BBC navigation

'Пахта мавсуми сабаб Тошкентда мардикорларнинг нархи кескин кўтарилган'

Сўнгги янгиланиш 16 сентябр 2013 - 13:03 GMT

Мардикорлар бир кунга 50 минг сўмдан камига рози бўлмаяптилар, дейди Суръат Икромов.

Ҳукумат пахтани давлат бюджетида ишлайдиганлар ва хусусий тадбиркорларнинг ҳисобига териб олишга киришган бир вақтда пойтахтда мардикорларнинг нархи кескин кўтарилиб кетган.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Ўзбекистондаги давлат ташкилотларида ишловчи педагог ва шифокорлар, вазирлик ва ҳокимлик ходимлари, газчиларнинг пахта йиғим-теримига мажбуран олиб чиқилаётгани ҳақида ёзган.

Хусусий тадбиркорларга эса ёрдамчи топиб бериш мажбурияти юкланган.

Биз ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов билан суҳбатлашиб, ҳашарчиларнинг кўлами борасида сўрадик.

Суръат Икромов: Бизга келган маълумотларга кўра 200 минг одамни Тошкент шаҳридан пахта теримига олиб чиқиш мўлжал қилинаяпти. Бутун республика бўйича оладиган бўлсак, 2,5 миллион аҳоли олиб чиқилади. Пахта очилган вақтида тез териб олиш учун ҳукумат кўпроқ одамларни жалб қилишга мажбур бўлмоқда.

Би-би-си: Сиз бу рақамларни қаердан олгансиз?

Суръат Икромов: Ўтган йили интернетда чиққан хабарлар бўйича мактаб ўқувчилар билан қўшиб ҳисоблаганда 1,5 – 2 миллион аҳоли пахтага чиққан. Бу йил сентябрнинг охири ва октябрь бошларида об-ҳаво серёғин келиши кутилмоқда. Хосилни тезроқ териб олиш мақсадида кўпроқ одам жалб қилишга мажбур бўлишаяпти.

Би-би-си: Пахтага жалб қилинаётганлар фақат давлат бюджетидан маош олувчиларми ёки бошқа соҳа вакиллари ҳам борми?

Суръат Икромов: Бу ерда ҳамма соҳадан бор. Ўша тадбиркорлар дейсизми, банкирлар дейсизми, ҳаммасининг бўйнига шу нарса қўйилган.

Би-би-си: Мустақил тадбиркорнинг бўйнига қандай қилиб, пахта териш мажбуриятини қўйиш мумкин?

Суръат Икромов: Ҳокимларнинг буйруғи билан уларни солиқ инспекциясига чақиришади. Ҳар бир бизнесменга шунақа шарт қўйилади. Кимдир ўзи боради, бошқаларни юборади ёки ўшанча маблағни беради.

Би-би-си: Тошкентлик тадбиркор умрида пахтани кўрмаган бўлса, бориб бир кунлик нормани териб бера олиши мумкинми?

Суръат Икромов: Агар тадбиркорнинг чиққиси келмаса ёки бормаса, уларга шарт қўйилаяпти, "масалан мардикорни топгин ва ўзингнинг номингдан юборасан". Ҳукуматга одам кучи керак, терувчи керак. Уларга тадбиркор, банк ишчиси ё врач пахта териши шарт эмас. Терувчи одам керак. Мардикорлар ҳозир жуда ҳам яхши вазиятга тушиб қолди. Уларнинг бир кунлик нархи 50 минг сўмга чиқиб кетди. Пахтага бориш учун 50 мингдан камига ҳеч ким рози бўлмаяпти. Олдин оғир ишларга ҳам бир кунлик иш ҳаққи 30 минг сўм эди.

Би-би-си: Нима учун унда мардикорга тўғридан-тўғри мурожаат қилинмасдан, тадбиркор ва шифокорларга мурожаат бўлаяпти?

Суръат Икромов: Қанақа қилиб мурожаат қилади?! Мардикор ўз ҳолича юрибди. Уларни қандай қилиб йиғади. Иккинчидан, ўша мардикорни жалб қилиши учун давлат ўзининг бюджетидан пул тўлаши керак. Бу ердаги масала шулки, мардикорга пул давлат бюджетидан кетмайди. Тадбиркорнинг чўнтагидан кетади.

Би-би-си: Ушбу ҳолатлардан норозилик бўлиб, ҳуқуқ ҳимоячилари ёки прокуратурага мурожаат қилаётганлар борми?

Суръат Икромов: Бизга шикоят қилиб келган одамларни ҳимоя қилишимиз мумкин. Агар ушбу жалб қилинаётган одамлар ариза билан келмаса, биз уларни ҳимоя қилолмаймиз. Ҳозир шундай нарса бўлаяптики, пахтага кетаётган ҳар бир одамга ҳокимиятдан мансабдор одамлар тушунтираяптики, агар бирор журналист, чет эллик нима мақсадда пахта тераётганини сўраса, бу нарсани ўз хоҳиши билан қилаётганини ва ҳеч ким мажбурламаганини айтиши керак. Яна ватанини севиши, унинг иқтисодини кўтаришга ёрдам бериш учун пахта теримига чиққанини айтишни талаб қилишмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.