Жиззахда 15 ёшли коллеж талабалари пахта теримига сафарбар этилган

  • 25 Сентябр 2013

Халқаро Меҳнат Ташкилоти пахта териш мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишни монитор қилиш учун Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлагани ҳақида маълум қилган экан, айни вақтда ҳуқуқ фаоллари коллеж талбалари бўлган 15 ёшли болалар ҳам теримга сафарбар қилингани ҳақида айтмоқдалар.

Ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Жиззах вилоятидаги Саноат Коллежининг 1 курс талабалари ётоққа пахта теримига олиб кетилган.

Фаолнинг айтишича, талбалар учун ётоқ ерларида тегишли шароитлар яратилмаган. Талбалар орасида турли юқумли касалликлар тарқаши ҳоллари кузатилмоқда.

"Талабалар ота-оналарига телефон қилиб, уларни олиб кетишларини сўрашади. Лекин ўқитувчилар уларнинг кетишларига рухсат бера олмайдилар. Чунки бу каби рухсатни берсалар мудирият ва Халқ Таълими Бўлими томонидан босим остида қоладилар", деди ҳуқуқ фаоли.

Пахтага теримига чиққан талбаларга тоза ичимлик суви ҳам етказиб берилмаётган экан. Шунинг учун улар ариқ ва катта ҳажмдаги очиқ сув идишларидан сув олиб ичишга мажбур бўлмоқдалар.

Ўзига тўқ ота-оналар ёнларидан ҳаражат қилиб фарзандларини хусусий уйларда ижарага туришларини ташкиллаштириб бераётган ҳоллари ҳам кузатилган.

Ўктам Пардаевга кўра, ҳозирча Халқаро Ташкилот назоратчилари Жиззах пахта далаларига келмаганлар.

Ўзбекистон пахта теримига ёш болаларни йиллар мобайнида жалб қилиб келган мамлакат сифатида халқаро танқидларга юз тутиб келмоқда эди.

Расмийлар эса болалар пахта теримига сафарбар қилинишини ҳамиша рад этиб келадилар.

Бу мавзуда батафсилроқ