BBC navigation

Қамоқдаги битиклар: Мамадали Маҳмудов. Ой нури - иккинчи қисм

Сўнгги янгиланиш 27 октябр 2013 - 13:02 GMT

"Қамоқда мени ёзувчилигим асраб қолди", деб айтганди адиб Би-би-си билан суҳбатида.

Би-би-си Ўзбек Хизмати атоқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг қамоқхонада ёзилган туркум асарларини эълон қилишни режалаган. Эътиборингизга ҳавола қилинаётган "Ой нури" романини адиб 2012 йилда, Чирчиқдаги жазо муассасасида ёзиб тугатган.

(Воқеий роман. Иккинчи қисм)

– Шундай десам ҳам бўлади, Ойнур опа. Мен эшитганларимни ўзимча “сиқиб-сиқиб, суви”ни чиқариб, “қолип”га солганман. Йўқса, у бир қисса бўлади. Чунки уни ҳар ким ҳар хил талқин этади. Ўзидан қўшиб-чатиб ҳикоя қилганлар ҳам бор. Аммо моҳият дегани бир хил.

– Бу воқеа таъсирида, Ойнур, Кантнинг ушбу сўзи эсимга келади: “Изтироб чекмаганлар ҳаёт сирларини тўлалигича тушуна олмайдилар”. Энди билдим, Ойнур, Лочин оға бежиз табиб бўлмаган экан. Лочин табибда бир хислат бор. Унинг кечинмалари – бунинг исботи. Ҳу, боя, сўрида Лочин табибнинг сўзларидан сўнг менда ишонч учқунлари пайдо бўлувди. Энди бу учқунлар аланга олаётгандай. Мен соғайишни ҳис этаётгандайман, Ойнур.

– Сен яқинда ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасан, Лола.

Ойнурнинг ишонч руҳи билан суғорилган сўзидан Лоланинг ёноқлари лоладай ёнди.

– Тилингга бол, азизим! – у Ойнурнинг ўзига ўхшаш қизғиш нурлар билан тўйинган қўнғироқгулранг юзига куйдиргувчи дудоқларини босди. Кейин мендан сўради:

– Сенам ишонасанми, Эврил?

– Юз фоиз, Лола опа.

Лола мени ўтли бағрига босди, манглайимдан ўпди. Мен ундан Ойнурникидек бўйу ҳароратни туйдим.

Қандоқ лазиз ўхшашлик!

Одамни ўзига сеҳрловчи ўхшашлик!

Ойнурни билмадиму мен Лолага “юз фоиз” десам ҳам, бу сўзимга ўзим унча ишонмадим. Зотан, бунга Ойнур ё менинг эмас, Лоланинг ишончи муҳим. Шу ишонч уни соғайтиради. Ойнур билан мен уни руҳан қўллаймиз. Бу Лолага таянч бўлади. Мен шундай фикрдаман. Фаҳмимча, Ойнур ҳам.

30

Сўқоқ сув тегирмонига келиб тақалди. Биз беихтиёр тўхтадик. Тегирмоннинг сирли, мунгли, ҳорғин ғир-ғирлари чакалакнинг (сойнинг сўл томонида) бўғиқ гувуллашларига қотилароқ сукунатни бузмоқда ва ўзлари ҳам зулматга қорилиб бормоқда.

– Эврил, бу ер менга қўрқинчли кўринаяпти, – Ойнур менинг ўнг қўлимдан тутди, – шитир-шитирларни эшитаяпсанми?

– Ҳа, ўзи тунда бу ерда ҳамиша шундай. Шамолда ўтлар чайқалади, шитирлайди. Тулкилар ҳам кезади...

– Мени ҳам ваҳм босяпти. Анави қоронғиликдан, – Лола чакалакка ишора қилди, – худди иблислар чиқиб келишаётгандай.

– Тегирмон остида ҳам жодугар юргандай, – ваҳима қилди Ойнур. – Ҳар тарафимизда қандайдир шарпалар изғиб юрганга ўхшаяпти.

Шу он, кутилмаганда, уй билан тегирмон ва сойни боғловчи тик, тор сўқмоқдан Чингизхон чопиб энди. Бундай айтганда, зулматдан учиб чиқди. Ва ўзига хос мардона овозда:

– Шаҳарликларга шундай туюлади-да, – деди. Сўнг ғилофдан пўлат ханжарни чиқараркан, қўшимча қилди. – Бу ерда ҳамма махлуқ мендан қўрқади.

Қизлар бу содда кўнгил, ботир боланинг самимий мақтанишидан яйраб кулишди. Аслида, Бек бу сўзни мақтаниш учун эмас, қизларни хотиржам қилиш учун айтди. Мен буни илғадим. Яна шуни туйдимки, қизлар Бекдаги ғайритабиий куч, ғайритабиий шижоатни ҳали фан ўрганмаган сезги билан сездилар. Мен бундай қувондим.

Чингизхон мени қувватлаш учунми, тағин гап тизгинини тутди:

– Эврил менинг яқин дўстим ҳам узоқроқ қариндошим бўлгани учун Сизлар “қўрқинчли” деб ўйлаётганингиз: бу қутлуғ ерлар менга азиз. Ҳозир “Эрксиз замон” деб аталаётган у эски замонда бу чакалакзор, ёнғоқзор, олмазор, ўрикзор, тутзор... лар ҳамда ўнлаб ботмон экинзорлар Эврилнинг ота-боболарининг мулклари бўлган. Мана бу тегирмон ҳам. Уни Эврилнинг улуғ отаси Аҳмат Оқсақол тошдан қурган. Ҳозир “Ҳур замон” деб аталаётган бу замонда бу мулклар Совет ҳукуматиники. Киров совхозиники...

Қизлар бир сўз демадилар. Орага ноқулай жимлик чўкди. Шунга Чингизхон ҳазиломуз оҳангда гап йўналишини бурди:

– Кўраяпсизларми, ҳув юксакда икки юлдуз ёнма-ён порлаб турибди, – у уй ёққа ханжарини нуқди.

– Юлдуз эмас, шекилли, – ишонқирамади Лола.

– Фонусларми, Бек? – сўради Ойнур.

– Ҳа, фонуслар, Ойнур опа.

31

Тик сўқмоқдан ҳаллолслаб юқорига – уйга ўрладик. Супага шолча тўшалган. Ўртада ғариб хонтахта. Супа четига иккита йиғма кароват (раскладушка) қўйилган. Ўчоқда ўт тутаяпти. Булар тут оғочи шохига илинган фонусларнинг (кўчма чироқлар) хира ёғдуларида хира кўринмоқда.

Шундай бошимизда ғуж-ғуж юлдузлар сайр қилмоқда.

Тиниқ юлдузлар.

Ёрқин юлдузлар.

Одамзотга сирли юлдузлар.

Шамолда япроқлар шитирлайди.

Гўё кўзга кўринмас қўл тебратаётгандек.

Шох-шаббалар, фонуслар тебранади. Дев-дев кўланкалар худди алвастилардек одам кўнглига қўрқув солиб, лопиллаб ўйнайди.

Қизлар жунжикадилар. Буни сезган Чингизхон “Ўрол” қутисидан кичик “бўғча” ва Лоланинг улкан жомадонини олиб келди. Тугунчадан иккита чойшаб олди ва уларни қизларнинг елкаларига ташлади. Қизлар раҳмат айтишди.

– Мен ҳозир чой дамлаб келаман, Ойнур опа, – Бектемир ўчоқ сари йўналди.

– Ҳаво анча салқин, Бек, қаҳва ичақолайлик, – Лола Ойнур ўрнига жавоб қайтарди.

Шу кеча Бек ва мен умримизда илк дафъа бир пиёладан қаҳва ичдик. Бундан ўзимизни киборлардек ҳис этдик. Севиндик. Қизларнинг ҳам руҳиятлари кўтарилди. Қаҳва таъсирида ҳаммамиз қизидик.

Лола чаман-чаман юлдузларга

Суқланиб боқди.

Энтикиб боқди.

Ҳайратланиб боқди.

Сўнг беқиёс ҳаяжон билан сўзлади:

– Биргина бизнинг галактикамизда юз миллиард юлдуз бор, Ойнур!

Юз миллиард!..

Ақл бовар қилмайди.

Бу юлдузлар тақрибан ўн беш миллиард йилдан бери оламга нур сочиб турибди.

Ўн беш миллиард йил!..

Ҳар бир юлдуз еримиздан миллион-миллион марта катта. Ва юз миллионлаб чақирим узоқда сузаяпти.

Лекин, қара, Ойнур, бу юлдузлар шундай бошимизда порлаяпти.

Мунчалар яқин!

Мен ҳеч ерда юлдузларни бундай яқин кўрмаганман. Ҳеч ерда, Ойнур. Қандай гўзал, қандай бетакрор манзара! Сезаяпсанми, бундан қалбим қанчалар яйраяпти.

Қанчалар лаззат олаяпти!

Ойнур қариндошининг болаларча севинганидан бениҳоя қувонди. Бек билан мен ҳам.

Шу сония менинг хаёлимдан ўз-ўзидан ушбу сўзлар кечди: “Юраги тоза одамгина табиатдан шундай таъсирланади, шундай завқланади”.

Лоланинг эсига бир нима тушдими, юз-кўзларида қандайдир бесаранжом, аммо мардона ифодалар кеза бошлади. У ўйланиб қолди. Афтидан кўнглига келган гапни айтиш, айтмаслик устида бош қотирарди. Лаҳзалар кечди. Ёрилди:

– Бу айланувчан очун, Эврил.

Лола нима учун менинг отимни айтиб сўз очди? Мен бундан ҳайрон бўлдим.

– Ҳа, бу айланувчан очун, – такрорлади у. – Мана шу юлдузлар, сайёралар, Ой, Қуёш, умуман бутун осмон жисмлари Тангри Қонунияти асосида айланади.

Ўзгармай айланади.

Ер ҳам шундай.

Бироқ... бироқ... Ер устида одам тузган, тўқиган Салтанатлар, Қонунлар, фирқалар, оқимлар, динлар ўзгариб айланади.

Ҳатто миллатлар ҳам...

Бир-бирини инкор қилиб айланади.

Бир-бирини булғаб айланади.

Бир-бирини янчиб айланади.

Бир-бирини алдаб айланади.

Бир-бирини еб айланади...

Қани Искандар ва ёки Чингизхон салтанатлари?

Қани бутпараст ва ёки ўтпараст динлари?

Ҳеч бир империя, партия абадиймас.

Вақтинча...

Бунга тарих шоҳид.

Дарёни тўсиш мумкин.

Вақтинча.

Сўнг яна оқади.

Тўсиқларни бузиб оқади.

Тангри Қонунияти асосида:

Ўз Ўзанида оқади.

Лола ўз фикрини тўсма[1]га ўраб-чирмаб баён этса ҳам, мен уни уқдим. Бекнинг тегирмон олдидаги гапига жавоб эди бу.

– Сенга совғам бор, Эврил, – Лола жомадонини очди. Ундан академик Лев Гумилевнинг рус тилида ёзилган “Хунлар”, “Оқ хунлар”, “Турк ҳоқонликлари”, “Кўк турклар” китобларини олди ва менга узатди. – Бек билан бирга ўқинглар. Буларда миллатимиз кечмиши битилган.

Мен бундан бир кўза олтин топган кимса мисол қувондим:

– Раҳмат, Лола опа!

Бек ҳам севинчга лим-лим овозда унга миннатдорчилик билдирди.

– Бу китоблар Сизларнинг ички дунёларингизда тўнтариш ясайди, деб ўйлайман, – деди жиддий оҳангда Ойнур. – Кечмишимиз нечоғлик улуғлигини билиб оласизлар. Сизларда сохта ғояларга қарши беқиёс нафрат уйғонади.

Ойнур хиёл тин олди. Сўнг қўшимча қилди:

– Лоладан ҳам кўп нарса ўрганасизлар.

Биз (Бек ва мен) китобга ҳаводай ташна эдик. Баъзан юмушлардан қочардик, оғоч шохлари, бутоқлар оралари ва ёки қабристон хилватгоҳларида, хусусан, Ўғиртош[2]кавакларида китоблар ўқирдик.

Бек Ўғузхондек буюк инсон бўлишни орзу қиларди. Темур ҳоқон салтанати тикланиши тўғрисида ўйларди. Чингизхонни ҳавас этарди. Лекин мен каби дард, алам, мақсадларини (тўсмага ўраб) қоғозга тўкмасди. Ҳеч бир кас ёки ҳайвондан чўчимайдиган Бек чамаси замондан қўрқарди. Менимча, қамоқдан кўпроқ. Қўрқишини яширарди. Унинг энг мўрт жойи ҳам шунда эди. Шунга истеъдод туғёнлари ичида қайнаб, ичида сўнарди. Балки бу ўткинчи ҳолдир? Балки мен янглишаётгандирман? Бу менинг нисбий фикрим, албатта.

Лола Ўғузхон (Матэ – Ботир Тангриқут) ҳақида узоқ сўзлади. У ўгай онасидан жабр кўргани, туман Тангриқут (отаси) уни (хотинининг гапига кириб) Улуғ Ёвчилар Юрти ҳукмдорига гаров сифатида бергани, Матэ у ердан Буюк Саҳро (Тангриқум) орқали қочгани ва Туманбалиққа (Хун давлати бошкенти) зўрға етиб келгани тўғрисида сўзлади. Сўзлаганда ҳам Лола ачиниш аралаш ҳаяжон билан сўзлади.

У нафасини ростлаш учун бир дақиқа тин олди. Биз (Бек, мен) бўронли қисса давомини эшитишни орзиқиб кутдик. Лола чумома гулли оқ, нафис рўмолчаси билан қуёшранг дудоқларини оҳиста-оҳиста артди ва сўнг фахр туйғусига тўла овозда яна гап тизгинини тутди. Яъни:

Ота-ўғил ўртасида кечган жангда (эрадан олдинги 210 йил) Ботир Тангриқутнинг қўли баланд келгани, шундан кейин у ўнлаб мамлакатларни, жумладан, Хитойни ҳам бўйсундиргани, Марказлашган Буюк Хун Салтанатига (Империясига) асос солгани, Бойкўлдан (Байкал) Улуғ Денгиз (Тинч океани)гача Ер унинг қамровида бўлгани, бу чексиз ҳудудда бир бўри сурати акс эттирилган туғ ҳилпираб тургани, қарам давлатлар юз йиллар мобайнида унга ўлпон тўлагани, у (Ўғузхон) 36 йил (210–174 йй.) салтанатни бошқаргани хусусида гапирди.

Лола Ўғузхоннинг ўлимини ички бир дард билан ҳикоя қилганда, Бекнинг кўзига ёш қалқди. Менинг юрагим эзилди. Мен ихтиёрсиз бир тарзда, одам уруғига номаълум куч, янглишмасам, қандайдир “Осмоний ундов”да Ойнурга қарадим. Шунда унинг мунгли кўзларидан: “Ўғузхондек беқиёс даҳо бизда яна туғиладими?” деган саволни ўқидим.

Лола бу ифодани илғадими, йўқми, билмадим. Лекин худди илғагандай деди:

– Бизнинг қонимизда бор: даҳолар, доҳийлар туғилади:

Чингизхон,

Салжуқ,

Ғазнавий,

Темур,

Бобур...

Илмда ҳам шундай:

Хоразмий,

Беруний,

Таробий,

Сино,

Улуғбек...

Лола Ўғузхонни ўғли Кунхон (Кун – Қуёш) тўғрисида энди оғиз очганда бўрилар увлаб қолдилар. Лола сескандими, хавотирли овозда мендан сўради:

– Бу яқин атрофда сизларникидан бошқа уй ҳам йўқ шекилли, Эврил?

– Йўқ, Лола опа, қишлоқ биздан анча узоқда. Онамнинг айтишича, бобом Аҳмат Оқсақол шу овлоқни яхши кўраркан.

– Бўрилар...

– Қўрқманг, Лола опа, – Бек унинг сўзини бўлди, – бўрилар ёруғликка йўламайдилар. Бунинг устига Чингизхондан ҳам ўлгудай қўрқадилар.

– Чингизхоннинг “ҳиди”ни сезишса, қочишади, – мен ҳазиломуз оҳангда дўстимни қувватладим. – “Чингизхон бизни еб қўяди”, деб тирақайлаб қочишади.

Қизлар гулдек супа ўртасида йиғма каравотларда ётдилар. Бек ва мен супанинг икки томонига – шолча устига тўшалган кўрпалар орасига шўнғидик. Тошдек қотибмиз. Қуёш супани қиздираётганда уйғондик. Сойда яйраб ювиндик. Шундагина чинордек улкан, киши белидек йўғон-йўғон шохлари атрофни тутган ёнғоқ остида ўтирган Оймомога кўзимиз тушди. Уни куттириб қўйганимизга хижолат чекдик. Лола ундан узр сўради.

Ойнурнинг таклифи билан шу ёнғоқ[3]остига жой қилдик. Бек ва мен тош ўчоқ ясаб, чой қайнатдик. Бунгача Оймомо Лолани (бизнинг уйда) эмлади. Сойга қайтиб энишгач, Оймомо тугунчасидан тўртта нон ва бир банка қаймоқ олиб, тергига қўйди. Бундан қизлар қизардилар.

– Одамни...

– Ош бўлсин, болаларим, – Оймомо Лолани сўзлашга қўймади ва очиқ юз билан бизларни тергига ундади.

32

Нонуштадан кейин Ойнурнинг топшириғи билан биз (Бек ва мен) туман марказидаги бозордан бозор қилиб қайтдик. Қизлар тушликка ош қилишди. Помидор, бодринг, пиёз, кашнич, туз, қалампирлардан аччиқ-чучук ҳозирлашди. Яна қизилча, карамни қирғичдан ўтказишди, уни уксус билан қориштиришди ва устига ип-ип қилиб тўғралган пиёз сепиб, салат тайёрлашди.

Лочин табиб билан Оймомо гапимизни ерда қолдиришмади. Ошга етиб келишди. Сой бўйига, ёнғоқ кўланкасига ястандик. Икки лаган палов едик. Аччиқ-чучук билан салатни ҳам паққос туширдик. Эр-хотин тергига фотиҳа ўқиб қалқишаркан, қизларни олқишлашди:

– Қўлларингиз дард кўрмасин!

– Ошмисан ош бўлибди!

Ош тараддуси: югур-югур билан терга пишганимиз учун Бек ва мен қора қоя ила чакалакни оралаб оқаётган хилватгоҳда яйраб чўмилдик. Сўнг қизларга ҳам киши кўзи тушмас бу овлоқни кўрсатдик. Ўзимиз ёнғоқ остида очунни унутдик.

Кўзимизни очганимизда кеч кираётганини пайқадик. Қизлар кўринмадилар. Шошилинч уйга ўрладик. “Эгизак”лар тут тагида, йиғма каравотларда ором олардилар. Бизнинг оёқ товушимиздан уйғондилар. Мен ўчоққа ўт ёқдим. Сўнг ҳаммамиз сойга эндик. Юз-қўлларимизни ювиб, изимизга қайтдик. Шоколад билан қаҳва ичдик. Шу орада қовоқ идишни бошида кўтарганча Оймомо кўринди. Биз уни ўрнимиздан туриб қарши олдик.

– Мен сизларга, болаларим, макка гўжаси олиб келдим, – деди у содда, мулойим овозда қовоқни терги четига чайқалтмасдан секин қўяркан, – уни тўнғич қизим Ўғулжон ўғирда туйиб, пиширган. Гўжа иссиқни кесади ҳам бир ҳавасакда, болалар.

Қизлар хижолат чекдилар. Алвон тусга кирдилар.

Оймомо Лолани “тимсоҳ” ёғи ва талқони билан эмлагунча, биз (Бек, мен) қовоқни сой четига, сокин оқимга қўйиб қайтдик.

– Эрталаб менсиз нонушта қилманглар, болалар, – дея Оймомо биз билан хайрлашди. Чингизхон уни “Ўрол”да уйига кузатиб, қайтди.

Тун чўкаётганда қалампир сепиб, бир косадан муздек гўжа ичдик. Сўнг Лола алла-паллагача Кунхон тўғрисида ҳикоя қилди. У отаси Ўғузхондек адолат билан Эл-юртни бошқаргани, давлат чегараларини кенгайтиргани, будун[4]га рўшнолик бергани ҳақида тўлиб-тошиб сўзлади.

Ойнур ва менга Оймомо билан нонушта қилиш насиб этмади. Биз эрта тонгда ишга жўнадик. Ойнур:

– Ҳар шанба, бозор кунлари келиб турамиз, – деди Лолани ўпиб, – агар иш бўлмаганда, сенинг олдингдан бир қадам ҳам жилмасдим, азизим!

Чингизхон бизни “Ўрол”да Учқулочга ташлаб, тез ортига қайтди.

33

Шу куни жизғанак чўлда туш чоғи муздек айрон ичарканмиз, мен чиндан ҳам (ўзимча ном қўйганим) “Осмоний ундов” бор, йўқлигини билиш мақсадида Ойнурдан сўрадим:

– Ўтган куни тунда Ўғузхоннинг ўлимидан ўкинганингизда, нимани ўйладингиз?

Ойнур жавоб берди:

– Ўғузхондек беқиёс даҳо бизда яна туғиладими?

Балки Ойнурнинг кўнглидан кечган бу фикр Лолага ҳам “Осмоний ундов” орқали етгандир? Бу менга қоронғи. Бу ёлғиз Тангрига аён.

Суҳбатимиз энди қизиётганда қаршимизга енгил машина (Вильс) келиб тўхтади. Ундан узун-узун бўйли уч ўрис тушди. Бири жувон. Салом-аликдан кейин ўзбек тилида, ширин, юмшоқ овозда:

– Ойнур хоним, Сизни бир минутга безовта қиламан, узр, – деди назокат билан.

Мен Ойнурнинг кўзларига шубҳа оралаганини, юзлари оқарганини сездим. Сездим-у кўнглимдан шу сўз ўтди: “Булар бежиз келишмаган... Булар... булар... КГБ!..”

Шунда жувоннинг мулозамати сохтадек, унинг тагида илон ўрмалаётгандек туюлди менга.

Жувон ва Ойнур саксовулзор оралаб юришди.

Узунлар менга бир лаҳза кўз қирлари билан қараб туришди. Сўнг оғзи катта, боши тақир ўрис илжайиб, мени саволга тутди:

– Русчани биласанми?

– Эплайман.

– Комсомолмисан?

– Ҳа, – дедим ёлғондан ва ногаҳон онамнинг ўгути эсимга тушди: “Ўзини сенга яқин олувчи, шу йўл билан ичингга кириб олувчи кимсалардан қўрқ. Ким билан бўлмасин, ўғлим, ҳар бир сўзни ўйлаб сўзла. Ҳеч кимга ичингни очма”.

– Молодец! – деди тақир бош кўзимдан кўзини узмай, – ота-онанг борми?

– Отам урушдан қайтмаган.

– Онанг нима иш қилади?

– Супурувчи.

– Пролетарман дегин.

– Шундай.

– Бу иш сенга оғирмасми?

– Оғир, аммо бундан ўзга мавсумий иш топмадим.

– Ёрдам берайми?

– Энди кеч, икки ойдан кейин мактаб.

– Ўқиш қалай?

– Уч...

– Бу болакайга кўмаклашмаймизми, Паша? – сўради оғзи катта, сийрак қошли, оч кўк кўзли, афти-ангори келишган шеригидан.

