BBC navigation

Хоразмлик журналист Сергей Наумов тақдиридан хавотир билдирилмоқда

Сўнгги янгиланиш 23 сентябр 2013 - 14:50 GMT
"Фергана.ру" фотоси

Сергей Наумов Россиянинг Ўзбекистондаги элчисидан мукофот олган.

"Сергей Наумовнинг ғойиб бўлиши хавотирни уйғотади, чунки унга Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бир неча марта таҳдид қилганлар".

Қароргоҳи Францияда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" бирлашмаси халқаро жамоатчиликка ана шундай мурожаат билан чиққан.

"Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти Урганч шаҳрида яшайдиган бизнинг ҳамкасбимиз, мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сергей Наумов ғойиб бўлди. Икки кундан буён унинг телефони жавоб бермаяпти, уни қўшнилари ва дўстлари кўрганлари йўқ", деб хабар қилади "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" бирлашмаси.

"2013 йилнинг 21 сентябри куни соат 19 ларга яқин Наумов ҳамкасбига қўнғироқ қилган ва ўзини милиция бўлими ходимлари ушлаганини айтган. Қаерда, ким томонидан ва нима учун қўлга олингани ҳамон номаълум", дея хабар қилади инсон ҳақлари ташкилоти.

Хоразм вилоятидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Нажот" ташкилоти Сергей Наумовни қидириб топиш ҳаракатлари самара бермагани ҳақида ахборот тарқатган.

"Нажот" раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг хабар қилишича, у Сергей Наумов ҳақида Хоразм вилоят, Урганч шаҳар ва туман ички ишлар идораларига, Урганч шаҳрининг аэропорт ва вокзал транспорт милицияларига мурожаат қилган.

Шунингдек, прокуратура ва Миллий хавфсизлик идораларидан ҳам сўралган.

"Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидан Сергей Наумов тўгрисида бирон-бир хабар олишнинг имконияти бўлмади. Маҳалла активлари Наманган кўчасидаги домда яшовчи Сергей Наумовни биладиган участка нозирининг бугун семинарга ўқишга кетганини билдиришди холос", деб хабар қилган "Нажот" ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов.

"Телефон ва Интернет орқали аноним шахслар унга таҳдид қилганлар. Ҳаммадан ҳам кўра Наумов мажбурий меҳнат оқибатларига мунтазам қизиқиши, Оролбўйидаги экологик вазият ва Урганч шаҳрида истиқомат қилган инсонларнинг ноқонуний мажбурий кўчирилишига бўлган қизиқишлари туфайли Ўзбек ҳокимиятининг жиғига тегиб келади", дейилади "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси тарқатган хабарда.

Ассоциация БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари, Оврўпо Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили, Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича махсус маърузачиси ва бошқа халқаро ташкилотларга, демократик мамлакатлар дипломатларига мурожаат қилиб Сергей Наумовнинг ишига зудлик билан аралашишга чақиради.

Айрим хабарларга кўра, Сергей Наумов мажбурий пахта йиғим-теримига сафарбарликни ўрганаётган пайтида ҳибсга олинган.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.