BBC navigation

"Раҳима 'Дунё гўзали'да қатнашишга лойиқ!"

Сўнгги янгиланиш 17 сентябр 2013 - 11:42 GMT

Раҳима Ғаниева моделлик тренингларидан ўтган

Индонезиянниг Бали оролида ўтаётган жаҳоннинг энг дабдабали ва жозибадор тадбирларидан бири "Дунё гўзали" танловида илк бора Ўзбекистон вакиласи ҳам иштирок этмоқда.

18 ёшли Раҳима Ғаниева "Дунё гўзали" сайтининг иштирокчилар ҳақидаги саҳифасида жойлаштирилган таништирув видеосида 20 июлда бўлиб ўтган кўрикда "Ўзбекистон гўзали" бўлиб ғолиб чиққанини айтади.

Бироқ шоу-бизнес аҳли ва жамоатчилик афтидан бу танловдан буткул бехабар қолган. Кўплар фикрида бу танлов аслида ўтказилмаган.

Раҳиманинг қандай қилиб "Дунё гўзали" танловига тушиб қолгани борасида унинг яқинлари ҳам лом-мим дейишмаяпти. "Унинг фақат ўзи гапириши мумкин бу ҳақида," - дейди исми-шарифи ошкор этилмаслигини сўраган дугонаси Би-би-си билан суҳбатда. Суҳбатдош "Ўзбекистон гўзали" билан қандай танишгани ва унинг қандай инсонлиги ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилди.

"Раҳима билан илк марта 2010 йилда танишдик. Биз икковимиз ҳам ўшанда Туризм коллежига ўқишга кирдик. Биринчи кунданоқ у мени ўзининг стиль ҳисси ва ташқи қиёфаси билан лол қолдирди. У жуда қизиқ ташқи кўринишга эга. Ундан ташқари, у жуда қизиқчи, у билан бирга бўлиш мен учун ҳар доим завқли, чунки у жуда ҳазилкаш инсон. Унинг ёнида ўзимни жуда қулай ҳис қиламан.

Биринчи курс жуда завқли ўтди, лекин 2 ва 3-курсларда кам кўришадиган бўлиб қолдик, чунки мен ҳам, Раҳима ҳам олийгоҳга киришга тайёрланаётгандик.

Раҳиманинг ташқи қиёфаси ҳар доим моделларникига ўхшарди, шунинг учун ҳамма дугоналаримиз билан уни Моделлик агентлигига боришга ундардик.

У бу чақириқларга қулоқ тутиб, "Promodel" моделлик агентлигида таълим олди. Учинчи курсда ўқиётганимизда эса иккимиз биргаликда "Asian style" деган моделлик агентлигига қатнадик.

Бу агентликда ўқиётганимизда бизда ҳар ҳил психологик тренинглар бўлиб турарди, дефиле, актёрлик маҳорати... Айнан шу пайтларда Раҳима ҳақиқатдан очиларди, чексиз талантини намойиш қиларди.

Эсимда бор, бир марта бизда ўзга сайёраликлар ролига кириш топшириғи берилган. Жуда кулгили бўлганди! Раҳимадан ҳеч буни кутмагандим. У сочларни тўзғитиб, ёйиб олди-да, гўёки ўзга сайёраликларга ўхшаб юриб берганди, ролга кириб кетганди.

Раҳимага жуда чиройли суратлар билан яхши портфолио қилиб беришди. Уни кейин мусиқий клипларга таклиф қилишни бошлашди.

У "Жаҳон гўзали" танловида қатнашишга ва Ўзбекистонимизга, бениҳоят гўзал шаҳримизга вакиллик қилишга лойиқ! Танловга энг лойиқ қизни танлашди!

У жуда меҳрибон инсон, ва ҳар доим, ҳар қандай иш бўлмасин, ҳаммага ёрдам беради. Ўзбекистонимизда, тўғри, чиройли қизлар кўп, лекин Раҳима шу қизлардан бири."

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.