Style.uzнинг очилиш маросимига қизиқиш катта бўлган

  • 23 Октябр 2013

Тошкентда "Фонд Форум" жамғармаси ҳомийлиги остида Style.uz санъат ҳафталигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган.

Тошкентда Ёшлар ижоди саройи ўнгидаги майдонда бўлиб ўтган маросимни "Форум Фонд" раҳбари, Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова очиб берган.

Очилиш маросимига шунчалар қизиқиш катта бўлганки, чипта эгалари қуръа ташлаш йўли орқали аниқланган.

Таклиф қилинган айрим меҳмонлар ҳам ичкарига кира олмай қолганлар.

Режага мувофиқ, маҳаллий ва халқаро санъаткорлар, рассом ва дизайнерлар ҳафта давомида Тошкентдаги музей ва кўргазмалар орқали ўз ижод намуналарини намойишга қўйишади.

Би-би-си Тошкентдаги Style.uz ҳафталигининг очилиш маросимида иштирок этган Тошкент яшовчиларидан Назира Бабаназарова билан суҳбатлашди.

Назира Бабаназарова: Очилиш маросимида иштирок этишни истаганлар кўп эди. Кўплар расмий очилиш маросимини томоша қилиш учун кириш жойида туришарди. Ёшлар кўп эди. Бундай маданий тадбирларга ёшларнинг қизиқиш билдириши жуда қувонарлидир. Матбуот ходимлари жуда кўп эди. Ҳам маҳаллий ва ҳам хорижий матбуот воситаларидан. Расмий маросим Тошкентда янги очилган Ёшлар Ижод саройида бўлиб ўтди.

"Русский силуэт" хайрия жамғармаси раҳбари Татьяна Михайлова ва Назира Бобоназарова очилиш маросими олдидан.

Би-би-си: Маросим муҳити қандай бўлди?

Назира Бабаназарова: Маросим фазоси ўта дўстона ва шодиёна эди. Бу ҳодиса ҳақида кўплаб мақолалар чиққани учун ҳамма уни орзиқиб кутаётганди. Маросимда, шунингдек, испаниялик ёш дизайнерларнинг либослари намойишга қўйилди. Саҳна бино ўнгида барпо этилгани учун намойиш ҳам ташкарида бўлиб ўтди. Маросим очилишидан олдин фазодан туриб россиялик космонавтларнинг тўғридан-тўғри табрик номаларини йўллаганлари кўпчиликни ҳайратга солди. Улар Ўзбекистондаги санъат ва мода ҳафталиги иштирокчилари ва меҳмонларини табриклашди.

Би-би-си: Тадбирга таклифнома билан киритишдими ёки чипталар сотувга қўйилдими?

Назира Бабаназарова: Фақат таклифнома билан бўлди, аммо бу таклифномаларни олиш қийин эмасди. Бу билетларни шаҳар кассаларида ва Ёшлар ижоди саройида сотишди. Бундан ташқари, чипталар учун тадбир ташкилотчилари томонидан Инстаграм ва бошқа ижтимой тармоқлар орқали турли мусобақа ва конкурслар уюштирилди. Яъни, ёшларда бундай таклифномаларни қўлга киритиш имконияти бор эди.

Би-би-си: Санъат ҳафталари ёшларга нимаси билан қизиқ деб ўйлайсиз?

Назира Бабаназарова: Биринчи навбатда, бу ёшларимизнинг маданият даражасини кўтаради. Улар ғарблик дизайнерлар, стилистлар ва санъаткорлар асарлари билан танишиш имконига эга бўлишади.

Би-би-си: Лекин бундай тадбирлар Ўзбекистон обрўсининг ошишига ёрдам беради деб ўйлайсизми?

Назира Бабаназарова: Менинг ўйлашимча, ҳа, бу бизнинг имиджимизни оширади. Чунки кўпларда бизнинг мамлакатимиз ҳақида салбий фикр шаклланган. Гўёки бизда маданият даражаси паст эмиш ва гўёки биз тараққиётга кам эътибор қаратар эканмиз. Лекин менинг ўйлашимча, бизда ёш рассомлар, дизайнерлар ва санъатшунослар жуда кўп. Охирги пайтларда кино санъатимиз ҳам ривожланаётгани инсонни қувонтиради.

Бу мавзуда батафсилроқ