Рифат Гумеров:"Тоталитар тузум бизни тарк этгани йўқ..."

  • 13 Август 2013
  • изоҳлар
Рифат Гумеров:"Биз тилсиз маҳлуқ эмасмиз..."

Ўзбекистонда ҳукумат томонидан тўсиб қўйилган интернет сайтлари орасига хабарларга кўра, православларнинг www.pravoslavie.ru сайти ҳам қўшилган. Uzmetronom.com нашрининг ёзишича, Тошкент ва Ўзбекистон епархияси матбуот хизмати www.pravoslavie.ru сайтига бир неча ойдан бери Ўзбекистонда кириб бўлмаётганини айтган. Би-би-си Ўзбекистонлик таниқли русийзабон шоир, интернет блоггери Рифат Гумеров билан боғланиб ундан мамлакатда интернет нашрларга тўсиқ қўйиш тенденцияси ҳақидаги фикрларини сўради.

Рифат Гумеров: Шўролар даврида яшаганлар “Узлит” нималигини яхши билишади. Бу цензура. Менинг рамзий бир маънода аталган uzlit.net деган сайтим бор. Москвада “ГлавЛит” бўлар эди. Қолган барча республикаларда ўзларининг цензура қўмиталари фаолият юритган. “Узлит” қарор бермаганига қадар ҳеч нарса нашр бўлмас эди. Менинг рамзий бир маънода аталган uzlit.net деган сайтим бор. Яъни, худди “цензурага йўқ” дегандай...

Би-би-си: Аммо бу сайтингизга тўсиқ қўйилмаган экан, шундайми?

Рифат Гумеров: Ҳа, бу мен учун муҳим бир масала… Менинг сайтим нафақат хориждаги ватандошлар, балки ўзбекистонликлар учун ҳам мўлжалланган…Сайтимда Ўзбекистоннинг русий адабиёти анталогияси мавжуд. Биз озод рассомлармиз…Аввал бизни «андергроунд» деб аташар эди. Шўролар даврида биз ер остида ва ё ертўлада эдик, ҳозир ҳам шундай, биз ҳозир ҳам ўз фаолиятимизни давом эттирмоқдамиз. Сайтимиз ҳам ҳозирча очиқ.

Би-би-си: Аммо Ўзбекистонда бир эмас, бир неча интернет нашрлари, табиийки уларнинг аксарияти мустақил, мухолиф ва ё ҳукумат сиёсатини кўпиртириб олқишлаб бермайдиганлари ёпиқ қолмоқда. Интернет Ўзбекистон ҳукумати учун шунчалар қўрқинчлими?

Рифат Гумеров: Ростини айтсам, мен бунақа ҳаракатларни « абсурдистон» деб атайман. Ҳозирги технология асрида Шўролар давридаги тўсиқлар ва ё «глушилка»лар билан бирор иш қилиш мумкин эмас. Интернетни тўсиб бўлмайди. Ўшанда Би-би-си, «Америка овози» тўлқинларини «уриб» ташлашарди. Мен эслайман у даврларни… Ҳозир бунинг имкони йўқ. Кимга керак бунақа бемаънилик? Абсурд. Кафка реалликларига ўхшайдиган бир ҳолат… Сноуденни, Ассанжни эсланг? Уларни уддалаб бўлмади! Ҳеч нарса бугунги кунда махфий ва ё қаттиқ сир бўлиб қолмайди. Беркитиш қийин…

Би-би-си: Лекин мана сиз Кафкани тилга олдингиз, “абсурдистон” дедингиз... Аммо ҳукуматнинг бу “тўсиқлар” ўйини анчайин айёрлик эмасми? Масалан, у қайсидир интернет нашрига тўсиқ қўйиб, бу билан бошқаларга, бу ўринда халққа ўша сайтнинг “душманлиги”га ишора қилади. Қийноқлар муттасил қўлланиладиган, мухолиф фикрга мутлақо тоқат қилинмайдиган Ўзбекистондаги қўрқув руҳиятининг ўзиёқ одамларда ички цензурани шакллантирмайдими?

Рифат Гумеров: Ҳа, бу қўрқув… Қўрқув бизга мерос бўлиб қолган. Тоталитар тузумдан қолган бу қўрқув… Биласизми, аслида биз тоталитар тузумдан чиқмадик. Фақат ташқи кўринишни ўзгартирдик, холос. Мен учун бутун собиқ шўро ҳудуди худди ўлик бир ҳудуддай туюлади…Бу давлатларнинг барида у ёки бу маънода ана шу қўрқув бор. Тоталитаризм тирик. Мен бу даврни яшаганман. Мен учун бир табиий ҳолга айланиб қолган десам бўлади. Аммо биласизми, инсон агар бир нарсани чин дилдан истаса… қилиши керак! Бошқача бўлиши мумкин эмас? Жим ўтириб бўлмайди… Яна қанча жим ўтириш керак? Биз қул эмасмиз! Тилсиз бир маҳлуқ эмасмиз. Биз инсонмиз, ахир!