– Савоб бўларди, Дима, – у сочилган сариқ сочларини ўнг қўли билан текислади.

Бу сўз менга оғир ботса ҳам, дамимни ичимга ютдим.

– Биздан Ойнур хафа бўлмасмикан?

– Бунинг ўзи нима дейди, Паша?

Мен Ойнурга яқинлигимни сездирмаслик учун жавоб қайтардим:

– Агар енгилроқ иш бўлса, яна маоши...

– Енгил иш, – гапимни бўлди Дима, – пули ҳам икки баравар кўп.

– Ў! – дедим жўрттага ҳаяжонланган оҳангда.

– Тағин бир ўйлаб кўр, болакай, биз ҳам ўйлаб кўрамиз, – Дима Пашага маъноли қаради.

Шу аснода жувон билан Ойнур қайтишди. Жувоннинг “мойил...” деган сўзи қулоғимга чалингандай бўлди. Мен унга сездирмай разм солдим. Жувоннинг кулранг кўзларида сезилар-сезилмас совуқ нурлар йилтирамоқда. Бу оқ-сариқдан келган дилбар ҳуснига бир қадар путур етказаётгандек туюлди менга. Елкасига ёйилиб тушган сочи макка кўпиги рангида қизғиш. Негадир менинг кўнглимдан: “Унинг табиий сочи қорамтир тусда”, деган гап кечди.

Жувон менга бошдан-оёқ синчиклаб қараган ҳолда мурожаат этди:

– Ойнур хоним, биз бир соатга қолмай қайтамиз. Ҳозирлик кўриб турарсиз.

Ойнур бошини эгиб, кўтарди. Вильс шувоқзор оралаб Хонбанди[5]томонга кетди.

– Бундайда одамнинг қўли ишга бормайди, – деди Ойнур беихтиёр ўзига-ўзи аламли овозда. Кейин айтган гапидан пушаймон еди, шекилли, “хатосини” тузатган бўлди. – Мен нималар деб валдираяпман ўзи?

Саксовул кўланкасига беҳол ўтирдик. Мен кечган “ҳангома”ни оқизмай-томизмай Ойнурга айтдим.

– Менинг зийрак дўстгинам! – Ойнур юзимдан ўпди. – Агар сезгим алдамаса, сени менга айғоқчи қилиб қўяди.

Мен ўтли, тотли бўсадан ёнарканман:

– Мен ҳам шундай фикрдаман, Ойнур опа, – дедим.

– Нима деса кўнгин, ақлингни, китобга қизиқишингни яширгин, оз сўзла, фақат саволига жавоб қайтар. Ўзингни гўл ҳам пулга ўчдек кўрсат. Пул берса, ол. Бўлмаса ишонмайди. Ўзингни мени ёмон кўргандай тут.

– Мен, Ойнур опа, киноактёрликка ҳам қизиқаман.

– Сенга ишонаман! – Ойнур менинг сочимни силади, – бугун мен Тошкентга кетаман.

– Тинчликми, Ойнур опа, – менинг юрагим “шув” этди.

– Мени ҳар замонда йўқлаб туришади. Москвадан “Қўноқ” келармиш.

– Ҳалиям назоратдамисиз?

Саволим жавобсиз қолди. Мен Ойнурнинг ҳолатини тушунганим учун ундан хафа бўлмадим. У хаёлга ботди. Анчадан сўнг:

– Ўзбекчани бинойидай билади, – деди худди ўзига-ўзи гапираётгандек жуда паст, хомуш ҳам фаромуш овозда. – Аммо...

Негадир сўзини давом эттирмади.

– Аммо, – мен унинг фикрини илғадим, – ўзбеклигини яшириш учун (сочини бўяб) ўрис қиёфасига кириб юради. Унинг отаси ўзбек, онаси, балки, ўрисдир?

– Тахмининг тўғри, Эврил. Унинг туғма оти Гулнора. Тўғрироғи, Гулнора Эгам қизи. Ота-онаси ажрашиб кетган. Шунга ҳозир у онасининг номида: Галина Антоновна.

– Ҳар қалай, у ўзбекчани билади. Ўзбек тилига бошқа дурагайлардай юқоридан қарамайди.

– Йўқ, янглишяпсан, Эврил. У мени ўзига тортиш учун ўзбекча сўзлади. Аслида...

– Балки, ҳақдирсиз, Ойнур опа, – дедим мен ўйлаб туриб, – агар адашмасам, унинг чиройли кўзлари гоҳида илонникидек совуқ йилтираб кетади. Бунда, балки, ота уруғига нафрат бордир?

– Менсимай қараш дегин. Асл ўрисларга қараганда чала ё сохта[6]“ўрис”лар минг чандон шовинистроқ бўладилар. Мен буни амалда кўп марта кўрганман, Эврил.

Мен индамадим. Чунки ҳали бундай ҳолга дуч келмаганман. Ойнур ўйчан нигоҳ билан менга боқиб, маъюс овозда деди:

– Юқорида айтганимиздай, айланмачак дунё бу. Пушкин замонларида, ундан кейин ҳам, ҳатто яқин-яқинларгача рус киборлари ўз тилларида гапиришга ор қилганлар, французча ёки инглизча сўзлашганлар. Энди, замона калтаги айланиб келиб, бизнинг бошимизда ҳам синаяпти.

Мен маврудини топиб, Ойнурдан сўрадим:

– Галина Сизга “мойил” сўзини бир-икки марта айтгандай бўлдими? Бу...

Ойнур гапимни бўлди:

– Энди шунча замон ўтгандан кейин мени ажнабийга мойилликда айблаяпти.

– Ким?

– Москва.

– Асоси борми?

– Агар мен “Ватан хоини”га мойил бўлмасам, Ботир билан Парижда гаплашмаган, ундан уй манзили-ю кўк пул олмаган бўларканман.

– Ҳадеб бир гапни чайнайвераркан-да, – дедим. Дедиму негадир бирдан кўнглимга ғулғула энди. Ойнур юзимдаги ўзгаришни сезди. Менга тасалли берди:

– Мени тор тушовлаб, узун арқонлаб қўймоқчи. Шунга холислигимни билса ҳам, чумолидан туя ясаяпти. Аммо, барибир ёқимсиз даъво бу.

Шу дам миямга ушбу сўз келди: “Хавфли даъво!”

Мен сескандим.

Мен қоронғи тунда, тоғда аёзда қолган йўловчидай музладим.

Мен титрадим.

Бу ҳол кутилмаганда, оний тезликда юз бердики, мен ўзимни эплолмай қолдим. Буни Ойнур сезди.

– Нега юзинг қордай оқариб кетди, инигинам? – дея мени бағрига олди ва муздек тер босган манглайимдан ўпди, – агар мен учун бўлса, ташвиш чекма. Ўзинг ҳам, балки биларсан, мени вақти-вақти билан чақириб туришади...

Мен Ойнурнинг руҳини кўтариш ўрнига уни баттар ташвишу тушкунликка ундаганимга ўзимдан нафратландим:

“Аҳмоқ!”

“Қуш юрак!”

Мен бор куч, иродам билан ўзимни қўлга олишга киришдим. Бунга қисман эришдим ҳам. Бироқ машъум ғулғуладан тўла қутулолмадим.

– Мен уч-тўрт кун ичида қайтаман, Эврил, – деди Ойнур. – Сен Лоланинг олдига борма. Мен унинг хавотирга тушишини истамайман.

– Биладими?

– Билади.

Вильс қайтди. Лаш-лушлар билан унга чиқдик. У чанг-тўзон кўтариб, Учқулочга учди.

34

Онам билан мен Ойнурнинг ой бориб, омон келишини Тангридан ёлвориб сўрадик.

Шу куни шомда мени ранги ўлимтик, руҳсиз бир ўрис бола қудуққа бошлаб энди.

Пичадан сўнг озғин, ихчам, эчкиэмарга ўхшаш бир кас олдимга келди. Сўрашдик. Унинг устидаги жигарранг спорт форма ўзига ярашиб, кичик жуссасига қапишиб турибди. Ёши ўттизларда. Уни ўзбек ҳам, ўрис ҳам, тожик ҳам, деб бўлмайди. Балки, у Галинага ўхшаш чатишма маҳсулидир? Қайдам?

Бу ер тоғ оралиғи бўлгани учун қоронғи. Лой қорув цехи чироқлари кимсасиз, сокит теграни хира ёритаётир. “Чатишма”нинг имоси билан бола кетди. У чўнтагидан “Казбек” ва гугурт чиқарди. Тутатди. Шунда мен унинг кўзи эчкиэмарникидек ёвузона бир чақнаб, сўнганини кўрдим. Бундан юрагим увушди.

“Галинанинг ҳам кўзларида шундай ўлим учқунларини кўрувдим”, дедим ичимда.

– Менинг исмим Тельман, – дея таништирди ўзини “Чатишма”. – Сени нега чақиртирганимни биласан-а?

У сирли илжайди. Бироқ кўзи кулмади. Негадир мен ундан гўр совуғи “ҳиди”ни туйдим. Кейин: “Жуда оширвордим-да, – деб ўзимдан-ўзим ижирғандим. – Ундоқмас. Янглишаяпман. Ойнурга босимлари учун бу тоифа кишилари менга ёмон кўринаётир”.

Тельман қудуқ супачасида турган қора дермантин дипломатини очди. Ундан қалин дафтар олди ва жиззахча шевада деди:

– Бунга ҳар кунги воқеалару гап-сўзларни ёзиб борасан. Бир сўзни ҳам туширмай ё қўшмай ёзиб борасан. Мутлақо ёлғон аралашмаслиги шарт. Уқдингми, мутлақо!

– Фаҳмимча, онам билан менинг орамизда бўлгувчи гапларнинг бунга дахли йўқ.

– Онангми, бошқами, ёзавер, ҳеч кимни унутма, ҳатто Ойнурни ҳам...

– Онамни қўшмайман, бошқаларни, майли. Ойнурдан қўрқаман. У жуда қаттиққўл бошлиқ. Агар буни сезиб қолса, мени ишдан ҳайдайди.

– Сездирмайсан! Ҳеч кимга сездирмайсан. Ҳатто онангга ҳам! – Тельманнинг кўзи оч бўрининг кўзидек совуқ йилтиради.

“Ўлимдан совуқ!” деб ўйладим мен. Гўё баданимда қорақурт ўрмалади. Борлиғимни муз тер босди.

– Уқдингми?! – қатъий оҳангда таъкидлади у.

– Ҳа.

– Гап онанг билан Ойнурга тақалса, онанг, менимча, покиза аёл, ўз ҳалол меҳнати билан тирикчилик қилаётган одамни ёмон демайман. Ойнурга келсак, у рус тарбиясини олган ажойиб қиз. Яхши геолог. Унинг ақли, одоби ҳам жойида. Сен Ойнур билан яхшимисан?

– Фақат иш бўйича гаплашамиз.

– Сен ким билан қўнишсанг ҳам, барига ўзингни яқин тут. Жумладан, Ойнурга ҳам. Шунда сен билан очилиб гаплашадилар.

Тельман менга қалин дафтар билан уч юз сўм пул берди.

– Бир ой муҳлат... Кейин дафтарни оламан. “Иш”инг ёқса, яна “Иш”лайсан... Ойига уч юз сўм... Юрагинг билан “Иш”ла.

У маврудсиз ва шавқсиз тиржайди. Мен ихтиёрсиз бир тарзда: “Бўри ҳам шундай тиржаяди”, дедим ичимда.

– Хўп.

У қўлимни сиқиб, қоронғиликка юрди.

35

Илтижомиз вожиб бўлди.

Бешинчи куни (жума) мен “Хунну” китобини энди ўқиб тугатганимда, Ойнур кулбамизга кулиб кириб келди. Биз (онам, мен) уни кўриб, гўё отамиз Оврўпадан қайтгандек севиндик. Кўнгли бўш онам йиғлади. Менинг ҳам кўзим ёшга тўлди.

Ойнурнинг кайфияти яхши, бўёқ тегмаган юз-кўзлари тиниқ эди. У қора чарм жомадонини очди. Ундан инглизча ёзги оқиш костюм-шим, шу рангда туфли ҳамда Фитрат билан Чўлпоннинг китобларини олди ва менга узатди.

– Яхши кунларингга буюрсин, инигинам! – Ойнур кўзимга тик боқиб, елкамга кафтини қўйди. – Бу китобларни ҳеч кимга кўрсатмай ўқи. Мағзини чақиб ўқи. Уқдингми?

– Ҳа, Ойнур опа.

Онам билан мен бу совғалардан ноқулай аҳволга тушдик. Онам алвон тусга кирди. Менимча, мен ҳам. Буни сезган Ойнур:

– Мени қизим деб ўйласангиз, асло хижолат чекманг, она, – деди, – бўлмаса, мен хафа бўламан.

– Хўп, гўзал қизим.

– Сен-чи, Эврил?

– Раҳмат.

Ойнур паловга масаллиқ ҳам олиб келибди. Яна нок, мева-чева, помидор, бодринг, пиёз, турли кўкатлар.

Тошкентча ош қилди. Уни иштаҳа билан ерканмиз, онам Ойнурга теран меҳр билан боқиб деди:

– Жуда мазали бўлибди, гўзал қизим, еб, тўймайсан! Сиз бизни сийлаяпсиз, Сизни Тангри сийласин!

Ой-юлдузларга ғарқ шу оқшом Ойнур ва мен (Ойнур таклифи билан) теграсида ўрис оғочлари бўй чўзган “Маданият уйи” саҳнига – рақс майдонига йўл олдик. Мен инглизча костюм-шим, туфлида ўзимни бошқача, гўё ўзга олам кишисидай сезяпман. Ёнимда Ойнур. Ушбу сўзлар юрагимни ёқади:

Бу қандоқ бахтли онлар!

Бу қандоқ тотли онлар!

Мен ўзимни ҳеч замон бундоқ бахтиёр ҳис этмаганман!

Ушбу тотли онда, кутилмаганда эсимга Тельман тушди. Ойнурга пул, дафтар, кечган ҳар бир сўзни айтдим. У:

– Тельман устаси фаранг нусха экан, – деди, – энди сен баргида юр.

Бир пасда “Маданият уйи”га етдик. Танца майдонида Оврўпача мусиқа гумбирлаётир. Ясанган-тусанган йигит-қизлар “Шейк”ка тушмоқдалар. Ойнурдан ўзга ўзбек қизи йўқ. Йигитлари бор. Чўлда Ойнур мени “Шейк”, “Твист”, “Танго” каби ўйинларга ўргатган эди. Мусиқага эриб ўйнай кетдик. Шунда мен балоғат ёшига етиб қолганимни илк дафъа ҳис этдим. Яна Ойнурдек сулув қиз билан “Шейк”ка тушаётганимдан фахр туйдим. Ғаройиб бу лаҳзада ҳамманинг кўзи гўё бизда эди.

Бироқ бу майдон жанжал уяларидан бири ҳам эди. Ўзбек йигитлари рус хонимлари билан ўйнардилар. Келгиндилар буни кўролмасдилар. Баъзан яширинча, баъзан очиқча ерликларга оғули тошлар отардилар:

– Чучмеки!

– Чурки!

– Барани!

– Дикари!

Ерликлар ҳам қараб турмасдилар:

– Тўнғизлар!

– Келгиндилар!

– Ювуқсизлар!

– Нонкўрлар!

Мен бунинг кўп марта гувоҳи бўлганман. Гоҳ-гоҳида ўсмирлар билан бирга келиб турардик. Пастак темир тўсиқлар ортидан телбаларча ўйнаётганларни томоша қилардик. Бундай онларда аччиқ-аччиқ гапларни кўтара олмайдиган кимсалар оёқ-қўлларига эрк берардилар.

Мен бундай ирқчилик бутун СССР бўйлаб кенг қулоч ёйганини, Улуғ рус шовинизми ўз гегемонлигини мустамлака миллатларга пеш қилароқ заҳар сочаётганини кейинча билдим. Буни ўз кўзим билан кўрдим, ўз қулоғим билан эшитдим, ўзим ҳам бунинг “туз”ини “татиб” кўрдим...

Бу даҳшат эди.

Бу тузалмас яра эди.

Бу офат эди...

Аммо СССР сиртига сув юқтирмасди. Ўзбекда: “Иштонсиз иштони йиртиқдан кулади” деган мақол бор. СССРда чоп этилаётган ҳамма газеталар ҳар куни бир гапни сақичдек чайнардилар: “АҚШда ирқчилик авж олмоқда. Қора танлилар қаттиқ сиқув остида”.

Лекин бу кеча тинч кечди. Мен Ойнурни уйига кузатиб борарканман, у:

– Уч юзни нима қиласан? – деб сўради қўққис.

– Чингизхонга бераман, Ойнур опа. “Ўрол”нинг каробка, балўнлари чарчаган.

Ойнур ниманидир бошида пишитиш учунми, то остонагача бир сўз демади. Эшикни очаркан, фикрини айтди:

– Балки, Бекка янги “Ўрол” олиб берармиз. Лола билан маслаҳатлашиб кўрайчи-а, Эврил.

Хайрлашдик.

Қалбим қувончдан ёрилай дейди. Ухлолмадим. Ўзбекнинг, умуман, бутун Турк дунёсининг энг ватанпарвар ўғлони, лекин Москва томонидан: “Ватан хоини” сифатида отилган Абдурауф Фитратнинг китобига шўнғидим. Мана бу шеърни ўқиганимда, юрагим эзилди:

Гўзал Юлдуз

Гўзал юлдуз, еримизнинг энг қадрли тувғони!

Нега биздан қочиб мунча узоқларга тушибсан?

Тувғонингга нечун сира гапирмасдан турибсан?

Сўйла юлдуз, ҳолинг надир? Нечук топдинг дунёни?

Бизнинг ерда бўлиб турган тубанликлар, хўрликлар

Сўйла, юлдуз, сенинг даҳа қучоғингда бўлурми?

Борми сенда бизим каби инсонлар,

Икк юзли ишбузарлар, шайтонлар,

Ўртоқ қонин қонмай ичган зулуклар,

Қардош этин тўймай еган қоплонлар?

Борми сенда ўксиз, йўқсулнинг қони,

Гурунглашиб чағир каби ичганлар?

Борми сенда бутун дунё тузугин

Ўз қопчиғин тўлдиргани бузганлар?

Борми сенда бир ўлкани ёндириб,

Ўз қозонин қайнатгувчи ҳоқонлар?

Борми сенда қорин, қурсак йўлида

Элин, юртин, борин-йўғин сотганлар?

Фитрат

Шу тундан бошлаб мен (ҳар кеча) Фитрат, Чўлпон асарларини яширинчи ўқийдиган бўлдим. Эрта тонгда уларни қора чармга ўраб, ертўла остига кўмиб қўярдим. Кундузлари академик Лев Гумилевнинг китоби қўлимдан тушмасди. Кимсасиз саҳро четидаги яйдоқ чўлда бу асарлар ҳақида Ойнур билан фикрлашардик.

36

Тангрига шукр, энди уйимизда нонимиз ҳам бор, қозонимиз ҳам қайнамоқда. Уст-бошимиз ҳам деярли бут. Ҳатто радио ҳам сотиб олдик. Онам яшарди. Эгила бошлаган қад-қомати қайта тикланди.

Шанба, бозор кунларини Ойнур ва мен Боғдонда ўтказа бошладик. Ҳа, айтгандай, Бек қизлар таклифини рад этди:

– Раҳмат, опалар! Мен ўз аравамга ўрганиб қолганман.

Мен унга мажбуран ўша уч юзга “Ўрол”нинг чарчаган қисмларини янгилатдим. У ўзига яраша тўғри бола эди. Бундан икки йилча олдин Қизилбулоқда олтин узук топиб олгани, уни эгасига қайтармагунча тинчимагани эсимда.

Биз тўртовлон “Ўрол”да тоғ тўрига ёнардик. Уни Боғдонсойнинг бошланиш ерида қолдириб, қояларга чиқардик. Дараларни кезардик. Булоқларга нон ботириб ердик. Ёввойи чечаклар терардик. О, бундан қанча-қанчалар лаззат олардик!

Бизга (Бек, мен) эсимизни таниганимиздан бери бу дилбар ошён қадрдон эди. ҳар тонгда тоққа югурардик, терга ботиб машқ қилардик: қояларга тирмашиб чиқиб-тушардик. “Қилич-қилич” (таёқларда) ўйнардик, курашардик, йилқиларни дараларга сиқиб бориб, яйдоқ отларни тутиб, уларда учардик. Сўнг сойда қийқириб чўмилардик. Эсимда, бирда биз ёввойи қора тўнғизга дуч келганмиз. У менга ташланган. Мен ёнғоққа қочиб чиққанман. Шунда Бек уни тош билан уриб ўлдирган.

Бир ойдин кеча супада тоза Бразилия қаҳвасини ичиб ўтирарканмиз, Ойнур ушбу гапни айтди:

– Инсон ўз юртини тугал билиши керак.

Инсон дунёни кўриши керак.

Бу одамга роҳат беради, унинг ақлини қайрайди.

Бу сўзлар кимга қандай таъсир этганини билмадиму аммо менинг миямда муҳрланиб қолди.

Шу сўзлар сабаб биз (Ойнур, Лола, Бек, мен) Самарқанд, Бухоро, Хива кентларини бориб кўрдик.

Шу сўзлар сабаб мен ўзимга-ўзим сўз бердим: “Келажакда очунни кезаман”.

37

Вақти билан юракдаги ҳасрат доғлари кетганидек, Лоладаги “оқ чечаклар” ҳам мавҳ бўлди. Фақат биттаси қолди.

Шанба тонгида Оймомо Лочин табибнинг сўзини Лолага етказди: “Ярим ойда у чечак”дан из қолмайди”.

Бундан Лоланинг боши осмонга етди. Руҳияти юлдуз мисол юксалди. У шу икки ой ичида жуда унумли ишлади ҳам. Хун тарихи бўйича номзодлик ишини охирига етказди. Энди, Ленинградда, академик Лев Гумилев бошчилигида ёқлаши қолди. Лола ҳеч замон бундай мўл-кўл ишлаганини эслолмайди. Устига-устак ҳориш нималигини билмай ишлади. Ўз ишидан завқ олиб ишлади. Шунда, ўзича бундай ўйлади: “Тоза ҳаво, эркин, қувноқ, иноқ давра, тинч, сокит, тиниқ муҳит инсон руҳиятини мислсиз кўтараркан, унга беқиёс куч, қувват бахш эатркан, уни зўр илҳом билан ишлашга ундаркан”.

38

Шанба ёхуд бозордан ўзга кунлари, кўнгил хушлаган тунлари Ойнур билан танцага ҳам бориб турардик. Бугун учинчи (чоршанба) кун. “Маданият уйи”га ёндик. Одам қайнаб-тошмоқда. Бир сариқ ўғлон Ойнурни “Твист”га таклиф этди. Ойнур рад қилди.

– Не ломайся! – сариқ унинг билагидан тутди.

– Убери свою грязную лапу! – Ойнур қўлига ифлос нарса ёпишгандек, Сариқни силтаб ташлади. Унинг оғзидан ароқ аралаш сассиқ ҳид келмоқда. У тағин Ойнурга ёпишди:

– Не ломайся, курва!

Мен сариқни итариб юбордим. У йиқилди. Унинг жўралари бизни ўраб олишди. Яхшиям шу он милиция пайдо бўлди. Ур-йиқитнинг олди олинди.

