BBC navigation

Ўзбекистон пахтаси Бангладеш учун қанчалик муҳим?

Сўнгги янгиланиш 5 август 2013 - 13:58 GMT

Бангладеш ҳукумати Ўзбекистондан хар йили 200 минг тоннадан пахта сотиб олиш хакидаги битимни имзолаш арафасида турганини билдирган.

Узоқ муддатга мўлжалланган ушбу битимга мувофиқ, Бангладеш текстил саноатида пахтага бўлган эҳтиёжининг 35 фоизини Ўзбекистон пахтаси эвазига таъминлаши зарур.

Пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи йирик мамлакат бўлган Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланаётгани учун халқаро танқидлар остида қолиб келади.

Аммо бу танқидларнинг Бангладеш учун аҳамияти борми? Суҳбатдошим Би-Би-Си Бангладеш хизмати муҳараррири Собир Мустафо.

Собир Мустафо: Бангладеш ўзбек пахтасининг эски харидори ҳисобланади. Чунки мамлакатнинг пахтага бўлган эҳтиёжи ниҳоятда катта. Бангладешда йирик тўкимачилик саноати бўлса ҳам, пахта етиштирилмайди. Бугунги кунда Бангладешга бошқа мамлакатлардан пахта сотиб олиш осон бўлаётгани йўк. Зеро Бангладешга улкан миқдорда пахта етказиб турган Ҳиндистон, ички эхтиёжи ўсиб бораётгани учун пахта экспортига чеклов кўйган. Шунинг учун Бангладеш кафолатли импорт йулларини излаётганди. Ўзбекистон ана шундай мамлакатлардан бири бўлиб чиқди.

Би-Би-Си: Бангладеш шунинг учун хам ўзбек пахтасини сотиб олмаслик хақидаги баъзи халқаро улгуржи ширкатлар чақириқларига парво қилмаяптими?

Собир Мустафо: Йўқ, бу Бангладеш учун қисман сиёсий қадам. Чунки Бангладеш Марказий Осиёдаги давлатлар билан яхши алоқаларни ўрнатишни истайди. Ўзбекистондан пахта сотиб олиш битими ўша сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашнинг бир йўли, холос. Шунинг учун халқаро ҳамжамият Ўзбекистонни болалар меҳнатидан фойдалангани учун танқид қилаётган эсада, Бангладеш бунга эътибор қаратаётгани йўқ.

Би-Би-Си: Бангладеш текстил саноатида хам болалар меҳнатидан кенг фойдаланишадими?

Собир Мустафо: Бангладеш текстил саноатида болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммоси 1980 йилларда долзарб эди. Аммо, 90 йилларда тўкимачилик саноатида болалар меҳнатидан фойдаланиш деярли тўхтади. Аммо бошқа саноатларда, хусусан қишлоқ хўжалигида, болалар меҳнатидан ниҳоятда кўп фойдаланилади. Болалар ҳаттоки катталар учун хатарли бўлган соҳаларда ишлашади. Болаларни меҳнатини тўхтатишга қаратилган тартиблар деярли йўқ.

Би-Би-Си: Ўзбекистон ҳукумати пахта ишлаб чиқарувчи давлатларни болалар меҳнатидан ўзбек пахтасининг сотилишга қаршилик қилишга баҳона сифатида фойдалаётганликда айблайди. Бангладешда хам ўхшаш фикрлар борми?

Собир Мустафо: Бундай фикрга қўшиладиган одамлар Бангладешда хам бор. Уларга кўра, Бангладешдан қанча кўп маҳсулот борса, Ғарб давлатларида маҳсулот ишлаб чиқариш шунча камаяди. Бу эса ғарб давлатларидаги касаба иттифоқлари манфаатига хизмат қилмайди. Бундай қарашда бўлган Бангладешликларга кўра, ривожланган давлатлар ривожланаётган давлатларга ўхшаш усулларда босим ўтказишни тўхтатишлари лозим.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.