зеҳнинг баланддай, энди буни ўзинг ҳам уддалайсан.

Оксана мени поездга кузатиб қўйди...

Юмшоқ вагонда кетарканман, Онам кўз олдимга келди. Сўнг Марварид... Улар билан мен хат ёзишиб турардим. Бир ой ўнжа Марвариддан кетма-кет иккита мактуб олдим. Сўнг хат келмай қўйди.

Биринчи хатда шундай сўзлар бор:

“Эврил!

Онанг сени орзиқиб кутаяпти.

Мен ҳам (дўстим сифатида) сени соғиндим!

Онанг ёнингда бўлишни истайди.

Ўрусияни кўриш орзуси!

Балки, бу ушалмас орзудир?

Армоннинг ўзи ҳам тотли...

Ҳозирча у ёқ яхши...

Онагга ҳам шуни айтаман.

Уни ўз онамдек севиб қолганман.

У мени қизидек...

Бизни унутиб қўйма”.

Иккинчи мактуб:

“Меҳрибон дўстим!

Мен “Оқ кийик” деган ҳикоя ёздим. Унинг қисқача мазмуни билан сени таништиришни истадим.

Уқи, Эврил...

Овчилар Оқ кийикнинг изидан тушдилар.

Туну кун таъқиб қилдилар.

Ниҳоят “Шарилдоқ” дарасида уни ўраб олдилар.

У иложсиз қолди:

“ – Шундай кенг дунёда қочадиган пана ер йўқ... Бир кўмак йўқ... “ – деб бўзлади Оқ кийик.

Ўксиб-ўксиб бўзлади Оқ кийик.

130

Нажот излаб юксак чўққига қочиб чиқди Оқ кийик.

Нажот йўқ.

Овчилар уни нишонга олдилар.

Тангрига ёлворди Оқ кийик:

“ – Ёрдам бер, Яратган Эгам!”

Тангри сукутда.

Ер тор...

Осмон узоқ...

Қанот йўқ...

Асирга тушишни истамайди Оқ кийик.

Қуйи дара.

Тубсиз дара...

Не қилсин Оқ кийик?..

Ўзга йўл бўлганда...”

Мен буни математика – физикага берилиб кетганимда ўқигандим. Шунда уни: “Оқгул ҳақида ёзган?” деб ўйлагандим. Энди?.. Энди Оқ кийик – Марвариднинг ўзи эканини туйдим Демак: ҳамон унинг изида ўлим*...

– Юрагим увишди.

“Уқи, Эврил”...

Уқимабман.

Мени кечир, Марварид.

“Ўзга йўл бўлганда”...

“Ўзга йўл... Ўзга йўл... – ўйладим мен, – қандай йўл? Қутилиш йўли... Балки, уни онам билан бирга менинг олдимга келиши – қутулиш йўлидир?.. Зотан бошқа йўл ҳам йўқ. Шунга у: “ўрусиянинг кўриш орзуси!..” деб бежиз ёзмаган. Онам билан Марваридни бу ёққа олиб келсам бўлади. Иш топилади. Квартира ва шаҳарга рўйхатга ўтиш масаласи қийин...”

Ефремовга етгунимча, бу тўғрида ўйладим. Ва бир ечимга келдим:

“Олиб келаман!..”

Дўстларим (Леонид, Хуррам, Анатолий) мени зўр қувонч билан кутиб олишди. Ишдан бўшаш учун кадрлар бўлими бошлиғи Наташа хонимнинг қабулига кирдим. У мени эшитгач:

– Бир йил сени комбинат пули ҳисобига ўқитдик, – деб қовоқ – тумшуқ қилди, – мени тўғри тушин...

Шу куни буни телефонда София хонимга айтдим.

------------------------------------------------------------------------------------------------

*Ўлим – (КГБ) кўзда тутилади.

131

– Ўзим ҳам шундай деб ўйлаб тургандим, Эврил, – деди у, – кўнглингни бузма, ишчи – ёшлар кечки мактабида ўқи, аттестатни ол, кейин келасан, хабарлашиб турайлик, сени соғиниб қоламиз.

Уч кундан сўнг Наташа хоним мени уйига таклиф қилди. Бордим. Қарағай оғочларидан қурилган уй. Кафтдек ер. Тегра яшил рангга бўялган оғоч тўсиқ (решотка) билан ўралган. Кўкимтир эшик олдида мени бир қиз кулиб қарши олди:

– Мен Наталья Петровнанинг қизиман, отим Настя, – у майин овозда ўзини таништирди.

– Эврил, – одобдан бўлмаса ҳам мен Настяга қўлимни чўздим. У ҳам... унинг кафти иссиқ эди. Тонгдаги ойга бенгзар юзига алвон ранглар югурди. У Оксанадан икки – уч ёш кичик, ўн етти – ўн саккиз ёшларда эди.

– Хуш келибсан, ичкарига марҳамат, – Настя эшикни кенг очди, – онам ҳозир келиб қолади.

Уч хонали, бир айвонли уй, ошхона. Николай замонидан қолган қаҳрабо тусли мебеллар. Эски китоб жовони. Зал ўртасида стол, тўртта стул. Тўрда радио. Содда, оддий жиҳозлар. Туйқус менда бир фикр туғилди:

– Анастася, узр, – дедим, – бир нарса эсимдан чиқибди.

– Нима? – Ҳайрон бўлди қиз.

– Тезда қайтиб келаман.

