Ўзбекистондаги қуллик жаҳон пахта бозорига соя солмоқда

  • 24 Октябр 2013
Ўзбекистонда ўспирин ва катта ёшлиларнинг мажбурий дала ишларига чиқарилиши анъанаси дунёда замонавий қуллик, деб кўрилади

"Марказий осиёдаги диктатура бир неча йилки, болаларни мажбуран пахта даласида ишлатгани учун танқид қилинарди. Аммо энди Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини тўхтатишга ваъда бермоқда" - деб бошланади Liverpool Post нашридаги мақола.

Аммо Халқаро Аксил Қулдорлик ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳозир ҳам ўспиринлар ва катта ёшлиларни мажбуран пахта даласида ишлатмоқда.

Ушбу ташкилот дунё давлатлари Ўзбекистонга босим ўтказиши ва йирик ширкатлар ўзбек пахтасини ишлатишдан бош тортиши керак деган фикрда.

Бироқ Ливерпулдаги ўзбек пахтаси билан савдо қилувчи Cargill ширкати ўз босимлари натижасида ҳозир Ўзбекистонда вазият яхшиланаётгани ҳақида айтган.

Мақолага кўра, Халқаро Аксилқулдорлик гуруҳи жорий ой давомида ҳам Ўзбекистон бўйлаб кенг миқёсда мажбурий меҳнатга жалб қилиш кечаётганини билдирган.

Шунингдек, ҳозирги терим мавсумида айнан мажбурий пахта сабабли камида беш нафар ўзбек ҳалок бўлган. Ўзбек пахтасининг бу йилги қурбонлари орасида, масалан, ўзини осган талаба ва олти яшар болакай ҳам борлиги қистириб ўтилади.

Liverpool Post газетасининг урғулашича, Ўзбекистонда юқори синф ўқувчилари, давлат идоралари ходимлари мажбурий пахта теримига чиқарилмоқда. Хусусий тадбиркорлар эса пахта терадиган ишчи топиб беришлари керак.

"Бу ўринда маҳаллий ҳокимлар масъул этиб қўйилади ва улар ўз навбатида мажбурий пахта теримини ташкиллаштиришга мажбур бўладилар" - давом этади мақола.

Ўзбек ҳукумати Сталин давомчисими?

Халқаро Аксилқудорлик ташкилотидан Айдан МакКвейднинг айтишича, Ўзбекистонда давом этаётган мажбурий меҳнат ортидан ҳукумат катта даромад кўрмоқда. Аммо теримчилар ҳамон қашшоқликда яшашади ва уларга мабодо ҳақ тўлашса ҳам, қандайдир арзимаган миқдорда пул беришади.

Сталиндан қолган мажбурий меҳнат анъанасини Ислом Каримов ҳукумати асраб қолган

Ҳозир ёш болалар пахта теришга кўп мажбурланмайди. Аммо ўспирин болалар катта сонда пахта ишларига жалб этилаяпти.

Кузатувчиларга кўра, Ғарб етарлича истак-ирода кўрсатмаётгани учун ҳам Ўзбекистонда аҳвол ўзгармаган.

"Номдор ширкатлар, ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар қуруқ декларацияларни бир четга суриб, Ўзбекистондаги қулдорликни узил-кесил тугатишга бел боғлашлари керак" - дейди Айдан МакКвейд.

Ўзбек пахтаси билан савдо қилувчи Cargill ширкати эса Ўзбекистонда ҳеч қандай сармояга эга эмаслиги ва у ерда фаолият ҳам юритмаслигини билдирган.

"Аммо ўзбек пахтаси харидори сифатида бу мамлакатда болалар мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани борасидаги даъволардан чуқур хавотирдамиз" - дейди Cargill ширкати Liverpool Post нашрига берган ўз жавобида.

Cargill воизи эса мажбурий пахта меҳнати муаммосини ҳам билвосита, ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари билан такрор-такрор кўтаришгани ҳақида айтган.

Вашингтондаги Пахта Маслаҳат Қўмитаси эса "тинч, дипломатик ва ахлоқий босим" ўтказиб, Ўзбекистонни бола меҳнатини бас қилишга ундашмоқда.

"Ўзгаришлар эса ижобий" - дейди ушбу қўмита ижроия раҳбари Тэрри Таунсенд - "Ўтган мавсум ва жорий терим мавсумида болалар мажбурий меҳнатига йўл қўйилмади".

Унинг айтишича, Тошкентдаги Қишлоқ Хўжалиги вазирлигида ишловчи дўстлари ҳам пахта теришмоқда ва бу кўплаб собиқ Совет давлатларида нормал ҳолат саналади.

"Советлар сиёсатини бутунлай йўқотиш учун бу мамлакатларга ҳали вақт керак бўлади" - деган Liverpool Post газетасига гапирган Тэрри Таунсенд.