Ўзбек мобил алоқа бозорига кимлар келдию-кетди?

  • 16 Август 2013
"Уздунробита" бутун СССР маконидаги илк мобил алоқа ширкатлардан бири бўлган.

Ўзбекистон мобил алоқа бозори энг гуркираб ривожланаётган бозор ҳисобланади ва мобил алоқадан фойдаланаётган мижозларнинг сони 25 миллиондан ортиқ экани хабар қилинган.

Ўзбек мобил алоқа бозорининг кашшофи "Уздунробита" бутун СССР маконидаги илк ширкатлардан бири бўлганди.

1991 йилда ўзбекистонлик олим ва тадбиркор Санжар Умаров АҚШ-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси "Уздунробита"га асос солган.

1996 йилгача "Уздунробита" бу бозордаги ягона ўйинчи эди.

Ўша йили Ўзбекистонда 5 та мобил телефон ширкати иш бошлади.

Булар - DAEWOO Unitel, COSCOM, Uzmakom, Buztel ва Perfectum Mobile.

Кўпчилик DAEWOO Unitelнинг пойтахт Тошкентда кенг, ёруғ ва худди илғор Ғарб мамлакатларидагидек мижозларга хушмуомалалик билан хизмат кўрсатадиган офислари очилганини яхши эслашади.

COSCOM эса "бу компаниядаги телефон рақаминг билан чет элда ҳам гаплашиш мумкин"лиги, яъни роуминг хизмати мавжудлиги билан кишилар эътиборини тортган эди.

Мамлакатдаги қатор машҳур кишилар COSCOM мижозлари эди.

Кўп йиллар давомида Ўзбекистонда мобил алоқа фақат Тошкент ва пойтахт атрофи билан чекланиб қолди.

2000 йилда Ўзбекистон жанубига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари ҳужум қилгани айтилиб, катта сондаги Мудофаа вазирлиги ҳарбийларининг ва мамлакат раҳбарларининг сафарбарлиги қисқа вақтда Сурхондарё тоғларида "Уздунробита" антенналарини ўрнатишга туртки берган, фақат Термизда ишлайдиган сотовий телефонлар бутун вилоят ҳудудида сигналга эга бўлгани кўпчиликни ҳайрон қолдирган эди.

Кейинроқ Skytel ширкати ҳам иш бошлади.

Ўзбекистонда олтита мобил телефон ширкати фаолият юритаётгани билан фахрланиш туйғулари битилган мақолалар маҳаллий матбуотда бот-бот кўриниб қоларди.

2004 йил бу бозорда анча-мунча ўзгаришлар юз берди.

Россиянинг МТСи "Уздунробитага" эгалик қила бошлади, DAEWOO Unitelни Ҳолланд ширкати сотиб олди, Россиянинг МТСи ва Beelineи Ўзбек бозоридаги фаолликларини оширди.

Ўша йили Ўзбекистон Телекоммуникация агентлиги ўз ширкати Uzbektelecom Mobileни ҳам ишга туширди.

2006 йилда Beeline тренди остида ишлайдиган Россиянинг "Вимпелком" ширкати Buztel ва Unitelширкатларини сотиб олганини эълон қилди.

Ўшанда "Вимпелком" хабар қилишича, Unitelни 200 миллион долларга сотиб олган ва Unitelнинг бўйнидаги 13 миллион доллар қарзни тўлашни ҳам ўз зиммасига олган.

Малайзиянинг Bakrie гуруҳига тегишли Buztelнинг ҳам 2 миллион доллардан зиёд қарзи борлиги, бу қарз билан бирга яна 60 миллион долларга сотиб олингани хабар қилинган.

2007 йилда COSCON TeliaSonera назоратига ўтиб, Ucell деб атала бошлади.

Мобил алоқа бозори асосчиларидан Санжар Умаровга кўра, айнан 1996 йилдан бу соҳа порахўрликка бота бошлаган ва лицензия беришни Ўзбекистонда таъсирли шахслар ўз назорати остига олишган.

Ўзбекистон телеканалларида бутун халқ севиб томоша қилган телесериалларга ҳомийлик қилган DAEWOO Unitelнинг қандай қилиб 13 миллион долларлик қарздорга айланишининг асл сабаблари худди 9,5 миллион ўзбекистонликнинг мобил алоқасиз қолиши сабабларига ўхшаб кенг жамоатчиликка ошкор бўлмасдан қолган.

DAEWOO Unitel Ўзбекистондаги энг муваффақиятли ширкатлардан деб кўрилган.

2012 йил майигача Ўзбекистонда мобил алоқа мижозлари ва Интернетдан фойдаланувчиларнинг сони қанчалар тез кўпайиб бораётгани тез-тез янгиликлар сарлавҳаларига айланиб турарди.

Қатор қонунбузарликларда айбланган "Уздунробита" можаросидан кейин мамлакатдаги жами мобил телефон сўзлашувчилари сонини эълон қилмаслик афзал кўрилмоқда.

Бугун бу бозорда тўрт ўйинчи қолган ва улар кўплаб мушкулликларга дуч келмоқдалар.

Мижозлар алоқа сифати ёмонлашганидан шикоят қиладилар.

Бироқ "ўйинчилар"ни мижозлар шикоятидан кўра ўз бошига "Уздунробита"нинг куни тушмаслиги борасидаги хавотир кўпроқ ўйлантиради.

МТС ширкатига тегишли мол-мулк бир неча марта кимошди савдосига қўйилиб харидор чиқмаганини ҳам ана ўша хавотир билан изоҳлаш мумкиндир.

Ниҳоят "Уздунробита" мулкини давлат тасарруфига ўтказишга қарор қилинган.

