HRW :'Ўзбекистон вакили БМТда эски қўшиғини такрорлади'

  • 23 Сентябр 2013

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти вакилига кўра, БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгашига Ўзбекистоннинг ҳисоботини тақдим этган Акмал Саидов халқаро ташкилотлар кўрсатган инсон ҳақлари поймол этилиши мисолларига "ўта ғалати, деярли кулгили жавоб" қайтарган.

БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг даврий ҳисоботларни тинглаш жараёнида Ўзбекистон вакилининг чиқиши бўлиб ўтган.

Ўзбекистон номидан ҳисоботни Инсон Ҳуқуқлари Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов тақдим этган.

Тақдимотдан сўнг чиқишларда баъзилар мамлакатдаги сиёсий, ҳуқуқий ва адлия тизимидаги ислоҳотларни олқишлаган бўлсалар, бошқалар сиёсий маҳбуслар муаммосини тилга олганлар.

Лекин бу каби даврий ҳисоботлар инсон ҳуқуқлари аҳволини амалда яхшилаш учун не қадар самарали?

Ёки шунчаки қоғоздаги ҳисобот ва бўш сўзларга тўла мажлисми?

Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг Марказий Осиёдаги бўлинмаси раҳбари Стив Свердловнинг айтишича, ташкилот БМтга аъзо ҳамма давлатлар учун мажбурий бўлган бу каби даврий мунтазам ҳисобот фойдали тажриба эканлигига ишонади.

Стив Свердлов: Чунки, ҳар бир мамлакат, жумладан биз сўз юритаётган Ўзбекистон бу жараён доирасида ҳар тўрт йилда бошқа давлатлардан ўзи борасида талаб ва тавсияларга қулоқ тутиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида ўз бўйнига олган ҳамма мажбуриятлар юзасидан ҳисобот беради. Давлатлар бошқаларнинг фикрларига қулоқ тутиб, ҳеч қурса айтилган танқидларга жавобий муносабат изҳор этишлари, камида бу тавсияларни тан оладиларми-йўқми, айтишлари керак. Хуллас, бу жараён камида ҳар бир ҳукуматни мавжуд саволларга жавоб беришга мажбурлайди. Ўзбекистон каби ёпиқ мамлакат вакилининг бу каби саволларга ошкора жавоб бериши жуда камдан-кам юз берадиган ҳодиса. Лекин айтилган тавсияларни аслида амалга тадбиқ қилишга келсак, бу ерда мен сиз билан мувофиқман, самарали бир нарсага эришиш ҳозирда ҳануз қийин.

Би-би-си: Ўзбекистон каби давлатнинг расмий вакили инсон ҳуқуқлари соҳасида бу каби ошкор чиқиши камдан-кам юз берадиган ҳодиса дедингиз, лекин бу галги чиқишидан бирон янги нарсани била олдингизми?

Стив Свердлов: Ҳа тўғри, ўтган ҳафта Ўзбекистон расмийси яна ўша эски қўшиғини такрор айтди. Бу қўшиқни айтган шахс ҳам ўша эски шахс эди - Инсон Ҳуқуқлари Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов. Унинг ўз чиқишида айтган сўзлари биз ундан йиллар мобайнида эшитиб келган сўзларнинг деярли айнан ўзи эди. Лекин ҳисоботни эшитиш даврида унга берилган саволларга Акмал Саидов анчайин аниқ жавоб беришига тўғри келди. Масалан у Ўзбекистонда мажбурий стерилизация сиёсати ўтказилиши ҳақида берилган саволларга жавоб беришига тўғри келди. У бу саволга жуда ғалати жавоб ва изоҳ берди.

Би-би-си: Аниқроқ айта оласизми, мажбурий стерилизация ҳақидаги саволга унинг жавоби қандай бўлди?

Стив Свердлов: Жаноб Саидовнинг айтишича, агарда 1990 йилга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон аҳолиси 20 миллион эди. Ҳозир эса деярли 30 миллион экан, ана шунинг ўзи мамлакатда ҳеч қандай мажбурий стерилизация сиёсати йўқлигининг далили бўла олармиш. Хуллас ана шундай ўта ғалати, деярли кулгили бир жавобни берди. Бу эса менимча, Ўзбекистон расмийлари бу каби саволларга жиддий жавоб бериш истаклари йўқлигини кўрсатади. "Агарда бу муаммо ҳақида жиддий хавотирларингиз бўлса, Ўзбекистонга келинг ва биз сизга тегишли ва жиддий йўлда бу айбловларни муфассал текширишингизга имкон яратамиз", дегани йўқ жаноб Саидов.

Би-би-си: Худди ана шу нуқта бу каби жараённинг самарасизлиги далили эмасми? Ҳатто расмийлар уни жиддий қабул қилмаяптилар, йилдан-йилга бир нарсани такрорлаб, кулгили жавобларни бераяптилар...

Стив Свердлов: Бу каби даврий ҳисоботлар янги бир жараён. Ҳа, Ўзбекистон жиддий равишда баъзи саволларга жавоб беришдан қочаётгандир, лекин ҳеч бўлмаса БМТ Кенгаши ўнгида ҳисобот беришга жиддий ёндошмоқда. Акмал Саидов ва унинг ҳамкасблари ҳисоботга обдон тайёргарлик кўришгани аён эди. БМТнинг вазифаси эса бу жараённи самарали натижа берадиган бир нарсага айлантириш. Масалан HRW БМТ кенгашига Шимолий Корея билан бўлганидек, Ўзбекистон борасида фақатгина танқид қилиб қолмай, махсус механизм ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Чунки Ўзбекистон охирги 11 йил мобайнида мамлакатга биронта БМТ инсон ҳуқуқлари экспертининг келишига рухсат бермаган. Бу жаҳонда инсон ҳуқуқлари соҳасида энг ёмон аҳвол қайд этилган мамлакатлардан ҳам кўпроқ, рекорд даражадаги муддатдир.

Бу мавзуда батафсилроқ