Бироқ, танцадан сўнг Учқулоч қудуғига етганимизда, биз туйқус бешта келгинди қуршовида қолдик. Сариқ кутилмаганда менинг бошимга қаттиқ нарса билан урди. Ва:

– Это тебе мало, чурбан! – деб хириллади.

Мен қонга қорилиб йиқиларканман, Ойнурнинг қаттиқ чинқириғи ва келгиндиларнинг тасир-тусир қочишганини туйдим.

Ертўлада ҳушимга келдим. Онам бошимда парвона ўлароқ куйиб-пишиб зорланарди:

– Чўчқалар! Боламни майиб қилиб қўйишди. “Ҳамма эл тенг, тотув”миш!.. Чўчқалар!..

– Секин, Она, секин.

Онам тинчимади:

– “Улуғ оға”миш... оёғидан бошигача миллатчилик оғусига ботган...

Менинг юз-бошим дока билан танғилган ва зирқираб оғриётса ҳам, мен Ойнур билан Онамнинг кўзларида нималар кечаётганини уқиб ётдим.

Ойнур кечинмаси:

“Улуғ оға”миш...

Хоразмда муқаддас китоблар онаси: АВЕСТО[7]оламга нур таратганда, қаерда эди у?

Хамири йўғрилганмиди?

Ўғузхон Тенгсиз Давлат қурганда, қаерда эди у?

Туғилганмиди?

Хоразмий алгебра фанига асос солганда, Беруний Ернинг “олтин белбоғи”ни очганда, Улуғбек Ҳисоблаш Марказини яратганда қаерда эди у?

Бормиди?

Чингизхоннинг тўрт юз йиллик салтанати унутилган кўринади.

Темурнинг Елецда от сургани унутилган кўринади.

Энди...”

Онам кечинмаси:

“Барча миллат тенг, тотувмиш... Оламга аён: ўрисга ортиқ имтиёз берилган. Ҳамма бало шунда...”

Ойнур кечинмаси:

“Ҳамма миллат тенг, тотув бўлса, йигирма тўрт соат ичида бутун бошли халқлар (Чечан, Ингуш, Қирим, Ахси Турклари)... бадарға этилармиди?

Йигирма тўрт соат ичида?..

Уларнинг қанча-қанчаси йўлларда, ёт элларда, очлик, азоб-уқубат, қайғу-ҳасрат, қийноқ, зулм, совуқ, безгак, ўлатлардан ўлиб кетдилар. Тангри берган азиз Юртлари, уй-жойлари, мол-мулкларини эса “Улуғ оға” эгаллади.

Менимча, бу хил ёвузликни ҳали тарих кўрмаган”.

Онам кечинмаси:

“Кўза кундамас, кунида синади”. Бу кетишда Учқулочда бир бало бўлади...”

Мен Онам ва Ойнурнинг кўзларидаги ифодаларни тўла уқдим, деб айтолмайман. Лекин шу пайтгача сезгим алдаганини эслолмайман ҳам. Яна Тангри билгувчи.

39

Ҳар галгидек бу жума оқшоми ҳам Бек бизни Боғдонга олиб кетиш учун энди. У мени аянчли ҳолда кўриб, жунбушга келди. Мўғулча юзидан қон қочди. Қалин дудоқлари асабий титради, қошлари учди. Суриштиришга тушди:

– Ким урди? Қачон? Қаерда? Нимага?

Мен дўстимнинг жангари феълини билганим учун ёлғон сўзладим:

– Қоронғида чуқурга йиқилдим.

– Алдама?

– Чин.

Чингизхон Ойнурни Лоланинг олдига элтади. Йўлда ундан воқеани билиб олади.

Ойнур сўзи сўнгида Чингизхонга “Уюштирилган...” деган фикрни ҳам айтади. Чингизхон асабий ҳолатда бўлгани учун бунинг мағзини чақмайди. Тезлик билан Учқулочга қайтади. “Ўрол”ни биринчи шахтадан чиқарилган “Тош қир” этагига – кўз илғамас хилватга қўяди. Ойнур чизгиси бўйича малла соч, мушук кўз, ўнг жағида тиртиғи бор кимса – Сариқни танца майдонидан топади. “Сени чақираяпти”, дея уни “Маданият уйи” орқасига олиб ўтади. Бу ерда ҳеч ким йўқлигини кўрган Сариқ Чингизхонга кескин қарайди. Ва унинг аждарҳодек қўрқинчли ҳам ғазабнок важоҳатига дуч келади. алданганини сезади. Пўлатга урилиб, дами қайтган пичоқдек унинг дами ичига қайтади. Рангида ранг қолмайди, тиззалари ўзига бўйсунмайди.

Чингизхонда шундай туғма хусусият бор: ғазаби қайнаганда унинг олдига одам-ку одам, ҳатто йиртқич ҳайвон ҳам йўлолмайди. Ҳеч лофсиз, қийиқ кўзларида ажал ўтлари ёнади. Ўша қадим, қудратли адаши Чингизхондек ваҳший тусга киради. Бундай онда унинг олдида қоплон ҳам ожиздек туюлади.

Агарчи Сариқнниг руҳи синса ҳам, сир бермасликка тиришади. У шошиб ўнг қўлини шими чўнтагига тиқади. Аммо буклама пичоғини олишга улгурмайди.

Бек кучли боксчи эди. Рақибини доим муддатидан олдин нокдаун ёки нокаут билан ютган. Ҳали ҳеч кимга енгилмаган. Бунинг устига қўрқув нималигини билмайди. Сариқни кутилмаган тезликда кўкрагидан пастга – нафас олиш қисмига уради. У букчайиб қолади. Шу сония унинг иягига сакраб тепади. Сариқ (чалқанча) қулайди. Бек ўзи ясаган пичоғини шарт чиқаради, унинг кумуш сопи билан Сариқнинг кўзига туяди.

Шу аснода Сариқнниг шериги югуриб келади. Чингизхондаги қонга беланган пичоқни кўриб, қочади. Бироқ ёввойи мушукдек чаққон, чопағон Бек уни чалиб йиқитади. Юз-кўз, бошига кетма-кет тепади. Бўғзига пичоқ тирайди. Ва бутун ғазаб, нафрат, заҳарини ушбу сўзга жамлаб, қоплондек хириллайди:

– Яна бир марта бегуноҳга қўл кўтарсанг, кекирдагингни узаман. Биронтангни ҳам тирик қўймайман!

Унинг ҳам сўл кўзини пичоғи билан мангуга яралайди.

Кейин қалби таскин топиб, “Ўрол”да кулбага келади.

Мен бу чоғда уйқуда эдим. Чингизхоннинг товушидан уйғондим:

– Саодат эна, Эврилни Боғдонга олиб кетаман. Уни Лочин табиб даволайди. Лола опам билан мен доим ёнида бўламиз.

Анча тортишувдан сўнг онам заиф ва маъюс овозда деди:

– Майли, ўғлим.

Мен енгил тортдим. Ойнур ва Лола билан бирга бўлиш, улардан илм ўрганиш мен учун бир бахт.

40

Қизлар мени севинч билан қарши олдилар. Мен оғриқни ҳам унутдим. Жим-жит, салқин ҳам ойдин кеча. Шундай тепамизда ой сузаяпти, оҳиста, сокин. Юлдузлар ўз шаффоф ёғдулари билан ерни эркалаб, безаяпти.

Шу он кимдир менинг қулоғимга шивирлайди: “Бу ҳам Тангрининг каромат, карами”.

Ким? Билмайман.

“Эркалаб безаяпти”, дедим. Шу баҳона, шу воситада юлдузлар Ер билан сирлашаяпти. Афсус, биз одам болалари бу “сирлар”нинг тагига ҳеч замон етолмаймиз. Мен, ўзимча, шундай деб ўйлайман.

Зотан, оламда “бежиз” нарса йўқ. Ҳар нарсани Тангри аниқ мақсад, аниқ ҳисоб, аниқ ўлчов билан яратган. Демак, юлдузлар ҳам ўз нурлари орқали Ер билан доимий тарзда “мулоқот”да. Фақат буни уқишга ақлимиз ожиз.

Тутга осилган осмачироқлар ўчиқ. Бу супамизга бошқача зийнат бераяпти. Аҳён-аҳёнда чакалакдан соқ қушлар: “Бизлар тун париларимиз” деётгандек қичқирадилар. Биз шоколад билан қаҳва ичамиз. Ойнур энтикади:

– Боғдон тунлари мунчалар гўзал!

Лола Ойнурни бағрига босиб, дейди:

– Ойнур, меҳрибоним, мен ҳар ёзни шу хилват гўшада ўтказаман!

– Бизларсиз-а? – таънаомуз жилмаяди Ойнур.

– Фақат-фақат Сизлар билан, Меҳрибоним! Сизлар билан бу ер яна ҳам зийнатли.

Лочин табиб кўмагида менинг бошимдаги яра тез бита бошлади. Лоладаги сўнгги “оқ чечак” ҳам кўзга деярли кўринмай қолди. Бундан Лочин табибнинг ўзи биздан ҳам кўп севинди. Оймомо ҳам. Мен буни юрагимдан ҳис этдим. Лоланинг ҳам кўзларида шу ифодалар мавжланаётганини кўрдим. Мен ўзимга: “Шундай беминнат, тоза кишилар билан очун, балки, тирикдир”, деб ўйладим.

Лочин табиб бизга меҳрибон кўзларини тикиб, қатъий ишонч билан деди:

– Беш-олти кун ичида икковингиз ҳам бутунлай соғайиб кетасизлар.

41

Менинг ўрнимга Чингизхон Ойнурга кўмакчи бўлди. Энди улар ҳар куни эрта тонгда ишга кетишади, у ердан шомда Боғдонга қайтишади.

Мен Лоланинг илмий ишини зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда нафақат Хун кечмиши, балки, қисман Хун уруғига мансуб Тонгчиқай (Таншихай) ва у тузган Суюнби (Сеянби) империяси ҳақида ҳам сўз юритилган:

Тонгчиқайнинг отаси Хун ўрдасида беш йил хизмат қилади. Сўнг ўз қишлоғига қайтади. Уйида икки-уч ёшли гўдакни кўради.

– Бу кимнинг боласи? – у хотинидан сўрайди?

– Бизнинг...

– Қандай? – жаҳлга минади эр.

– Кўклам кунларининг бирида ёлғиз ўзим қўзиқорни тергани ўрмонга бордим. Бирдан чақмоқ чақнади. Момақалдироқ гулдиради. Сўнг дўл ёғди. Кун Тангрининг қудратими, билмадим, оғзимга бир дўл кирди. Шундан бўғоз бўлдим. Шу болани туғдим.

У хотинининг овозидан ёлғон туймайди. Унга инонади. Бироқ ўз қалбида болага меҳр топмайди. Хотин ҳам уни суймайди. Шу сабабли у гўдакни ўз ота-онаси қарамоғига беради.

Тонгчиқай менга насроний дини асосчиси, отасиз туғилган Марям ўғли Исо Масиҳни эслатади.

Худди эртаклардагидек бола ой сайин эмас, кун сайин ўсади. Ақл, куч, ирода, ҳусн, бўй-бастда унга ҳеч ким тенг келолмайди. Қўрқув ёт бўлади. Шу боис Тонгчиқай ўн икки ёшида Элбоши этиб сайланади. Ўн тўрт ёшида бургут шаклида Ўрда тузади. Уч марта Хитой қўшинларини енгади. Буюк Суюнби Империясига асос солади. Унинг замонида эл тинч, тотув, тўкис яшайди. Академик Гумилев ўз китобида бу Улуғ Давлат харитасини берган. У Ўғузхон салтанати ери мисол чек-чегарасиз ҳудудни ишғол қилади. Мен ундан нусха кўчирдим.

Лоланинг илмий иши бой ва хилма-хил маълумотлар, фикрлар ва мушоҳадалар билан суғорилган эди. Мен ундан қаттиқ таъсирландим. Гўё вужудимда бўрон қўпди, юрагим ёнди, миямда сўзлар туғён урди. Узун йиллар кечгани учун у сўзлар тўлалигича хотирамда қолмаган. Эсимда сақланганлари мана булар:

Кечмишларга синчиклаб боқ, Она Элим,

Ота Турон алп танаси мингта тилим.

Хун отларин дупурлари тинган энди,

Ўғузхоннинг қиличи ҳам синган энди.

Билга Ҳоқон ўгутлари тошда қотган,

Ўрхун[8], Эна[9]битиклари лойга ботган.

Бундан кулар Чин девори[10]:

– Қани Турон?

Қани ўша буюк қудрат, салтанат, шон?

Бўз бўрилар[11]бу тупроқни ташлаб кетган,

Туманбалиқ[12]Тангриқум[13]га чўкиб кетган.

Оч тўнғизлар Тангритоғни ўз, ин этган,

Қарға, калхат бургутларни қувғин этган.

Хун уруғи Ер юзига тўзғиб кетган,

Ёвқур Кўк Турк ёт Юртларни ошён этган...

Бундан кулар кунчи Эрон:

– Қани Турон?

Қани ўша Илоҳий куч, Осмоний шон?

Тўлғонади Ўрол, Сибир, Эрқут[14], Қашғар[15],

Олтин Ўрда туролмайин бағрин тиғлар.

Кашмир, Помир, Тин[16]у, Эдил[17], Олтойларда,

Қундуз, Қирим, Болқар, Ахси[18], Бештов[19]ларда

От ўйнатмас, қилич чопмас кескир Хунлар.

Эшитилмас туркча куйлар, ёниқ ан[20]лар.

Бундан кулар кекчи слав[21]:

– Қани Турон?

Қани ўша беқиёс куч, беқиёс шон?

Кулгин Мочин,

Кулгин Слав,

Кулгин Эрон,

Тўйгунингча, ўлгунингча кул бу замон.

Ўзгалар устидан кулаюр ким?

Аён...

Ким ҳақу ким ноҳақ?

Кўриб тургай Осмон.

Бу айланмачак дунё,

Бу қайтар дунё.

Неча бор бузилиб, тузалмаганми ё?

Ўн саккизта Улуғ Давлат қурган Турон[22],

Ўн тўққизини ҳам қураюр бегумон.

1953 йил.

42

Тушдан кейин ёнғоқ кўланкасида Оймомо олиб келган қўй қатиғидан бир-бир коса ичиб ўтирарканмиз, мен пича иккиланиб турдим-да, шеърни Лолага тутқаздим. У қайта-қайта ўқиди. Унинг кўзларида ажабланиш, қониқиш, қўрқув ифодалари акс этиб турди.

– Буни ёд биласанми? – Лола қўлимни сиқди.

– Биламан, – мен ҳаяжонландим.

Лола гугурт чақиб, қўлёзмани ёқди.

– Хотирангга кўмгин. Хавфли... Фитрат билан Чўлпонни эсладим... Менимча, сен бир кунмас, бир куни Туркистон тўғрисида ҳам ёзасан. Бўлакланган Туркистон... – у гапини тугатмади. Сой ёқалаган, ўт-ўлан босган сўқмоқдан эшакда тегирмонга бир қоп буғдой ортиб келаётган кишига анграйиб қараб қолди. – Уни биринчи куни автобусдан тушганимда Осмонсой бекатида кўргандим. Сен-чи, Эврил?

– Эслолмайман. Ўшанда ҳамма қатори менинг ҳам кўзим Сиз билан Ойнур опамда эди.

– Ўхшашлигимиз учунми?

– Ҳа, Лола опа. Яна... – мен тилимнинг учидаги гапни ичимга ютдим. Қизарганимни ҳис этдим. Лола менинг: “Гўзалликларингиз учун ҳам”, демоқчи бўлганимни сезди. Хижолатга қўймаслик учун ўзини сезмаганга олди. Жилмайди. Сўнг бирдан сергак тортиб, деди:

– Бу кимса тегирмонга серқатнов бўлиб қолди. Уни танийсанми?

– Йўқ, – мен хавотирга тушдим. Аммо Лолага сир бермай ҳам унинг кўнглига ғулғула солишни истамай, гапимда давом этдим. – Балки, у Илончи[23]дандир?

– Тегирмончи қандай одам?

– Жиблажибонга ўхшайди. Янги...

Лола сўзимни бўлди:

– Кузатувчан бўл, Эврил, сергак бўл. Иложи борича кўрганларингни эслаб қол, бўлажак ёзувчига бу керак бўлади.

Буни мен ҳаётда ҳар бир кишига зарурлигини, зарурат туғилса, асқотишини англадим. Лола менга теранроқ уқдириш учун “бўлажак ёзувчига” сўзини атайлаб қўшди.

Тегирмончи эшакли кишини ўзгача мулозамат билан кутиб олди. У билан хиёл эгилиб кўришди. Аммо қопни бирга туширишди ва тегирмонга олиб киришди.

– Менимча, биз кузатувдамиз, – деди Лола ва бу гап оғзидан беихтиёр чиқиб кетганини кеч англади, шунга уни тузатишга уринди, – балки, мен адашаётгандирман?

– Йўқ, адашмаяпсиз, Лола опа. “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”. Ойнур опам Францияга бориб-келганидан бери кузатувда. Демак, бизлар ҳам... Сизнинг тегирмончи тўғрисидаги тахминингиз ҳам тўғри. У биздан бежиз гоҳ нон, гоҳ туз, гоҳ қирғич... сўраб чиқмаяпти. Шу хил баҳоналар билан бизнинг ичимизга кириб олмоқчи.

– Фикрингга қўшиламан, Эврил. Нодон ҳам тўнка у, ўз хатти-ҳаракати, бачкана сўз, қилиқлари билан ўзини сездириб қўймоқда. Эшакда келган анави кас ҳам ундан авломас. Дунёда ички сотқиндан тубани йўқ. Уни “одам” дейишга ҳам тилим бормайди.

Ички сотқинлар!..

Йилдан-йилга улар кўпайиб бораяптилар. Ажриқ мисол тузумнинг ўзи ички сотқинлар билан тирик. Шунга уларни сунъий равишда урчитаяпти. Бунинг бошида Бош мунофиқнинг ўзи турибди. Ички сотқинлар муҳити вужудга келаяпти. Йўқ, келган. Уларнинг бола-чақалари ҳам ўз миллатига хоинлик қиладилар. Бу ҳам сил касалига ўхшаш нарса: наслдан-наслга ўтади, юқумли.

Ундайлардан:

Илон яхши.

Чаён яхши.

Элни бузаётганлар ҳам шулар.

Оқилларга ўлат бўлаётганлар ҳам шулар.

Юртни сотаётганлар ҳам шулар.

Туркистонни бўлаклашга кўмаклашганлар ҳам шулар.

Лоланинг кўзлари ғазаб ўтида ёнди.

Лоланинг юзлари олмосдек кескир тус олди.

Мен уни бундай ҳолда ҳеч кўрмагандим. У қалқди. Ўзини босиб олиш учунми, сой оқимига қарши – Қорақоя сари юрди. Мен туғма таъсирчан эдим. Лоланинг сўзлари мени ларзага солди.

“Она Туркистоним! – беихтиёр нидо қилдим мен. – Қанотлари қайрилган Туркистоним!! Қалби қон Туркистоним!!! Юрагимда сўзлар исён қилди. Ёруғликка оқди:

Тилимланди Туркистон ҳам, бу қандоқ тақдир?

Кетди Ўзлик, кетди Бойлик, кетди Эрк, Қадр.

Эгри, Ҳаром, ёлғонларга келди зап давр,

Тўғри, ҳалол, имонларга қазилди қабр...”

1953 йил.

– Қалайсан, болакай?

Кутилмаган бўғиқ товушдан мен жиноят устида қўлга тушган кимсадек чўчиб тушдим, юрагимдан оқаётган сўзлар тизимидан узилган маржонлардек сочилиб кетди. Бошимни кўтардим. Тепамда тегирмонга буғдой олиб келган киши турибди. Мен қалқдим ва у билан сўрашдим.

– Комсомол ҳам қўрқадими? – у кулди ва тепакал бошидан оқимтир кепкасини олди. Терга ботган ажинсиз, семиз юзини кирланган, гулсиз рўмолчаси билан артди.

– Қўрқмадим, чўчидим, – мен унинг итникига ўхшаш жигарранг кўзига тик боқдим.

– Нимага?

– Кимсасиз ерда хаёлга ботиб ўтирган одам кутилмаган овоздан чўчиши табиий ҳол.

– Масалан, мен ҳеч нарсадан чўчимайман.

– Балки Сизнинг юрагингиз тоғдекдир?

Иткўз менинг киноямни сезмади. Шунга қарамай, у менга кесатиқ қилди:

– Ўзига тўғри одам ҳеч нарсадан қўрқмайди.

Мен у билан тортишишни ўзимга эп кўрмадим. Аксинча, чекинишни ва шу йўл билан муросага келишни истадим.

– Балки сиз ҳақдирсиз.

Иткўз мақтовимдан қувонди. Унинг юз-кўзларига илиқ нурлар ёйилди.

– Комсомол доим тўғри йўлдан боради, – деди у елкамга қоқиб.

– Сиз мени комсомол деяпсиз. Буни сизга ким айтди.

Сўзим мерган ўқидек нишонга тегди. У: “Ай-ай!” дея калаваланиб қолди. Аммо сир бергиси келмай, бошини чангаллади:

– Ари чақди, лаънати!

– Эҳ, афсус! Лекин бир ҳисобга яхши бўлди, у даво эмиш.

– Даво бўлмай ўлсин. Сенам менга қаердаги саволларни берасан, болакай.

Мен унинг жон жойидан ушлаганимни сездим. Шунда, ногоҳ, тун, Учқулоч қудуғи, Тельман (Чатишма) кўз олдимга келди. Ана, у менга қалин дафтар тутқазди: “Бунга ҳар кунги воқеалар, гап-сўзларни ёзиб борасан”.

“Демак, – дея ўзимча фикрладим мен, – бу иткўзнинг орқасида Тельман турибди. Тельманнинг орқасида уч (бири Галина) узун ўрис. Уларнинг ортларида яна кимлар? Буни билиш қийин. Буни Тошкент ҳам билмайди. Фақат Москва... Шунда ҳам саноқли кишилар...

Бир одамнинг, аниғи, бир Ойнурнинг кетидан қанча искович. Ойнурдек бошига иш тушган кимсалар озми? Сон-саноқсиз”.

Шунда ихтиёрсиз тарзда бултурги бир воқеа ёдимга тушди. Ўшанда Москвадан Ойнурнинг олдига собиқ курсдоши, рус аралаш яҳудий дўсти Сара келган эди. Ўша кимсасиз, яйдоқ чўлда икки дугона орасида кечган суҳбат хотирамда деярли тўлалигича қолган.

Сара сўзи:

– ... Тошкент... Москва... Яна ўн тўртта республика... Уларнинг ҳар бир туман, шаҳар, вилоятларда бўлимлари ва яна юзлаб ўта махфий бўлинмалари бор.

Ички Ишлар Тизимларида, уларнинг биз билган, билмаган бўлим, бўлинмаларида, қамоқ, прокуратура, суд тизимларида ундан-да (КГБ дан-да) кўп.

Яна армия...

Бу куч ишлатар тизимларини (ишлаб чиқаришга дахли йўқ) миллион-миллион кишилар эгаллаб олишган. Боқиманда. Агар улар тақсимланса, ҳар бир совет кишисига икки-учтадан тўғри келади.

Агар буларга санаб саноғига етиб бўлмас ёлланма қотил, искович, айғоқчиларни қўшсак, у ҳисоб ортади.

Уларни тутиб туришга миллиардлар сарфланяпти. Мана, ишчи-деҳқонларнинг топган-тутганлари қаерга кетаяпти. Мана, қашшоқлик сабаби манбалари...

