'Ўзбекнефтегаз'нинг газини нега одамлар уйларида кўрмаяптилар?

  • 14 Октябр 2013

"Ўзбекнефтегаз" ширкатига кўра, хорижий оммавий ахборот воситаларининг айрим вилоятларда газ тақчиллиги ҳақидаги хабарлари "асоссиз миш-мишлардир".

Ўзбекистоннинг нефт ва газ монополиячиси бўлган "Ўзбекнефтегаз" ширкати матбуот хизмати ана шу мавзуда мақола эълон қилган.

Бу мақолада, Ўзбекистонда газ тақчиллиги кузатилаётгани йўқ, аксинча аҳолига етказиб берилаётган газ ҳажми йилдан-йилга кўпайиб бораяпти, дейилади.

"Ўзбекнефтегаз" таркибидаги "Ўзтрансгаз" компаниясидан билдиришларича, 2013 йилда 360 километрлик янги газ қувурлари барпо этилган.

Бу қувурлар мамлакатда қурилишига катта эътибор қаратилаётган намунавий қишлоқ уйларига газ етказиб берганини хабар қилади матбуот хизмати.

Газчи масъулларга кўра, Қўқонда 8,3 километр, Андижонда 10 километр, Урганчда 11 километрлик янги газ қувурлари тортилган.

Ўзбекистонда қиш ойларида газ таъминоти билан боғлиқ аҳвол йил сайин ёмонлашаётгани мавзусини Би-би-си ҳам кўп маротаба ёритган, вилоятлардаги вазиятни оддий одамларнинг ўзлари сўзлаб берганлар.

Охирги йилларда туман ва вилоят ҳокимликлари аҳолини қишга тайёргарлик кўриш ҳақида олдиндан огоҳлантира бошлаганлар.

Айнан кузги-қиш ойларида газ таъминотида узилиш кутилиши боис маҳаллаларда арзон кўмир савдолари ташкил қилинаяпти.

Биз Фарғона вилояти Риштон туманида газ таъминоти қандайлиги ҳақида журналист ва инсон ҳақлари фаоли Баҳодир Элибоевдан сўрадик.

Журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳодир Элибоев сўзларига кўра, Риштондаги ГРЭС тўрт йилча олдин бузилганидан кейин туман аҳолисини табиий газ билан таъминлаш ёмонлашган.

Туман марказига газ тортиб келиш учун оддий одамлар қувур учун атайин маблағ йиққанлар.

Фаол тумандаги кўп қаватли уйларга газ етказиб бериш яхши бўлишини айтади.

Кўп қаватли уйларга яқин яшайдиган маҳаллалар аҳли ҳам ана шу қувурга уланиб оладилар, бу эса бошқа жойларга газ етиб бормаслигига олиб келади.

Баҳодир Элибоевнинг айтишича, "бизга газ берилаётгандир, лекин у бизга етиб келмаётгандир".

Бунинг икки мисоли сифатида у йирик ошхона ва чойхоналар ҳамда ишлаб чиқариш цехларининг йирик газ магистралларига уланганини келтиради.

14 октябр куни Би-би-си "Ўзбекнефтегаз" ширкатининг матбуот хизмати билан боғланди.

Телефон гўшагини кўтарган Ўзбекистондаги таниқли журналист аёл эълон қилинган мақола юзасидан шарҳ бериш ваколатига эга эмаслигини айтди.

Матбуот хизмати ходимаси айтишича, "Ўзбекнефтегаз" раҳбариятига хат билан мурожаат қилиш лозим.

Шундан кейин "Ўзбекнефтегаз" раҳбарларидан ким шарҳ ёки интервью бериши борасида бир қарорга келинади.