– Балки, бирга борармиз.

– Майли, юр.

Бозорга ёндик. Палов учун масаллиғ, бир коньяк, бир шампан олдим. Уйга қайтдик. Наташа хоним ҳали келмабди. Ҳовлидаги кранда қўлларимни совунлаб ювиб, бинафша ранг сочиққа артдим. Сўнг ош қилишга киришдим. Настя таажжубда, аммо бир сўз демади, менга кўмаклашди.

– Эсли қиздай кўринасан, – дейман ҳазил – омуз оҳангда унинг мовий кўзларига сирли қараб.

– Худди бир – биримизни олдиндан биладигандаймиз – а, Эврил?

– Минг йил, балки, ундан ҳам ўнжа биз дўст бўлгандирмиз, Анастася.

– Қизиқ, бу дунёнинг турган – битгани сир.

Наталья хоним келди. Гапимиз узилди. У ойналарни очди. Зал май ойи ҳавоси билан тўлди.

– Сен, бебош бола, ўзингча нималар қилаяпсан? – Наталья Петровна мени койиди, – одамни уялтирма – да, бундай.

– Мен умримда палов емаганман, ойи, – Настя менинг ёнимни олди.

132

– Сизнинг шарофатингиз билан ўқишни битириб қайтдим, Наталья Петровна, бир ювайлик дедим – да.

– Майли, ўғлим, бўлар иш бўлибди. Иккинчи марта мендан сўроқсиз бундай қилма.

– Хўп, Наталья Петровна.

Наталья хонимнинг таклиф – ижозати билан оз – оздан коньяк ва шампан (она – бола) ичдик. Сўнг иштаҳа билан ош едик. Она – бола паловни роса мақташди. Настя қопқоқсиз, оппоқгина чойнакда қора –қаҳва (шакарсиз) тайёрлаб келди. У ёқимли ҳид таратароқ кўпикланиб турарди. Уни роҳат қилиб ичарканмиз, Наташа хоним менинг кўнглимдаги гапни айтди:

– Эврил, эртага таътилга чиқасан, Онангни кўриб кел, у сени жуда соғинган, мен буни бир она сифатида ҳис этаяпман.

– Раҳмат, Наталья Петровна! – мен беҳад севиндим.

– Оксана, мусиқани қўй, мен бир ерга бориб қайтаман.

– Хўп, ойи, – Настянинг юз – кўзларида қувонч порлади. У Оқгулники каби бир ўрим йўғон, сариқ сочини олдига олиб, ўйнади.

Армонсиз рақс (танца)га тушароқ турли мавзуларда қўнишдик. У соддадил, жозибали, романтик қиз эди.

– Тангри карами чексиз – а, Эврил, биз минг йил кечароқ яна қайта кўришаяпмиз. Мен бунга ишонаман, сени жуда – жуда эски замонлардан бери билишимга ишонаман. Сен – чи, Эврил?

– Мен ҳам.

– Сен тўғрингда Онам анча нарса билади. Сени Анатолий, Леонид, Хуррам деган дўстларинг борми?

– Ҳа.

– Сени ёзувчи бўлади деяпти. Менимча буни онам дўстларингдан эшитган. Сенга уларнинг меҳрлари юксак эмиш.

– Балки, Анастася.

– Леонид Вайсбух еврейми?

– Ҳа.

– Ақллими.

– Иқтидорли.

– Толик – чи?

– Ўзига яраша.

Хуррам – чи?

У ҳам...

Наталья Петровна қайтиб келди. У севинчга лим овозда деди:

133

– Эврил, сенга юртингга бориб – келишга (иккала томонга) иккита чипта олдим. Бугун бозор. Индинга кечқурун поездга чиқасан.

Мен бундан қанчалик севинмай, ноқулай аҳволда қолдим. Чипта пулини Наташа хонимга беришга уриндим. Унинг жаҳли чиқди. Охири мен ичимда:

“– Совға олиб келаман...” – деб ўзимни – ўзим овутдим.

Настянинг руҳи тушиб кетди.

Мени поездга Анастася, Леонид, Анатолий, Хуррамлар кузатиб қўйишди.

Бир ой онамнинг ҳузурида бўлдим. Унинг маслаҳатига биноан деярли уйдан – эшикка чиқмадим. Фақат уч марта Оқгулнинг қабрини яширинча зиёрат қилдим. Менга Марваридни кўриш насиб этмади. Уни онасининг ўлимидан кейин... Челак*ка, аммасиникига кетган дейишди. Онам ҳам шуни такрорлади. Унга:

– Сиз билан Марваридни Ўрусияга олиб кетаман, – дедим.

– Сенинг оёғингга тушов бўлмайлик, болам.

– Уй билан иш топиб қўйдим.

– Бунинг иложи йўқ...

– Нега, она?

У саволимга жавоб бермади.

Шундан кейин мен деярли бор пулимга саккизта Самарқанд нони, икки банка тут шинниси, майиз, ёнғоқ, ўрик, бодом мағизларини олдим. Яна ошга масаллиғ, иккита “Самарқанд* коньяги, помидор, бодринг, турли кўкатлар... Бузилмайдиганлардан бир қисмини почта орқали София хонимга жўнатдим. Қолганига тўртта ҳандалак қўшиб, йўлга шайландим. Шунда онам менга чинни айтди:

– Марварид Тошкентда, касалхонада.

– Нимага, Она?

