Ўзбекистон Бангладешдан ўз пахтаси учун омборхона сўрамоқда

  • 17 Сентябр 2013

Ўзбекистон Бангладеш ҳукуматидан ўзбек пахтаси учун бепул омборхона ажратишни сўраган.

Ушбу таклиф Бангладеш Ўзбекистондан йилига 200 минг тоннадан пахта сотиб олиш ҳақидаги битимни имзолаши ортидан киритилган.

Ўзбекистоннинг сўровига Бангладеш бизнес доираларидан муносабат турлича бўлаётгани айтилади.

Маълумотларга кўра,Бангладеш тўқимачилик саноати пахтага эҳтиёжининг 30-33 фоизи Ўзбекистон пахтаси эвазига таъминланади.

Пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи йирик мамлакат бўлган Ўзбекистон эса, болалар меҳнатидан фойдаланаётгани учун халқаро танқидлар остида қолиб келади.

Биз Бангладеш Тўқимачилари ва экспортчилари уюшмаси президенти Муҳаммад Фазлул Ҳақдан Ўзбекистоннинг сўнгги таклифи нимани англатиши ҳақида сўрадик:

Муҳаммад Фазлул Ҳақ: Биз яқиндан пахта бозорида нархлар тебранишига гувоҳ бўлдик. Бошқа томондан ўтган икки йил ичида Бангледеш импорт хом ашёга мутлақ қарамлиги кузатилди. Маҳаллий тижорат учун ҳам, қайта экспорт учун ҳам пахта тақчиллиги юзага келди. Хуллас, Бангладеш учун барқарор бозор керак. Баъзан қўшни Ҳиндистондан пахта сотиб олишда муаммоларга дуч келамиз. Ишлаб чиқариш сифати яхши эмаслиги, айрим ҳолларда, ички эҳтиёжи ўсиб бораётгани учун пахта экспортига чекловлар киритилади. Текин омборхоналар масаласига келсак, нафақат, Ўзбекистон, балки бошқа мамлакатлардан ҳам биз турли таклифлар олганмиз. Бундай омборхоналарнинг Бангладешда бўлиши кўплаб муаммоларга ечим бўлар эди. Бизнес нуқтаи назаридан бу жуда муҳим. Шундай қилинса, маҳаллий саноат пахтани жуда қисқа муддат ичида осонгина сотиб олиши мумкин бўлади.

Би-би-си: Аммо, сиёсатчилар Ўзбекистоннинг таклифига турлича муносабат билдираётганлари айтилади. Булар қандай муносабат? Таклифнинг Бангладеш бизнес доираларига ёқмаган жиҳати нима?

Муҳаммад Фазлул Ҳақ: Аввало, шуни очиқлашим керакки, пахта муаммо эмас, чунки пахта бож тўловдан озод қилинган. Аммо, Ўзбекистон пахтасининг, муаммоли демаган бўлардим-ку, мубоҳасали жиҳати бор. Айрим нуқталар қайта кўриб чиқилиши керак. Америка ва Оврўподаги брендлар томонидан ўзбек пахтасига эмбарго эълон қилинган. Ўзбек пахтаси нархи ва сифати Бангладешга маъқул. Ягона муаммо - ўзбек пахтасини етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ва бу АҚШу Оврўпо Иттифоқидаги гуруҳлар танқидига учраётгани. Улар ўзбек пахтасидан фойдаланмаслик кераклигини айтишмоқда. Айни мана шу жиҳат Бангладешда ўзбек пахтаси билан боғлиқ баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Би-би-си: Мазкур ҳолат Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланаётгани учун танқидларга юз тутаётгани Бангладешнинг эътиборидан четда қолмаётганини англатади, дейишимиз мумкинми?

Муҳаммад Фазлул Ҳақ: Албатта, биз бу мавзуни мубоҳаса қиламиз ва Ўзбекистон пахта далаларидаги болалар меҳнати муаммосини бартараф этишини истаймиз. Чунки, биз ўзбек пахтасидан фойдаланишни истаймиз. Боя айтганимдек, ўзбек пахтаси сифат жиҳатдан ҳам, нарх нуқтаи назаридан ҳам талабга жуда яхши жавоб беради. Ягона муаммо шу болалар меҳнати билан боғлиқ. Аммо, бошқа мамлакатлар билан Ўзбекистон ҳукумати ҳисоблашиши, ташаббус улардан чиқиши керак. Ва, албатта, Бангладеш бундай ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Би-би-си: Аммо, мавжуд муаммо ва халқаро танқидларга қарамай, Бангладеш йилига Ўзбекистондан 200 минг тонна пахта сотиб олиш бўйича келишувга эришган, шундай эмасми?

Муҳаммад Фазлул Ҳақ: Бангладешда йирик маҳаллий бозор мавжуд. Биз маҳаллий доирада ўзбек пахтасидан фойдаланишимиз мумкин. Аммо, экспорт маҳсулотлари учун ўзбек пахтасини ишлатиш бошқа масала. Биласиз, бизда кийим-кечак экспортига асосланган йирик бозор мавжуд. Айни мана шу бозор, ишлаб чиқаришда ўзбек пахтасидан фойдаланилаяптими - йўқлиги масаласига эҳтиёткор қарайди. Чунки, Америка ва Оврўподаги гуруҳлар буни очиқлашни сўрашади. Сиз маҳсулотларда ўзбек пахтаси ишлатилмаганини исботлашингиз керак. Агар болалар меҳнати муаммоси бартараф этилса, ажойиб иш бўларди.

Би-би-си: Маҳаллий ишлаб чиқаришда қанча миқдорда ўзбек пахтаси ишлатилади?

Муҳаммад Фазлул Ҳақ: Менда аниқ рақамлар йўқ. Аммо, яқиндан бери бу миқдор камайтирилган. Адашмасам, 30 фоиз пахта Ўзбекистондан олиб келинади.

Би-би-си: Текин омборхоналар масаласига қайтсак, Бангладеш ҳукумати Ўзбекистоннинг таклифини қабул қилиши мумкинми?

Муҳаммад Фазлул Ҳақ: Мен ҳозиргина юқори мартабали расмийлардан бири билан гаплашдим. Улар ҳужжатни кўриб чиқишмоқда. Ва таклифни қабул қилиш керакми-йўқлиги юзасидан қарор кейин олинади. Яъни, таклифнинг ижобий, салбий жиҳатлари, шартлари ва таъсирлари ўрганиб чиқилиши керак. Бунда Америка ва Оврўподаги харидорлар қўядиган шартлар ҳам эътиборга олиниши лозим.

Бу мавзуда батафсилроқ