Россиялик қўшиқчи Григорий Лепс Ғафур Раҳимовга қанчалик алоқадор?

  • 31 Октябр 2013
АҚШ Молия вазирлиги Григорий Лепсни Ғафур Раҳимовга боғлиқ жиноий гуруҳлардан бирига курьер сифатида ёрдам берганликда гумон қилмоқда.

Россиялик машҳур қўшиқчи Григорий Лепс АҚШда исталмаган шахсга айланган.

АҚШ Молия вазирлиги Григорий Лепсни жиноий гуруҳлардан бирига курьер сифатида ёрдам берганликда гумон қилмоқда.

Қўшма Штатлар яна олти кишига ва тўрт ширкатга нисбатан санкция чиқарган. Америка ҳукумати манбаларига кўра, "Биродарлар доираси" номини олган гуруҳ "евроосиё жиноий синдикати"ни намоён этади.

Бу гуруҳ орасида Россиянинг ҳозирда энг машҳур қўшиқчиларидан Григорий Лепс (ҳақиқий фамилияси Лепсверидзе) ҳам бор.

Молия вазирлигининг матбуот хизмати келтиришича, бу шахслар Владислав Леонтьев ва Ғафур Раҳимов билан алоқадор бўлиб, АҚШ ҳукумати уларни "Биродарлар доираси"нинг нуфузли аъзолари деб билади. Бу икки шахс 2012 йил 23 февралда Американинг тақиқига дуч келган эди.

Эндиги санкциялар "Леонтьев ва Раҳимовга ишлайдиган Оврўпо, Осиё ва Яқин Шарқдаги жисмоний шахслар ва ширкатлар"га қаратилган. Молия вазирлигида тузилган рўйхатда "Биродарлар доираси"нинг ҳамкорлари 28 кишини ташкил қилади.

Уларга АҚШга сафар қилишларига йўл қўйилмайди, шунингдек Америка фуқароларининг улар билан келишувлари тақиқланади.

Қўшиқчи Лепснинг манфаатларини ҳимоя қиладиган вакиллар унга қўйилган айбловларни бемаъни, абсурд деб атаган.

Лепс - "пул етказувчи"

Жаноб Лепс Америка расмийлари томонидан жиноят олами вакили Леонтьев учун маблағларни ташигани гумон қилинмоқда.

Ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов 2012 йил 23 февралда Американинг тақиқига дуч келган эди.

АҚШга кўра, "Биродарлар доираси" беш трансмиллий жиноий гуруҳлардан бири ҳисобланади. Ундан ташқари Италиянинг "Каморра", Япониянинг Якудза, Мексиканинг "Лос Ветас" ва Лотин Америкасининг МС-13 гуруҳлари шундай жиноий гуруҳлар қаторида кўрилади.

Григорий Лепснинг вакили Майя Серикованинг РИА Новостига айтишича, илгари сурилган айбловлар айнан Лепсга тегишли экани ҳақида унда далиллар йўқ.

"Бу мураккаб, ҳамма гапираётган АҚШдаги жанжал билан боғлиқ шахс ҳақиқатдан ҳам Григорий эканлиги ҳақида жавоб бериш қийин. Ҳозир оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда ёзилмоқда. Лекин Лепснинг ўзига расман ҳали ҳеч қандай мурожаат бўлгани йўқ. Албатта бир томондан бу кулгули, бошқа томондан ғайритабиий ва кутилмаган",- дейди Майя Серикова.

Серикова шунингдек, Лепс айтилаётганидек Пхукет оролида яшамаслигига таъкидлаган.

"У Москва марказида яшайди ва ҳеч қаёққа кетмоқчи эмас. У Россиянинг қонунга риоя қилувчи фуқароси. Шунингдек унинг Америкада мол-мулки ва ҳисоб рақамлари йўқ. Бунинг ҳаммаси ўйлаб чиқарилган",- дейди хонанданинг матбуот вакили.

АҚШ Молия вазирлиги билдиришича, "Биродарлар доираси"- "бу асосий бошқарувчилар ва бир неча Овроосиё жиноий гуруҳлари етакчи аъзоларидан ташкил топган бирлашма бўлиб, асосан собиқ Иттифоқ мамлакатларида жойлашган, бироқ Оврўпо, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкаси ҳудудида бемалол фаолият юрғизади."Биродарлар доираси" бунда асосий йўналтирувчи ташкилот вазифасини бажариб, жиноий гуруҳлар орасида баҳсли масалаларни ечади ва бутун дунёга ўзининг вакилларини жўнатиб келади".

Григорий Лепс Форбс журналининг 2013 йил рейтингида россиялик бадавлат қўшиқчилар орасида иккинчи ўринни эгаллаган. Унинг 2012 йилда даромади 15 миллион долларни ташкил қилган, дейилади журнал хабарида.

АҚШ Молия вазирлиги таъкидлашича, Владислав Леонтьев турли жиноий фаолиятга, хусусан гиёҳванд моддалар савдосига алоқадордир."У бу борада назоратни қўлга олиш мақсадида турли ҳудудларда отишмаларда ҳам иштирок этган".

Леонтьев ва Рахимовга алоқадор шахслар рўйхатида жумладан қуйидагилар бор:

- Россия фуқароси, айни пайтда Дубайда яшовчи Вадим Михайлович Лялин, у Леонтьевга хизмат қилади, деб ишонилади.

- Григорий Лепс - Россия фуқароси Григорий Лепсверидзе, рўйхатда уни "Гриша" деб ҳам аташган. АҚШ расмийлари Лепс 1962 йил 12 июлда Сочида туғилгани, асосан Таиланднинг Пхукет оролида истиқомат қилиши ва Леонтьевга пул ташиб турган, деб гумон қилади. . Россия фуқароси Шлик лақаби билан Игорь Леонидович Шлыков Леонтьевга ҳужжатларни келтирган ва Африкадаги тижоратни бошқаришда ёрдамлашгани айтилади.

Рўйхатда Gurgen House FZCO ширкати бўлиб, Лазар Шайбазянга тегишли экани айтилади. Ширкатнинг Бирлашган Амир Амирликлари, Ўзбекистон ва Россияда бўлимлари бўлган.

АҚШ Молия вазирлигининг санкциясига тушган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов Марказий Осиёдаги гиёҳванд моддалар савдосига иштисослашган жиноий гуруҳга алоқадор кўрилади. Америка ҳукумати Ғафур Раҳимовни "героин савдоси билан шуғулланадиган йирик халқаро наркосиндикатларга раҳбарлик қилган".

Рахимов билан алоқадор Люцернда яшовчи Ўзбекистон фуқароси Сергей Москаленко, ва исроиллик Яков Рыбальский ҳам тақиққа учраган.

Шунингдек Артур Бадалян ва унинг дубайдаги Fasten Tourism LLC ширкати ҳам жиноий гуруҳга алоқадор кўрилмоқда. "Биродарлар доираси"нинг нуфузли аъзолари ундан пул ташиш ва саёҳатларни ташкиллаштириш учун фойдаланган.

Бу мавзуда батафсилроқ