BBC navigation

Нега Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари 'восвос'га айлантирилади?

Сўнгги янгиланиш 29 август 2013 - 15:08 GMT

Ҳар бир автомобил текширилаётгани учун аватомобиллар қатори бир неча километрга чўзилади.

31 август куни Тошкентда ўтказиладиган Ўзбекистон мустақиллиги байрамига бағишланган тантаналар олдидан, агар имкони бўлса, бутун мамлакат ҳаёти "тўхтатилади".

Ҳали 20 кун олдин Қирғиз сиёсатчилари Ўзбекистон чегарани ёпиб олганидан шикоят қилишган ва бу ҳақда Ўзбек чегарачилари "мустақиллик байрами муносабати" билан деган оғзаки тушунтириш беришганини айтишган.

Ҳар йили Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан чегаралари август ойининг ўрталаридан деярли бекитилади, чегарадан ўтиш-қайтиш имконсизга айланади.

Ҳари йили август ойининг биринчи кунларидан нафақат Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёхуд Миллий Хавфсизлик хизмати, балки Тошкентдаги ҳар бир идора-ташкилот, вилоятларда эса вилоят ва туман ҳокимликларида "кучайтирилган иш тартиби"га ўтилади.

Навбатчилик рўйхатлари тузилади, ходимлар шанба-якшанбада ҳам, тунлари ҳам иш жойларида ухлаб қоладилар.

Ҳатто божхонаю-солиқчилар учун бундай "усиленный режим" баъзан сентябр ойининг охиригача давом этади.

"Ўз-ўзидан ўтказиладиган "тозалашлар"

Тошкент шаҳрини эса "дайди"лардан тозалаш бошланади.

Шу йил 29 август куни Тошкентнинг Юнусобод туманида олиб борилган "тозалаш" амалиётида ўнлаб вилоятдан келган фуқаролар ушланиб, милиция идорасига олиб кетилган.

Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида ўтказиладиган бу каби "тозалаш" амалиёти натижасида қўлга олинганлар Тошкентнинг Ҳамза туманидаги "Панельный" деб аталадиган жойидаги "Дайдиларни сақлаш ва тақсимлаш маркази"га, у ердан эса мажбуран уйларига жўнатилиши айтилади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчи ходимининг Би-би-сига айтишича, байрам арафасида пойтахт бўйлаб бу каби тозалаш амалиётлари "ўз-ўзидан ўтказилади".

Аммо у Тошкент бўйлаб ўтказилаётган тозалаш амалиётларида жами қанча одам ушлангани ёки пойтахтдан чиқариб юборилгани ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Август ойида тозалаш амалиётлари "ўз-ўзидан ўтказилади".

Бу "ўз-ўзидан ўтказиладиган амалиётларга" нафақат ўзбекистонликлар, балки қўшни мамлакатларнинг фуқаролари ҳам ўрганиб қолганлар, яқинларининг тўй ёки азасига боролмай қолсалар ҳам "тақдирга тан беришдан ўзга чоралари йўқ".

Тошкент шаҳрининг ўзида эса "текшир-текшир"лар шу даражада кўпайтирилганидан оддий одамлар бозор-ўчарини бир неча кун олдин қилиб қўйиб, август ойининг охирги кунларида кўчага чиқмасликни афзал билиб қолганлар.

Бир неча километрлик радиуслик кордон

"Rejimning tasavurida, tafakkurida "mana shunday mexanizm bo‘lmasa, kutilmaganda biror kor-hol bo‘lib qolishi mumkin" degan xavotirlar bor"

Kamoliddin Rabbimov

Чунки кўчадаги милиция ходими ҳар бир одамни "потенциал террорчи" деб кўради.

Охирги 2-3 кунда Тошкент шаҳри марказидаги кўчаларни ёпиб қўйиш бошланган.

Тошкент шаҳрига кириш жойларида эса қум тўлдирилган қоплар жойлаштирилган жанговор блок-постлар ташкиллаштирилган.

Мамлакат раҳбарларига мўлжалланган томоша Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёнидаги майдонда бўлиб ўтади ва бу майдонга ўтиш йўли бир неча километрлик радиусда ёпиб чиқилган.