– Кимдир унинг юзига кислота сепиб қочиб кетган.

Мен бундан ларзага келдим.

– Нега буни олдинроқ айтмадингиз?! – дедим алам билан.

– Сени ўйладим, болам... – Онамнинг кўзларига ёш тошди, – бу дунёда сендан бошқа кимим бор? – Онам йиғлади.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Самарқанд вилоятидаги Челак шаҳри.

134

– Марвариднинг кўзларига зиён етмабдими, она?

– Етмаган дейишаяпти.

– Юзлари қаттиқ куймаганми?

– Унчамас дейишаяпти.

– Излари қолади.

– Ойдай қиз эди – я!

– Мен Марваридни кўрмасдан кетмайман, она.

– Буни хаёлингга ҳам келтирма, болам. Бу жуда хавфли. Изида исковичлар... Эсон – омон ўрусияга етиб ол. У ёқ тинчроқ. Ўзинг айтганингдек, ишлаб, ўқи. Мени ўйлама. Cенинг олийгоҳга кирган кунинг – менинг энг бахтли куним бўлади, ўғлим!

– Доимо соғ бўлинг, она!

– Марварид билан она – бола бўлиб қолувдик. Эсли – ҳушли, одобли, озода қиз. Унга куйаяпман. Агар у соғ – саломат бўлганда, сен билан бирга кетардик. Киши юртида менга овунчоқ бўларди. Энди мен Марвариднинг чиқишини кутаман. Уни кимдир сотган, ростми, ёлғонми, билмадим, у қаердадир, кимгадир:

“ – Оқгулни КГБ ўлдирди”, – деганмиш.

Менга Марваридни кўриш насиб этмади. Чиптам куймаслиги учун мен ноилож Жиззахда поездга чиқдим.

Уни кўрмай кетаётганимга асосан учта сабаб бор.

– Чўнтагимда чақам қолмади.

– Онамнинг сўзини икки қилолмадим.

– Қўрқдим.

Бунинг учун ўзимни умр бўйи кечирмайман...

Поезддан тушиб, тўғри Наташа хонимнинг уйига бордим. Анастася мени қучоқлаб, ўпиб кутиб олди. Уни ижозати билан (кирланганим учун) ҳаммомга тушиб чиқдим. Кийимларимни алмаштирдим. Наташа хонимнинг ишдан қайтишига ош ва аччиқ – чучук ҳозирладим. Настя тергини безади.

Наташа хоним вақтида келди. У мени кўриб гулдай очилиб кетди. Палов олдидан коньяк ичдик. У “Самарқанд” коньягига қизиқсиниб қараб, деди:

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Челак – Самарқанднинг Пайариқ туманидаги шаҳарча. Челакнинг 85 – 90 фоиз эли Боғдонлик, уруғи Қорамон турки. Челакнинг ёнидаги Кичик турк, Каттатурк қишлоқларининг аҳолиси ҳам Боғдондан. Менинг онам ҳам Катта турк қишлоғидан.

135

– Тоза, ўткир коньяк экан. Яна қитдай – қитдай қуй, Эврил.

Қуйдим.

Ичдик.

Аччиқ – чучук билан ош едик.

– О, қандай мазали! – Наталья Петровна менинг елкамга қоқди. – Яша, Эврил!

– О, беҳад!.. – Настя юзимдан ўпди.

Ошдан кейин қаҳва устида суҳбат қурдик:

– Олмонлар Шварц*да сунъий қон заводи қураяпти, – деди Наташа хоним, – унга сен ўз экипаж аъзоларинг билан бирга борасан. Бундан Хуррам Ҳоқон айро, у уйланди... Турк... Қурилиш эса махфий...

– Она, бошқаларни юборинг, – эътироз билдирди Настя.

– Иложи йўқ, юқорининг топшириғи, бир йилга... Шварц билан Ефремов ораси бир қадам... Дам олиш кунлари келиб турасан, Эврил.

Анастася билан мен “Самарқанд” коньяги ва ноз – неъматлардан олиб, ётоқхонага ёндик. Сўқоқ четидаги бозорча ва дўкондан Настя бир тутам атиргул, ароқ, шампан, шоколадлар харид қилди.

Ётоқхонада бизни Анатолий ва Леонид зўр қувонч билан кутиб олишди. Кейин ҳаммамиз бирга қўшни уй (дом – том)га, Хуррам Ҳоқонникига ўтдик. Унинг хотини Валентинага тегишли бир хонали ҳужраси шодликка тўлди. Эр – хотин дарҳол картошка қовуришди. Биз ўзбек неъматлари билан тергини ясантирдик. Зўр кайфият билан еб, ичдик.

Алла – паллагача ўрис, инглиз, француз куй – қўшиқлари остида ўйнаб – кулдик...

Уч кундан сўнг Вайсбух, Евсеев ва мен Шварцга жўнадик. Бизни Хуррам, Валя, Настялар автобусда кузатиб қўйишди.

Шварц...

Пастак – пастак тепалар, кичик – кичик кўллар, сийрак оғочзорларга ҳайрон тикилдим. Бу гўзал манзил менга таниш ҳам қадрдон туюлди. Қачонлардир мен бу ерларни армонсиз кезганман. Қачон? Балки Чингизхон, балки Темур хоқон замонларида...

----------------------------------------------------------------------------------------------------

*Шварц – Тула вилоятининг Болохов туманида жойлашган шаҳарча.