Яна юзлаб кераксиз вазирликлар, бирлашмалар, бошқармалар, ташкилотлар... ҳам ишчи-деҳқонларнинг бошларига битган бало. Сони кўпайиб кетган солиқ тизимлари ҳам булардан айромас.

Бунинг устига ҳаддан ортиқ қамоқхоналару миллион-миллион маҳкумлар ҳам ишчи-деҳқонларга бўйинтуруқдирлар. Уларнинг етмиш-саксон фоизи эса ёзуқсиз кишилар.

Яна зўр бериб қуролланишга сарфланаётган миллиардлар ўлганнинг устига тепган бўлаяпти.

Ойнур саволи: “Бу чексиз ҳуқуққа эга куч ишлатар тизимлари кимга ишлаяптилар?

Халқгами?

“Халқлар отаси”гами?”

Сара жавоби:

“Халққа номига.

“Халқлар отаси”га”.

Ойнур саволи: “У аслида ким?”

Сара жавоби:

“Рекетчик[24].

Мунофиқ.

Одамер”.

Ойнур саволи:

“Доҳий,

Даҳо,

Йўлбошчи,

“Халқлар отаси”

Деган гаплар ёлғонми?”

Сара жавоби:

“Халқлар бўғови”.

Ойнур саволи:

“Шундай экан, нега уни қуёшга қиёс қилаяпти?”

Сара жавоби:

“Куч билан,

Қон билан,

Тарғибот билан...”

Ойнур саволи: “Агар, мабодо Сталин ўрнига илмдан, имондан узоқ бир жоҳил қудрат ва зар ҳукмрони бўлиб қолса, унга ҳам Тангридай сиғинарларми?”

Сара жавоби:

“Шубҳасиз. Фақат Куч, Қон, Тарғибот билан...

Мана, бунга ёрқин бир мисол:

МАО...”

Ойнур саволи:

“Сталин ўзининг аслан кимлигини билар. Шундай экан, у бу сохта мақтовларга ишонадими?”

Сара жавоби:

“Ҳамма уни кўкларга кўтараверганидан кейин ишониб қолади. Унинг ўрнида бошқа бир диктатор бўлганида ҳам ишониб қоларди. Масалан,

МАО...”

Чакалак узра айланаётган қарғаларнинг аччиқ-аччиқ қағиллашларидан хаёлим қочди. Яйдоқ чўл, Ойнур, Саралар ғойиб бўлди. Умримда бундай суҳбатни эшитмагандим. Бевақт узилганига алам қилди. Қарғаларни сўкдим:

– Жин ургурлар!

Тўнкада итдай ҳурпайиб ўтирган иткўз кулди. Мен унинг кулгисида ҳадиксираш зоҳирлигини туйдим. Ўйладим: “Нимага иткўз: “Буни сизга ким айтди? Деган саволимдан қўрқиб кетди. Чунки ўзининг кимлигини ўзи билмай сездириб қўйди. Лоланинг гапи тўғри чиқди: у жосус. Тегирмончи унинг лайчаси. Ҳатто танца майдонидаги Ойнур ва Сариқ можароси... қудуқ ёнида мени уриб кетишлари... ҳам Тельман томонидан уюштирилган...

Мен буларни қалин дафтарда акс эттираманми-йўқми, агар акс эттирсам, қай йўсинда, яъни айнанми, яширибми ёки қўшиб-чатибми? Тельман шуни билмоқчи. Гапнинг пўскалласини айтсам, Москва шу қалин дафтар орқали Ойнурнинг асл қиёфасини (ичини) билиб олмоқчи. “Улуғ оға”га, Тузумга, сиёсатга муносабатини билиб олмоқчи. Агар Москва Ойнурнинг сўзидан зиғирча “камчилик” топса, тамом, унга “мойил” тамғасини босади. Ёхуд Ойнурнинг сўзи билан айтсам, эл орасида гап-сўз кўпаймаслиги учун “Иш”ни ими-жимида ҳал этади. Яъни, Москва Тошкентга мутлақо махфий тарзда буюради:

“УБИРАТЬ!..”

Ногоҳ мана бу сўз миямга ўқдек қадалди: “Қалин дафтар” инсон умрига нуқта қўйиши мумкин!”

Менга жуда майда туюлган “Қалин дафтар” энди мени даҳшатга солди. Юрагим увишди. Оёқларим қалтиради. Кўз олдим ғуборлашди. Мен ўзимни зўрға тутдим.

“Қалин дафтар, – дедим ичимда, – бу, менимча, Москванинг қабиҳ “усул”ларидан бири.

Мен ҳар бир сўзни минг ўйлаб, кейин ёзаман. Яъни, ўзимизга (Ойнур, Лола, Бек, мен) зарра доғ туширмай ёзаман. Тельман, Иткўз, Тегирмончиларнинг ҳеч бир сўзини тушириб қолдирмайман. Можарога алоҳида урғу бераман... Хуллас, ўз ёғларига ўзларини қовураман”.

– Болакай, мен сенинг олдингга нега келганимни биласанми?

– ...

– Ҳў болакай!..

– Нима?

– Қулоғинг сал... – у атайлаб гапини тугатмади.

– Узр, – хаёлим шамол ҳайдаган тумандек тўзғиди.

– Болтанг борми?

– Йўқ.

– Теша-чи?

– Бор.

– Уч-тўрт минутга бериб тур.

– Нимага?

– Халачўпим синиб қолди. Эшак ўлгурни қулоқ-чаккасига урмагунимча, юрмаяпти.

– Балки эшак Сизни ётсираётгандир?

– Нима?!! – у олдида бомба портлагандек қўрқиб кетди. Ўзи сезмаган ҳолда кепкасини ғижимлади. Чўчқа қулоғидек юпқа лаблари асабий титради. Сўнг менинг кўзимга тик боқолмай, минғирлади:

– Аҳмоқ бола! Ўз эшагим ўзимга ётсирайдими?

– Сиз, менимча, Самарқанддансиз? – баттар босим ўтказдим унга.

Унинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Ўқ нишонга тегди. У гапиролмай қолди. Мен вазиятни юмшатиш учун ўзимни гўлликка солдим. Шу йўл билан уни аҳмоқ қилиб ўйнадим:

– Ўзингиз шаҳарда туғилган бўлсангиз ҳам, балки Боғдон ота юртингиздир? Шунга таътилни бу ерда ўтказишга келгандирсиз?

– Вой шумтака-ей, шуниям билдингми?

– Боғдон ҳавоси тоза-да... – дедим тагдор оҳангда ва иршайдим. – Афсус, отангиз Боғдон шевасини (ўғузча) ўргатмабди-да.

Шунда, бехос, орқа томонимда тегирмончи пайдо бўлиб қолганини пайқамадим. У ўзича билимдонлик қилиб, менинг гапимга жавоб қайтарди:

– Чунки Боғдонда пахта экилмайди.

– Экилганда-чи? – чакалакдан Лола чиқиб келди.

– Экилганда ҳаво бузиларди, – тегирмончи гапни узган Лолага нохуш қаради.

– Э тўнка! – Иткўз Жиблажибонни тортди.

Ҳар эҳтимолга қарши Лола уни тузоққа илинтириб қўйишни истади. Бу ўзига хос ҳимоя усули ҳам эди.

– Пахта сиёсати – нозик сиёсат. Бу гапингиз Москвага етиб борса, нима бўлади?

Тегирмончининг юзи ўлик тусига кирди. Оёқлари майишиб, ўтириб қолди. Иткўз ҳам ерга беҳол чўкди. У Лолага ялтоқона боқиб, уни қўллаган бўлди:

– Ҳалиям сиз унга юмшоқ гапирдингиз. Отилардинг демадингиз. Лекин, хоним, у бир оми киши, уни кечиринг.

Лола атайлаб гапига сиёсий тус беришда давом этди:

– Сиз тегирмончини ҳимоя қилаяпсизми?

– Йўқ-йўқ! Мутлақо! – Иткўз дудуқланиб қолди.

– Мен яқинда Ленинградга кетаман, албатта, Москва орқали...

Тегирмончи юрагини чангаллаб, сўл томонга қулади. Мен “Найранг”, деб ўйладим ва унинг ун юқи юз-бошига бир пақир сув тўкдим, у жўрттага сескангандай бўлиб, ўзига келди, Иткўз Жиблажибонни жеркиди:

– Артистлик қилма!

Бироқ тегирмончининг маймунсимон юз-кўзи ўлик тусига кирган эди. Буни Лола сезди ва шу боис босимни пасайтирди:

– Ҳозирча, майли... – деди Иткўзга ва сўнг менга буюрди, – Эврил, бу гапларни ипидан-игнасигача “Кундалик дафтар”ингга ёз. Йил, кун, соат, минутигача...

Иткўз “ялт” этиб мернга қаради. Мен уни “Кундалик дафтар”ини “Қалин дафтар” деб тушунганини сездим. Тегирмончи бунинг маънисини туймади. Жонланди. Демак, у “Қалин дафтар”дан бехабар.

Мен ҳамиша ўзим билан бирга олиб юргувчи “Қалин дафтар”га кечган гапларни ёздим. Лоланинг сўзи билан (зарурат туғилганда сакрамасликлари учун) ёзувим тагига аввал Жиблажибонга қўл қўйдирдим. Иткўз орқасига ўт тушган кимсадек типирчилаб қолди. Лолага йиғламсираб ялинди. Лола қаттиқ турди:

– Қўл қўйсангиз, ёпилган қозон ёпилганича қолади. Йўқса...

Охири Иткўз қалтираб имзо чекди ва шалвираган ҳолда деди:

– Хатга тушдинг – ўтга тушдинг.

Мен Иткўзга тешани бердим. У ёнғоқнинг тик, силлиқ навдасига теша урди. Лола унга қичқирди:

– Кесиш тақиқланган!

– Ўзим жавобини бераман, синглим.

– Қонун ҳаммага тенг. Ёки “Ўзимизники”, деб сизни четлаб ўтадими?

Лола “Ўзимизники” сўзига урғу берди.

Иткўз ёзилма[25]га ғижимлаб ташланган қоғоздек бужмайиб қолди. Тешани менга ҳолсиз узатди. Мен унинг ташвишу қўрқувга кўмилган юз-кўзидан: “Менинг кимлигимни сезиб қолишди”, деган ифодани ўқидим. Иткўз учун ўлимдек қўрқинчли бўлган бу ифода унинг юрагини ханжардек тилаётган эдики, мен буни ҳам туйдим. Фаҳмимча, Лола ҳам.

Иткўз боши мажақланган илон мисол тегирмонга судралди. Думбул Жиблажибон унга дум бўлди. Лола оғир “уҳ” тортиб, деди:

– Ўзимнинг бу “ишим” ўзимга тубан туюлаяпти, Эврил.

– Хижолат чекманг, Лола опа. Сиз Қорақоядан қайтгунингизча, мен ҳам Иткўзга қарши айни шундай “жанг” қилдим. Бу ҳам курашнинг бир тури. Ўзимизни ҳимоя қилишимиз учун бизда, менимча, бошқа йўл йўқ. Ойнур опамни асрашимиз керак.

– Йиллар кечиб, ҳур замон келса, мабодо сен бу ҳақда ёзсанг, эркин авлодга бизнинг бу “иш”имиз бачкана ва жирканч туюлмасмикан?

– Йўқ, Лола опа, мен асослаб ёзаман. Замон бизни шунга мажбур қилганини асослаб ёзаман.

– Менинг эслигина иним! – Лола мени қайноқ оғушига босди. Мен бундай, айни бундай ёндиргувчи ҳароратни Ойнурда ҳам туйган эдим.

Қандоқ ўхшашлик!

Бетакрор ўхшашлик!

– Энди, исковичнинг жони сенинг қўлингда, Эврил. “Қалин дафтар”ни киши топмас ерга бекит. Унинг ўрнига шунга ўхшаш бошқа дафтар тут. Энди, Иткўз уни ўғирлашга киришади. Жон-жаҳди билан. Тегирмончини ҳам ишга солади.

– Ўзим ҳам шундай ўйлаётгандим, Лола опа. Хотиржам бўлинг.

Бизнинг “Оқтой” деган оқ, улкан, эсли итимиз бўларди. Бўри ҳам унга бас келолмасди. Оқтойнинг ўтганига кўп замон кечган. Аммо катаги ҳовлимиз четида ҳамон ташландиқ ҳолда, мунғайиб турарди. Мен “Қалин дафтар”ни қутичага солиб, шу катак остига кўмдим. Бундан Лола севинди ва “Коса, коса тагида нимкоса” қабилида гап қилди:

– Эврил, сен билан бирга “Саваш”га кирсам бўлади. Мабодо мен жангда яралансам, сен мени ташлаб кетмайсан.

Мен бу сўздан бир қарич ўсгандек бўлдим.

43

Осмонда юлдузлар бўртаётганда, “Ўрол”да Ойнур ва Бек келишди.

– Олтинкон нотинч, – деди Ойнур сойда ювиниб, кийимларини алмаштириб чиққач. – Ҳалиги икки каснинг кўзларини ким яралаган? Ўшани милиция қидириб, Учқулочни остин-устн қилаяпти. Бунга сиёсий тус ҳам бераяпти. Фақат зимдан, элга сездирмай.

– Сездирса-чи? – беихтиёр сўрадим мен.

– Сездирса, “СССРда барча миллат тенг, тинч, тотув яшаяпти”, деган ўз сиёсатига ўзи қарши чиққан бўлади.

– Чингизхонни Чимкентга жўнатамиз, – Лола бирдан ўз истагини билдирди. – Боғ уйимиз бўш ётибди. Шу баҳонада у боғни ҳам тартибга солади.

– Ўқиши-чи?

– “Иш” ёпилгунча Чимкентда ўқийди.

– Ўзи кўнармикан?

Бу гап-сўз кечганда Бек сойда чўмилаётган эди. Чиқди. Унга Лоланинг таклифи болдек ёқди.

Тун тинч кечди. Ҳали тонг ёришмасдан Ойнур ва мен Чингизхонни Осмонсой бекатидан Чимкентга кузатдик. Ўзимиз “Ўрол”да чўлга кетдик. Мен ҳайдашни унча эплолмаганимга рулга Ойнур ўтирди. Лоланинг ёлғиз ўзи Боғдонда қолди.

Бу пайтга келиб менинг ярам битган, Лола эса сўнгги “оқ доғи”дан қутулиш арафасида эди. Аниқ эсимда йўқ, уч ёки тўрт кундан кейин у машъум “нуқта”дан асар ҳам қолмади. Лоланинг севинчи Арши аълога етди. Лочин табиб, Оймомо, Онам, Ойнур ва мен ундан кам қувонмадик.

Бешинчи куни (жума) кечқурун Ойнурнинг қистови билан Онам ҳам “Ўрол”га ўтирди. Учқулоч билан Боғдон оралиғи чўл бўлиб, унинг айрим ерларига лалми буғдой, арпа, қовун-тарвузлар экиларди. Янтоқ, шувоқ, исириқ каби ўт-ўланлар ўсган, бепоён яйловларда қўйлар боқиларди. Йўл-йўлакай Ойнур Арслон отли бир таниш чўпондан бир оқ қўй сотиб олди.

– Хола, Сизлар, – деди Арслон Онамга ҳурмат ва такаллуф билан боқиб, – “Ўрол”да эркин бораверинглар. Қуёш чиқмай мен қўй билан тарвузларни ўз “Люлка”мда етказаман.

– Сизни ташвишга солиб қўймаймизми, иним?

– Йўқ-йўқ, хола, буни мен кўнглимдан айтдим. Аҳмат Оқсақолнинг бизга кўп хизмати сингган.

– Қайнотамни эслаб, руҳини шод этдингиз. Раҳмат! Энди ундай кишилар дунёга келадими, йўқми, билмайман. Сизни Тангри сийласин, Арслон иним.

Хайрлашдик.

Лола ва Оймомо бизни зўр қувонч билан кутиб олишди. Оймомо Онамни қучоқларкан, ҳазиллашди:

– Шаҳарлик бўлиб кетиб, Боғдонни ҳам унутиб юбордингиз, Саодат ойим.

– Ўлибманми, Оймомо, – Онамнинг буғдойранг юзлари тонгда қуёшнинг илк нурлари тушган лоладек порлади. У камдан-кам ҳолларда бундай яшнаб кетарди.

Шу онда мен унинг мунг ўтириб қолган мунис кўзларидан келин бўлиб тушган уйини беҳад соғинганини илғадим. Ўша тотли кечмиш, отам, бобом, момоларим кўз олдидан ўтаётганини, уларни, у эркин замонларни қўмсаётганини сездим.

Ювиниб, артиниб супага ўтирдик. Оймомо билан Лола тергига оқ чинни косаларда қайнатма шўрва ва сўнг оқ чинни лаганда каклик эти олиб келишди. Емоқ олдидан Онам:

– Уйимиз ҳам Сизлардек очилиб кетибди, асал қизларим! – деб севинди. – Ҳамма ёққа файз кирибди. Қани, доим шундай бўлса! Қани, доим чироғимиз ёниб турса!

Онам яна Отамни эслади. Мен буни ички бир сезги билан сездим. Унинг кўзлари ёшга тўлди. Армонли ёшга.

Емоқдан кейин ҳам анчагача гурунглашдик. Қалбларимиз яйради.

Қуюқ тунда Ойнур ва мен “Ўрол”да Оймомони уйига қўйиб қайтдик.

44

Эрта тонгда Арслон чўпон ўз қутили мотоциклида бир тандир нон, оқ қўй ва қовун-тарвузлар билан етиб келди. Қўлларини совунлаб ювиб, қўйни сўйди. Икки кўчма темир ўчоққа қозонлар осилди.

Таклифга биноан ўтириш[26]га Оқилбек уста[27](бахши), Қарши мўйлов, Саттор сўфи, Ғазна бахши, Норгул момо, Хумор опа каби ўн беш киши келишди. Табиб билан Оймомо маърака бошида туришди. Худди Аҳмат Оқсақол давридагидек тепада бир муддат ҳаёт қайнади. Онам қулоғимга ўксик оҳангда шивирлади:

– Супада отанг билан бобонг ҳам ўтиришгандек туюлаяпти менга, ўғлим!

Маъракадан сўнг Ойнурнинг сўзи билан Онам Лочин табибга олтин соат, Оймомога олтин узук ва бир сидрадан қимматбаҳо кийим-бош совға этди. Оймомо:

– Йўқ, қўйинглар, ўргулайлар, бизни уялтирманглар, – деб қаршилик қилди.

Лочин табиб оёғини қаттиқ тираб олди:

– Ўзи энг ёмон кўрганим шу. Ҳамма нарса беминнат бўлса, ота-бола бўлиб қоламиз.

– Қўлимизни қайтарманг, табиб, – деди Онам, – ахир, бу совға.

Ойнур Онамнинг сўзини қувватлади:

– Совғани ҳеч ким қайтармайди. Ҳатто шохлар ҳам. Бу кўнгил иши.

Лочин табибнинг юзида иккиланишга ўхшаш ўзгариш пайдо бўлди. Оймомо ҳам ўйланиб қолди.

– Сиз сабабли, Лочин оға, мудҳиш дарддан халос бўлдим, – деди Лола. – Бу Сиздан менга бир умрлик эсдалик. Бунинг олдида бу совға нима деган нарса? Чақа ҳаммас.

Ойнур Лочин табиб билан Оймомони қучиб, ушбу гапни айтди:

– Соат ё узукка кўзларингиз тушган онларда бизларни ҳам эслаб қўйишларингизни истаймиз.

Қип-қизариб кетишди.

Олишди.

Бозор куни ҳам эр-хотин билан тун ярмигача бирга бўлдик.

Тонгда бизни Учқулочга кузатиб қўйишди.

45

Беш кундан кейин “эгизаклар” Тошкентга кетишлари, у ерда бир-икки кун бўлиб, Чимкентга ўтишлари керак эди. Шунгача Лола бизнинг кулбада яшашни маъқул топди. Мен унинг кичикфеъл қиз эканини ва эркин, содда, осуда ҳаётни ёқтиришини туйдим. Онам ҳам уни Ойнурдек ёқтириб қолган эдики, мен бундан севиндим.

Нонуштани кетга сурдик. Онам шошиб ишга кетди. Ойнур таътилга чиқиш учун идорага ёнди. Лола мендан қўққис сўради:

– Эврил, “Қалин дафтар”ни катакдан олишни унутмадингми?

– Унутмадим, Лола опа.

– Янгиси...

Лола сўзини тугатишга улгурмади. Мен супа ёнида турган “Ўрол”га югурдим ва унинг юкхонасини шошиб очдим. “Правда” газетасига ўралган янги дафтар йўқ эди.

– Ўғирлашибдими? – Лола ортимдан чопиб келди.

– Ҳа.

– Билувдим... Ҳечқиси йўқ, Эврил. Қайтага яхши бўлди, иркит “Иш”дан қутулдинг. Эскисини ҳозироқ яшир. Энди унга бир сўз ёзма. Уқдингми?

– Ҳа.

– Бекит, мен супада пойлоқчилик қилиб тураман.

– Хўп, – уни тақиқланган китоблар турган ерга – ертўлага яширдим.

46

Онамнинг кўнгли сезган экан. Қизларнинг Бошкентга жўнашларига бир кун қолганда (1953 йилда) ерликлар билан келгиндилар ўртасида қонли тўқнашув юз берди.

Бунинг сабаби қуйидагича:

Келгинди хотинлар орқа томони тоққа тақалган дўкон[28]да Олтиной отли кампирни навбатидан сиқиб чиқарадилар:

– После нас, ишачка!

Кампир ҳам уларга заҳарини сочади:

– Сассиқ чўчқалар! Мен ўз навбатимда турибман. Сенларнинг мендан ортиқ ерларинг йўқ!

– Ванючка! Ўзингдан кетма! Кимлигингни бил!

Хотинлар Олтинойни дўппослайдилар. Унинг оғзи-бурнидан қон келади. У йиқилади.

Халқ “Фалокат оёқ остида”, деб бежиз айтмаган. Айни шу дамда биз (Лола, мен) чой, шакар, колбаса олгали магазинга боргандик. Теграни қоронғилик тумани қуршаётган эди. Қони қайноқ Лола ўзини тутиб туролмади.

– Тўхтанглар! – дея рус тилида чинқирди. – Бас қилинглар! Ўлдириб қўясизлар!

Бақалоқ, семиз, сигир эмчак бир хотин сумкаси билан Лоланинг бошига урди:

– Заткнись сучка! Ни тебе нас учить!!!

Қутурган тўда баттар қутурди. Ҳушсиз кампирни тепа бошлади. Лола жон-жаҳди-ла улуғ рус шовинизми руҳи билан суғорилган телба тўдани ёриб, суриб, уни қутқазишга ошиқди. Эчкидай озғин, эчкибашара, қошсиз (қоши ўрнига бўёқ суртилган) хотин эчкидай маъраган овозда туҳмат уруғини сочди:

– Манави танноз ювиндининг тарафини олаяпти, миллатчи, русга қўл кўтаряпти.

Издан чиққан машъум тўда айюҳаннос солди:

– Ур манжалақини!

– Ур қанжиқни!

– Ур жалабни!

Лола туҳмат, таҳқир, калтак остида қолди. Бироқ чекинмади. Юз-боши қонга беланган, кўйлаги йиртилган ҳолда бор кучи билан кампирга кўмакка интилди.

