Ўзбек солиқчилари 'Вимпелком' фаолияти устидан текширув бошлаганлар

  • 14 Октябр 2013

Ўзбекистон Солиқ қўмитасидаги манбаларга таяниб қатор оммавий ахборот воситаларининг хабар тарқатишича, кутилмаганда Ўзбек солиқчилари "Билайн" номи билан танилган ширкат устидан текшириш бошлаган.

Ўзбекистонда "Билайн" бренди остида "Unitel" ва "Buzton" ширкатлари бирлашган.

Ўзбекистоннинг ушбу икки собиқ мобил оператори устидан назоратни 2006 ва 2008 йилда Россиянинг 'Вимпелком' қўлга киритган.

Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги хабар қилишича, "ташқи манбалардан маълумот олганидан кейин солиқ хизмати қўшимча текшириш бошлаган, бу текшириш октябр ойининг охиригача давом этиши мумкин.

Ўзбек солиқчилари мобил алоқа ширкати ҳақида ташқи манбаларидан қандай маълумот олгани тафсилоти ошкор этилмаган.

Журналистлар "Unitel" ширкатига мурожаат қилганида, ширкатдагилар расмий шарҳдан бош тортганлар.

Ўзбекистондаги ҳукумат доираларида ўз манбаларига эга Uzmetronom.com веб-сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон Олиқ қўмитасидан олдин "Unitel" ширкатининг фаолиятини Ўзбекистон Алоқа қўмитаси текширган.

Uzmetronom.com ёзишича, Ўзбекистонда МТС ширкати фаолияти тўхтатилганидан кейин МТСнинг рақибларидан бири бўлган "Unitel" алоқа сигналларини узатиш учун 460 та янги база станцияси ташкил қилган.

Бироқ Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси янги базаларни ишга туширишга рухсат бермаган.

"Вимпелком" Россиядаги йирик мобил алоқа ширкатларидан бири ҳисобланади.

"Вимпелком" маълумотига кўра, жаҳоннинг 17 мамлакатида 753 миллион мижозга эга.

Шу йил сентябридан ширкатнинг VIP деб номланган ҳиссалари NASDAQ акция бозорига савдо чиқарилган.