BBC navigation

Ўқитувчидан бугун мактабда кўпроқ фойдами ёки пахта теримидан?

Сўнгги янгиланиш 1 октябр 2013 - 13:03 GMT

Ислом Каримов табрикда бугун мактаб ва коллежда дарс беришнинг ўрнига пахта даласига жалб қилинган ўқитувчилар ҳақида ҳеч нарса демаган.

Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийларнинг касб байрами билан Президент Ислом Каримов табриклаган.

Президент фидоий ўқитувчиларнинг меҳнати учун қанча тасаннолар айтса ҳам камлигини эътироф этган. Ислом Каримов табрикда бугун мактаб ва коллежда дарс беришнинг ўрнига пахта даласига жалб қилинган ўқитувчиларнинг давлат хирмонига қўшаётган ҳиссаси ҳақида ҳеч нарса демаган. Мутахассис бўлиб етишиши учун давлат бюджетидан миллионлаб маблағ сарфланган ўқитувчидан бугун мактабда кўпроқ фойдами ёки пахта теримидан?

Наманганлик собиқ ўқитувчи Ғуломжон ака Холматовнинг оиласида ўғли ва келини ҳам ўқитувчилик қилади. Ўқитувчиларнинг бугунги касб байрамини унинг фарзандлари далада давлатнинг пахта режасига ўз ҳиссасини қўшиш орқали кутиб олмоқда.

"Ўғлим ўқитувчи бўлиб ишлайди ва айни дамда пахтада. Бу йил бир гап чиқди, ўқув юртлари пахтага олинмасмиш, деган. Болалар меҳнати ҳақидаги масала билан пахтага бўлган муносабат халқаро савдода чекланганлигидан хабарим бор. Шу нарсани ҳисобга олиб бу йил бу талабларга итоат қилишаркан-да, пахтага чиқмас экан, деб турсак ўқитувчилар ҳам ўқув юртининг маълум қисм талабалар ҳам пахтада", - дейди Ғуломжон ака Холматов.

Ғуломжон аканинг ўғли коллежда ишлайди ва ҳар куни пахтага чиқиб келади. Келини эса мактабда ишлайди ва пахтага ётоққа олиб кетишган.

Собиқ маорифчи Ғуломжон ака Холматов ўитувчиларнинг вазифасидан бошқа ишларга жалб қилиниши таълим сифатига кескин таъсир қилишини айтади.

- Билим бериш учун вақт шу қадар зарур. Ўқитувчилар фандаги тугун масалаларни ечиб бериши керак. Ўқитувчи ишда бўлмаганидан кейин қаердан қилсин, - дейди Ғуломжон ака.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва собиқ ўқитувчи Зиёдилла Раззоқов бундан икки йил олдин айнан пахтага олиб чиқиш ҳолларини қайд қилиб бонг ургани учун мактабдан ҳайдалган.

"2011 йили халқаро ташкилотларга Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилмаяпти, дейилаётганди. Ўшанда ўзим ўқитувчи ва синф раҳбари бўла туриб ўқувчиларнинг пахта даласида эканлиги тасдиғини топганидан кейин ишдан четлатишди. Калтак ҳам едим ва энди умуман ишга қайтиб олишмаяпти", - дейди Зиёдилла Раззоқов.

Математика ўқитувчиси пахтага кетса, физика ўқитувчиси математикадан дарс беришга мажбур.

Зиёдилла Раззоқов ўзининг собиқ мактаби ва Жиззах вилоятидаги бошқа мактабларда ҳам ўқитувчилар навбати билан пахтага олиб чиқилаётганини ва мутахассисларнинг етишмаслиги мактабдаги ўқитувчиларга қўшимча юк бўлаётганини айтади.

- Дарс вақтида кадрларга нагрузка бўлаяпти. Масалан, мен тушгача дарс бериб тушдан кейин бўш бўлишим керак бўлса, битта менга иккита ўқитувчининг ишинии юклашаяпти, нариги шеригимни пахтага жалб қилишаяпти. Улар 10 кун давомида туман халқ таълимининг номидан ётиб пахта теришади. Ҳар якшанба куни эса оммавий ҳашар сифатида ҳаммаси пахтага чиқишади, - дейди Раззоқов

Собиқ ўқитувчига кўра, мактабда фан бўйича кадрларнинг олиб қолинишга эътибор берилмайди. Математика ўқитувчиси пахтага кетса, физика ўқитувчиси математикадан дарс беришга мажбур.

Ўқитувчиларни тайёрлашга давлат бюджетидан миллион- миллион маблағ сарфланади. Аммо бугунги кунга келиб ўқитувчилар пахта териш ва президентнинг намунали уйларини қуриш каби вазифасига кирмайдиган ишларга оммавий равишда жалб қилинмоқда.

Би-би-сининг давлат бюджетига яхшигина пулга тушган ўқитувчиларнинг бугун далада пахта териб юришига муносабат олиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Бош прокуратураси билан боғланиш ҳаракатлари бесамар кетди.

"Албатта давлат анча машаққат билан ва иқтисодий маблағлардан воз кечиб давлатимиз ривожига ҳиссасини қўшади, таълим жараёнини ривожлантиради, деб кадрларни тайёрлаган. Лекин бугунги кунда пахта сиёсатига келиб тақалганда, қилинган ҳаражатлар, таълим берилиши ва олиниши шарт бўлган жараёнларга ушбу вақтинчалик мавсумда умуман эътиборни қаратмайди", - дейди Зиёдилла Раззоқов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси пахта мавсуми ёки бошқа мажбурий ҳашарлар даврида ҳуқуқ тартибот органларига ҳуқуқи бузилаётганини билдириб шикоят қилиш деярли фойдасизлигини айтади.

Изоҳлар

Изоҳлар учун ёпиқ

Изоҳларга ўтиш
 
 
 

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.