Жанжалга кўчадан ўтиб-қайтаётган йўловчилар (ерликлар ва келгиндилар) қўшилдилар. Кўз олдимда жанжал улғайиб борди.

Урушга айланди.

Ваҳший оломон Лолани суриб чиқарди. Худди денгиздан пўртана суриб чиқарган медуза мисол. Мен вақтни бой бермай унинг қўлидан маҳкам тутдим. У силтаниб чиқмоқчи бўлди. Чиқолмади. Бор кучим билан уни уй сари тортдим. Йўқ, тўғриси, судрадим. Судрашга мажбур бўлдим. Қоронғиликка шўнғиганимизда милиция ҳуштаги чириллади.

Менинг чамамда, ерликлар келгиндилардан ўн мартача оз эди. Улар ерликларни тутдек тўкишаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Қочмаганимизда биз ҳам аянчли аҳволда қолардик.

Лола алам, ғазаб, нафратдан йиғлади.

Хўрланган кампирни ўйлаб йиғлади.

Ерпарчин бўлаётган кишиларни ўйлаб йиғлади.

Қўлидан ҳеч иш келмаганига йиғлади.

Онам уни бағрига босиб, сочларини силаб овутишга уринди:

– Тинчланинг, қизим!

Тинчланинг, оппоғим!

Анчагача овутолмади.

Мен пақир ва тоғорага илиқ сув ҳозирладим. Онамнинг қистови билан Лола тўрт томони ҳам бўз билан тўқилган ҳовли бурчагида чўмилиб, кийимларини алмаштириб олди.

Онам билан Лола ухлаш учун уйга киришди. Мен супада ётдим. Лекин ухлолмадим. Онам билан Лолага сездирмай жанжални кузатиш учун томга чиқдим. Гўё Учқулочда ҳеч нима юз бермагандек, ой, юлдузлар жимгина нур сочмоқда. Аммо ҳамон дўкон атрофи нотинч. Қутурган оломон тўфони сусайган, бақириқ-чақириқ, дод-вой, сўкишлар пасайган эди.

– Яхшиям, Ойнур Самарқанд[29]га кетган, – дедим ичимда. – У бобоси Эрхон ботирдек ноҳаққа чидолмасди, савашга қўшилиб кетарди. Ана унда оқибати ёмон бўларди.

Оқибати...

Оқибати...

Оқибатини аниқ тасаввур қилолмасам ҳам, бундан не учундир даҳшатга тушдим. Не учун? Билмайман, аниқ сабабини билмайман. Менинг ўй, қўрқув қуршовида “инграётган” юрагим гўё ёмон бир хавфни сезаётгандек эди. Қандоқ хавф?.. Қандоқ хавф? Билмайман. Тун салқин бўлишига қарамай, ҳаммаёғимни тер босди.

Шу он менга довонда (тоғ тепасида) улкан бир ёруғлик пайдо бўлгандек туюлди. Мен шошиб бошимни кўтардим. Адашмабман. Одатда бундай буюк ёруғлик вулқон отилаётганда юзага келади. Лекин мен еру кўкни ларзага солгувчи ўкирикни эшитмадим. “Демак, бу вулқонмас, – деб ўйладим. – Бу ёнғин”.

Бироқ бир пасдан сўнг янглишганимни сездим. Тоғдан сон-саноқсиз отлиқ сон-саноқсиз машъала билан қутурган оломон сари қутуриб қуйила бошлади. Уларнинг қўлларидаги болта, белкурак, ов милтиқлари дам аниқ, дам хира кўринаётир.

Отлиқлар дўконга телба селдай яқинлашаркан, энг олдда, қорабайирда қуюн каби учиб келаётган отлиқ қамчи ўйнатароқ қичқирди:

– Ур! Қонга-қон! Жонга-жон! Ур!!!

Отлиқларнинг ҳайқириқлари тунни титратди:

– Ур!

– Аяма!!

– Ур-а-ур!!!

Келгиндилар оний олишувдан сўнг жунбушга келган қасоскор кучга бас келолмасликларини билдилар:

Тоққа қочдилар.

Йиқилиб, сурилиб, сочилиб қочдилар.

Довдираб, додлаб, вой-войлаб қочдилар.

Бу пайтда тонг ёришаётган эди.

Тоғда қиёмат қўпди...

Тушга қолмай Фориш, Жиззах, Самарқанд ва Тошкентдан машина-машина миршаблар етиб келишди. Улар исёнчиларга баллонлардан аччиқ газлар (нафас йўлини бўғувчи, кўзни ачиштириб, ёшлантирувчи) сочароқ, автоматларда порохли ўқлар отароқ уруш майдонини ҳалқага олишга киришдилар.

Айни шу чоқда Ойнур Самарқанд–Фориш–Учқулоч автобусида Олтинконга келиб тушди. Мен унга дўконда кечган воқеани айтдим. Унинг ғамли, ҳорғин юзлари қор тусига кирди. У қўрқув ва аламдан титради. Дарҳол Лолани (жомадони билан) мажбуран “Ўрол” қутисига ўтқазди.

– Ҳали вақт бор, – деди у қўрқувга ғарқ овозда қалтираб, – улгурамиз. Ҳозир, ҳозироқ, милиция савашни бостириш билан овора пайтда сен бу ердан эсон-омон кетиб олишинг керак. Эсон-омон! Тушунаяпсанми, Лола, азизим!

Ойнурнинг сўз, ҳаракатлари шундай қатъий, кескин эдики, Лола унга индамай итоат этди. Мен “Ўрол”нинг орқа ўриндиғига ўтирдим. Ойнур мотоциклни тўғри Қизилқум саҳроси сари ҳайди.

Ўттиз дақиқа кечмай, Учқулочдан бир неча чақирим этакдаги қумтепалар оралаб кетган йўлга чиқдик.

47

У замонда Орол[30]заволга юз тутмаган, Ҳайдаркўл вужудга келмаган эди. Бу сувсиз, қумли сўқоқ Форишнинг “Ильич” совхозига қўшни Чимкент вилоятининг Чордарасига элтади.

Уч соатча чамаси мудҳиш ўйлар исканжасида бир он ҳам йўлдан кўз узмай, йўловчи машина кутдик. Ойнур Лола билан мендан кўра ҳам қаттиқ ташвишга тушди:

– Машина уруғи қуриб кетганми?

– Кўп ҳам қайғураверма, Ойнур. Менинг ҳеч қандай айбим йўқ. Ҳимоясиз кампирга кўмак бермоқчи бўлдим. Аммо буни ҳам эплолмадим. Қайтага ўзим калтак, таҳқир остида қолдим.

– Туҳмат нималигини биласанми, Лола?

Юз минглаб одам туҳмат билан қамоқда ўтирибди.

Юз минглаб одам туҳмат билан отилган...

Фитрат, Чўлпон, Қодирий...

Сон-саноқсиз...

Сени бир ўзинг...

Улар кўп.

Сенинг гапинг ўтмайди.

Соғ-саломат кетиб ол, Лола.

Мен ич-ичимдан Ойнурнинг сўзи тўғрилигини ҳис этдим.

Бирон-бир машина кўринармикан деган умидда улкан қизил барханга чиқдик. Йўқ. Кун ёнаётир. Шошганимиздан сув олмабмиз. Чанқадик. Ойнур бизни чалғитиш учунми, ташландиқдай кўринган сўқоқни мақтади:

– Бундай пайтда бундан яхши йўл йўқ. Қумтепалар кўчиб юрса ҳам, бу хавфсиз, тинч йўл.

Унинг эсига бир нима тушдими, йўлга қараганча ўйланиб қолди. Хийладан кейин ўкинч билан деди:

– Бу йўл ҳам ғанимат...

– Нимага, Ойнур? – ҳайрон бўлиб сўради Лола.

– Ўтган кузда академик Ҳабиб Абдулла Учқулочга келганда, бу ерларда ҳам бўлган, Лола. Ўшанда у ўз шогирд[31]ларига ушбу сўзларни айтган: “Пахтага эҳтиёж йил сайин ўсиб бораяпти. Бу талабни Москва Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳисобига қондиришни, пахта планини олти миллион тоннага етказишни режалаштираяпти.

Олти миллион тонна!..

Бу, шубҳасиз, буюк ютуқ.

Бу – дунёда рекорд кўрсаткич.

Лекин?

Лекин бунга биринчи галда сув зарур бўлади.

Жайхун суви.

Сайхун суви.

Яна ўнлаб сув омборлари...

Бироқ?

Бироқ, менимча, бундан бошқа муаммолар келиб чиқади.

Биринчи:

Орол муаммоси.

Сабаб:

Ўз ўзанларида азалдан оқиб келаётган дарёлар (Жайхун, Сайхун) Орол денгизига оқмайди.

Пахтага оқади.

Орол ҳоли не кечади?

Иккинчи:

Қизилқумдаги юзлаб овуллар, очилмаган конлар сув остида қолади.

Миллионлаб қўйлар, туялар ўтлоқсиз қолади.

Сабаб:

Пахтани қондирган оқава сувлар Арнасойга оқади, Арнасойдан Чордарага оқади, Чордарадан Қизилқумга оқади[32].

Учинчи:

Экология бузилади.

Тўртинчи:

Пахтадан ер чарчаган.

Мен Москва бу масалада ақл билан иш тутар деб умид қиламан”.

– Бунга ишонгим келмайди.

– Ўзбек тупроғида пахтадан бошқа нарса экилаяптими?

Лола Ойнурга жавоб беролмай жим қолди.

Сукунатда вақт кечди.

Ниҳоят узоқда чанг-тўзон кўтарилди. Буни қизларга кўрсатдим. Ойнур севинганидан сакраб-сакраб чапак чалди. Тепадан сўқоққа эндик. Йўл ўртасига “Ўрол”ни қўйдик. Ўзимиз унинг икки ёнида турдик. Ўн дақиқа кечар-кечмас устига юк ортилган “Зил” қаршимизга келиб тўхтади. Чанг-тўзон ичида қолдик. Уст-бошимиз қумга тўлди.

– Тинштиқпа? – қозоқ ҳайдовчи кабина эшигини очиб, бошини чиқарди ва “эгизаклар”га қараб, ҳайрону лол қолди. Мен унинг юз-кўзидан: “Тушимми, ўнгимми?” деган ифодани ўқидим.

– Йўлни тўсганимиз учун узр, оға, – Ойнур унга мулойим боқди, – Чордарага кетаяпсизми?

– Жўқ, Жамбулға.

– Шу қизни Чимкентгача олиб кетолмайсизми? –Ойнур ҳайдовчига Лолани кўрсатди.

– Сиймайди, кабинада экиқабат қатиним бор.

– Олағўй, Сакен, ол, сўйлесип кетемиз, – кабинанинг ўнг эшиги ҳам очилди. Ундан ўрта ёшли хотин бир-биридан ажратиб бўлмас ҳурилиқоларга худди бир мўъжиза кўрган каби ажабланиб, суқланиб тикилди. Кейин меҳрли овозда Лолани ўз ёнига чорлади:

– Келағўй, қариндасим, келағўй.

Ойнур билан Лола гўё мангуга айрилишаётгандек, бир-бирини қайта-қайта бағрига босиб, ўпиб хайрлашди.

Унсиз йиғлаб хайрлашди.

Ўксиб йиғлаб хайрлашди.

Бундан менинг ҳам жигар-бағрим хун бўлди. Кўзларим ёшга тўлди.

– Лола, азизим, таътилга чиқишимга ҳужжатларим тахт десам ҳам бўлади. Тангри насиб этса, уч-тўрт кунда Чимкентда юз кўришамиз.

Ойнур ўз сўзларига ўзи ишонмаётгандай эди. Балки мен янглишаётгандирман? Ҳар нарсани Тангри билгувчи.

Лола “ЗИЛ”га чиқаркан, Ойнур:

– Балки сен билан бирга Ленинградга ҳам борарман, – деди армонга қотилган хўрсиниқ овозда. – Ленинградни кўрсам, Рим, Париж, Лўндўнларни кўргандай бўламан, Лола. Оқ тунларда гўзал Нива қирғоқларида сайр қилиш қанчалар ёқимли! Агар сен вақт тополсанг, Болтиқ денгизида, елканли кемада Пушкин ўқиган лицейга ҳам бирга борамиз.

– О, албатта, Ойнур, меҳрибоним!

Бу қалб сўзларидан қизларга бениҳоя ҳавасим келди.

Мен ютиндим.

Беихтиёр кўнглимдан ушбу фикр кечди: “Қани мен ҳам Ойнур, Лолалар билан бирга ўша гўзал ерларни кезсам!..”

“ЗИЛ” кучаниб силжиди. У кўздан ўчмагунча турган еримиздан жилмадик. Ойнур енгил нафас олди. Бироқ мен унинг кўзлари тубида қандайдир ғулғула борлигини, у буни яширишга уринаётганини сездим. Ўзимнинг ҳам кўнглим нотинч эди.

48

Агарчи Лолани эсон-омон кузатиб қўйсак ҳам, бундан бениҳоя севинсак ҳам, нима учундир кўнлимиз ғаш эди. Шунга Учқулочга оёғимиз тортмаган ҳолда, руҳсиз бир алпозда қайтдик.

– Мен чарчадим, – Ойнур “Ўрол”ни ҳовлимизнинг қуёш тегмас бурчагига қўйди. – Қаттиқ чарчадим, Эврил. Ҳозир ётоққа бораману алли-балли ювинаман-да, ухлашга ётаман.

– Бизникида қолақолинг, Ойнур опа.

– Кийимларимни алмаштираман-да, Эврил, – у истар-истамас ташқарига йўналди.

Бу чоғда уруш энди бостирилган, ҳар икки томондан ҳам одам ўлган эди.

Анча одам...

Яна ярадорлар...

Сони номаълум.

Ўликларни ҳам, мажруҳларни ҳам “ҳид”ларини чиқаришмасдан, тезлик билан, яширин тарзда олиб кетишди.

Қаёққа?

Билмадим.

Эл билмади.

Дунё билмади.

Бу воқеа менинг кўз ўнгимда кечди.

Уруш шафқатсиз бостирилган ондан ўлароқ Тузум турланувчилари уни: “Тўполончилар тўқнашуви” деб атай бошладилар.

Ой катилаётган ушбу тунда супада ўтирарканмиз, Ойнурнинг пуштиранг дудоқлари сезилар-сезилмас очилди ва эшитилар-эшитилмас овозда деди:

– Дунёни алдаш учун Москва бу “атама”ни тўқиган.

Бу пайтда Онам уйқуда эди. Мен паст товушда Ойнурга дедим:

– Мағзини чақолмадим.

– Москва ўзи юритаётган сиёсатга қарши бормайди. Мана, Бош Йўриқдан бир мисол: “Совет Бирлигида барча миллат тенг, тинч-тотув, фаровон яшаяпти. Бу дўстликни дунёда ҳеч ким ва ҳеч қандай куч бузолмайди.

Дўстлигимиз абадий”.

Ойнурнинг фикри тўғри чиқди. Учқулоч қонли тўқнашувига СССРдаги барча оммавий ахборот воситалари кўз юмди. Уни кўриб кўрмасликка олди, эшитиб эшитмасликка олди.

Лекин?

Лекин мутлақо яширин тарзда иш кўришди.

Зимдан.

Мутлақо зимдан.

Бу Москванинг мутлақо махфий топшириғи эди.

Аммо, шунга қарамай, Учқулоч конига яқинда бошлиқ бўлиб келган Сокол (яҳудий) ерликларга ён босди. Учқулочда кечган нуфузли йиғинда у:

– Маҳаллий аҳолида айб йўқ, – деб очиқ айтди.

Бундан Ойнур беҳад севинди. Онам билан мен ҳам.

Миш-мишларча Сокол КПССнинг энг суянган тоғларидан бири: Суслов (яҳудий)нинг қариндоши эмиш.

– Соколнинг орқаси мустаҳкам бўлмаганда, у бу гапни айтмасди, – деди Ойнур Онамга.

49

Савашдан бир кун ўтгач, кечқурун ўша ўрис бола яна кулбамизга келди. Уйда бир ўзим эдим. У менга тиржайиб боқароқ буйруқсимон оҳангда деди:

– Тун чўкканда қудуқ бошига эн!

Мен унинг каламушга бенгзаш ювуқсиз башарасига тупургим келди. Бироқ ўзимни тийдим. У оч кўзларини лўқ қилиб, сарғайиб кетган кир тишларини кўрсатиб, иршайиб тураверди:

– Жўна! – дедим титраб.

У менинг гапимга парво қилмай, деди:

– Эсингдан чиқмасин!

Мен иркитни ўлгудек дўппослагим келди. Лекин Тельмандан қўрқдим.

– Йўқол, исқирт! – дея тишимни тишимга қўйдим.

У “думи”ни қисиб, жўнаб қолди.

Кутилаётган ой ҳали чиқмаган эди. Ҳар эҳтимолга қарши Бекнинг кумуш сопли пичоғини қини билан чилвирда белимга боғладим. Қўлимга “Қалин дафтар”ни олдим. Айтилган ерга бордим ва иркит болага дуч келдим. У менга ёвузона қараб, тўнғиллади:

– Орқамдан юр.

– Қаерга?

– Учқулоч ота[33]гўрига.

Қўрқдим. Оёқларимни қалтироқ босди.

– Бормайман.

– Қуёнюрак!

– Башарангни бузиб қўяман, каламуш! – мен уни хиппа бўғдим.

– Тегма! – қоронғидан Тельманнинг овози эшитилди.

Мен иркитни бўшатдим. У ўтириб қолди. Шу зум Тельман “лип” этиб ўртамизда пайдо бўлди. Ўрис бола ўзига келди. Қалқди. Ва кутилмаганда жағимга мушт туширди. Мен унга жавоб қайтаролмадим. Тельман мени тутди. Аламдан тишларим сингудай қирчиради. Тельман атайлаб ўрис боланинг кўкрагидан итарди:

– Ўч!

Ўчди.

– Бу ерда эркин гаплашолмаймиз, йўловчилар... – у гапини тугатмади, мени тоққа бошлади.

Кундузлари ҳам одам уруғи анқо Учқулоч ота қабрига ўрладик. Атрофи тошлар билан ўралган мозор. Бироқ у деярли йиқиқ ҳолда. Вақт уни шу ҳолга солган.

Ҳисобсиз, шафқатсиз вақт.

Оқ, кўк, қизил... латталар боғланган чирик таёқлар ҳар тарафда сочилиб ётибди.

Учқулоч ота ким? Унинг оти нима? У қачон яшаб ўтган? Буни ҳеч ким билмайди. Тарих ҳам.

Бужур тошларга юзма-юз ўтирдик. Ярим ой, юлдузлар ёғду сочади. Қизилқумдан салқин эпкин келади. Тельманга сездирмай (кўйлагимнинг устидан) пичоқни тез-тез ушлаб қўяман. Қўрқувдан юрагим титрайди.

“Қалин дафтар”ни Тельманга бердим. Иткўз билан Тегирмончи воқеасини айтдим. Унинг кўзлари ваҳшиёна чақнади, юзлари асабий буришди.

– Ўғирлашди, дегин?! Аминмисан?

– Ҳа. Бу дафтарда икковининг ҳам имзоси бор.

– Бўлди, тушундим, – у гапимни кесди. Жим қолди. Кейин нимадир дейиш учун оғзини очди. Лекин, негадир, қайта юмди. Қўққис тўппончасини олди. Фаҳмимча, отишгамас, қўрқитишга. Шундай эсада мени титроқ босди.

– Майли, кет, – деди у. – Кетавер. Сенам ўзингга етганча экансан.

Мен ваҳм қуршовида пастга эна бошладим. Қўққис у тўппончасини шақиллатди.

– Тўхта!

Унинг ёввойи ҳайвондек хириллаган овози гўё ўққа айланди, елкамни тешиб ўтди. Оёқларим майишди. Тошга қоқилдим. Йиқилдим. Қўрқувданми, оғриқданми, билмайман, инградим.

Тельман енгил, эпчил одам эди. Бир-икки сакраб олдимга энди. Мени турғазди.

– Раҳмат, – дедим.

– Иштонингни ҳўллаб қўймадингми, ишқилиб? – дея хо-холаб кулди.

Менга унинг сўзи ҳам, кулгиси ҳам гўрдек совуқ туюлди. У томдан тош тушгандек, кутилмаганда мени саволга тутди:

– Ҳа, айтгандай, кеча шомда сени Ойнур билан бирга магазинда кўргандек бўлдимми?

Юрагим бир бало-қазони сезгандек “шув” этди. Мен ўзимни ўнглаб ва фикримни жамлаб олиш учун Тельманга сир бермасликка тиришдим. Атайлаб чап тиззамни чангалладим:

– Вой-вой!

– Юрагам бор экан-да сенда.

Агарчи Тельманнинг “ўқи” нишонга тегса ҳам, бизни дўконда кўрганига ишонмадим. Қолаверса, Ойнур бу пайтда Самарқандда эди. Пихини ёрган каззоб бизни тузоққа илинтирмиш учун пушкага олаяпти. “Шохи”да юравер, ялоқ!

– Ойнур опа билан дейсизми? – мен ўзимни босиб олиб, ўсмоқчилаб сўрадим ундан.

– Такрорлашни ёмон кўраман, болакай.

– Ўша куни Ойнур опам эрта тонгда Сокол билан бирга Самарқандга кетган. У ердан бир кундан сўнг, тушда Учқулочга қайтди.

– Қулоққа тепма!

– Текшириб кўринг, – дедим ишонч билан.

– Агар ёлғон сўйласанг, пешонангдан дарча очаман! – у тўппончани манглайимга тиради. Шундай қалтис, ҳалокатли онда, кутилмаганда миямни қуйидаги сўзлар забт этди: “Одам ўзини-ўзи тугал биладими? Менимча, йўқ. Балки эллик, нари борса олтмиш фоиз билар. Ҳозир, Тельман тепкини босса, тамом, мен мангу қоронғиликка юмалаб кетаман. Бироқ, бироқ мендаги қўрқув негадир бирдан чекинди. Нимага? Сабабини билмайман. Менда журъат туғилди. Қандай туғилди? Буни ҳам билмайман. Ҳатто Тельманни ўлдириш фикри ҳам бошимга келди. Ўлдирсам, бир туким ҳам “қилт” этмайди, виждоним ҳам азобланмайди, аксинча, лаззатланади. Очун ҳам бир ялтоқ, сотқиндан тозаланади”.

Менимча, шу сония менинг томирларимда қўрқув билмас бобом – Аҳмат Оқсақолнинг асов қони гупириб, қайнаётгандек эди. Тўппончани нари сурдим ва дедим:

– Мен чин сўзладим. Сиз билан бошқа гаплашмайман.

– Отаман!

Мен ўзимни бошқаролмай қолдим. Пичоғимни шарт суғурдим. Ва унга телба янглиғ ташландим:

– Сўяман!

– Ҳой-ҳой, болакай, ўпкангни бос! – Тельман бир сакраб ўзини четга олди. – Мен сен билан ҳазиллашдим. Сени синаб кўрмоқчи бўлдим.

Тельман каратэга ўхшаш жанг санъат турларини эгаллаган бўлиши мумкин. Чунки унинг “касби” шуни тақозо этади. Тан оламан: у мендан кучли ҳам эпчил. Шунга қарамай, у мен билан муросага келишни истади. Йўқ, буни мендан қўрққанидан қилмади. “Шу мишиқи биан тенг бўлмай” деган мақсадда қилди. Йўқ, ҳақиқатга яқини бу: Мени “Иш”латмоқчи...