Пойтахт кўчаларида йиғилиб қолган автомобиллар бир неча километрга чўзилиб кетгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди, ҳатто "Тез тиббий ёрдам" автомобилларининг ўтишига рухсат берилмагани ҳақида Инсон ҳақлари ҳимоячилари Алянси хабар тарқатди.

Интернат нашрларда кундузи ва кечқурун узоқ масофага чўзилган автомобиллар навбатининг суратлари эълон қилинди.

Хўш, Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари нега бу қадар оддий одамлар ҳаётини қийинлаштирадиган даражагача олиб борилади?

Нима, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари кимдир мустақиллик байрамига террорчилик хуружини тайёрлаётгани ҳақида ҳар йили хабар оладими?

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, ҳар йили Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ёки бошқа бир ташкилот ёки гуруҳлар ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида конкрет маълумот бўлиши шарт эмас.

Ўзбек сиёсий режимининг шаклланган психологияси

"Лекин бу сиёсий режимнинг инстинктив ёндашуви. Бу механизмга киритилган. Шахсан Каримовнинг хавфсизлиги ҳақида гап кетар экан, Ўзбекистон сиёсий тизими ҳеч қандай бюджет, маблағ ёки обрў-эътиборни инобатга олмайди", дейди Камолиддин Раббимов.

"Siyosiy rejimning o‘zining shakllangan psixologiyasi bor. Mana shu psixologiyaga qaraydigan bo‘lsak, bo‘layotgan voqea va hodisalarni faqat bitta so‘z bilan izohlash mumkin. Bu paranoyya"

Kamoliddin Rabbimov

"Режимнинг тасавурида, тафаккурида "мана шундай механизм бўлмаса, кутилмаганда бирор кор-ҳол бўлиб қолиши мумкин" деган хавотирлар бор. Шунинг учун хавфсизлик чораларини, кордонларини бузиб бўлмайди, деган тасаввурни сақлаб туриш ва кучайтириш учун ҳам мана шу тадбирлар қилинади", дейди сиёсий таҳлилчи.

"Сиёсий режимнинг ўзининг шаклланган психологияси бор. Мана шу психологияга қарайдиган бўлсак, бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни фақат битта сўз билан изоҳлаш мумкин. Бу паранойя. Ғарб давлатларида ҳам хавфсизлик чоралари тўлалагича таъминланади. Лекин бу хавфсизлик чоралари жамиятни қўрқитиш, уни таҳқирлаш ҳисобига бўлмайди", дейди Камолиддин Раббимов.

Ғарбда президентлар, давлат раҳбарларининг хавфсизлигини таъминлашда биринчи ўринда легитимликка эътибор берилади, дейди у.

"Ўзбекистондаги сиёсий тузум ўзининг халқидан қўрқади. У кутилмаганда бирор бир воқеа ёки ҳодиса бўлиб қолиши мумкин, дейди. Чунки жамиятнинг жамиятнинг муаммоларини каналлаштирадиган институтлар ва каналлар мавжуд эмас. Жамиятда ҳокимиятга яширинча ва ошкора нафрат, ёмон кўриш ҳолатлари анча юқори бўлиши мумкин. Буни ҳокимият билмайди қай даражада эканлигини. Чунки билиш учун имкониятлар мавжуд эмас... Авторитар режимлар ва диктаторлар ўзининг халқидан қўрқади, айниқса, кўчага чиққанда", дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистонда кучишлатар тизимларини сақлаб туриш давлат бюджетига қанчага тушиши жамоатчиликка ошкор этилмайди, бироқ хомчўтларга кўра, бу маблағ давлат бюджетининг салмоқли қисмини ташкил этади.

Охирги йилларда республиканинг турли ҳудудларида кузатилган рейдлар, ноқонуний мусодаралар бўшаб қолган давлат ғазнасини тўлдириш амаллари деб кўрилган.

Хавфсизлик чораси жамиятни қўрқитиш, уни таҳқирлаш ҳисобига кўрилиши керакми?

Нега Ўзбекистонда мустақиллик байрами муносабати билан деб хавфсизлик чораларини кучайтириш деб аталадиган амаллар оддий одамларни қўрқитиш, уларга ноқулайлик туғдириш эвазига амалга оширилиши керак?

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.