Ўзбекистон матбуоти президент қизининг тадбирларига эътибор бермади

  • 29 Октябр 2013
Расмий оммавий ахворот воситаларининг журналистлари матбуот анжуманида ҳам кўринишмаган.

Би-би-си мониторингга кўра, Ўзбекистон Президенти тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Фонд Форуми ташкиллаштирган Art Week Style.Uz тадбири бу йил журналистларнинг эътиборидан четда қолган.

Маросим Тошкентда 22-27 октябр кунлари бўлиб ўтди.

Далатга қарашли оммавий ахборот воситалари, хусусан асосий телеканаллар ҳар йили хориждан таниқли шахслар таклиф қилиниб, катта дабдаба билан ўтадиган модалар ҳафталигини умуман ёритмаган.

Ҳафталик иловаси, тадбир доирасидаги нашрлар Art Week Style.Uz ҳақида маълумот берган ягона ахборот воситалари бўлди.

Би-би-си мониторингга кўра, бундан фарқли равишда ўтган йили марказий телеканаллар ва давлат матбуотида Art Week Style.Uz кенг ёритилган.

Расмий оммавий ахворот воситаларининг журналистлари матбуот анжуманида ҳам кўринишмаган. Узметроном интернет нашри ҳам бу ҳолатга эътибор қаратиб, "Яқингинада уларнинг ҳаммаси Фонд Форумнинг тадбирларида жуда илғор бўлган"ини ёзди.

Давлат ахборот воситаларининг жимлиги Гулнора Каримованинг тадбирларини ёритадиган ва қўшиқларини тинмай айлантирадиган теле ва радиоканалларнинг тўсатдан узиб қўйилиши билан тўғри келди.

22-26 октябр кунларида мамлакатнинг асосий "Ахборот" информацион дастурида Art Week Style.Uz нинг бориши тўғрисида бирорта ҳам хабар берилмаган. Шу билан бирга маданий ҳафталик ўтаётган пайтда бошқа маданий воқеаларга анча кенг тўхталгани кузатилган.

"Ўзбекистон" телеканалида ўтган йили 4-10 октбр кунларига тўғри келган Style.Uz кенг миқёсда намойиш қилинган.

Иккинчи асосий Ёшлар канали ҳам ўз янгиликлар дастурида Гулнора Каримова ташкил қилган тадбирлар борасида сукут сақлаган.

"Халқ сўзи", "Народное слово" ва "Правда Востока" нашрлари мода ҳафталигидан ҳеч бир ҳисобот тайёрламаган.

"Миллий тикланиш" газети лойиҳанинг очилиш маросими ҳақида хабар берган давлатнинг ягона нашри бўлган.

Оммабоп Даракчи нашри эса 24 октябрдаги мода ҳафталигидан репортажни босган.

Art Week Style.Uz очилишидан бир кун олдин Каримовага алоқадор барча телеканаллар тўсатдан узиб қўйилган.

Каримованинг уч радиостанцияси ҳам 24 октябрда ўз фаолиятини тўхтатган.

Кўпчилик назарида амбицияли ва нуфузли Гулнора Каримовага отасининг меросхўри, яъни бўлажак президент сифатида қараб келинаётганди.

Ва телеканалларнинг ўчирилиши баъзилар учун ҳокимият учун курашнинг бир қисми сифатида қабул қилинди.

Бундан олдин Гулнора Каримованинг Твиттер саҳифаси ўчирилган, ундан кейин WordPressдаги блоги сирли равишда йўқолиб қолган.

Гулнора Каримова буларнинг ҳаммасида мамлакат ичидаги "кўролмаслар"ни айблади.

Кўп ўтмай унинг Твиттер рақами тикланди.

Каримова хоним Твиттер орқали давлат телеканалларининг савиясини танқид қилиб, уларни замондан орқада қолиб кетганлигини ёзди.