BBC navigation

''Диний айби исботланмаган тутқун қийнаб ўлдирилган'

Сўнгги янгиланиш 24 октябр 2013 - 08:30 GMT

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳкумларга шафқатсиз муносабат ҳақида бутун дунё билади.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи хабар қилишича, Ўзбекистон қамоқхонасидан диний айбловлар билан қамалган яна бир маҳбуснинг қийноқ излари кўриниб турган жасади Тошкент шаҳридаги оиласига қайтарилган.

35 ёшли Самариддин Салоҳиддиновнинг жасади у тутқунликда ушлаб турилган Зарафшондаги жазони ижро этиш муассасасидан 21 октябр куни милиция карвони билан Тошкент шаҳрининг Шайҳонтоҳур туманидаги уйига олиб келинган.

Инсон ҳақлари Ташаббус гуруҳига кўра, Ўзбекистонда бундан олдин ҳам кузатилганидек, маҳкум жасадини олиб келган милиция ходимлари майитни тезлик билан дафн этишни талаб қилиб, Самариддин Салоҳиддиновнинг оиласи аъзоларига босим қилганлар.

Самариддин Салоҳиддиновнинг жасади 22 октябр куни "Зах Ариқ" қабристонига кўмишган, деб хабар қилади Ташаббус гуруҳи.

Яқинлари бу ҳақда хабар беришганидан кейин Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи вакиллари марҳум хонадонида бўлишган.

Қариндошлари маҳкумнинг шафқатсиз қийноқлар оқибатида вафот этганини тасдиқлашди, деб хабар қилади инсон ҳақлари гуруҳи.

Яқинларининг айтишича, Самариддин Салоҳиддиновнинг қўл ва оёқлари синдирилган, боши шишиб кетган ва бадани эзиб ташланган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи маълумотларига кўра, ҳар йили Ўзбекистондан касаллик ва қийноқлар туфайли 250 тагача маҳкум ҳаётдан кўз юмади ва мамлакат ҳокимияти бу ҳақдаги хабар қамоқхонадан ташқарига чиқмаслиги учун қўлларидан келган ҳамма ишни қиладилар.

Яқинда Ўзбекистон ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши олдида ҳисобот берди.

Ҳисоботни тақдим қилган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов мамлакатда қийноқлар мавжудлигини инкор этди.

Жаноб Саидовни халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари "ҳар доимги уятсиз ёлғонини такрорлаганликда" айбладилар, Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатга БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачисини киритмай келаётгани учун танқид қилдилар.

Ушбу ҳисобот муҳокамаси пайтида Ўзбекистонда диндор тутқунларга ҳаммадан ҳам кўра шафқатсиз муомала қилиниши яна бир бор таъкидланди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи хабар қилишича, Самариддин Салоҳиддинов мактабни аъло баҳолар билан битириб, Тошкентдаги Ислом институтида таҳсил олган.

Институтни қизил диплом билан тугатган 1999 йили ноқонуний "Ҳизбут-таҳрир" диний фирқасига аъзоликда гумон қилиниб ҳибсга олинган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи дастлабки тергов ва маҳкама пайтида айбланувчининг диний айбловлари исботланмагани, бироқ у шафқатсиз қийноқларгу тутилиб, айблов ҳужжатларига қўл қўйишга мажбурлангани ҳақида хабар қилади.

У 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва қамоқ муддатининг аксарини маҳкумларга ноинсоний муомаласи билан дунёга танилган "Жаслиқ" турмасида ўтаган.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.