136

Ефремовдагидек Шварцда ҳам йигит – қизларнинг қирпишдан қурилган ётоқхоналари ёнма – ён. Биз уччовимиз ҳам иккинчи қаватга, бир хонага жойлашдик.

Сантехник ўлароқ ишга киришдик.

Мен кузда кечки мактабда, тўққизинчи синфда ўқий бошладим. Бунга Тула вилояти Партия қўмитасига ишга кўтарилган Наташа хоним кўмак берди.

Шварцда ҳам Ефремовдагидек ҳаёт бўрон қўпаётган денглиз янглиғ гувуллайди, “ўзан”идан қутуриб тошади. Ҳар куни кечқурун танца... ўйин – кулги... кайф – сафо... жанжал... Ўрис зотини ичкиликка муккасидан кетганини мен Шварцда яна ҳам теранроқ туйдим. Топганини ичади, ойликдан – ойликка қарзга ботади...

Тўққизинчи синфни битирдим.

Бу вақт ичида Оксана Шварцга уч марта келиб кетди. У билан бу дунёда ўчмас из қолдириш, шон – шарафларга тўлиб яшаш, ер юзининг энг гўзал, муқаддас ошёнларини кўриш ва илм – фан ҳақида қизғин қўнишардик.

Вақтимиз қанчалар файзли, мазмунли кечганини ҳали – ҳануз армон билан эслайман. Бу чин сўзли қиз ўз фикрлаш тарзи, ақл – идроки билан Оқгулга бенгзарди.

Анастася Москвага, Университетга (тил – адабиёт факультетига) ўқишга кирди. Унинг туғилган кунини Москвада, “Москва” ресторанида ўтказдик. Настянинг янада гўзаллашиб кетганини ҳис этарканман:

“ – Университет ҳаёти бетакрор, ёшлик завқ-шавқига тўла! – деб ютундим армон билан, – у одамнинг кўнглини ўстиради, руҳиятини кўтаради, очунга ўзгача кўз билан қарашни ўргатади”.

Анатолий Евсеев Зинаида исмли қизга уйланди. Унинг тўйига (Леонид ва мен) пул қўшдик.

Вайсбух Винницага (туғилиб – ўсган кенти) кетиш тараддудига тушди. Бундан менинг кўнглим чўкди. Шунда у:

– Чирчиқда ҳам Кимё комбинати бор, – деди, – одамга ўз юрти азиз... Онанг ҳам ёлғиз...

Шу аснода Бектемир ўз ҳарбий таътилини мен билан бирга ўтказишга келди. У “Осмон қизи” (“Ўлим ҳалқаси”) қиссамни қайта – қайта ўқиди ва сўнг деди:

– Бир ёлғонни қўшмай, манзил, номлари билан исмларни ўзгартирмай ёзибсан. Бу яхши, аммо КГБнинг қўлига тушса, биринчи галда мени отади. Сўнг Марварид билан сени!

137

Зинҳор уни Чирчиққа олиб кетма. Яшир. Номини ҳам “Оқгул” деб ўзгартир.

Мен узоқ ўйладим. Сўнг:

– Маъқул, дўстим, – дедим.

“Оқгул”ни почта орқали Оксанага юбормоқчи бўлдим. Қўрқдим. Шундан кейин уни содиқ дўстим Леонид Вайсбухга бердим. У:

– Балки, узун замон кечароқ буни Исроилда чоп эттирарман, – деди ва менга ўйчану ҳорғин боқди.

Кўз ёшлар билан хайрлашдик.

Вайсбух Винницага кетди. Бек Ровнага. Мен Чирчиққа.

Шундан сўнг Вайсбухни қайта кўрмадим. Бошқа дўстларим (Валентина Катвитская, Оксана, Анастасия...) қатори у билан хат ёзишиб турдик. Кейин мактуб тўхтади. Уни Қуддусда дейишди.

Чирчиқ...

Совет Ўзбекистонининг йирик саноат шаҳри.

Бошини ҳайбатли тоғ тизмалари қуршаган, сўлида Чирчиқ дарёси тошиб оқаётган, қоқ ўртасини тез оқар анҳор (Бўзсув) кесиб ўтган бу дилбар кентда олти фоиз ўзбек яшайди. Номи демаса, у рус шаҳри. Унинг саксон беш фоиз улуси ўрис, қолгани бошқа келгиндилар.

Мен Кимё комбинатининг ўн бешинчи махфий цехига* машинист бўлиб ишга жойлашдим.

“Борзиг” ва Сум компрессорлари...

СССР Олмонияни ишғол этганда, у юртни ғорот қилган... Шафқатсиз равишда Олмониядан тумонот завод, фабрикаларни ўрусияга кўчириб келган. Жумладан, “Борзиг”ларни ҳам. Буларга тақлидан кейин уларнинг “нусха”ларини “яратган”. Русча номлар билан. Бу: Россиянинг оғир, енгил, ҳарбий саноатларини ривожланишига буюк “туртки” бўлган.

Буюк туртки...

Мен “Борзиг”да ишладим. Энди онам ҳам ёнимда, олдин “Қипчоқ” маҳалласида ижарага яшадик. Сўнг менга комбинат бир хонали квартира берди.

-------------------------------------------------------------------------------------------------------* Махфий цех – бу цехга олмон, қирим, чечан, ингушлар ишга олинмасди.

