BBC navigation

Лола Каримова-Тиллаева жавобларининг аҳамияти нимада?

Сўнгги янгиланиш 26 сентябр 2013 - 07:40 GMT

Би-би-си билан ёзишмасида Лола Каримова-Тиллаева ўзини ўзбек ҳукумати сиёсатидан йироқлаштирган

Би-би-си Ўзбек хизмати электрон почта орқали Ўзбекистон Президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаевага 18та савол юборган ва айни шу тарзда бу саволларга жавоб олган. Электрон ёзишманинг тўла версияси Би-би-си Ўзбек хизмати сайтида чоп қилинди.

Каримова-Тиллаева хоним қўшимча саволларга жавоб беришдан бош тортган, шу туфайли, ҳамда бевосита мулоқот юз бермаганлиги учун, журналистларимиз унинг шарҳларини қўшимча саволлар ила тергаш имконидан маҳрум бўлишган.

Би-би-си учун материални бу йўлда чоп этиш одатдан ташқари ҳолдир. Бироқ муҳаррирлар орасида содир бўлган батафсил муҳокамалар натижасида биз Лола Каримова-Тиллаева хонимларининг шарҳларини тўла тарзда босишга қарор қилдик. Бунга материалнинг нодирлиги, ундаги мазмуннинг оммавий қизиқтириш салоҳияти, ҳамда Ўзбекистон ва минтақадаги ўқувчиларимиз учун аҳамияти асос бўлди.

Би-би-си Ўзбек хизмати мазкур ёзишманинг аҳамияти ва унда битилган баъзи жиҳатларни муҳокама қилиш учун Ғарбий ва Марказий Осиё бўлимининг муҳаррири Йоханнес Деллни суҳбатга тортди.

Аввало, бу ўзаро ёзишма нимаси билан муҳим?

Делл: У жуда ғайриоддий. Марказий Осиёдаги ҳукмдорларнинг оилалари одатда оилавий ҳаётларини сир тутишади ва ўз яқинлари ҳақида қандай фикрда эканларини ошкор қилишмайди. Шундай экан, улардан бирининг қизи очиқчасига ўз опаси билан гаплашмаслигини эътироф этиши ажабланарли ҳол. Бу иқрорноманинг Марказий Осиёдаги энг қудратли оилаларнинг нақ юрагидан янграётгани уни янада қизиқарлироқ қилади. Гап бу ерда фақат оила ичидаги алоқалар ҳақида кетмаяпти. Бу ёзишмада Президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи отаси бошқараётган ҳукуматнинг сиёсати ҳақида ҳам анча танқидий фикрда эканига ишоралар бор.

Лола Каримова-Тиллаеванинг сўзларидан у отасининг сиёсатини қўллаб-қувватламайди дея хулоса қилиш мумкинми?

Делл: У жуда эҳтиёткорлик билан саволларга жавоб берган. Масалан, пахта мавсумидаги болалар меҳнати ҳақида сўралганида, у фактларга эга эмаслигига ишора қилади, лекин агар бу ҳақиқат бўлса, уни қоралашини айтади. Ва унинг бу танқиди, ўз таъбирида, оналик мавқеидан янграйди. Бошқача қилиб айтганда, у сиёсатчи эмас, оддий шахс сифатида фикр билдиради. Лекин, отасининг сиёсий танқидчилари ва мустақил мусулмонларга қарши репрессиялар ҳақида сўралганда, у жуда дадил жавоб бергани кўринади. У Исломий экстремизм - бу ишсизлик ва имкониятлар йўқлигининг оқибатидир дейиши, ёки қандайдир оммавий норозилик мавжудлигини тан олиши жуда ғайриоддий. Бу каби фикр "ҳукумат сиёсатини халқ қўллаб-қувватлайди ва мамлакатда қийинчиликлар йўқ" қабилидаги Ўзбекистонда мавжуд расмий версиядан буткул фарқ қилади. Яқиндагина Президент Каримов телевидение орқали намойиш қилинган чиқишида Россияга иш излаб кетган юз минглаб ўзбекистонликларни "дангасалар" деб атади, ва Ўзбекистонда ҳеч ким очидан ўлаётганини йўқлигини айтди. Шундай экан, унинг ва кенжа қизининг сўзларида муҳим фарқ бор.

Ўзбекистон президентидан бу ёзишмага бирон муносабат кутиш керакмикан?

Делл: Буни айтиш қийин. Президентнинг кенжа қизи очиқча чиқиш қилаётган бўлиши мумкин, лекин бу унинг отаси ҳам шундай йўл тутади дегани эмас. Марказий Осиё маданиятида оила жуда ҳам муҳим нарсалиги ҳисобга олинса, бу ёзишма Президент Каримовни ноқулай аҳволга солиб қўйишини тасаввур қилса бўлади. Лекин, у оловга ёғ пуркашни истамаса керак. У икки қизининг орасидаги зиддиятдан бехабар деб ўйламайман. Чунки Каримова-Тиллаева хоним оилавий маросимларда ҳам опаси билан учрашмаслиги, ва Тошкентга йилига атиги 2-3 марта боришини ёзаяпти.

Унинг опаси, Гулнора Каримова талайгина оммавий чиқишлар қилади. Ижтимоий мулоқот сайтларида ҳам у жуда фаол. У ўз синглиси томонидан президентликка ожиз кандидат сифатида тасвирланишини қандай қабул қиларкин?

