BBC navigation

Ҳимоячи: 'Алишер Усмоновнинг МТС можаросига алоқаси йўқ'

Сўнгги янгиланиш 16 август 2013 - 11:07 GMT

МТС Ўзбекистондаги мулкига эгалик ҳуқуқини халқаро маҳкамада ҳимоя қилишини айтган.

Россиянинг МТС мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги мол-мулки давлат тасарруфига ўтказилган.

"Интерфакс" хабар агентлигининг Давлат алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидаги манбаъга таяниб хабар беришича, бу ҳақдаги қарор МТС нинг касодга учраган шўъба корхонаси бўлмиш "Ўздунробита" кредиторлари томонидан 12 август куни қабул қилинган.

"Ўздунробита"нинг кимошди савдосига қўйилган бир неча юз миллион долларлик мол-мулкига харидор топилмагани айтилади.

Айни пайтда МТС Ўзбекистондаги қонуний мол-мулкига эгалик ҳаққини халқаро маҳкамада ҳимоя қилишини айтмоқда.

Би-би-си МТС ширкатининг ҳимоячиси Владимир Козин билан боғланиб, аввалига ундан "Ўздунробита" мулкининг мусодара қилинишига муносабатини сўраган.

Владимир Козин: Ҳозирда МТС мулкини маҳкаманинг ноқонуний қарори асосида тортиб олиш жараёни кетаяпти. Улар буни аввал-бошдан буни режалашган, Ўзбекистоннинг барча тергов ва маҳкама идораларига бу тортиб олиш жараёнига қонуний тус бериши вазифаси қўйилган эди. Ҳамма куч МТСнинг мол-мулкини талон-тарож қилиш учун ташланган.

Би-би-си: Улар деганда сиз кимни назарда тутаяпсиз, давлатними ёки алоҳида одамлар гуруҳиними?

Владимир Козин: Мутлақо Ўзбекистондаги давлат ҳокимиятини назарда тутаяпман. Ўзбекистонда давлат узурпатор. Судлар давлатга сўзсиз итоат қилади. Ҳеч қандай адолатли маҳкама мавжуд эмас. Фақатгина давлатни қўлида ушлаб турганларнинг ҳокимиятигина мавжуд, холос. Ўзбекистон маҳкамаларининг МТС борасида чиқарган қарорлари Ўзбекистон Республикасининг ўз қонунларига ҳам зид. Ва маҳкаманинг ноқонуний қарорлари асосида хорижий ширкатнинг мол-мулки тортиб олинаяпти.

Би-би-си: Сизнингча, бу жараённинг ортида ким турибди?

Владимир Козин: Мен бунинг ортида ким турганини билмайман. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳокимиятга алоқадор одамлар турибди. Яъни суд, тергов ва ҳокимиятнинг барча бўғинларига таъсир ўтказа оладиган одамлар. Мен МТС устидан маҳкаманинг бир неча жараёнида иштирок этдим. У ерда мутлақ қонунсизлик ҳукмрон.

Би-би-си: МТС можаросида Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг қўли борлиги иддао қилинади. Сиз маҳкама жараёнларида бу даъвони тасдиқловчи биронта ҳужжатни кўрдингизми?

Владимир Козин: Мен Каримованинг қўли бор, деб айтолмайман. Чунки маҳкамада Каримовнинг қизи иштирок этгани йўқ. Бунинг орқасида ким турганини ҳам билмайман. Менинг билганим улар Ўзбекистондаги энг намунали мобил алоқа тизимини йўқ қилишди. Ва бу уларнинг виждонига ҳавола. Улар буни нима учун қилишди, деган саволга жавоб бериш эса менинг ваколатимга кирмайди. Чунки мен сиёсатчи эмас, адвокатман.

Би-би-си: Яъни сиз МТС ишини сиёсий, деб ҳисоблайсиз. Аммо солиқ тўламаганлик ва турли-туман молиявий қаллобликлар ҳақидаги айблар-чи?

Владимир Козин: Ҳа, мен буни ҳеч шубҳасиз, сиёсий иш, деб ҳисоблайман. Чунки иқтисодий иш бўлганида, биз мутлақо ютиб чиқар эдик. Қонунлар биз томонда эди. Агар гап солиқда бўлганида, солиқларнинг МТС тан олган қисмини тўлаш билан бу ишга нуқта қўйиш мумкин эди. Аммо улар бу билан кифояланишмади. Улар МТСни лицензиясидан маҳрум қилишди. Тасаввур қилинг, мамлакат аҳолисининг 70 фоизини мобил алоқа билан таъминлаган бир ширкатнинг лицензияси беш дақиқа ичида олиб қўйилди. "Ўздунробита" ширкати давлат қанча пулга даъвогарлик қилган бўлса, шунча нархга баҳоланди. Бундай бўлиши мумкин эмас. Ширкат ё ундан қиммат туради ёки арзон. Улар эса давлат истаган пулни чиқариб беришди. Шу ердан ҳам маълумки, мақсад солиқларни ундириш эмас, мақсда ширкатни тортиб олиш бўлган. Аммо бу нима мақсадда қилинди, ким қайси тугмага босди, мен бу саволга жавоб беролмайман. Бажонидил жавоб берган бўлардим, аммо менда бу саволларга жавоб йўқ.

Би-би-си: Шу кунларда интернетда гўёки МТС можаросига бошқа бир ўзбек, россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг аралашгани ҳақидаги фаразлар ҳам пайдо бўлди. Гўёки у МТСни Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқариб, "ВымпелКом" тимсолида унинг ўрнини эгалламоқчи бўлган. Сиз бу ҳақда нима дея оласиз?

Владимир Козин: Мен шуни очиқ айта оламанки, Алишер Усмоновнинг бу ишга мутлақо алоқаси йўқ. Бундай фаразлар ҳозир атайдан ўртага ташланаяпти. Улардан кўзланган мақсад сиёсий бўлиши мумкин. Аммо МТС ишидан хабардор одам сифатида мен ишонч билан айта оламанки, Алишер Усмоновнинг бу ишга заррача ҳам алоқаси йўқ. Ҳар ҳолда, мен ўзимдаги маълумотларга таяниб, шундай хулоса чиқара оламан.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.