Зокировлар сулоласидан Наргиз Зокирова "Голос" танловида олқишланмоқда

  • 28 Сентябр 2013
  • изоҳлар
Сурат Россиянинг Биринчи канал сайтидан олинди.

Россиянинг Голос қўшиқ конкурсида асли ўзбекистонлик, айни пайтда Нью Йоркда истиқомат қилишини айтган Наргиз Зокирова "Scorpions" гуруҳининг "Still Loving you" қўшиғини куйлаган.

Дима Билан, Пелагея, Александр Градский ва Леонид Агутинлардан иборат ҳайъат аъзолари Наргиз Зокирова саҳнага чиқиб куйлай бошлагач, унинг овоз имкониятлари ва қўшиқчилик маҳоратидан ҳайратга тушганларини яширмаганлар.

Уларнинг ҳар бири Наргизни ўз гуруҳига олиш истагини билдирган.

Наргиз Зокирова Леонид Агутинни танлаган.

Наргиз Зокированинг чиқиши ҳақида Россия ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда жуда яхши фикрлар ёзилмоқда.

Тингловчилар уни катта маҳорат билан мураккаб қўшиқни меъёрига етказиб ижро этганини олқишлашмоқда ва унинг ғолиб бўлишини тиламоқда.

Кўп мухлислар унга қўшиқнинг аслидан ўтказиб куйлади, деб баҳо бермоқдалар.

Наргиз Зокирова Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур Зокировлар сулоласининг вакили, Луиза Зокированинг қизидир.

90-йилларда тоғаси Фаррух Зокиров билан дуэт қўшиқлар куйлаган.

Ижодини илк бошлаган кезлариданоқ яхши танилган, "Водиллик келин" кинофилмида қўшиқлар ижро этган Наргизнинг кўриниши бугун анча бошқача.

У сочлари олинган тарзда, қўлларида татуировкалар билан пайдо бўлган. Ўзбек тилида ҳам яхши сўзлаша олмаслигини айтган.

"Голос" танловида Ўзбекистондан бундан олдин таниқли қўшиқчи Севара Назархон ҳам иштирок этиб, ҳакамларнинг олқишига сазовор бўлган.

Лекин Севара танловнинг охирги босқичигача етиб бора олмаган эди.

"Голос"ни кузатиб бораётган тингловчилар Наргиз Зокирова ғолиб бўлишини башорат ҳам қилишмоқда.