Делл: Гулнора Каримова, ҳақиқатдан ҳам, жуда кўп чиқишлар қилади. У Твиттерда ҳар қандай нарсалар ҳақида ўта фаоллик билан шарҳлар қолдиради, ва баъзи шарҳлари жуда шахсий. Бошқа шарҳлари эса парда ортида, имо-ишоралар билан қилинади. Шундай экан, у ўз синглининг сўзларига муносабат билдириш эҳтимоли катта. У ўз синглига бевосита даҳанаки ҳужум қиладими, йўқми - буни кузатиш қизиқ бўлади. Ўз президентлик иддаолари ҳақидаги жавобга келсак, Гулнора Каримова битта интервьюда бунга келажакда қўл уришини истисно қилмаслиги ҳақида гапирган, бошқа матбуот анжуманларида ҳам ўз президентлик амбицияларини рад этмаган. Эҳтимол, у синглининг сўзларини писанд қилмас, ёки балки матбуотни уни ёмонотлиқ қилишга уринишда айблар.

Ўзбек президентининг оиласидаги бу каби низо нимадан дарак беради? Сиёсий курашданми, ёки иқтисодий рақобатдан?

Делл: Оилавий ва уруғ-аймоқчилик сиёсати Марказий Осиё давлатларида муҳим ҳисобланади. Каримова-Тиллаева хонимнинг баъзи жавобларида опа-сингилнинг рақобатига ишора қилинади. Иккалови ҳам ўз хайрия ташкилотларига бошчилик қилишади. Жавобларидан бирида Каримова-Тиллаева хоним "баъзи кучлар" унинг жамғармаси фаолиятига тўсиқ қилганини айтади. У бунинг тафсилотларига тўхталмайди, лекин айнан мана шундай шарҳ улар орасида назорат ва мавқеъ учун бўлаётган курашдан дарак беради. Кўп кузатувчилар унинг опаси ўта қудратли сиёсий ва иқтисодий уйинчи эканини тан олишади. Лекин, бу мавзуда Каримова-Тиллаева хоним кўп нарсани ошкор қилмаган ва ўзбек элитаси ичида ким нимани назорат қилишига аниқлик киритмаган.

Унинг ўз шахсий бойлиги ҳақидаги баёнотларига қандай қарайсиз? У оддий одамлардек банк ипотекасига уй сотиб олганини айтади.

Делл: Каримова-Тилллаева хоним бу мавзунинг нақадар нозик эканини жуда яхши билади. Ўзбекистонда жуда кўп одамлар оддий кун кўриш учун қаттиқ меҳнат қилишлари керак, шундай экан, унинг бойлиги бу манзарага мос тушмаслиги мумкин. Шунинг учун, у оддий одамдек намоён бўлишга уриняпти. У ўз оиласи Тошкентда биттагина квартирага эга экани ва Женевада "оилавий уй"ида яшашини айтади. У, шунингдек, турмуш ўртоғи билан ипотека тўлашаётгани, ҳамда Женевадаги уй нархининг атиги 18 фоизини олдиндан тўлашганини билдиради. Аммо, агар бу уй 46 миллион долларга сотиб олингани ҳақидаги хабарлар ҳақиқат бўлса, демак бу оила бир неча миллион долларни олдиндан тўлаган. Бу оддий одамлар тўлашга қурби етмайдиган миқдор. Лекин, у шаффоф бўлиб ўртага чиқиш ҳаракатида, ва ўз бойлиги қандайдир оилавий ришталари ва таниш-билишчилик меваси эмаслигини кўрсатишга уринаётгандек. У, албатта, ўз хайрия ишлари ҳақида батафсил жавоб берган ва муслима сифатида бойлиги ила бўлишишни ўз бурчи деб айтган. Бу баёнотлар уни бадавлат, аммо виждонли ва масъулиятли шахс этиб кўрсатишни кўзласа керак.

У нима учун ҳозирда бундай очиқ баёнотлар билан чиқаяпти деб ўйлайсиз?

Делл: Буни айтиш қийин, лекин унинг ёзаётган гаплари ва шахсий шароитларига қараб, баъзи ишораларни илғаш мумкин. Масалан, у Женевадаги уйини оилавий уй эканини айтади. У Ўзбекистонга камдан-кам боришини айтади, ва афтидан боришига ҳожат ҳам кўп эмас. Бироқ, унинг номи ва мавқеи ҳали ҳам Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ. Бу мамлакат эса инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан жаҳондаги энг абгор диктатуралардан бири дея тасвирланади.
Шундай экан, у Оврўпода янги ҳаётини изга солар экан, ўзини булардан йироқлаштиришга уринаётган бўлиши мумкиндир. Афтидан, шундай. У Франциянинг Rue 89 сайти уни "диктаторнинг қизи" деб атаганидан кейин бу нашрни маҳкамага тортиши сабаби сифатида - фақат ўзининг қилган ишларига қараб баҳоланиши истагини кўрсатади. Балки у айни дамда Ўзбекистоннинг келажаги мавҳум бўлиб бораётганига ишонади. Унинг отасидан президентликни ким меърос қилиб олиши ноаниқ, ва бу меъросхўр унинг ўз опаси бўлишининг эҳтимоли Каримова-Тиллаева хонимга ёқмаслиги аниқ. Айни дамда унинг опаси Оврўпода порахўрлик ва пул ювиш айблари билан тергов қилинаётган бир қатор Ўзбекистон фуқаросига алоқадор деб кўрилмоқда. Шундай экан, булардан ўзингни йироқлаштириш анча яхши фикрдек кўринади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.