BBC navigation

Ўзбекистон пахта далаларида техника қолганми?

Сўнгги янгиланиш 5 сентябр 2013 - 13:02 GMT

Ҳадемай ўзбек далаларида пахта териш мавсуми бошланади.

Бу йил ҳам пахтанининг асосий қисми шаҳарлардаги ташкилотлардан келган ёрдамчиларнинг қўл меҳнати эвазига териб олиниши кутилмоқда.

Энг оғир меҳнатлардан бўлган пахта етиштириш ва уни йиғиб олиш учун собиқ Иттифоқ даврида машина ва тракторлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилинган .

Тошкентда махсус пахта терувчи машинаси ишлаб чиқарувчи завод қурилган. Унинг муқобили фақат АҚШда бўлгани айтилади.

Аммо, бугунга келиб, "Ташсельмаш" бутунлай йиқитилиб, ўрни гулзорга айлантирилди.

Далаларда эса, пахта терувчи машиналар деярли кўринмай қолди.

Исми ўзгартирилган Омон ака 70-йилларнинг охирида Жиззах вилояти чўл ҳудудидаги совхозларнинг бирида механизаторлик қилган, яъни машина билан пахта терган.

“Совхозда 2 минг гектар пахта майдони бўларди. 70-80 та пахта териш машинаси бўларди. Бир мавсумда битта машинага 150-180 тонна режа қўйиларди. Планларни бажаришга ҳаракат қилиб пахта терганмиз. Икки киши сменада алмашиб пахта терардик”, - дейди Омон ака.

Омон аканинг айтишича, ўша пайтлари пахта териш машинаси учун махсус далалар ва унда махсус навли пахталар етиштирилган.

Биринчи, иккинчи терим машинада, ундан кейин кўсаклар ҳам махсус машинада териб олинган.

Совхоз экилган умумий пахтанинг 50-60 фоизини машинада териб олишга ҳаракат қилган.

Кейинчалик, қишлоқ хўжалигида машиналарни таъмирлаш паркини бошқарган Омон аканинг билдиришича, мустақилликка келиб, машина билан пахта теришга эътибор сусайиб кетди.

Аввалига Америкадан “Кэйс” русумли пахта терувчи машиналари олиб келинди ва Тошкентда оммавий равишда пахта териш машиналарининг ишлаб чиқарилиши тўхтатилди.

Аммо “Кэйс”лар харажатини оқлай олмагач, унинг ҳам импорти деярли тўхтатилди.

Бундан бир йил олдин Фанлар академияси қошидаги Механика институти пахтакорларга ёрдам сифатида териш машинасини ихтиро қилганини айтиб чиқди.

Бироқ Механика институти директори Анор Ризаевнинг Би-би-сига айтишича, ушбу машина ҳали бери амалиётда қўлланилмайди.

“Нусхаси тайёрланди, шу ишга олиб чиқиш ҳаракатидамиз. Лекин буни ишлаб чиқаришга жорий қилиш бўйича ҳали гап бўлиши мумкин эмас”, - дейди Анор Ризаев.

Машиналар қаерда қолди?

Пахта далаларида қанча пахта териш машинаси фаолият юритишини билиш мақсадида Жиззах вилоят ҳокимиятининг қишлоқ ва сув хўжалиги котибиятига боғландик. Аммо мудир саволимизга жавоб беришни истамади.

Жиззах вилоятида асосан фермерларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилувчи Зиёдилла Раззоқов пахта далаларида иш билан кўп юришини ва сўнгги йилларда бирорта пахта териш машинасига кўзи тушмаганини айтади.

"Мен Жиззах вилоятининг барча туманларида бўламан, лекин бирортасида пахта териш машинасига кўзим тушганини кўрмадим. Чунки биз ҳам вақтида талаба бўлиб пахта терганмиз. Пахта териш машинасидан кейин қўл терими бўларди. Лекин ҳозирги ҳолатда бунақа нарсаларни бирор марта учратганим йўқ", - дейди Зиёдилла Раззоқов.

Собиқ Иттифоқ замонида пахта теримини имкон қадар механизациялашга ҳаракат қилинган.

Шунинг учун Тошкентда “Ташсельмаш” деган махсус завод қурилган.

Бундай техника, яъни пахта териш машиналарини ишлаб чиқарадиган завод дунёда фақат 2 мамлакатда бўлган. Бири АҚШда, иккинчиси Тошкентда.

Тошкентдаги “Ташсельмаш”нинг ўрни теп-текис қилиб ташланиб, ўрнига гул экиб ташланди.

Ўзбек далаларида пахта териш машиналари борасида маҳаллий матбуот деярли хабар чиқармай қўйган.

Уларнинг сони ва бугунги техник талаблари борасида ахборот деярли йўқ.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган Омон аканинг айтишича, бугунги кунга келиб, жамоа хўжаликлари миқёсида пахта териш машинаси умуман қолмаган.

Фақат туман миқёсида машина трактор паркида саноқли бўлиши мумкин.

Уларнинг хизматидан фермерлар навбати билан фойдаланиши керак.

Бироқ фермерлар бугун машинадан кўра қўл теримини афзал билмоқда. "

"Бизда асосан қўл терим, пахта терувчи машиналарни сифати йўқолади, деб унча мунча фермер солмайди. Мажбур бўлиб қоладиган бўлса, иккинчи теримга чиқаради. Биринчи теримни ҳамма қўлда териб олишга ҳаракат қилади. Чунки машина пахтани сочиб кетади, нави пасайиб кетади. Ҳам қимматлик қилади. Чунки фермер унинг ҳаққини чўнтагидан тўлайди. Қиммат бўлиб кетади, ундан кўра қўлда тердиришни афзал кўради”, - дейди Омон ака.

Ўзбекистонда пахтани етиштириш ва йиғиб териб олиш давлат сиёсати даражасигача кўтарилган.

Мактаб ўқувчиларининг меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш мақсадида, шаҳарлардан ташкилот ва муассаса ходимлари ихтиёрий мажбурий равишда пахтага чиқарилади.

5 миллион тоннадан кўп пахта етиштирган Иттифоқ даврида ҳам пахтага чиқарилмаган пойтахт Тошкентдаги маҳалла ва ташкилотлар сўнгги йилларда пахта теримига сафарбар этилишмоқда.

Изоҳлар

Изоҳлар учун ёпиқ

Изоҳларга ўтиш
 
 
 

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.