'Борингга шукр пахта' ва ё чўлликларнинг куни туғдими?

  • 19 Сентябр 2013

Пахта мавсумида чўлдагиларнинг куни туғади. Сирдарё ва Жиззах бўйлаб ястаниб ётган Мирзачўл ўрнида яшаётган аҳолига чўлликлар дейилади. Собиқ Иттифоқ даврида бу ерларга Ўзбекистоннинг ҳар бурчагидан минглаб оила чўлни ўзлаштириш учун юборилган. Уларга бир вақтлар чўлқувар деган тамға босилган, энди эса чўл қувадиган куч-қувват қолмади. Ерларни шўр босиб, энди чўл бу одамларни қуваяпти.

Фермер деган ном бўлса ҳам ер бутунлай давлатга қарашли, унга нимани, қачон ва қандай экиш керак ҳаммаси ҳокимиятнинг кўрсатмаси орқали амалга оширилади. Аҳолининг бир қисми пахта карталарининг бир бурчагига қовун, ошқовоқ ва тарвуз экиб тирикчилик қиларди. Мирзачўлнинг машҳур торпеда ёки оқ уруғ қовунлари энг “ходовой товар” ҳисобланарди.

Бироқ, 3 йилдан бери бу ерларга ҳам пахта ва буғдой экилмоқда. Қовунлар камайиб кетди. Фақат тепада таниши бўлганларгина ҳозир ҳам юзлаб гектар ерга полиз экини экиши мумкин. Оддий деҳқон эса, жуда қийналган. Йўлкирага пул топган ўғли бўлса, Россияга юборган, бўлмаса кузни кутишга мажбур. Пахта заводларида эса, тайинли ойлик йўқ, унга ҳам ҳамма жойлаша олмайди.

Хуллас, куз келиб пахта терими бошланиши билан чўлликларнинг куни туғади, энг камбағалининг ҳам уйи ёришиб кетади.

Чунки, айнан пахта мавсумида ҳукуматнинг фермерлари банкдан нақд пул олиб, терган пахтангизга пулни нақд санаб беришади.

Ҳозир бир кило пахта 180 сўм қилиб белгиланган. Бир кунда тиришиб тирмашсангиз, 100 кило теришингиз мумкин. Бир кунда 18 минг сўм ёки 6,5 доллар Москвада кўча супираётган ёки Дубайдаги дўконларда сотувчилик қилаётган ўзбек мигранти учун унча катта бўлмаса ҳам, ўша ёқларга етолмай ётган чўлликлар учун яхшигина даромад.

Тошкентдан ёрдамчилар келиши билан чўлликларнинг осмонида иккита қуёш порлагандек бўлади. Чунки, умрида ғўзанинг тиригини чўлга келиб кўрган тошкентлик оқбилаклар табиийки уни теролмайди. Кунига нари борса 30 кило теради. Аммо, бир кунда 70 килолик нормани бажариш учун Тошкентдан келган ёрдамчилар пахтанинг ичида ўсган чўлликлардан ёрдам сўрайди.

Чўлликларга нима, ким пулини кўпроқ берса ўшанинг кетмонини учиради.

Бу йил фермерлар бир кило пахта учун 210 сўмдан берилиши кераклиги айтилган. Аммо, Жиззах вилояти ҳокимияти унинг 30 сўмини солиққа ушлаб қолмоқда. Фермер 180 сўмдан таклиф қилаётган бўлса, тошкентлик ёрдамчилар маҳаллий ёрдамчиларни ўз томонига ағдариш учун камида 400 сўмни айтишади.

Қарабсизки, кеча Аҳмад фермернинг даласида юрган Ойхон бугун Рашид фермернинг даласида тошкентлик Фаррух Омонов бўлиб пахта тераяпти. Ўтган йили пахта охирлаб қолганидан сўнг ёрдамчилар берадиган бир кило пахтанинг пули 500 сўмга чиқиб кетган эди.

“Тонгги соат 5 да ёрдамчилар машиналарда теримчининг уйига келиб олиб кетади. Тушлигини беради. Ҳатто, терган 50 кило пахтасини ўзи тарозига олиб келади. Теримчиларга фақат пахтани териш талаби қўйилган. Терилган пахтанинг пулини ўша жойнинг ўзида нақд санаб беради. Кечқурун яна машиналарда уйига олиб келиб қўяди”, - дейди маҳалла фаоли.