138

Троцкийдаги икки қатли кечки ишчи – ёшлар мактабида (2 – мактаб) ўн биринчи синфда ўқий бошладим.

Гоҳи – гоҳида онам Марваридни эслаб йиғлаб олади:

– Ер ютқурлар!.. Гулдай қизнинг умрини хазон қилишди!

Кўзлари хиралашиб қолган!

Юзлари ўйилиб кетган!!

Қандоқ йиртқичлик!!!

Шўрлик қиз уйига ҳам сиғмай қолгандай... Челакда... тул аммасиникида...Ўгай она – ўгай онада...

У ёққа, уруғларимникига борганимда, Марваридни кўрмай қайтмайман. У ҳар гал сени сўрайди... Сўрайди – ю йиғлайди... Унинг дарди ичида... Аммо руҳи синмаган.

“ – БМТга ёзаяпман... – деди у сўнгги суҳбатимизда, – олчоқларни фош этаман!..”

“ – Бундоқ қилма, қизим, фойдасиз, хатинг ҳам етиб бормайди, ҳаммаёқ темир девор... Балога қоласан...”

“ – Энди йўқотадиган ерим йўқ, она*, қолган умрим садақага, ўлсам ҳам Ҳақ!” деб ўламан. Сиздан яширмайман: Оқгулнинг олдига кетгим келаяпти. Қабрим ҳам унинг ёнида бўлишини истайман. Лекин бунинг иложи йўқ. Онам мени ўйлай – ўйлай куйиб кул бўлди, дунёдан ўтди. Отам ўгай онамнинг чизган чизиғидан чиқмайди... Укаларим жабр кўраяпти...”

Менинг вужуд – вужудимни титроқ босди. Мен йиғладим:

– Марваридни Чирчиққа олиб келайлик, она! – дедим.

Бу сўзни юрагимдан айтганимни онам ҳис этаркан, бошимни силади:

– Сендан бу гапни узоқ кутгандим, ўғлим! – деди севиниб, – жуда узоқ! Яна пухта ўйлаб кўр, болам!

– Она, мен сўзимдан қайтмайман!

Онам манглайимдан ўпди.

– Сенга ишонаман, ўғлим, – деди, – сен улуғ отангга тортгансан. Бир сўз айтсанг қиласан. Аҳд қилдинг – ки, мана, ўн биринчи синфни ҳам битирдинг, Олийгоҳга ҳужжат ҳам топширдинг. Бунинг, учун қанча йўлларни босиб ўтдинг... Илоҳо, улуғ отангнинг ўрнини бос!

------------------------------------------------------------------------------------------------

*Она – Марварид онамни “она” деб айтишга одатланган эди.

139

Онамнинг ёлғиз ўзи Челакка кетди. Афтидан у мени исковчиларнинг кўзларига чалинмаслигимни истади.

Мен ТошДУга имтиҳонлар топшириш учун таътилга чиқишга киришдим. Худди шу онларда Бектемир Чирчиққа келди. У билан Кимё комбинатининг улкан қописи (дарвозаси) олдида учрашдик. Ёнимда Матлуба ҳам бор эди.

Матлуба...*

Қорачадан келган, қоп – қора кўзлари хиёл қисиқ, юзларини кўзга ташланавермас сийрак сепкиллар безаб турган, жозибали бу қиз анча руслашган эди. Бироқ, бу унинг миллий ғурурини “қиялаб ўтган” деса бўларди. Қўлидан русча, ўзбекча китоблар тушмасди. Негадир у мени: “Роман” деб айтарди. Бунинг сабабини сўрасам, айтмасди. Агарчи, бу исм менга ёт туюлса ҳам, мен унга эътироз билдирмасдим. Балки, тоза юрак бу қизга тиниқ ҳурмат билан қараганим учундир?

Бир кезлари Бек Оқгулни ўзидан ҳам ортиқ ардоқларди. Ундан яширинча кўзларини узолмасди. Ҳозир у Матлубага ҳам ана шундай сездирмай тийиқсиз нигоҳ билан боқаётганини сезиб қолдим. Ва ихтиёрсиз бир тарзда кўнглимдан шу ғамли сўзлар кечди:

“ – Бу очунда ҳамма нарса эскиради, ўзгаради, унутилади.

Садоқат ҳам.

Қасам ҳам.

Севги ҳам...

Ҳатто, балки, энг юксак туйғулару эътиқодлар ҳам...”

Матлуба ўзига яраша зийрак қиз эди. У Бекнинг суқланиб боқаётганини сезаркан:

“ – Бу қандай без?!.” – деган маънода унга совуқ қаради. Ва сўнг бодом қовоқларини уйган, олча ранг дудоқларини чўччайтирган ҳолда деди:

– Хайр, Роман!

– Ҳозирча Матлуба.

Бектемир Матлуба кўздан ўчгунча, ундан кўзини узмади. Кейин менга ёлворди:

--------------------------------------------------------------------------------------------------

* ТошДУ – филология факультетининг журналистика бўлимига...

* Матлуба бўёқчи (моляр) бўлиб ишларди.

140

– Биламан, сен Оксанага уйланасан...

– Адашма, Бек, – мен уни бўлдим, – у менинг сирдош дўстим. Унинг онаси София хонимдан кўп нарса ўргандим! Ҳатто, Оксанадан ҳам. Худди шундай Наташа хониму Анастасиядан ҳам. Улар менга азиз кишилар. Мен уларни ҳеч қачон унутмайман! Лекин уйланиш масаласи бошқа гап...

