Аудиони юкланг

Юқори сифат mp3 (4.3 Mb)

Ўзбек пахтасининг 90 фоизини машиналарда териб олиш имконлими?

17 Октябр 2013 Сўнгги янгиланиш: 11:58 GMT 16:58 UZT

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2016 йилга бориб мамлакатдаги пахтанинг 90 фоизи комбайнлар ёрдамида териб олинишини айтган. Бош Вазир, Central Asian News хабар агентлигига кўра, бу ҳақида Тошкентда бўлиб ўтган Пахта ва Текстиль ярмаркасида гапирган.

Бош вазир Мирзиёев бу йилги пахта мавсумига Тошкент трактор заводида ишлаб чиқарилган 1 мингдан ортиқ комбайнлар жалб этилганини айтган.

2014 йилда Тошкент трактор заводида 3 мингта пахта терувчи машиналар ишлаб чиқарилиши режаланган.

Ярмарка очилишида, шунингдек, бундай комбайнларнинг нархи 35-40 минг доллар атрофида бўлиши ва уни фермерлар сотиб олиши мумкинлиги айтилди.

Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистонда таҳминан 50% пахта комбайнлар ёрдамида терилган. Бироқ мустақиллик йилларида комбайнларни ишлаб чиқариш секинлашган, улар ёрдамида терилган пахтанинг сифатсизлиги борасидаги даъволар ортидан пахтани қўлда териш авж олган.

Ўзбекистон аҳолиси, давлат ва хусусий муассасалар ходимлари, талабалар ва ўқувчилар ҳар кузда текинга пахта теришга мажбурлар.

1980-йиллар охирида Хоразм вилоятининг Боғот туманида хўжалик раиси бўлиб ишлаган Аҳмад Хоразмий пахта ҳосили машиналар ёрдамида терилиши тарафдори бўлиб келган. У ҳозирда Британияда истиқомат қилади.

У машиналарнинг жалб этилиши оқибатида пахтанинг сифати ёмонлашиши ва фермер учун харажатлар ошишини тан олади, бироқ бу ноқулайликларга қиёслаганда "инсоний фактор" муҳимроқ эканини айтади.