Гулнора Каримова: “Ҳалол бизнес, тўғрисини айтсам, бу жуда қийин нарса”

  • 23 Август 2013
Гулнора Каримова Ўзбекистонда тадбиркорларнинг қўрқув остида фаолият юритишига шаъма қилган.

Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Ўзбекистонда ҳалол йўл билан бизнес юритиш жуда қийинлигини айтган.

Каримова хоним ҳукумат томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун қарорлар қабул қилинаётганини, аммо уларнинг остида қабул қилинаётган қўшимча ҳужжатлар кўзда тутилган мақсадларни йўққа чиқараётганини таъкидлаган.

Каримова хоним тадбиркорлик тўғрисида Чирчиқда ёш журналистларнинг анъанавий “Келажак овози” медиа лагерида берган матбуот анжуманида рус тилида гапирган.

Матбуот анжуманини kun.uz интернет нашри жонли равишда матн кўринишда чоп қилиб турган.

Гулнора Каримова шу муносабат билан отаси Президент Ислом Каримов ташаббуси билан олиб борилаётган “тадбиркорларга кенг имконият” ислоҳотлари самарасини шубҳа остига олган.

Ҳукумат назоратидаги маҳаллий матбуот Ўзбекистонда тадбиркорлар учун давлат томонидан барча шарт-шароит муҳайё қилинганини ва Ўзбекистон бизнес вакиллари учун кенг имкониятлар мамлакати эканлигини таъкидлаб келади.

Марказий телеканаллардан олиб борилаётган тўғри сиёсат асосида мувафаққиятларга эришган тадбиркорлар бот-бот кўрсатилади ва улар яратиб берилган имкониятлар учун Президент Каримовни алқайдилар.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда тадбиркорларнинг қўрқув остида фаолият юритишига шаъма қилган.

“Тадбиркорларимиз хорижий машиналар рулига ўтиришга қўрқишади, кўпинча… Ҳа, бу энди умуман бошқа масала, сабаблари ҳам бошқа. Агар “иномаркалар” рулида давлат хизматчилари эмас, кўпроқ жасур тадбиркорлар бўлганида эди. Улар нимагадир масъул эканликлари, жавобгар эканликларини яширишмайди,” – дея иқтибос келтиради kun.uz нашри.

Шунингдек Гулнора Каримова ҳукумат тизимининг энг ишончли таянчи бўлган давлат хизматчиларини ҳам аёвсиз танқид қилган.

Давлат хизматчиларини нимагадир жавобгар деб билишига ишониш қийинлигини айтган.

Кузатувчилар Ўзбекистонда тадбиркорлик юритишнинг коррупцион элементлари кучли эканлигини айтишади.

Гулнора Каримованинг тадбиркорлар ҳақидаги чиқиши Швеция маҳкамасида TeliaSonera мобил алоқа ширкати иши бўйича номи янграётган бир маҳалга тўғри келган.

Маҳкама Гулнора Каримовани ширкатдан Ўзбекистонда фаолият юритиш учун лицензия олиб бериш эвазига йирик пора олганликда гумонламоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