"Интерфакс" хабар агентлигининг Ўзбекистон Давлат Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидаги манбаъга таяниб хабар беришича, бу ҳақдаги қарор МТС нинг касодга учраган шўъба корхонаси бўлмиш "Уздунробита" кредиторлари томонидан 12 август куни қабул қилинган.

"Уздунробита"нинг кимошди савдосига қўйилган бир неча юз миллион долларлик мол-мулкига харидор топилмагани айтилади.

Айни пайтда МТС Ўзбекистондаги қонуний мол-мулкига эгалик ҳаққини халқаро маҳкамада ҳимоя қилишини айтмоқда.

Би-би-си МТС ширкатининг ҳимоячиси Владимир Козин билан боғланиб, аввалига ундан "Уздунробита" мулкининг мусодара қилинишига муносабатини сўраган.

Владимир Козин: Ҳозирда МТС мулкини маҳкаманинг ноқонуний қарори асосида тортиб олиш жараёни кетаяпти. Улар буни аввал-бошдан буни режалашган, Ўзбекистоннинг барча тергов ва маҳкама идораларига бу тортиб олиш жараёнига қонуний тус бериши вазифаси қўйилган эди. Ҳамма куч МТСнинг мол-мулкини талон-тарож қилиш учун ташланган.

Би-би-си: Улар деганда сиз кимни назарда тутаяпсиз, давлатними ёки алоҳида одамлар гуруҳиними?

Владимир Козин: Мутлақо Ўзбекистондаги давлат ҳокимиятини назарда тутаяпман. Ўзбекистонда давлат узурпатор. Судлар давлатга сўзсиз итоат қилади. Ҳеч қандай адолатли маҳкама мавжуд эмас. Фақатгина давлатни қўлида ушлаб турганларнинг ҳокимиятигина мавжуд, холос. Ўзбекистон маҳкамаларининг МТС борасида чиқарган қарорлари Ўзбекистон Республикасининг ўз қонунларига ҳам зид. Ва маҳкаманинг ноқонуний қарорлари асосида хорижий ширкатнинг мол-мулки тортиб олинаяпти.

Би-би-си: Сизнингча, бу жараённинг ортида ким турибди?

Владимир Козин: Мен бунинг ортида ким турганини билмайман. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳокимиятга алоқадор одамлар турибди. Яъни суд, тергов ва ҳокимиятнинг барча бўғинларига таъсир ўтказа оладиган одамлар. Мен МТС устидан маҳкаманинг бир неча жараёнида иштирок этдим. У ерда мутлақ қонунсизлик ҳукмрон.

Би-би-си: МТС можаросида Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг қўли борлиги иддао қилинади. Сиз маҳкама жараёнларида бу даъвони тасдиқловчи биронта ҳужжатни кўрдингизми?

Владимир Козин: Мен Каримованинг қўли бор, деб айтолмайман. Чунки маҳкамада Каримовнинг қизи иштирок этгани йўқ. Бунинг орқасида ким турганини ҳам билмайман. Менинг билганим улар Ўзбекистондаги энг намунали мобил алоқа тизимини йўқ қилишди. Ва бу уларнинг виждонига ҳавола. Улар буни нима учун қилишди, деган саволга жавоб бериш эса менинг ваколатимга кирмайди. Чунки мен сиёсатчи эмас, адвокатман.

Би-би-си: Яъни сиз МТС ишини сиёсий, деб ҳисоблайсиз. Аммо солиқ тўламаганлик ва турли-туман молиявий қаллобликлар ҳақидаги айблар-чи?

Владимир Козин: Ҳа, мен буни ҳеч шубҳасиз, сиёсий иш, деб ҳисоблайман. Чунки иқтисодий иш бўлганида, биз мутлақо ютиб чиқар эдик. Қонунлар биз томонда эди. Агар гап солиқда бўлганида, солиқларнинг МТС тан олган қисмини тўлаш билан бу ишга нуқта қўйиш мумкин эди. Аммо улар бу билан кифояланишмади. Улар МТСни лицензиясидан маҳрум қилишди. Тасаввур қилинг, мамлакат аҳолисининг 70 фоизини мобил алоқа билан таъминлаган бир ширкатнинг лицензияси беш дақиқа ичида олиб қўйилди. "Ўздунробита" ширкати давлат қанча пулга даъвогарлик қилган бўлса, шунча нархга баҳоланди. Бундай бўлиши мумкин эмас. Ширкат ё ундан қиммат туради ёки арзон. Улар эса давлат истаган пулни чиқариб беришди. Шу ердан ҳам маълумки, мақсад солиқларни ундириш эмас, мақсда ширкатни тортиб олиш бўлган. Аммо бу нима мақсадда қилинди, ким қайси тугмага босди, мен бу саволга жавоб беролмайман. Бажонидил жавоб берган бўлардим, аммо менда бу саволларга жавоб йўқ.

Би-би-си: Шу кунларда интернетда гўёки МТС можаросига бошқа бир ўзбек, россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг аралашгани ҳақидаги фаразлар ҳам пайдо бўлди. Гўёки у МТСни Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқариб, "ВымпелКом" тимсолида унинг ўрнини эгалламоқчи бўлган. Сиз бу ҳақда нима дея оласиз?

Владимир Козин: Мен шуни очиқ айта оламанки, Алишер Усмоновнинг бу ишга мутлақо алоқаси йўқ. Бундай фаразлар ҳозир атайдан ўртага ташланаяпти. Улардан кўзланган мақсад сиёсий бўлиши мумкин. Аммо МТС ишидан хабардор одам сифатида мен ишонч билан айта оламанки, Алишер Усмоновнинг бу ишга заррача ҳам алоқаси йўқ. Ҳар ҳолда, мен ўзимдаги маълумотларга таяниб, шундай хулоса чиқара оламан.

Бу мавзуда батафсилроқ