BBC navigation

Дубай: Ўзбекистон фуқароси прокуратура биносини портлатиш билан таҳдид қилди

Сўнгги янгиланиш 2 сентябр 2013 - 07:59 GMT

Дубайда прокуратура биносини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган аёлнинг номи маълум эмас

Ўзбекистон фуқароси Дубайда прокуратура биносини қалбаки бомба билан портлатишга таҳдид қилган.

Исми ошкор қилинмаётган аёл олти ёшли боласи билан прокуратура биносига 1 сентябрь куни кириб келган ва белидаги бомбани портлатиш билан таҳдид қилган.

Аёл боланинг отаси кимлиги борасидаги баҳсни ўзининг фойдасига ҳал қилиб беришни талаб қилган.

Полиция зудлик билан бинодаги одамларни эвакуация қилган.

Дубай ҳокимияти матбуот хизматининг хабарига кўра, прокуратура биносидаги ушбу ҳодиса тинч йўллар билан якунига етган.

"Аёл белига тақиб олган мослама портловчи эмаслиги аниқланди. Аёл бомба эканлигини даъво қилган худди шундай симлар унинг уйида ҳам топилган ва бомба бўйича мутахассисларнинг текширувидан кейин оддий симлар эканлиги маълум бўлди. Тўрт кишидан иборат хавфсизлик ходимлари муаммони тинч йўл билан тугатишга муваффақ бўлди", - дейилади тарқатилган баёнотда.

Келишувларнинг қанча вақтга чўзилгани борасида бирор хабар айтилмаган.

Аммо аёл бомба борлигини эълон қилиши билан адвокати иштирокини сўраган ва шу билан ўзининг муросага тайёрлигини билдирган.

Аёл ушбу йўлга чорасизликдан қўл ургани ва шу билан ўзига нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотиш орқали оилавий муаммосини ечишга ҳаракат қилган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Дубай полицияси она ва боланинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча чора тадбир кўрилганини ва уларга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай кутилмаган ҳолатнинг олди олинганини таъкидлаган.

Ўзи ва боласини портлатиш билан таҳдид қилган аёлнинг исми шарифи ошкор қилинмаяпти.

Унинг нима иш билан шуғулланиши ҳам номаълум.

Фақат унинг Ўзбекистон фуқароси эканлиги айтилган.

Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида виза тартиби йўқ.

Амирлик пойтахти Дубайга асосан Ўзбекистондан савдогар, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишчилар бориши айтилади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу шаҳарда ўз танасини сотиш билан шуғулланувчи ўзбекистонликлар ҳам кўп учрашини айтади.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.