Фермер эса, 180 сўмдан таклиф қилгани етмаганидек, маҳаллий теримчиларга на сув ва на овқат бера олади. Пахтанинг пулини ҳам ҳар беш кунда беради. Қарабсизки, амалини топган ҳамма Тошкентлик ёрдамчиларга ёрдамга ошиқади.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари “хоин” пахтакорларга нисбатан ҳар йили уруш очади. Қишлоқ кенгаши раиси бош, участковой ёнбош ва яна бир неча фаоллар пахта майдони бўйлаб сохта тошкентликларни қувиб юради.

Пахта даласи кўп, биттасини ушлаб керакли картага ҳайдайман дегунча қолган 100 таси Тошкентдан келганларнинг бир кунлик пахтасини териб ташлайди. Тошкентлик ёрдамчилар териши керак бўлган пахтани маҳаллий шотирлардан қўриқлашга ишчи кучи етишмаяпти.

Бу кетишда ҳукумат ҳар бир тошкентлик ёрдамчининг бошига биттадан мелисасинни ҳам қўшиб юборса керак.

Хўжаликка ҳам бошқалар қатори режа қўйилган. Тепадан келган кўрсатма бўйича ушбу режани маҳаллий аҳоли бажариши керак. Аммо, маҳаллий аҳоли ёрдамчиларга кўмак беришга отланаркан, қишлоқ фуқаролар йиғинидагиларнинг боши қотади.

Бундай ҳолатда қишлоқ фуқаролар йиғинининг жонига ўша ҳуддудда жойлашган мактаб ўқитувчилари, боғча, тиббиёт ходимлари аро киради.

Камига давлатдан 2 ёшгача боласига пособия (ёрдам пули) олувчи кам таъминланган оналар пахтага мажбурланади.

“Эмизикли боласини уйдан бирортасига ташлайди ёки ўзи билан далага олиб келиб, тушгача пахта териб бериб кетади. Бўлмаса пособиядан қуруқ қолади”, - дейди маҳалла фаоли.

Умуман пахта теролмайдиган ёки теришни истамайдиган чўлликларнинг ҳам пичоғи бу пайтда ёғ устида ўйнайди.

Комфортга ўрганиб қолган шаҳарликларга хизмат кўрсатиш учун деярли ҳамма тадбиркор бўлиб кетади.

Душан ака бурноғи йили ем ва ҳашак топиб беролмай ҳамма молларини сотди. Ва молхонасини меҳмонхона ва ҳаммомга айлантириб қўйди.

Энди мактаб ёки коллежнинг совуқ хоналарида ётишни истамаган ҳашарчилар Душан аканинг собиқ молхонасида мазза қилиб дам олиши ва ювиниши мумкин.

Душан акага ўхшаганлар ким қанча. Ўзи икки хонали уйда турса, шунинг бир хонасини ҳашарчиларни ўйлаб меҳмонхона сифатида ижарага беришаяпти.

Уддабуронлари ёрдамчиларга овқат пиширган,яна кимдир сочини олган.

Онда-сонда машина келадиган устахона ҳам гавжумлашган. Бу ёрдамчи деганлари энг камида Ласетти бўлмаса, Каптива ва Малибулар билан келиб маҳаллий устанинг ҳам дилини чоғ қилмоқда.

Пайнетчиларнинг қўли қўлига тегмай қолади. Интернет ва кўп гаплашишга ўрганиб қолган шаҳарликларнинг мобиль телефонида пул тез тугаб қолади. Маҳаллий пайнетчи бундан шод.

Иттифоқ тарқаб кетганидан кейин ўзи билан қўшиб чўллардаги инфратузилмани ҳам олиб кетгандек. Канализация, газ, чироқ ва сув тизимлари йилдан йилга ишдан чиқиб яроқсиз аҳволга келмоқда.

Марказлашган каналализациясиз бир амаллаб яшаса бўлади, аммо сувсиз ўта қийин, айниқса, шаҳарликлар учун.

Бундай пайтда шаҳарлик ҳашарчиларнинг жонига чўлнинг меҳнатда пишган болалари ёрдамга келади. Фарҳод сингари тоғни ёрмаса ҳам, геологлар сингари қаердан бўлса ҳам ичимлик суви топиб келади ва пулини олади.

Хуллас, йил 12 ой вилоятлардан Тошкентга қараб оқувчи пулларнинг бир қисми пахта мавсумида ёрдамчилар билан бирга чўлга қараб оқади.

Россиядаги мигрантларга ўхшаб бир мавсум ишлаб Нексия ололмаса ҳам камида битта молнинг пулини топишади. Борингизга шукр, тошкентлик ёрдамчилар, борингга шукр пахта.