“Онангни... ишлатасан!” дея сўкдим ичимда. Ва бир қадар шаштимдан тушдим. Уйга чопдим. Тельман Учқулоч ота қабри ёнида қабрдек қотиб қолди.

Аммо вақтинча...

Йўлда ўз-ўзидан дўстим эсимга тушди: “Бек, қадринг ўтаяпти, – оғир хўрсиндим. – Лола опам ҳам етиб боргандир? Бек билан бирга бизни эслаб, бизни ўйлаб ўтиришгандир?”

Қизлар Боғдонда ҳам, Учқулочда ҳам уни кўп эслашди:

“Ўрни билинаяпти”.

“Чингиз билан бирга бўлсак, қўрқувни билмаймиз”.

“Ундан зўр лашкарбоши чиқади”.

“Ўқиса”.

“Туртки керак”.

50

Уйда мени Онам билан Ойнур орзиқиб кутиб туришган экан. Икковининг ҳам юз-кўзларида бир хил ифода:

Хавотир,

Қўрқув,

Ташвиш.

– Қаерларда юрибсан, болам?

Онамни қўрқувга солмаслик учун алдадим:

– Бир дўстимникида тутилиб қолдим, Она.

– Бир оғиз айтиб кетсанг бўларди-ку, ўғлим.

– Кечиринг, Она.

Онам саҳарда ишга кетишини ўйлади: ухлаш учун ичкарига йўналди:

– Узр, болаларим, хайрли тун.

– Хайрли тун, Она, – деди меҳрли овозда Ойнур.

– Хайрли тун, Она, – дедим мен ҳам.

Ойнурга ҳамма гапни тугал айтдим.

У ўзи сезмаган ҳолда кўйлаги этагини ғижимлади. Ва ўйга ботди. Мен унинг муздек оқарган юзига ачиниб боқдим. Ўртага сукут чўкди. Шу зайлда сониялар кечди. Ойнурнинг хаёлини бўлмадим, бўлишга ботинмадим.

– Илоннинг ёғини ялаган одам... – деди Ойнур анчадан сўнг хазин овозда, – бошқа гал, тунда у билан ҳеч ёққа борма. Айниқса, овлоқ ерга. Алоқани уз. Энг оғир дамда ҳам ўз ғурурингни сақла. Одамни одам қилиб юрувчи нарса –

ҒУРУР.

Ойнур ухлаш учун қалқди. Лекин ниманидир ўйлаб, қайта ўтирди. У қонли тўқнашувдан сўнг ўз ётоғидан безган ва бизнинг кулбамизни макон айлаган эди. Нимага? Ғулғуладан. Ойнур кучли иродали, жасур қиз бўлса ҳам, юрагини қуршаб олган ғулғуладан қутулолмаётган эди. Бу ерда у онаму мен билан дардини ёзади.

– Эврил, биласан, бу тўқнашувда менинг қатра айбим йўқ. Лекин, негадир, исковичлар қадамимни пойлашаяпти. Балки, ҳозир уйимиз атрофида ҳам изғиб юришгандир?

– Йўғ-э! – мен сергак тортдим.

– КГБни иши шу-да:

Искаш,

Пойлаш,

Тузоқ қўйиш,

Туҳмат қилиш.

Лола дўкон ғавғосига аралашмаганда яхши бўларди-да, Эврил.

– Буни Сизга дахли йўқ, Ойнур опа. Минг текширсин, Сиз ҳақ бўлиб чиқасиз. Тангрига шукр, ўша куни Сиз Учқулочда эмасдингиз. Бу ҳақда етарли далил-асосларингиз бор.

– Инобатга олишармикан?

– Далил-асослар қаршисида ожиз қолишади. Сиз Сокол билан бирга вилоят миқёсидаги Тўплантига қатнашгансиз. Соколни биласиз: Москва билан гаплашади. Қолаверса, Йиғилишда рўйхатдан ҳам ўтгансиз. Балки сўзга ҳам чиққандирсиз?

– Ақлли дўстгинам! – Ойнур мени қучиб, юзларимдан ўпди. – Кўнглим ёришди, Эврил. Яхши тушлар кўриб ётгин, инигинам! – Ойнур ухлаш учун Онамнинг ёнига йўналди.

– Хайрли тун, Ойнур опа!

Мен ёзилмага чопиб бориб ташқарига қарадим. Аввал эшигимиз олдидан “шип-шип” қадам товушлари эшитилди. Кейин уч кас кўринди. Улардан бири Тельман эди.

51

Изқуварларнинг яширин таъқибларини ҳисобга олмаганда, икки кун тинч ўтди. Бу вақт орасида биз (Ойнур, мен) “Ўрол”да туман алоқа бўлимига бордик. Ойнур Лола билан қуюқ қўнишди. Сўнг Бек билан ҳам. У гап орасида қувончини ичига сиғдиролмай мақтанди:

– Мен Лола опам билан бирга Ленинградга кетаяпман.

– Бизларсиз-а? – телефонларга ишонч йўқлиги учун Ойнур унинг отини тилга олмади.

– Қачон келасизлар?

– Тангри насиб этса, беш-олти кун ичида.

– Кутамиз, Ойнур опа, орзиқиб кутамиз!

– Яхши қолинглар.

Агарчи улар билан ойдин қўнишсак ҳам, қайтарканмиз, руҳимиз сўна бошлади. Нимага? Таъқибдан. Бизни бир мотоцикл қувиб ўтди. У ҳамма ёқни чангитиб ( у замонларда Фориш йўлларига асфальт ётқизилмаган эди), уч юз қадамча илгарилагач, тезлигини пасайтирди. Чангга ботдик.

Гарчи мотоциклдагилар шлемларда бўлсалар ҳам, менга танишдек туюлди:

Дима,

Галя.

Ортимизда ҳам бир мотоцикл пайдо бўлди. Аммо қувиб ўтмади. Оралиқ сақлади. Боя алоқа бўлимига келаётганимизда ҳам деярли шундай оралиқ сақлаган эдилар.

Орқадаги касни мен “Паша” деб тахмин қилдим. Кўз ўнгимда одамсиз чўл, сийрак саксовулзор, вильс, уч узун ўрис гавдаланди:

Дима,

Галя,

Паша...

Нимагадир мен уларни: “Москва томонидан қўйилган исковичлар”, деган ўйга бордим.

52

Учинчи кун бошланди:

Ғавғо,

Туҳмат,

Айблов...

Қуёш нури ер юзига ёйилганда Дима, Паша, Галя ва Тельман Ойнурни “Маданият уйи”даги “махсус хона”га тортишди. Ва илиқ қарши олишди. Унга бу “илиқ”лик тагида чаён ўрмалаётгандек туюлди. Галина рўпарадаги қарға тус курсини назокат билан кўрсатди ва ўзбек тилида, мулойим овозда деди:

– Марҳабо, Ойнур хоним.

– Раҳмат, – у курсига омонат чўкди.

– Узр, Ойнур хоним, биз Сизнинг холис кўмагингизга муҳтожмиз. Шунга иш юзасидан Сизни бу ерга таклиф этдик. Бир-икки нарсага ойдинлик киритиб олсак, деймиз.

– Марҳамат, Галина хоним, – унинг ясама мулозаматига ясама мулозамат билан жавоб қайтарди Ойнур.

– Тоққа тақалган дўкон воқеасидан хабарингиз бордир-а, Ойнур хоним?

– Эшитдим.

– Эшитдим?! Балки, ғавғони ўз кўзингиз билан кўргандирсиз?

– Йўқ, у куни мен Самарқандда эдим, геологлар тўплантисида.

– Гувоҳлар бор, Ойнур хоним, балки улар янглишаётгандирлар?

Дима, Паша, Тельманлар Ойнурга яна ҳам теранроқ тикилишди. Гўё унинг кўзлари ичида бир “сир” бору, буни билиб олишадигандай.

– Жавобимни тағин қайтарайми? Мен Самарқандда, “Зарафшон” меҳмонхонасида тунадим. Тўплантида сўзга чиқдим. Автобусга олган чипталарим ҳам ўзимда. Давлатнинг ишонган одами, Олтинкон бошлиғи Сокол ҳам йиғилишда қатнашди. Буни текшириб кўришларингиз мумкин.

– Майли, Ойнур хоним, майли. Фақат ҳаяжонланманг. Бу соғлигингизга зиён. Биз Сизга ишонишни истаймиз... Тельман...

– Лаббай, Галина Игамовна.

– Чақир!

У бир пасда бир тўда ўрис хотинни бошлаб кирди. Аёллик назокат, ҳаёсидан узоқ, бақалоқ, семиз, сигир эмчак аёл ва қуриб қолган оғочни эслатувчи озғин, эчки башара, қошсиз хотин айюҳаннос солишди. Галина:

– Бақир-чақир қилманглар! – дея уларга атайлаб совуқ боқди ва сўнг буюрди: – Ўзларингни таништиринглар!

Бирин-кетин иккови ҳамм ўз исмларини айтишди:

– Маруся.

– Зина.

– Энди гапиринглар, фақат рост гапиринглар.

– Худди ўзи, ўша манжалақи, – у худди бир кашфиёт қилган касдек иршайди.

– Ҳа-ҳа, ўша қанжиқ, – у ёввойи махлуқдек ўринсиз тиржайди.

– Тилларингга эрк берманглар.

Бошқа хотинлар деярли қуюшқондан чиқмадилар: Маруся билан Зинани тасдиқладилар:

– Ўша!

– Ўша танноз!

Бақалоқ Маруся чўчқадек чийиллади:

– У кампирнинг тарафини олди!

Эчки башара Зина туҳматга ўтди:

– Миллатчилик қилди.

Дима луқма ташлади:

– Ўзбегининг тарафини олди. Шунинг ўзи миллатчилик эмасми? Рус аёлларини туртиб, итариб, кампирга кўмаклашди.

Маруся уни қувватлади:

– Кампир миллатчи.

Паша гапга аралашди:

– Сўкдими?

– Биз русларни: “Сассиқ чўчқалар!” деб таҳқирлади, – унинг юз-кўзида қора қувонч акс этди.

Ўрта бўйдан сал тикроқ, чўзинчоққа мойил юзлари қуёшда қорайган, ўйга қотилган зангор кўзлари кишини ўзига тортувчи ёш жувон тўдани ёриб, олдинга чиқди ва ўзини одоб билан таништирди:

– Менинг отим Марина, маълумотим олий, мен рус тили ва адабиёти ўқитувчисиман. Ғавғонинг ичида бўлдим. Таҳмат қилиш рус кишисига ярашмайди. Бу рус шаънини булғайди. Кампирда айб йўқ.

“После нас, Ишачка!” дея кампирни қатордан сиқиб чиқарган ким? Сен эмасми, Маруся?

– Сенсирамай гапир, олифта. Мен сенинг туғишган опанг эмасман.

– Гапни бўлманг, – Галя бақалоқни ёлғондакам жеркиди. Сўнг Маринага нохуш қараб, буюрди:

– Қулоғимиз Сизда.

Марина давом этди:

– Сени “Сиз” дейишга тилим бормайди. “Ванючка! Ўзингдан кетма! Кимлигингни бил!” дея дўконни бошига кўтарган ким? Сен эмасми, Зина?

Шундан кейин кампир: “Сассиқ чўчқалар!” деб сўкишга мажбур бўлди. Буни рус миллатига нима алоқаси бор? Сиёсий тус бераяпсан атайлаб. Унинг ўрнида бошқа бўлганда ҳам шундай қиларди. “Нима эксанг, шуни ўрасан”.

“Биз руслар...” деб урғу билан гапиришинг сенинг шовинисткалигингни, шантажисткалигингни кўрсатади. Бунга рус миллатининг дахли йўқ. Сен атайлаб Миллий низо уйғотиш учун миллатчилик уруғини сепдинг, Зина! Сен ҳам, Маруся! Сенлар оломонни жазавага келтирдиларинг. Қонли тўқнашувга айнан икковинг сабабчи бўлдиларинг!

– Туҳмат қилаяпсан, гадина! – Зина Маринага ёпишди. – Сотқин!..

– Илон! – Бақалоқ ҳам унга ташланди.

– Қаерда турганларингни билинглар. Чегарадан чиқманглар, – Дима, Паша, Тельманлар ўз хоҳишларига зид тарзда уларни ажратиб қўйдилар.

Марина воқеага аниқлик киритишда давом этди:

– Бу қизни айбситиш бутунлай ўринсиз, – у Ойнурни кўрсатди. – Бу қиз: “Тўхтанглар, ўлдириб қўясизлар!” деб бегуноҳ кампирни қутқазишга ошиқди, Сен эса Маруся: “Заткнись, сучка! Ни тебе нас учить!” дея чинқириб, сумканг билан унинг бошига урдинг. Тўғрими, мунофиқ?!

– Ёлғонни ямламай ютма, ялоқ! Ҳайф сенга рус номини олиб юриш!

– Ҳайф! – чийиллади Зина ҳам.

– Иккиюзламачилар! Русни тинч қўйинглар!

– Ҳайф!

Марина жазавага тушган бақалоққа ортиқ гапириш фойдасизлигини билди. Шу боис Антоновани саволга тутди:

– Оёқ остида топталаётган ёзуқсиз кампирга ёрдам қўлини чўзиш миллатчиликми, Галина Игамовна.

– Йўқ.

– Миллатчилик эмас, аксинча, бу одамийлик, бу инсоний бурч – Маринанинг фақат юз-кўзи эмас, ҳар бир сўзи ҳам аслзодалигидан далолат берарди. – Шунга “Мен кампирга ёрдам бердим”, дейишим ҳам балки унча тўғримасдир? Мен буни кўнглим истаги билан қилдим. Агар кампирнинг ўрнида негр, хитой бўлганда ҳам шундай қилардим.

Яна ўртага беш хотин чиқди. Кампирга кўмак берганини айтди. Маринанинг сўзини маъқуллади.

Ҳаммадан “Тушунтириш хати” олишди. Ойнурдан ҳам. Галя унга кесатиқ аралаш ўсмоқчилаб деди:

– Аммо, Ойнур хоним, Сизнинг тўқнашувда қатнашганингизни барча гувоҳлар тўла тасдиқлашди.

Бу сўз билан у Ойнурнинг кўнглига оғуга қотилган ғулғула солди. Бироқ Ойнур ўзини қандай нохушликлар кутса ҳам, ҳатто қандай мудҳишликлар кутса ҳам, “Бу менмас, Лола”, деёлмаслигини ҳис этди. У Лолага гард юқтиришни истамасди. Шу сабабли ғурурини топтамай, лекин ўзи сезмай синиқ овозда деди:

– Менга ишонмаяпсизми, Гулнора Эгамовна, энди мен Сизнинг вақтингизни олмай. Мени ортиқ қийнаманг, мен енгилдим.

– Шундай мағрур қиз-а! Дарров-а! Ишонгим келмайди. Ишонмайман.

Ойнур жавоб қайтаришни эп кўрмади.

– Сизга жабр қилиш истагим йўқ, Ойнур хоним. Биз адолат билан иш тутамиз. Самарқандни ҳам ўрганиб чиқамиз. Сиз хотиржам бўлинг, ҳозирча...

“Сиз хотиржам бўлинг, ҳозирча...” – кўнглидан ўтказди Ойнур Галинанинг олдидан чиққач. – Бу самимий тилакми? Ёки сўз ўйиними? Менинг сезгим алдамас: бу сўз ўйини. “Ҳозирча хотиржам бўлинг”, дегани. Ҳозирча... Кейин-чи? Кейин, балки, мени чўктирмоқчидир? Мен ўз ожизлигимни тан оламан: уларга қарши курашолмайман. Улар деганим:

ТУЗУМ,

СССР,

КПСС,

КГБ...

Бироқ мен, шунга қарамай, бу “ҳалқа”дан қутулишга уриниб кўраман. Фақат ўлим ҳалқаси бўлмаса, бас. Бунгача бормас... Бунгача бормас... Бунгача бормас...”

У бу сўзларни ўзи сезиб-сезмай тинсиз такрорлади.

Тинсиз.

Тинсиз.

53

Мен Ойнурни “Маданият уйи” қаршисида ўрис оғочлари кўланкасида кутиб олдим. Унинг юз-кўзларидаги чексиз дард, изтиробларни кўриб, ич-ичимдан эзилдим. Ихтиёрсиз бир тарзда Тангрига ёлвордим:

– Яратган Эгам! Ойнур опамдаги ғам-ташвиш, қўрқув-таҳликаларни менга ўтказ. Не жабру зулминг бўлса, уларни менинг бошимга сол!

Орадан узун-узун замонлар кечса ҳам, мен бу илтижони ҳамон такрорлаётгандайман:

Ҳамон.

Ҳамон...

Гўё орадан бир сония ҳам кечмагандай.

Бир сония ҳам...

Биз оғир сукунат исканжасида уйга кирдик. У ўзи сезмаган ҳолда, мунг-аламга ғарқ сасда бояги сўзни такрорларди:

– Бунгача бормас...

Агарчи мен бу сўзнинг мағзини чақишга улгурмасам ҳам, у менинг кўнглимда ёмон нохушлик уйғотди. Ундан юрагим зирқиради.

– Сизни хафа қилишдими, Ойнур опа? – деб сўрадим. Овозим ўзимга бўйсунмади: йиғламсираб сўзлаган кишининг овозидан чиқди.

– Йўқ, илиқ муносабатда бўлишди. Аммо, Эврил, уларга ишониб бўлмайди. Улар кулиб туриб жонингни олади.

Мен бир нарсадан қувондим: бир қанча рус аёли мени, яъни Лолани ёқлади.

– Ў! Зўр-ку, Ойнур опа!

– Бироқ, шунга қарамай, кўнглим ёришмаяпти.

– Нимага?

– Дималар Москвага хабар беришади. Қонли тўқнашувга кимнидир сабабчи қилиб кўрсатишади.

– Кимнидир... Бош сабабчи... – такрорладим мен беихтиёр.

– Ҳа, – деди Ойнур бўшашиб, – мен ўзи бир неча йилдан бери нишонда турибман...

– Ҳар нарсани ўзингизга олаверманг, Ойнур опа. Бу урушда Сизнинг айбингиз йўқ. У ўз-ўзидан аланга олди. Ўрисча айтганда, стихияли равишда. Москва туҳматга ишонавермас, ҳақиқат тагига етар.

– Эй ёш бола – ёш бола! Бир юз олтмиш беш миллион[34]кишининг ёстиғи нимадан қуриди?

Мен бу саволга жавоб беролмай, жим қолдим. Сўнг паст ва заиф овозда минғирладим:

– Ўрис хотинлар ҳам биз тарафда...

– Бас, Эврил! –Ойнур гапимни кесди, – бу тўғрида бошқа бош қотирмайлик. Бўлмаса, Ойнур опанг жинни бўпқолади.

– Тангри сақласин!

Бироқ Ойнурнинг ўзи ўз сўзига қарши ўлароқ яна гап бошлади:

– Таътилимни ҳам атайлаб чўзишяпти, Эврил. Энди менинг бор умидим Соколдан...

– Онам уни тўғри одам деб айтган.

– Шундай.

54

Уйимиз этагидаги Олтинкон идораси қаршисида тўхтадик.

– Сен уйга боравер, Эврил.

– Мен Сизни шу ерда кутаман, Ойнур опа.

– Ушланиб қолишим мумкин.

– Бир асрга бўлса ҳам кутаман.

У қарорим қатъийлигини сезди. Яна мен унга: “Энди ёнингиздан бир қадам ҳам жилмайман. Ақлим шундай деяпти. Кўнглим шундай деяпти”, дегим келди. Лекин уялдим.

Ойнур буни кўзимдан уқди. Менга мислсиз меҳр билан термилиб, манглайимдан ўпди. Ва буюк умид илинжида ичкарига йўналди. Мен унинг кўзларига ёш қалққанини кўрдим ва бундан ич-этим эзилди.

Ойнур Сокол (исми эсимда йўқ)нинг қабулидан тахминан бир соатдан кейин чиқди. Унинг юзи хиёл ёришгандай эди. Қўлида таътил қоғози ва пули. Гап-сўзсиз уйга бордик. Онам тушликка барак (буроқ) тугиб қўйган экан. Ювиниб-чайиндик. Кейин терги теграсига ўтирдик. Агарча Онам менинг наздимда хамир емоқлар тайёрлашда тенгсиз бўлса ҳам, чучварани иштаҳасиз едик. Бундан онам бироз оғринди:

– Ёқмадими, болаларим?

– Аксинча, Онажон, – деди Ойнур, – кейинроқ еймиз. Ўзимни негадир лоҳас сезяпман.

– Бироз мизғиб олинг, айланай, қизим. Кўринишингиз ҳам бир ҳолдай, паришонроқсиз...

– Чарчадим, Она, – Ойнур уйқу дори ичди. Сўнг менга буюрди:

– Эврил, “Ўрол”га бензин қуйдир. Яна захирага ҳам ол.

Унинг ҳорғин ва тушкун овозидан Онам сергак тортди:

– Бирон ерингиз оғримаяптими, гўзал қизим.

– Ўзимам билмайман, Онажон, – Ойнур кўзини юмди.

У Сокол билан кечган суҳбат ҳақида негадир оғиз очмади. Мен буни билишни жуда истаётсам ҳам, сўрашга ботинмадим. Энди, туйқус, бу топшириқ... Ҳайрон бўлдим. Онам менга саволомуз боқди. Мен елкамни сиқиб, сукут сақладим.

Топшириқни бажардим.

Онам ишга кетди.

Ойнур уйғонди.

– Сезаяпман, Эврил, сен Соколнинг фикрини билишни истаяпсан, – деди Ойнур юз-қўлини ювиб келгач. – У ҳам деярли иложсиз. Улкан одам билан телефонда гаплашибди. Улкан одам: “Тўқнашув ташкилотчисини топиш керак”, деган. Сокол унга воқеани бўёқсиз, лўнда баён этади: “Дўкон ғавғоси Улуғ рус шовинизми билан суғорилган бир тўп аёлнинг аҳмоқлиги сабабли бўлди. Маҳаллий аҳолида айб йўқ. Бу – рад этиб бўлмас ҳақиқат.

Ўзини осмон, ўзбекни ер ҳисоблаган у қутурган тўда бир гуноҳсиз кампирни (қозоқ кампир, эри ўзбек) таҳқирлайди. Ва ўлдиради.

Кампирни қутқаришга уринган талай ерлини ҳам йўқ қилади.

Марҳумларнинг қариндош-уруғлари бундан жунбушга келадилар. Тоғ одатига кўра, ўч олиш истагида куйиб-ёнадилар. Учқулочга энадилар.

Оқибат:

Тўқнашув...

Буни ерликлар уюштирмади. У ўрмонда ёнғин қандай пайдо бўлса, шундай вужудга келди. Қандайдир афсонавий ташкилотчини ўйлаб топиш адолатданми?”

“Уни шундай қолдириб бўлмайди. Яна бундай ҳол такрорланмаслиги учун бу зарур...”

“Унда урушга сабабчи бўлган шовинист хотинларни жазолаш лозим”.

“Сен кон бошлиғи сифатида нега бунга йўл қўйдинг?

Темир тартиб йўқ ерда,

Темир интизом йўқ ерда

Бузғунчилик юзага келади...

Бузилиш юзага келади...

Англадингми?

Ўйлаб иш тут!”