– Матлуба билан қандай дўстсан?

– Оксана каби.

Анастасия каби.

– Ёрдам бер, мен унга уйланай.

– Оқгулни унутдингми?

– Болалик туйғуларимни қўзғама, Эврил. Энди, Оқгул аччиқ хотира... Энди, у ушалмас армон... Агар Оқгул тирик бўлганда ҳам, менга тегмасди, деб ўйлайман.

– Қаердан биласан?

– Кўнглим шундай деяпти. Осмон билан Ер ҳеч замон туташмайди... Ёрдам бер, дўстим, мен Матлубага уйланай.

– Бу юрак иши, Бек. Мени ноқулай аҳволга солма. Мени кечир. Ўзинг қўниш.

Қанча рад этмай, у мени ҳоли – жонимга қўймади. Қўққис хаёлимни шу сўзлар қуршади:

“ – Бир кўришда севиб қолиш... Унинг кимлиги – ю феъл – атворини билмай севиб қолиш... Яна ким? Менинг дўстим: Бек. Мен умримда биринчи марта бундай ҳолга дуч келаяпман. Бу ёғи нима бўлади? Билмайман. Муаммо устига муаммо:

Имтиҳон...

Марварид...

Бек.....

Турк: “Дўстинг учун заҳар ют” – дейди, - бир уриниб кўрай, ўхшамаса, кўнгли ўзидан қолади”.

Иккинчи кун мен Матлубани уйга таклиф этдим. Палов қилдик. Шампан, коньяк очдик. Матлубага Бекни “илдиз – илдизи” билан таништирдим...

Бозор куни тоққа чиқдик. У замонда Чимёнга асфальт йўл йўқ эди. Чорвоқ “денгизи” ҳам. Ҳаммаёқ ўрмон билан қопланган эди.

141

Ёввойи табиат қўйнида узоқ дайдидик. Сўнг тўрт дарё (Чотқол, Писком, Кўксув, Ўгам) тугал бирлашган* ерда, тўғрироғи, Тоҳир сандиқда оқизилган ерда чўққидан тезоқар Чирчиққа шўнғидик. Бу тоғ дарёси Украина, ўрусия дарёларидан ҳам тез оқар, тиниқ, муздек эди. Танамиз яйради. Руҳиятимиз кўтарилди. Кейин соҳилдан хиёл юқорида жойлашган “Чинор” чойхонасида, минг – минг йиллик чинорларнинг қуёш ўтмас кўланкаларида шашлик еб, чой ичдик ва ҳар хил мавзуда, жумладан: севги, садоқат ҳақида ҳам қўнишдик.

Кечқурун Ғазалкентда, ресторанда суҳбатимизни давом эттирдик.

Матлуба Нижний-Комсомольский (Қуйи Комсомол) деган сўлим масканда, “Бўзсув” бўйида яшаса ҳам, гўзал Ғазалкент ҳавосини мақтади. Сўнг:

– Кўпдан бундай дам олмагандим, Роман, – деди.

Шу онгача Матлубага жўяли бир сўз дейишга ботинмаган Бектемир пайтни бой бермади:

– Истасангиз ҳар бозор куни тоққа чиқамиз, Матлуба, – деди ва қип – қизариб кетди.

– Сиз нима дейсиз, Роман? – Матлуба менга юзланди.

– Кўнгил тусаса... Тусаганда...

– Бу бошқа гап.

Бектемир менинг сўз ўйинимни тушунмади, ер тагидан менга норози қиёфада боқди.

Ресторандан зўр кайфият билан чиқдик. Шиддат ила кенг ёйилиб оқаётган Чирчиқ дарёси бўйида бироз санғидик. Шунда, туйқус, Матлуба чағир тошга қаттиқ қоқинди. Агар Бек уни тутиб қолмаганда, у дарёга қуларди.

– Раҳмат! – Матлуба унинг ўтли қучоғидан енгил чиқаркан, Бекдаги дев кучини ҳис этди.

Биз Чирчиққа кеч қайтдик.

Етти кун кечди. Онамдан дарак йўқ. Ҳавотир ола бошладим. Бектемир билан овора бўлиб, имтиҳонларга ҳам тайёргарлик

------------------------------------------------------------------------------------------------

* тугал бирлашган ер – Ўгам тўртинчи дарё ўлароқ Чирчиққа қўшилган ер кўзда тутилади. У Чорвоқ денгизига қуйилмайди.

* ”Тоҳир ва Зуҳра” кино фильмида Тоҳирни сандиққа солиб оқизилган баланд қирғоқли дарё – Чирчиқ кўзда тутилади.

142

кўролмаяпман. Ҳар куни Матлуба билан қўнишсак – да, натижа йўқ.

Бектемир тунда Боғдонга яширинча бориб, оғаларидан пул олиб қайтди*.

Бектемир билан бирга бойлардек бозор қилдик. Тергини тўкис безадик. Матлуба ва Луизани таклиф этгандим. Келишди. Луизанинг қўлида магнитафон. Ундан буни мен илтимос қилгандим.

Луиза...

Олмон қизи.

