Ўзбекистонда илк рақамли матбуот дўкони ишга тушган

  • 6 Август 2013

Унда газета ёки журналнинг янги электрон сонига обуна бўлиш, интернет орқали йиллик обунани расмийлаштириш мумкин.

"Presseller.com"лойиҳасининг раҳбари Станислав Серенков янги рақамли хизматнинг мақсади, қулайлиги ва имкониятлари ҳақида Би-би-сига гапириб берди.

Станислав Серенков: Мақсад фойдаланувчилар учун матбуотни ўқиш имконини енгиллаштириш. Улар газета дўконларига энди чопиб юрмайдилар. Яъни матбуотни янада яқинлаштириш, қулайлик яратиш, хоҳлаган пайтда истаган нашр қўл остида бўлиб туриш имконини бериш. Замонавий технологияни ҳисобга олган ҳолда, яқин орада Андроид тизимига уланиш таклифи ҳам чиқарилади. Кейинчалик IBS тизими ишга тушади. Ва фойдаланувчилар газета дўконлари ва кутубхоналарда бор барча матбуот нашрларини шу тизимлар орқали бемалол ўқий оладилар.

Би-би-си: Агар мен бир фойдаланувчи сифатида йиллик обуна бўлсам, йил давомида қайси матбуот нашрларини ўқишим мумкин бўлади?

Станислав Серенков: Сиз бизнинг рўйхатимиздан ўзингиз танлаб олган нашрларга обуна бўласиз ва йил давомида уларни ўқиш имкониятига эгасиз. Ва биз уларнинг тезкорлигига кафолат берамиз. Газета-журналлар одатдагидек дўконларга ҳам чиқади ва албатта, сиз уларни кутубхонангизда ўқий оласиз. Шунингдек биз рўйхатимизни нашрлар ҳисобига бойитиб, МДҲ давлатларининг кўпгина нашриёт уйлари ва редакциялари билан ҳамкорлик учун музокаралар олиб бормоқдамиз. Сиз ўзингизни қизиқтирган нашрни топа олмасангиз, ариза қолдиришингиз мумкин ва биз тез орада сизнинг электрон кутубхонангизга уни етказишга ҳаракат қиламиз. Унинг кутубхонангизда мавжудлиги ҳақида хабар ҳам берамиз. Сиз нафақат ўзингиз ўқийсиз, фикрларингизни интернет ижтимоий тармоқларида ўртоқлашишингиз ҳам мумкин. "Presseller.com"лойиҳаси сизни матбуот нашрларини қат-қат қилиб сақлаб қўйиш одатидан ҳам қутқаради. Сиз хоҳлаган пайтда уларни электрон кутубхонангиздан топиб, ўқий оласиз.

Би-би-си: Бунда обуна нархи қанча бўлади?

Станислав Серенков: Бу ҳар бир нашрга қараб белгиланади. Баҳоларни муҳарририятларнинг ўзи белгилайди. Лекин улар босма нашрлардан кўра арзон бўлади. Сабаби, бу муҳарририятларнинг ўзига ҳам фойдали ҳисобланади. Чунки улар нашрларини тарқатганлик ва полиграфия учун пул сарфлашмайди. Шу билан бирга уларнинг ўқувчилари сони ошади ва аудиторияси кенгаяди.

Би-би-си: Мижозларингиз кўп бўлади деб ўйлаяпсизми?

Станислав Серенков: Мижозлар лойиҳамизнинг хизмат кўрсатиш сифати ва имкониятига баҳо беришади деб умид қиламиз. Ўйлайманки, мижозларимиз етарли бўлади. Рўйхатга олиш ишлари бошланганини ҳисобга оладиган бўлсак, биринчи мижозларимиз аллақачон бор дейиш мумкин. Яъни, кеча биз тизимни ишга туширдик ва фойдаланувчилар қизиқа бошлашди.