Кутилмаганда Ойнур менга қараб ўйланиб қолди. Лекин мени кўрмасди. Унинг хаёли ўзга бир оламда эди. У темир ҳалқадан қутулиш йўлини излаётгандай эди. Қандай? Билмадим. Шунда ногоҳ кўз олдимга асов отдек елишга шай турган “Ўрол” келди. Қаерга?

– Эврил, – туйқус ўйимни бўлди Ойнур. – Мен Соколнинг сўзини қандай эшитган бўлсам, сенга шундай айтдим. Улкан одам унга яна нималардир деган, у буни мендан сир тутди. Бу, албатта, менинг тахминим. Мен шуни англадимки, Сокол улкан одамнинг тагдор гапидан довдираб қолган. Шунга у:

Хавотирда.

Қўрқувда.

Сокол мен билан телефон симларини узиб қўйиб қўнишди.

Менинг фикримча, улкан одам уни атайлаб, масалан, қуйидаги сўзлар билан қўрқитиб қўйган: “Сен бетараф бўлмасанг, мен сени ҳимоя қилолмай қоламан”.

– Менинг фаҳмимча эса, Ойнур опа, улкан одам очиқдан-очиқ бундоқ деган: “Сен ерликларнинг тарафини олсанг, мен сени ҳимоя қилолмай қоламан”.

– Чинга шу яқин.

– Бу гапнинг тагида ҳам гап бор.

– Қандай?

– Улкан одам Соколни огоҳлантириш билан бирга ҳимоя ҳам қилган. Яъни унга: “Қутулиш йўли битта: аралашма”, деган.

– Тўғри фараз. Яҳудий эли – аҳил эл: энг оғир дамда ҳам бир-бирини ташлаб қўймайди. Биз бир-биримизни чўқилаш, чўктириш ўрнига яҳудийдан ибрат олсак бўларди. Баъзан ўзимни-ўзим саволга тутаман: “Биз инсонмизми ё роботмизми?”

Агар инсон бўлсак, ўз

ҒУРУР,

ОР-НОМУС,

ЎЗЛИГимизни

сақлаб яшашимиз керак.

Мисол:

Саккизинчи аср.

Араб юртимизни босди:

Ёзувимизни ўзгартирди.

Эътиқодимизни ўзгартирди.

Тарихимизни ўзгартирди.

Урф-одатимизни ўзгартирди.

Исмимизни ўзгартирди.

Шаънимизни булғади.

Бор-будимизни талади.

Арабга кўникиб бордик.

Бу даҳшатлар ичида энг даҳшатли ҳол!

Ўзлигимизга қарши нарсага кўникиш – ўзлигимизни емириш демакдир.

Нега зулмга қарши бир бутун бўлиб курашмадик?

Қўрқдик.

Ички сотқинлар ҳам тўғаноқ бўлди.

Яна мисол:

Ўн тўққизинчи аср.

Янги босқинчи ҳам айни (араб сиёсатини) шуни такрорлади.

Айни шуни.

Унга қўшимча равишда у миллатимиз томирини чопди:

Миллатимиз номини (турклигимизни) ўзгартирди.

Бу ҳам даҳшатлар ичида энг даҳшатли ҳол.

Яна жиммиз.

Яна ички сотқинлар қутургандан қутуриб боряпти.

Қачон ғанимга ўз сўзимизни айтамиз?!

Араб ё ўрис элларига менниг ғайирлигим йўқ.

Мен дин ниқобига ўралган миллатчиларни ёмон кўраман.

Мен интернационал қиёфасида юрган шовинистларни ёмон кўраман.

Мен жудаям ЭҲТИЁТКОР Ойнурнинг мунчалар очилганини сира кўрмагандим. Бу журъатни қаердан олди у?

Туҳмат,

Ҳақсизлик,

Зўравонлик

уни шу даражага олиб келдими ё?

– Кон бошқони менга таътил қоғозини КГБдан яширинча ҳозирлаганини сездим, Эврил.

Менинг ўйим шамолда сомон соврилгандек соврилди.

– Қандай, Ойнур опа? – ажабландим мен.

– Сокол: “Иложини қилолсангиз, Ойнур, ёнғиндан тез узоқлашинг...” деди.

– Сезгингиз алдаган, Ойнур опа, бу гапдан шу хулоса чиқади. Яна, адашмасам, унда: “Эҳтиёт бўлинг, кузатувдасиз”, деган ишора ҳам бор.

– Худди шундай, Эврил, – Ойнур яна менга тикилиб, ўйга толди. Афтидан, ниманидир режалаштираётгандек эди. Шу он қўққис мана бу сўз миямга игнадек санчилди:

“Қочиш!

Ёнғиндан қочиш!

Балки... балки... – тилим айланмай қолди, – балки:

Қамоқдан қочишдир?

Ўлимдан қочишдир?”

– КГБ Боғдонда ўтказган маъракамизга ҳам сиёсий тус берган, – бир неча дақиқадан сўнг Ойнур чувалаётган ўйимни тўзғитиб, гапини улади. – Гўё мен қонли тўқнашувга олдиндан тайёргарлик кўрганмишман. Маъракага қатнашганларни ҳам элакдан ўтказармиш.

Бу ёмон туҳмат, Эврил.

Мислсиз ёмон туҳмат!..

Мен даҳшатга тушдим. Оёғимнинг остидан бошланган титроқ тиззамга ўрлади. Баданимни муз тер босди.

– Бу... бу... ни ҳам кон... кон... бош... бош... лиғи айтдими, Ой-Ой-Ойнур опа? – мен ўз овозимни ўзим танимадим, овозим узиқ-юлуқ, бўғиқ, қалтираб чиқди. Бу қўрқув “маҳсули” эканини ҳис этарканман, ўзимдан-ўзим ғижиндим. Ойнурга далда бериш ўрнига, унинг “яра”сига туз сепаяпман. Жин урсин мени!

– Ҳа, – дея жавоб қайтарди у ҳорғин, синиқ, аммо мағрур овозда. – Ҳа, айтгандай, Иткўз билан Тегирмончи ҳам изсиз йўқолганмиш.

– Бу – яхши хабар.

У маъюс ерга қаради. Унинг юз-кўзларида бўртиб турган қайғу, алам, нафрат ҳуснига зарра путур етказмаганини туйдим. Билъакс, гўзаллигига яна ҳам гўзаллик қўшаётгандек туюлди менга.

– Қўрқма, Эврил, инигинам. Мен тақдиримда борини кўраман, Тангри буюрганини кўраман, – у ўзи сезмаган ҳолда кўзларини юмди. Унинг тиниқ ёшлари ўртача зич, ўртача узун киприкларидан сизиб ўтиб, синиққан юзларига марвариддай юмалаб оқди.

Мен унга кўмак беролмаганимдан, кўмак беришга илож-имконим йўқлигидан ўкиндим. Шунда ўзимга боғлиқ бўлмаган бир куч (сирли кучми, билмадим) таъсирида Тангрига ёлвордим:

“Яратган Эгам!

Ойнур опамни ўз паноҳингда асра!

Туҳматдан асра!

Қамоқдан асра!

Ўлимдан асра!

Очунда не ёмонлик бўлса, баридан асра!”

Ойнур қўнғироқгулли қўлрўмолчаси билан кўз ёшларини артди. У менинг илтижоларимни уқдими ё ўзичами, менга тубсиз меҳр билан боқди. Майин, гулдан ҳам майин жилмайди. Шунда, гўё қора булутларни ёриб ой чиққандек бўлди. Унинг рангпар чеҳрасидаги ожизлик белгилари ҳам булутлар мисол чекинди. У мардона бир сасда шу сўзларни айтди:

– Мен ҳар нарсага чидашим мумкин.

Мен ҳар нарсани енгишим мумкин.

Мен бўрон, довул, тўфонларга бардош беришим мумкин.

Лекин ҳалокатга элтувчи

Ёлғонга,

Туҳматга,

Адолатсизликка

чидолмайман, уларни енгиб ўтолмайман, уларга бардош беролмайман.

Қон, йиринг, ёлғон, туҳмат, ҳаромларга қотилган бу тузумдан ҳали ҳеч ким қочиб қутулмаган.

Бунга Фитрат, Чўлпон, Қодирийлар мисол.

Бунга миллион-миллион мустақил фикрли кишилар мисол.

Менимча, ҳозир Ойнурнинг томирларида улуғ бобоси Эрхон ботирнинг асов қони уйғонди ва мислсиз ҳақсизликка қарши лавадек туғён урди. Шунга у кўнглининг туб-тубида кўмилиб ётган ҳақиқатни айтди. Тўғрироғи, ҳақиқат ўзига бўйсунмаган ҳолда юрагидан вулқон янглиғ отилиб чиқди. Менинг сезгимча, энди Ойнур ваҳм чегарасидан ўтди.

Ҳар қандай нарсанинг чегараси бўлганидек, қўрқувнинг ҳам чегараси бор. Одам шу чегарадан ўтдими, ундаги қўрқув туйғуси йўқолади. Ойнурда ҳам шу ҳол юз берди. Шу туфайли у юрагини ёрди.

Мени яна титроқ босди. Буни унга сездирмаслик учун:

– КГБ улкан одам измидамасми? – деб сўрадим.

– Измида... Бироқ Сталин КГБга чексиз имтиёз бериб юборган. Унинг миллионлардан тузилган “армия”сидан улкан одамнинг ўзи ҳам сесканади, деб ўйлайман. Улкан одам минг улкан бўлса ҳам, ёлғиз... Ҳатто Сталиндек ваҳший диктаторнинг ўзи ҳам: “Давлат тўнтариши қилмасин”, дея юрагини ҳовучлаб юрган. Шунга у КГБ масъуллари орасига одам қўйган, одам устига одам қўйган.

Халқ орасида мана бу гап бежиз тарқамаган: “Қирув машинаси...”

Ойнур тағин ўйлар ўрамига ўралди.

Овозимизни ёзиб олмаслиги учун радиони сал баландлатиб қўйгандик. Унда ҳар кунгидек СССР ва дунё янгиликларини, шу билан бирга, Англияда ишсизлик, Америкада ирқчилик авж олаётгани ҳақида эски гапларини сақичдек чайнади. Сўнг, одатдагидек, миллион, балки миллиард марта айтган гапини такрорлади: “СССРда барча миллат, элат тенг, тинч-тотув, фаровон яшаяпти. Бу дўстлигимизни дунёда ҳеч ким ва ҳеч қандай Куч бузолмайди!..”

Энди унинг сохта, сафсаталигини нафақат СССР эллари, балки дунё халқлари ҳам билиб қолган эдики, бундан Ойнурнинг энсаси қотди. У истеҳзоли кулди:

– Нечоғлик ёлғон! – деди Ойнур беқиёс нафрат билан. – нечоғлик жирканч!

Бу сўз таъсирида мен “уҳ” тортдим ва оғир хўрсиндим.

Ўртани яна сукунат қуршади. Ойнур ўйлади, узоқ ўйлади. Охири ёрилди:

– Менинг бу сўзимни ёдингда тут. Агар мен... мен... мабодо дунёдан ўтгудек бўлсам... бир ёруғ замонлар келса, бу сўзимни эсла... бу сўзимни амалга ошириш учун кураш, элимиз билан бига кураш. Бир бутун Туркистон учун кураш! Унутма, уни қулоғингга маҳкам қуйиб ол, миянгга яшир. Бу, аслида, менинг эмас, онамнинг сўзи: “Туркистоннинг бир туғишган туб эллари ўз аслига – турклигига қайтишлари, бир бутун турк ўлароқ бир Турк байроғи остида яшашлари лозим. Шунда тарихий ҳақиқат тикланади.

Агар, бошда бунинг иложи бўлмаса, то иложи бўлгунга қадар:

Иқтисодий,

Ҳарбий,

Пул,

Тарих,

Адабиёт...

Бирлиги учун курашмоқ керак.

Аста-секин БИР ЁЗУВ ва яхлит МИЛЛИЙ БИРЛИКка эришиш лозим. Уқдингми, иним?

– Ҳа.

– Бу ҳаводек зарур.

Энди радио ГДРни кўкка кўтармоқда, ФРГни ерга урмоқда эди.

– Эврил.

– Ҳа, – мен Ойнурнинг бунчалик очилиб кетганидан ҳали ўзимга келолмаган эдим.

– Энди мен сенинг юқоридаги саволинг тагига етдим, – Ойнур ўзи сезмаган ҳолда ўнг қўли билан ўнг қулоғимнинг учини оҳиста-оҳиста силади. – Ҳа, тўғри, КГБ улкан одам измида, аммо ундан ҳам улкан бир шахс бор. КГБ сохта ҳужжат билан унга мурожаат этса, тамом... У ўйлаб-нетиб ўтирмайди, буюради:

“УБРАТЬ!..”

Бундай ҳолда Улкан одам Соколни ҳимоя қилолмай қолади.

Қолаверса, КГБ бошлиғи Улкан одамдан ҳам, Улкан шахсдан ҳам сўрамаслиги, ўзича мустақил иш кўриши мумкин. Унга шундай кафолат берилган. Инсон тақдирини ҳал этиш учун унинг бир сўзи кифоя:

“ОЛ!”

Сокол кетди,

Ойнур кетди...

Яна...

Яна...

Яна...

Саноғига етиб бўлмайди...

Қамамайди. Қамаса, гап кўпаяди. Чет эллар айюҳаннос солади: “СССРнинг миси чиқди...”

Ҳақиқат ер юзига ёйилади: “СССРда барча миллат, элат тенг, тинч-тотув, тўкис яшаяпти”, деган сохта ғоя қиппакка чиқади. Яхшиси, ими-жимида... Кир ўғри-каззобларга тўнкарилади.

Ойнур қордан-да оқарди.

Ногоҳ менинг кўнглимдан бундай фикр кечди: “Ўзининг сўзи ўзига ўқ бўлиб тегади”.

Шунда Ойнурнинг сўзи шилимшиқ қуртдек миямга ёпишиб олди: “Кир ўғри-каззобларга тўнкарилади...”

Сўнг бу сўз заҳар ўлароқ борлиғимга ёйилди.

“Наҳот шу даражага борса?!” деб сўрадим ўзимдан-ўзим.

“Тузум ўзини сақлаб қолиш учун ҳар қандай тубанликдан қайтмайди”, деб жавоб қайтарди ичимда ўзга бир “ўзим”.

“Сокол кетмайди... – қулоғимга шивирлади яна бошқа бир Эврил, – Улкан одам олдини олиб қўйган...”

Миямни момақалдироқлару чақмоқларга қотилган булутлар қуршади. Шунда-вужуд-вужудимни титратароқ бир овоз нидо қилди: “Ойнур ўт ичида!”

Қўрқувга тўлган бу овоздан мен қутурган ит қопган кимсадек талвасага тушдим. Овоз эса бошимдаги қора булутларни ёрароқ у машъум сўзни қайтарди: “Ойнур ўт ичида!”

Уни ҳайдашга қанча тиришмай ҳайдолмадим. У баттар қаттиқ бонг урарди: “Ойнур ўт ичида!”

– Эврил, чучварани ейлик, сўнг мен кетаман.

– “Кетаман”... Қаерга? – миямдаги булут сийраклашди.

– Чимкентга.

– Нега?.. Нимада?..

– Ўзингни қўлга ол, Эврил.

– Хўп... Ойнур опа... Хўп...

– “Ўрол”да... Лола кетган йўлдан... Ҳамма тушлик қилаётган пайтда...

– Мен ҳам Сиз билан...

– Йўқ! – гапимни кесди. – Асло! Бу жуда хавфли.

– Ўлимга бўлса ҳам Сиз билан бирга кетаман!

У мени аҳдимдан қайтаролмаслигини сезса ҳам, қайтаришга уринди:

– Сен ҳам боласан... Тушун...

– Қиёмат қўпса ҳам...

– Бўлди, Эврил, – Ойнур мени гапиришга қўймади, – Онамиз...

У бўшашди.

Миям тиниқлашди. У булутлар тарқади. Вақт зиқ. Онамга ушбу сўзни ёздим:

“Она!

Мендан хотиржам бўлинг.

Ўғлингиз”.

– Эврил, ўтинаман, тағин бир марта ўйлаб кўргин, – ёлворди Ойнур. – Бу – қалтис! Жуда ҳам қалтис! Сен... Сен... – унинг кўзлари ёшга тўлди. – Сен... инигинам... замонлар кечиб, бу ноҳақликларни ёзишингни истайман. Мени қийнама, Сен ёшсан, жуда ёшсан ҳали... Мен сени...

Агарчи у сўзини давом эттиролмаса ҳам, мен уни англадим: “Мен сенинг уволингга қолмайин, инигинам!”

– Ойнур опа, мен тирик эканман, Сизни ёлғиз юбормайман! – дедим ўпкам тўлиб, – юборолмайман! Мени тушунинг опа, опажоним!

Мен йиғладим. Ҳиқ-ҳиқ йиғладим.

– Бўлди-бўлди, тайёрланайлик.

Ойнур қаҳваранг спорт формасини кийди. Узук, билакузук, сирға ва кийим-кечакларини бир энлик хат билан Онамга қолдирди:

“Она, мендан Сизга хотира”.

Хўрлигим келди.

Тағин йиғладим.

Ойнур мени жеркиди:

– Мунча кўнглинг бўш, Эврил? Ўғил бола деган тошдек қаттиқ бўлади. Ўзингни тут! Ҳали курашамиз!

Ойнур ўзининг сўзидан ўзи руҳланди:

Жилмайди.

Менинг ҳам кўнглим ёришди.

Чучвара едик.

Бу дамда радиода Рус-Олмон (ГДР) дўстлигига бағишланган классик мусиқавий эшиттирув охирламоқда эди. Ўз ўй, гап-сўз, ташвишлар билан бўлиб Чайковский, Глинка, Таривбердиев (Тангрибердиев), Бетховен, Сальереларни ўтказиб юборибмиз.

Моцарт симфонияси қалбимизни сеҳрлаб, ўзига тортди. Мен мусиқани тушунмаганимга, унинг номини билмадим. Аммо у юрагимни ўртади:

Мунгли мусиқа.

Кишини ўзга бир оламга етакловчи ўта мунгли мусиқа.

– Уни одам боласи яратганига ишонгим келмайди, – деди Ойнур.

У таъсирланди.

Жуда қаттиқ таъсирланди.

Ва беқиёс ҳаяжон ичра деди:

– Бу илоҳий мусиқа!

Бу “Ўлим симфонияси!..”

Бирдан унинг юз-кўзига қайғу-ғам тошди.

– Нега бу дамда? – ўзи-ўзига пичирлади Ойнур, – нега айни бу дамда?

Тасодифми?

Тасодиф!

Тасодиф!

Минг йилда бир учрайдиган тасодифми?

55

Йўлга егулик ва бир кўза сув олдик. Ойнур менга буюрди:

– Эврил, сен то саҳрогача рулда бўл.

– Мендек нўноқ ҳайдовчига ишонасизми, Ойнур опа?

– Ҳа, – у “Ўрол” қутисига бекинди. – Вазият шуни тақозо этади. Ҳайда!

– КГБ лайчалари обед ҳам қилмай, бизни пана-пастқамларда пойлаётган бўлишлари ҳам мумкин, Ойнур опа.

Ойнур КГБни чалғитиш учун мана бу фикрни айтди:

– Қозоқовулга ҳайда! Ўта зийраклик билан... Секин...

Мен Учқулочдан икки чақиримча нарида: Шарқу Ғарб томонда жойлашган Қозоқовулга ҳайдадим.

Чағир тошли йўл.

Кимсасиз.

Кун ёнмоқда.

Ойнурга ачиндим:

“Шўрлик опагинам!

Терга, чангга ботиб, ғужанак бўлиб ётибди.

Зўрға нафас олаяпти.

Не кунларга қолди-я!”

Бир неча дақиқада Қозоқовулга етдик. Бу ерда замон ҳам, макон ҳам тўхтаб қолган. У минг йил ўнжа қандай бўлса, шундай турибди. Ўсиш, ўзгариш уни четлаб ўтган.

Электр нури, сув қувури, газ йўқ.

Бир туп оғоч, бир туп кўкат йўқ.

Бутун бошли овул бир қудуқдан туя кўмагида мешда сув тортиб ичади.

Тезак ёқади.

Пала-партиш қурилган ертўласимон бошпаналар, чирик ўтовлар аро бир кўча, девор, тўсиқ (решотка) йўқ. Ҳаммаёқ очиқ-сочиқ, қаровсиз, файзсиз, ивирсиган. Бу ҳол одам кўнглида нохушлик ҳам мунг уйғотади.

Шунинг таъсирими, жонимизни ҳовучлаб қочаётганимизга қарамай, миямга бир фикр келди: “Оврўпа, Америкада илм-фан гуллаб-яшнаётганда, бу ерда тош аср...”

– Изимизда ҳеч ким йўқми, Эврил? – бўғилган, бўғриққан, бироз асабий овозда сўради Ойнур.

Мен яқин-йироқни, бутун атрофни синчиклаб кўздан кечирдим. Бир тирик жон кўринмайди. Жазирамадан итлар ҳам оҳак кўрмаган ибтидоий кулбаларнинг калта-култа кўланкаларида тилларини осилтирган, ҳаллослаган ва ҳатто ҳуришга ҳам мажолсиз ҳолда сулайиб ётибдилар. Буни Ойнурга айтдим.

– Саҳрога ҳайда! – буюрди у. – Тез ҳайда. Қозоқистон ерига ўтиб олсак, марра бизники.

Лолани кузатган еримизга: қип-қизариб ёнаётган саҳрога эсон-омон етиб келдик. Ойнур ҳаллослаб “қути”дан чиқди. Уст-боши ҳўл, чанг, юзидан қора тер оқмоқда. Кўзани кўтариб сув ичди. Мен ҳам ичдим.

Сўнг Ойнур жон-жаҳди билан “Ўрол”ни Чордара сари ҳайдади. У худди тирик нарсадай бўғиқ чинқириб, қумтепалар аро учди. Ойнур толғин овозда мендан сўради:

– Эврил, сен туш таъбирини биласанми?

– Йўқ, Ойнур опа.

– Э афсус... Мен тонготарда туш кўрибман. “Ўрол”да шу Қизилқум оралаб қочаяпман. КГБ қуваяпти. Етай деганда, Тангрига ёлворибман:

“Яратган Эгам!

Менга кўмак бер, мени бу балодан қутқар!”

Шунда, Тангри қудрати билан “Ўрол” учоққа айланибди.

Мен тубсиз осмонга учиб кетибман...

– Ҳар қалай қутулибсиз, Ойнур опа, бу яхши-да.

– Тилингга бол, инигинам! Демак, бу сенингча, яхши туш-да?

– Шундай, Ойнур опа.

Сўлиган гул суғорилса, яшнайди.

Менинг сўзимдан Ойнур шу чечак мисол яшнади.

– Қачон бўлмасин, бир бошга бир ўлим бор, Эврил. Лекин... лекин бир иш қилмай ўлиш оғир, ёш ўлиш оғир! Уйдан чиққанимиздан бери, нимага, билмайман, Эврил, Лассалнинг мана бу сўзи бошимда ўқтин-ўқтин айланаяпти: “Гуллаб турган чоғингда, битмас қувват, енгилмас кучга тўлиб-тошганингда ҳалок бўлиш қўрқинчли”.

– Туҳматдан ўлиш яна ҳам оғир, Ойнур опа.

– Ишқилиб, Худо бизни бунлай ўлимдан асрасин! – унинг гўзал елкалари титради.

– Тангри хоҳласа, Ойнур опа, қозоқ ерига соғ-саломат етиб оламиз.