Волга (Оқ Эдил) бўйи олмонлари. Сталин зулми билан Ўрта Осиёга сургун этилганда, унинг ота – онаси Чирчиққа келиб қолишган. Бу мудҳиш бадарға Луизанинг гўдак кўнглига ёмон таъсир этган. У мен билан қўнишганда, Олмонияга кетиши, киши юрти ҳеч қачон ватан бўлолмаслиги ҳақида сўзларди. Менга ишонганиданми, қўрқмай, очиқ сўзларди.

Ўрис китоблари – ю кино – фильмларида: “босқинчи”, “йиртқич”, “талончи” деб қораланаётган олмонияни беҳад ҳурмат билан тилга оларди.

“ – Иштони йўқ, иштони йиртиқдан кулибди” – дерди алам ва нафрат билан, – кечагина чипта ковуш кийиб юрган маскаллар немислардан иштон кийишни ўрганганлар”.

Дунё қарашимиз яқин бўлган бу дилкаш, дуркун қиз кимё комбинатида ишлайди ва ҳам Чирчиқ Политехника институтининг кечки бўлимида ўқийди. У Матлубадан беш ёш катта, йигирма тўрт ёшда. Унинг юзи сочидек сарғиш, кўзи мовий, қадди Матлубаникидек таранг. Ҳандалак мисол сийналари алвон кўйлагини туртиб чиқиб турибди.

Луиза тергини кўриб, болаларча чапак чалди:

– О – о!.. Зўр – ку, Эврил! Султонлар ҳам бу тергини ҳавас қиладилар.

Палов дам егунча, шампан ҳамда коньяк очдик. Луиза қадаҳ айтди:

– Менимча, кимдир бутун мавжудотларни домий равишда кузатиб, синаб, саралаб боради. Шу йўл билан меъёрни сақлайди. Бусиз олам бузилади.

Кимдир?

Уни биз Тангри деймиз.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Йўлдош исмли (Қўшқўрғонлик) касбдошимнинг “Москвич”ида Боғдонга бориб, қайтишди.

143

Бўрон, довул, тошқинлар... воситаларида оғочларни синайди. Бунга дош беролмаганлари қулайди...

Одамзотнинг ҳам бошига турли мусибатларни ёғдириб синайди. Унга бардоши етмаганлари ер тубан бўлади...

Биз ана шундай синовларни енгиб яшасак, яшаганда ҳам ўз мақсад, эътиқодларимиздан тоймай яшасак, ҳаётимиз мазмунли бўлади.

Шунга бу қадаҳларни оламиз.

Олдик.

– Гапингдан, Луиза, Нищенинг ҳиди келаяпти.

– Фридрих Нище! – Ҳаяжонланди Луиза. – У менинг жоним, Эврил.

– У сенинг миллатдошинг ҳам. Гегел, Ҳеёте, Ҳейне, Моцартлар... каби... Олмон даҳолари учун ичамиз.

Луиза қўшимча қилди:

– Ўзбеклардан ҳам шундай даҳолар туғилиши учун ичамиз.

Ичдик.

Мен Луиза билан, Бек Матлуба билан танцага тушдик.

– Ош эзилиб кетди! – Ногоҳ шошқин, шодон овозда қичқирди Матлуба. Ҳаммамиз ошхонага югурдик. Палов тобида эди. Катта чинни лаганга суздик. Ош олдидан мен сўз айтдим:

– Гуллаб – яшнаётган боққа қарамай қўйилса, уни ёввойи ўтлар, илон, каламушлар, қурт – қумурсқалар босиб кетади. Улар боғнинг қувватини сўриб олади. У ҳосилдан қолади, чўлга айланади...

Ҳиндистону Россияни ўз ичига олароқ Мисрдан Хитой деворигача бўлган ҳудудни эгаллаган Буюк Темур давлтаини (империясини) ўша гуллаб – яшнаётган боққа қиёс этиш мумкин.

Темур хоқон ўлимидан кейин эса куч – қудрату тараққиётда тенгсиз империя бўлакланиб кетди. Оқибат чўл ҳолига келди. Охири учта хонликка айланди:

Бухоро.

Хива.

Қўқон...

Хонлар давлатларни ўз хусусий мулкларига айлантириб олдилар. Оқибат: Бу хонликлар дунёдан, дунё илм – фанидан, дунёвий ўсишдан узилиб қолдилар. Эл маърифатсиз қолди. Ватан чўлга айланган боғ ҳолига тушди.

Шундан сўнг ўрусия уни осонгина босиб олди ва ўз емоқхонасига айлантирди.

144

Луиза, ўзбеклардан сен айтган даҳолар билан бирга Темурдек буюк, суюк инсон туғилишини ва у юртимизни озод, обод этишини Тангридан сўрайман.

Ҳаммамиз қалқдик, қадаҳ кўтардик. Бектемир менга ер тагидан совуқ қаради. Хаста каснинг касаллиги юз – кўзида яққол акс этганидек, унинг ҳам нигоҳида: “Бўлар – бўлмасга сиёсатни суқаверасанми? Ҳар гапнинг ўз ўрни, ўз мавруди бор” – деган ифода аниқ кўриниб турарди.

Агарчи менинг ақлим Бекнинг кесатиғини тўғри деб билсада, юрагим бунга кўшилмади. Ва шунга хижолат чекмадим. Бекка тик боқдим. У юзини буриштирди.

