Гулнора Каримованинг телеканаллари "ўчиб қолган"

  • 21 Октябр 2013
  • изоҳлар
Гулнора Каримованинг телеканаллари "ўчиб қолган"

Ўзбекистонликлар 21 октябр соат 10 дан бошлаб тўртта телеканал тўсатдан ҳеч нарса намойиш қилмай қўйганидан ҳайратга тушганлар.

Учта телеканал Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эгалик қилган каналлар дея хабар қилинган.

Бу телевидениелар Гулнора Каримованинг "Фонд Форуми" фаолиятини мунтазам ёритган.

Охирги ҳафталарда Гулнора Каримованинг ижтимоий медиа саҳифалари фаолияти издан чиққани кузатилган.

Тошкент вақти билан соат 16 да TV Markaz, Forum TV, NTT ва SofTS Uzbekistan телеканаллари текширилганда, улар эфирга ҳеч нарса узатмаётган эди.

Тунги соат 12 да ҳам ушбу машҳур телеканаллар нима сабабдан ғойиб бўлгани борасида ҳеч қандай ахборот тарқатилгани йўқ.

Ўзбекистон телеканаллари учун баъзан техник сабабларга кўра режаланган эфирдан узилишлар табиий ҳолат ҳисобланса-да, кутилмаганда тўртта телеканалнинг ҳам бирор бир тушунтиришсиз "ўчиб қолиши" ноодатийдир.

Бундан ташқари, рўзномалардаги телевизион дастурларга кўра, телеканаллар ҳар доимгидек кўрсатувларни намойиш этиши керак эди.

Томошабинлар кузатаётган яна бир ғалати нарса, бундан олдин NTT канали эгаллаган телевизион тўлқинда давлатга тегишли Sport канали кўрсатувлари намойиш этилмоқда.

Бошқа уч телеканалда ҳеч нарса кўрсатилмаяпти.

Гулноранинг телеканаллари

TV Markaz ва SofTS мусиқий кўнгилочар кўрсатувларга мўлжалланган телеканаллар бўлиб, улар Terra Group гуруҳига тегишли бўлган.

Terra Group эса, хабарларга кўра, Гулнора Каримова томонидан назорат қилинади.

SofTS Uzbekistan телеканали эса Terra Group билан Россиянинг STS Mediaси қўшма лойиҳаси.

У Россиянинг етакчи телеканали STSнинг машҳур теледастурларини Ўзбекистон ҳудудида эфирга узатиб келган.

Forum TV ёшларга мўлжалланган маданий-маърифий телеканал.

Бу канал таъсисчиси одамлар орасида НАЭСМИ номи билан машҳур Электрон Оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бўлган.

Бироқ бу телеканал асосан "Фонд Форум" лойиҳаларини ёритиш билан шуғулланган.

NTT мамлакатдаги энг машҳур ноҳукумат кўнгилочар ва янгиликлар каналларидан бирига айланган.

SofTSдан ташқари учта телеканал мунтазам равишда Гулнора Каримова етакчилигидаги "Фонд Форум" фаолиятини ёритган.