Агарчи мен бу гапни Ойнурнинг кўнгли учун айтмасам ҳам, ўзим бунга ишонмаётгандай эдим. Нега? Сабабини билмайман. Менимча, очунда энг ёмон нарса одамнинг ўзига-ўзи инонмаслиги.

Айрим онларда инсон сезгиси ақлдан ҳам устун келади. Бироқ шундай дамлар ҳам бўладики, киши ўз сезгисига бир ишониб, бир ишонмай ҳам қолади. Ҳозир мен шундай бир ҳолатда, аниғи, мавҳум бир ҳолатда эдим.

– Аммо, Эврил, мотор панд берадиганга ўхшайди, – хаёлимни бўлди Ойнур, – қизияпти.

– Йўл тоза... Совутиб олайлик.

– Бунга камида йигирма дақиқа вақт кетади, – куюнди Ойнур.

– Бошқа иложимиз ҳам йўқ-да, Ойнур опа.

– Эҳ!!! – асабийлашди у. – Омадим қайтган кўринади. Бир йўловчи машина ҳам учрамаяпти. Чимкентгача олтин сўраса ҳам берардим.

– Сабрли бўлайлик, Ойнур опа.

Менинг гапим унинг ғашига тегди. У қовоғини уйди. Газни босди. Бироқ узоқ юролмадик. “Ўрол” тутаб кетди. Ноилож тўхтадик. Ойнур мотоциклдан зардали бир алпозда тушди. Мен ҳам “қути”дан қалқдим.

Икковимиз ҳам қора тер ва чангга ботгандик. У тердан жиққа ҳўл ва кир бўлган сочиғи билан юзи, бўйни, билакларини артди. Сўнг қақшаган асаби ақлига бўйсунмай қолди, шекилли, бирдан жазавага тушди, телбадай бақириб, ер муштлаб қарғади:

– Ер ютсин тузумни!

Ер ютсин КГБни!

Мен Ойнурни ҳали бу даражада қаҳрли, аянчли, ожиз ҳолда кўрмагандим. Шу сабабли унга тасалли беришга ҳам ботинмадим. У ҳўнграб йиғлаб юборди. Бундан менинг юрак-бағрим қон бўлди. Борлиғимни зўр хавотир қуршади. Ваҳм васвасасида шошиб изимизга қарадим. Олис-олисларда ҳам чанг-тўзон кўринмайди. Йўл, тегра, Саҳро

Тинч,

Сокит.

Борлиқ ҳовур чангалида,

Борлиқ ёнаётир.

“Тангрига шукр! – дедим ичимда, – сезмабди. Сезганда аллақачон етиб оларди. Уларнинг мотоциклларига алоҳида, кучайтирилган моторлар ўрнатилган. Машиналарига ҳам. Шундай деб эшитганман”.

Орадан қанча вақт кечди, билмадим. Ойнур юрагини бўшатиб олди. Мотор ҳам совугандай эди. Йўлда давом этдик. Мен унга ўйимни айтдим.

– Ишонгим келмайди, – деди у “Ўрол”ни қизиб кетишидан қўрққанича ўртача тезликда ҳайдаркан, – кўнглим ғаш, чидаб бўлмас даражада ғаш.

– Менимча, Ойнур опа, Сиз ўзингизга-ўзингиз ишонмаяпсиз. Ўрислар буни “само внушение”, дейдими? КГБ саҳродан кетганимизни сезмаган.

– Илоҳо, сен айтгандай бўлсин, иним.

– Чордарага яқинлашаяпмиз-а, Ойнур опа?

– “Ильич” совхозига дегин. Ундан у ёғи бир қадам.

– У кўринмаяптик-ку.

– Чуқурликда, барханлар орасида.

– Иложи бўлса, уни четлаб ўтайлик.

– Нимага?

– Ҳар эҳтимолга қарши.

– КГБ тузоқ қўйган деб ўйлайсанми?

– Эҳтиёт бўлганимиз маъқул.

– Тўғри, лекин четлаб ўтолмаймиз, қумга ботиб қоламиз. Бензин ўлгур ҳам тугаяпти. Боя совутганимизда қуйиб олмабмиз-да. “Шошганда лаббай топилмайди”, деб бежиз айтишмаскан.

– Ҳозир ҳам кечмас, Ойнур опа.

– Ҳар лаҳза ғанимат, Эврил.

– Аммо иложсизмиз.

У зарда билан “Ўрол”ни силатб тўхтатди. Мен бензин бакка ошиғич бензин қуйдим.

– Юрак ўйноқилигим қолмаяпти, Эврил, – Ойнур “Ўрол”ни катта тезликда ҳайдади.

– Ўзимизни идора этолсак, Ойнур опа, ҳаммаси яхши бўлади. Ана, “Ильич” ҳам кўринди.

– Агар мотор қизимаганда, ҳозир Чордарада, отамнинг Ўролбой деган танишиникида ўтирган бўлардик. Минг лаънат! Тақдир мендан юз ўгирмаяптимикан, Эврил?

– Сизга шундай туюлаяпти, Ойнур опа. Қаттиқ ўй, ташвиш, изтироб одамни йўлдан оздиради, ҳатто васвасага солиб қўяди. Сиз менга: “Ҳар қандай вазиятда ҳам ўзингни бошқара бил”, деб ўгит қилгансиз-ку, Ойнур опа.

– Бўлди, бас! – қичқирди Ойнур. – Ҳар нарсани юзимга солаверма!

– Мени кечиринг, Ойнур опа, – унинг ҳолатини тушундим.

“Ильич”ни шамолдай тез ва гап-сўзсиз босиб ўтдик. Анча юрганимиздан сўнг Чордара кўринди. Ойнур енгил “Уф!” тортди.

– Кўнглингни оғритганимга мени кечир, инигинам, – дея меҳр билан сочларимни тўзғитди. – Мен жинни бўлиб қолаяпман. Ичимга ҳеч нарса сиғмаяпти.

– Мен Сиздан хафа бўлмадим, Ойнур опа. Сизни тушунаман. Сизнинг ўрнингизда метин иродали одам бўлганда ҳам...

– Одамни уялтирма, – Ойнур мени гапиртирмади.

Мен, негадир шу чоқ унга: “Сиз мен учун азиз инсонсиз!” дейишни истадим. Лекин андиша қилдим. Балки ички ғурурим йўл қўймагандир. Қайдам.

– Кўз олдимга дам ота-онам, дам Лола, дам Боғдон кечалари келаяпти. Ҳозир Лола билан Бек бизни кутиб ўтиришгандир? Мен Лолани қанчалар яхши кўраман, биласанми, Эврил?

– Биламан, Ойнур опа, биламан.

– Мотор яна қизияпти, Эврил.

– Тўхтатайлик.

– Бир чақиримча қолганда-я! – Ойнурнинг ёриша бошлаган юзи тағин тундлашди. – Ишқилиб, бир фалокат юз бермаса, гўргайди, Эврил.

– Етиб келдик-ку, Ойнур опа.

– Совигунча ярим соат кечади, – у “Ўрол”ни йўл четига тўхтатди, – яёв кетамиз!

– Майли, Ойнур опа.

“Ўрол”дан тез тушдик. Чордара сари чопдик. Гап-сўз билан бўлиб, ортимизга ҳам қарамабмиз. Ойнур кутилмаганда “Ильич” ёққа ўгириларкан, аждарҳони кўрган касдек чинқириб юборди. Ва қумга қоқилиб йиқилди.

Мен ваҳшат ичра ортимга қарадим: яшин тезлигида бизга яқинлашаётган икки тўзонни кўрдим. Юрагим орқамга тортиб кетди.

Мен қалт-қалт қалтирароқ Ойнурни турғаздим. Бекинишга бир пана ер йўқ. Ҳаммаёқ қум, адоқсиз саҳро: қонтус Қизилқум. Фақат олдинга югуриш мумкин. Олдинда сувсиз сой – кенг, қуруқ ўзан, тепаликда Чордара.

Жон-жаҳдимиз билан чопдик. Бироқ, не кўргуликки, икки тўзон ичра икки қутили мотоцикл кўринди. Шунда, шундай ҳолатда Ойнурнинг ғуссали сўзи қалбимни парчалаб ўтди: “Тақдир мендан юз ўгирди, иним!”

Ойнурнинг юзлари қув ўчган, лекин кўзлари тузоққа тушган арслоннинг кўзларидек беқиёс нафрат билан ёнарди. Тавба! Энди бу ўтли нигоҳларга қўрқув, иккиланиш ёт эди. Билъакс, у ёвуз ёв билан юзма-юз олишиш истагида порларди. Шунга мен ҳам руҳландим. Бироқ бизда ҳатто пичоқ ҳам йўқ. Қандай олишамиз?

“Агар менда тўппонча бўлганда, – деб ўйладим ўзимча, – ҳеч иккиланмай исковичларни отиб ташлардим. Ўзим ўлсам ҳам, Ойнурни қутқазиб қолардим. Аттанг, йўқ!”

Ўз ўйимиз ўрамида қадимий ўзанга чопиб эндик. Чордарага уч юз қадамча қолди. Ўзандан у кўринмайди. Юксакда.

Уч юз қадам!..

Бизга у гўё уч минг чақиримдек, ҳатто ундан-да узоқдек туюлади. Қанча тез югурмайлик, “махсус мотоцикллар” бизни қувиб ўтди ва йўлимизни тўсди. Улардан бошдан-оёқ қора кийинган, қора ниқобли уч кас тапир-тупир тушди. Учовининг ҳам қўлида тўппонча. Мен уларнинг Дима, Паша, Галя эканликларига шубҳа қилмадим. Бу ифодани Ойнурнинг кўзида ҳам кўрдим. Агарчи бизда қурол бўлмаса ҳам, биз бир сиқим-бир сиқим қум билан курашга шай турдик.

Зумда исковичлар бизни ўраб олишди. Хатта-ҳаракатидан Галяга ўхшаши Ойнурга юзма-юз борди. Шу он Ойнур кутилмаган тезликда унга қум сочди. У жонҳолатда кўзларини чангаллади. Махсус тайёргарликдан ўтганига қарамай, чинқириб юборди:

– Гадина!..

Мен вақтни бой бермай, тўппончани олиш учун унга ташландим. Бироқ узунлардан бири бунга имкон бермади. Менинг оёғимга тепди. Мен юзтубан йиқилдим. Қалқаётганимда Ойнур Галядан тўппончани юлиб олди. Аммо отишга улгурмади. Иккинчи узун, афтидан Дима унинг бошига қўндоқ билан урди. У чопилган ниҳолдек чайқалиб қулади. Мен: “Ойнур опа!!!” дея чинқириб, унга кўмакка отилдим. Лекин Паша менинг жағимга мушт туширди ва кўкрагимга тепди. Мен тўрт-беш қадам нарига учиб кетдим. У бунга ҳам қаноат этмай, энсамга тепди.

Мен ўзимга келганимда, қонранг қуёш олис барханлар ортига чўккан, уфқда қон денгизи вужудга келган эди. Гандираклаб турдим. Ойнур йўқ. Кимдир қулоғимга шивирлади:

– Ойнурни қонга бўяб олиб кетишди.

– Ким, кимлар?

– КГБ.

– Қаёққа?

– Борса-келмасга...

Бирдан сергак тортдим. Теграга боқдим. Бир кас йўқ. Мен қўрқиб ўзимни-ўзим саволга тутдим:

– Ким билан гаплашдим?

– Мен билан, – деди ўша “Кимдир”.

– Сен кимсан?

– Мен сенман.

Мен даҳшатга тушдим:

–Ақлдан оздим!!!

Ўзимга-ўзим ишонмай, сочимни чангаллаб тортдим. Оғриди, кўзимдан ёш чиқди. Туйдим.

– Эсинг жойида, – яна шивирлади ўша кас.

– Сен қаердасан?

– Ичингдаман...

Сароблар товланаётган саҳро, шохлари синиб, қуриб ётган саксовулзор кўз олдимда намоён бўлди. Туш чоғи эди. Гапдан гап чиқиб, мен Ойнурдан сўрадим:

– Ойнур опа, айрим дамларда одам ўзи билан ўзи...

– Сен буни менга тегинтириб айтаяпсанми, Эврил? –у гапимни бўлди. – Бундай ҳол ҳар кимда ҳам бўлиши мумкин. Киши ноҳақ босим остида қолганда, қаттиқ изтироб чекканда, фалокатга йўлиққанда... делилик ҳолатига тушади. Ўзи билан ўзи гаплашади, ўзини-ўзи эзади, овутади, ўзидан-ўзи ғазабланади, “оҳ” чекади... Чунки одамнинг ичида ҳам “Одам” бор. Масалан, менинг ичимда ҳам “Ойнур”лар бор, сенинг ичингда ҳам “Эврил”лар бор...

Мен ўзимни қўлга олдим. Шунда, оний тезликда бўлиб ўтган фожиа бутун ваҳшати билан кўз олдимда жонланди:

Уч дажжол,

Қонга қорилган,

Ҳушидан айрилган

Ойнур.

Ана, уни “Ўрол” қутисига тиқишди.

Ана, очунни чанг-тўзонга булғаб қочишди.

Қаерга?

Борса-келмасга...

Опажоним!

Менинг азиз опажоним!

Не кунларга қолдингиз?

Не ёзуғингиз учун?

Ўксиб йиғладим...

56

Эллик саккиз йил кечди.

Ҳамон у саволни ўзимга бераман:

– Не ёзуғи учун?

Ҳамон пинҳон йиғлайман...

2012 йил,

Чирчиқ.

Туганма

“Юртни мунофиқ бузади.

Ўз сўзида турмаган ўша”...

Зардушт.

Қоронғи тушаётганда ботқоқда бораётган киши каби оёғимни зўрға-зўрға кўтариб босиб, “Ўрол”ни қолдирган еримизга юрдим. Кўкрагим, жағу энсам оғрияпти. Бироқ бу оғриқ борлиғимни қуршаб олган ғаму алам олдида ҳолва...

Шошганимизда “Ўрол” қутисида Ойнурнинг тимсоҳ терисидан тикилган сумкачаси эсимиздан чиқиб қолибди. Хайрият, у жойида турибди. Паспорт ва пул ҳам. Хўрлигим келди. Йиғладим. Ўзимни босиб олганимдан кейин моторни ёқдим.

Тун қуюқлашаётганда Чордарага кириб бордим. Ўролбой оғанинг уйини суриштириб топдим. Унга ўзимни таништирдим ва сўнг бошимиздан не кечганини айтдим.

– Ўйбаёв-ўйбаёв! – унинг тўкис яшашидан далолат берувчи ранг-қути ўчди, ялпоқ юзи, қийиқ кўзига ғам-ташвиш ёйилди. У хотинига: “Қўноқни сийла”, деди ва ўзи шошилинч тарзда Тошкентга, Ойнурларнинг уйига бориш учун қаймоққа мойил тусдаги “Победа”сига ўтирди. Мен унга Ойнурнинг омонати[35]ни бердим. У жўнаб кетди.

Ўролбой оға эллик ёшлар чамасидаги, алп қоматли, салобатли, ўткир нигоҳли киши эди. Хотинининг қиёфаси ҳам эсда қолар даражада кўркам, қадди хушбичим, сўзи ўктам эди.

Мен тонгда “Чордара – Чимкент” автобусига чиқдим ва тушга қолмай қадим бобо юртим Чимкентга, Бодом дарёсининг сўл қирғоғидаги “Гулистон” маҳалласига етдим. Лола ва Бек мени ҳоқондек кутиб олишди. Мудҳиш кечинмани яширмадим. Лола ёнғинда қолган кимса мисол қорайиб кетди. Бек ҳам.

– Ойнур КГБ зиндонида, – деди Лола бир неча ондан кейин ўта мунгли ва тушкун оҳангда.

Бироқ мен унинг овозидан тўла ишончни туймадим.

Кейинроқ билдим: Ойнурнинг куйиб, кул бўлаётган ота-онаси ҳам қизларини “қамоқда” деб ўйлаганлар. Шунга қайта-қайта Тошкент КГБсига мурожаат этганлар. Бир дарак топишмагач, Москвага учганлар.

Бироқ...

Мен Чимкентга борганимдан бир кун ўтгач, кўнглига қил ҳам сиғмаётган Лола бизга бир тахлам уч сўмлик берди. Ўзи шошилинч Ленинградга учди.

Бек билан мен Чордарага қайтдик.

Лола Лев Гумилевдан кўмак ўтинади. У ва унинг обрўли танишлари Ойнурни излайдилар.

Бироқ...

Биз (Бек, мен) “Ўрол”да Қизилқум саҳросини остин-устин қилдик. Ойнурдан дарак топмадик. Фақат бир миш-миш ундан айро. Унинг тафсилоти шундай:

Бир чўпон тунда қўй боқиб юрганда, барханлар орасида улкан ўт кўрганмиш. У ловуллаб ёнганмиш. Сўнг мотоциклларнинг овозлари билан чироқлари тунни бузганмиш...

Биз у чўпонни тирик топмадик. “Лочин” овули оқсоқоли Кенгашбой бизга деди:

– Енгишни жин чалиб кетибди.

– Шунга ишонасизми?

– Бу азалдан бор нарса. Енгишнинг кўзига гулхан, гулхан атрофида жинлар кўринган. Удум бўйича, у буни ичида сақлаши керак эди.

Лекин...

Ажалда...

Ойнур ҳақида Тошкент оғиз очмади. Москва ҳам. Фақат “Фориш коммунаси” туман газетасида ушбу сўз босилди: “Ойнур отли геолог қизни бандитлар ўғирлаб кетишди”.

Эллик саккиз йил кечди.

Ҳамон Ойнурдан дарак йўқ.

Унинг ота-онаси дунёдан ўтди.

Лола Туркияга сингиб кетди...

Энди Сталин йўқ.

Ўттиз бир йил инсон қонини ичган, ўттиз бир йил Оқни “Қора” деб ёлғон сиёсат юритган, бузғунчи Сталин йўқ.

Энди (асар бошида қайд этганим) сохта “башорат” ҳам мунофиқнинг ўзи билан бирга гўрга кирган.

Энди очунни булғаган СССР йўқ.

Компартияга Тангридай сиғинган қорин бандалари “Қани?” дерсиз?

Бари бир ўлароқ “Худо”...ларини еди.

Бари бир ўлароқ партбилетларини ўтга ташлади[36].

Бари бир ўлароқ мустақиллик ниқобини кийди.

Қандоқ мунофиқлик?!

Қандоқ олчоқлик?!

Қандоқ шармандалик?!

Энди ули[37]қон, ёлғон, зулмга қурилган, Ойнур каби тумонат-тумонат кишиларни ўлдирган давлатнинг ёвуз қуроли КГБ ҳам йўқ.

Онам ҳақ бўлиб чиқди:

Оврўпа билан Америка кундан-кун юксалмоқда.

Очун уларга эргашмоқда.

Олис бир замонлар Ойнур менга: “Кечмишимизни бўямай ёзишингни истайман, Эврил”, деган эди.

Мен Ойнурининг ҳаёти қандоқ кечган бўлса, уни шундоқ ёздим.

Тангри унинг руҳини шод айласин!

Омин!

2012 йил, Чирчиқ.


Изоҳлар:

[1]Тўсма – парда.

[2]Ўғиртош – Ҳеч ким билмас қайси бир замонларда осмондан қабристон адоғига тушган (метеор) бу ҳайбатли тошнинг усти ва ёнларида ўғирлар, ўғирчалар бор. Болалик онларимизда одамлар буларда маккажўхори, буғдой, олмақоқи, тутқоқилар янчардилар. Мен Боғдонга борган пайтларимда бу қора тошни зиёрат қиламан.

[3]Ёнғоқ – бу улкан ёнғоқ ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ҳам кўзларни қувонтириб турарди. Ҳар йили олтмиш-етмиш қоп ёнғоқ берарди. Абдураим қассоб (амаки бобом) унинг остида туя, от, ҳўкиз, қўй, эчкилар сўярди. Онамнинг айтишича, уни Аҳмат Оқсақолнинг бобосининг бобоси Арслон бобом эккан.

[4]Будун – эл.

[5]Хонбанди – Минг йил аввал икки тоғ оралиғи тўсилиб қурилган улуғ иншоот – сув омбори.

[6]Сохта – отасининг тайини йўқ, ўйнашдан бўлган маъносида.

[7]Авесто – зардуштлик динининг илоҳий китоби (Катта Авесто, Кичик Авесто).

[8]Ўрхун – Ўрхундарё.

[9]Эна – Энасой (Енисей).

[10]Чин девори – Хитой девори. Буюк Хун босқинига қарши қурилган девор.

[11]Бўз бўри – бўзқурд – икки турк боласини эмизиб ўстирган бўри ривояти.

[12]Туманбалиқ – Буюк Хун Империяси бошкенти.

[13]Тангриқум – Буюк саҳро.

[14]Эрқут (Иркут) – Эр – инсон, қут – бахт.

[15]Қашғар – Шарқий Туркистон рамзи.

[16]Тин – Дон дарёси.

[17]Эдил – Волга дарёси.

[18]Ахси – месхети турклари юрти.

[19]Бештов – (Пятигорск) – Қорачой турклари тоғи.

[20]Ан – қўшиқ (эски туркча).

[21]Слав – славян.

[22]Турк эли ўз тарихида энг кўп Марказлашган Давлат – Империя қурган буюк миллат. Буни бутун дунё тан олган. Туркиянниг кўп эски шаҳари бўлмиш Конияда, Салжуқ университети биноси қаршисида 18 та буюк императорга бюст ўрнатилган.

[23]Илончи – Бўғомбирқоя остига, Илончисой бўйига жойлашган қишлоқ. У ҳам Боғдон таркибига киради. Осмонсой, Ёмчи, Ўртақишлоқ ҳам. Умуман, Қортош қишлоғидан то Бирлашган (Сафарота) қишлоғигача бўлган ерлардаги қишлоқлар Боғдонликлардир. Булар Қарамон уруғидан.

[24]Рекетчик – йўлтўсар.

[25]Ёзилма – туалет (ҳожатхона).

[26]Ўтириш – Замон нозиклиги учун Ойнур ҳар эҳтимолга қарши “Худойи”ни “Ўтириш” деб атади.

[27]Оқилбек уста –

[28]Тоққа тақалган дўкон – орқа томони деворсиз (девор ўрнида тоғ) бу дўкон ҳозир ҳам турибди.

[29]Эллигинчи йилларда Фориш тумани ҳам, Учқулоч олтин кони ҳам Самарқанд вилоятига қарарди.

[30]Орол –

[31]Ҳабиб Абдулланинг иккита ишонган шогирди. Бири Ойнур билан яхши муносабатда бўлган. Унинг оти эсимда йўқ.

[32]Узун йиллар кечиб, Ҳабиб Абдулланинг сўзи ўз исботини топди: Орол денгизи қуриди, Қизилқумни сув босди, Минглаб овуллар сув остида қолди, миллион-миллион қўй-туялар ўтлоқсиз қолди.

[33]Учқулоч ота – Қудуқдан хийла юқорида, тоғда Учқулоч ота қабри бор. Айтишларича, у Учқулоч қудуғини очган экан.

[34]Коммунистик тузум 165 миллион кишининг умрига завол бўлган. Бу – статистик маълумот.

[35]Омонат – Ойнурнинг сумкачаси, паспорти, пули кўзда тутилади.

[36]Ўзбекистон Компартиясининг 750 минг аъзоси бир кунда ўз партиясидан воз кечди.

[37]Ули – фундамент.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.