Бекнинг ҳолатини тушинса бўларди: узоқ бир пайтлари бутун фикру – зикри Оқгулда бўлганидек, ҳозир Матлубада эди. Матлуба юрагидан ургандан кейин унинг кўнглига қил ҳам сиғмай қолди. Ҳатто эл – юрт ҳақидаги эзгу сўзлар ҳам. “Оқгул” Кенгашини ҳам унутиб қўйди. Мен бу борада жон куйдириб оғиз очсам. У буни лоқайд эшитарди. Ҳатто бир гал:

“ – Отам: “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” – деб айтарди деди, – Одам бир марта яшайди, Эврил. Бизни ҳам Оқгулдек ўлдириб юборадилар. Ёки Марварид кунини бошимизга соладилар”.

Мен дўстимни яхши биламан, ундаги Эл, Юрт туйғуси ҳар қандоқ

туйғудан кучли, сўнмас деб юрардим. Уни “Оқгул” Кенгашига садоқатига шубҳа ҳам қилмасдим. Оқгулни ҳимоя этишдаги жасоратига ҳамон фахр туйғуси туярдим. Бироқ, энди?.. Ишқилиб янглишай – да, Тангрим!

Шундай онларда мен иккиланиб қолардим ва ихтиёрсиз бир тарзда менинг бошимда ушбу сўзлар ғужғон ўйнарди:

“ – Наҳот, Бекда Ватан, Миллат туйғусидан кўра, қизларга ишқ туйғуси кучли бўлса?!”

Ҳозир у юзини заҳарли буриштираркан, бу менга оғир ботди. Аммо мен ўтиришни бузмаслик учун кўнглимни кенг тутдим. Бу ҳолни Луиза сезди шекилли, яна пиёлаларга коньяк қуйди ва тиниқ оҳангда деди:

– Бек билан Матлуба бир – бирига ўхшаб кетади. Тангрининг бу “иши” бежиз эмасдай. Менимча, бу икки ёшнинг юлдузи – юлдузига тўғри келади. Шунга оламиз.

Олдик.

Бекнинг юзи яшнаб кетди. У қалин лабларини йиғиштиролмай қолди. Матлуба Луизага нохуш боқди. Луиза ҳазиломуз оҳангда:

– Мен сенга тегаман, Эврил, – деди ва мени ўпиб, елкамга бошини қўйди.

145

– Саодат энам Марваридни олиб келгани Самарқандга кетган, – деди Бек Луизага.

– Мен Эврил учун кундош бўлишга ҳам розиман, – Луиза мени қучганча хандон отиб кулди.

– Ош совуб қолди, – дедим мен.

Ган – сўзсиз паловни едик. Сўнг ўзимизни унитиб танцага тушдик. Тун оғганини сезмабмиз ҳам. Йўл ҳаракатлари тўхтаган. Қизлар ноилож менинг тор кулбамда қолишди.

Бек беҳад севинди...

Мен эркин мавзуда (номи эсимда йўқ) иншо ёздим. Тўртга. Агар қолган имтиҳонларни бешга топширолмасам, университетга киролмайман. Бундан кўнглим хира бўлиш ўрнига, хотирижамдай эди. Гўё ичимда ёруғ нурлар кезаётгандай эди. Мен ўзимни енгил ва қувватли ҳис этардим. Нечун? Сабабини билмайман. Балки, юрагим ўқишга ўтишимни олдиндан сезгандир?

Юрак!...

Ўхшаши йўқ, зийрак, бетакрор олам!

Мустақил олам!

Баъзан унинг олдида ақл ҳам ожиз қолади.

Энди, оралари қўйиқлашаётган Бектемир билан Матлубани ҳам ўз ҳолларига қўйиб, бор ақл, кучим билан имтиҳонларга ҳозирлик кўришга шўнғидим. Юрагимда ўзимга бўлган ишонч қатъий эди. Аммо онамнинг Челакда ушланиб қолиши кўнглимга кўланка солиб турарди.

Иккинчи имтиҳонни бешга топширдим. Кутилмаганда Каттатурк қишлоғидан (она томондан қариндошим) Бектурсин келди. Уни кўришим билан бир фалокат юз берганини ҳис этдим. Юрагим бежо ура бошлади. У буни сезди ва дарҳол менга таскин берди:

– Холам соғ – саломатлар.

– Тангрига шукур!

– Марвариднинг қирқини ўтказиб келишини айтиб юбордилар.

– Нималар деяпсан, Бектурсин?!!

Бектурсин даҳшатли воқеани икки оғиз сўз билан ифодалади:

– Марвариднинг танасиз боши қўйидаги ёзув билан остонага* ташлаб кетилган:

“Сабоқ...”

Мен ларзага келдим.

Бек ҳам.

Бек бир кундан сўнг эрта тонгда:

146

– Мен “Оқгул” Кенгашидан чиқдим, Эврил, – деди қўрқувга қотилган мунгли овозда, – Энди тинч яшашни истайман. Хайр, дўстим!

У Матлуба билан кетди. Қаёққа? Буни менга айтмади.

Мен “Оқгул” Кенгашида ёлғиз қолдим.

Гўё дунёда ҳам...

“– Йўқ, – деди ғойибий бир овоз қулоғимга, – йўқ, – ҳали олдинда бўронли ҳаёт... оғир йўл... шафқатсиз курашлар...”

-------------------------------------------------------------------------------------------------------

* Остонага – аммасининг уйи остонасига. Марвариднинг танасиз боши Челакдаги тепа этагига – сийрак ўрикзор қўйнидаги эски қабристонга қўйилган.

20 апрел – 21 август, 2011 йил

Чирчиқ.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.