Тест синовлари: жўжани ёзда санашади

  • 1 Август 2013
  • изоҳлар
Тест синовлари милиция ва махсус хизматларнинг қаттиқ назорати остида ўтади

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига тест синовлари бўлиб ўтмоқда. Синовлар арафасида абитуриентлар шпаргалка ва мобил телефонларидан фойдаланишнинг тақиқлангани ҳақида расман огоҳлантирилган, мобил тармоқлари қўшимча хизматларни узиб қўйган.

Мобил алоқа хизматларидаги чеклов маҳаллий вақт билан 8.30 дан 13.30 га қадар давом этиши ҳақида биринчи бўлиб Ucell тармоғи ўзининг веб саҳифасида эълон қилган.

Ucell хабарида тармоқда профилактика ишлари олиб борилаётгани айтилади.

Бошқа мобил ширкатлари ҳам айни вақтда қўшимча хизматларга имкон бўлмаслигини тасдиқлашган.

Аммо мобил қўнғироқларига чеклов йўқлиги айтилган.

Тест синовлари ҳар йилгидек, фавқулодда хавфсизлик чоралари остида ўтаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Синов натижалари 15 августда эълон қилиниши кутилади.

Таълим тизимидаги порахўрликлар гарчи Ўзбекистондаги жиноий хроникалар учун ёт мавзу бўлмаса-да, тизимдаги кенгроқ мавзудаги коррупция матбуотда ёритиш тақиқланган мавзулардан ҳисобланади.

Қуйида ўзбекистонлик журналистлардан бири бу йилги тест синовлари ва таълим тизимидаги аҳволга доир кузатишлари билан ўртоқлашади.

Бу йил Ўзбекистон тарихида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун энг кўп абитуриент ҳужжат топширган. Давлат тест маркази маълумотига кўра, кириш имтиҳонларида 480 минг 405 нафар абитуриент иштирок этади.

Ўтган йили бу рақам 432 мингдан зиёдроқни ташкил этган эди.

Янги ўқув йилида Ўзбекистон олий ўқув юртлари 56 минг 607 нафар бакалаврни қабул қилади. Шундан 19 минг 120 нафари давлат грантлари асосида, 37 минг 487 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга киради.

Йилдан-йилга абитуриентлар сони ортиб бораётгани, расмий матбуот зўр бериб тарғиб қилаётганидек, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг самараси сифатида баҳоланмайди. Аксинча, кириш имтиҳонларидаги "ўйин"лар бунга сабаб қилиб кўрсатилади.

Ота-оналари юқори лавозимларда ишлайдиганларнинг "ёғли" жойларни эгаллаши учун шунчаки диплом керак бўлса, ўртаҳол аҳоли орасида борган сари ишсизлик ботқоғига ботиб бораётган республикада олий маълумотга эга бўлиш келгусидаги ишсизлик балосидан ҳимояловчи асосий омил, деган қараш мавжуд.

Қабулдан олдинги 'қабул'

Кўпчилик Ўзбекистонда билимли абитуриентлар олий таълим муассасасига ўқишга кира олмаслигини, ҳар йили Президентнинг махсус фармони асосида институт ва университетларга ажратиладиган ўринлар қабул мавсуми бошланмасдан анча илгари ўз "эга"ларини топишини яхши билишади.

Тошкент давлат техника университетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган бухоролик Насрулла исмли абитуриент бунгача 3 марта ўқишга кириш учун ҳаракат қилган. Аммо ҳар сафар уйига ноумид бўлиб қайтган.

"Бу сўнгги уринишим. Бунгача Бухоро давлат институти, Бухоро муҳандислик-технология институтига ўқишга кира олмаганман. Бухорода оддий одамнинг боласи ўқишга кириши қийин. У ерда ўқишга киритиш билан боғлиқ қаллоблик, фирибгарлик, порахўрлик чуқур илдиз отган. Ўтган йили шаҳримизни қора кийимли махсус хизмат вакиллари босиб, уюшган жиноятчиларни қўлга туширишган эди. Аммо бу денгиздан бир томчи холос. Бундайлар сон мингта. Шу боис адолат излаб, пойтахтга келдим, - дейди Насрулла.

"Бу йил ўқишга кирмасам бўлмайди, - дейди тошкентлик 21 яшар Мубина. - Олдинги 2 йил озгина балл етмай, талабаликка илина олмадим. Ота-онам: "қариқиз бўлиб қолдинг,бўлди, ўқишингни йиғиштир, эшикни қоқиб келган совчига узатиб юборамиз, дегани-деган. Йиғлаб-сиқтаб уларни яна бир марта уриниб кўришга кўндирдим. Талаба бўлсам, ота-онамга ҳам, оиламга ҳам яхши-ку".

Мубинанинг айтишича, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларга берилаётган имтиёзлар натижасида қизларнинг, шунингдек, бу турли сабаблар туфайли армияга бора олмаган йигитларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши йилдан-йилга қийинлашиб бормоқда. "Ҳарбий хизматда бериладиган 27,5 фоизли имтиёз тағин 3 йил амал қилади. Яна, эшитишимча, бундай абитуриентлар ўқишга кириша олмаса, тўплаган баллари ўтиш балидан юқори ёки тенг бўлган муқобил таълим йўналишларига контракт асосида қабул қилинишади. Қани бу ерда тенглик, бу бориб турган адолатсизлик-ку", - дейди у куйиниб. Унинг сўзларида жон бор. Ўзбекистон Конституциясига кўра, эркак ва аёллар барча жабҳаларда тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Аммо юқоридаги ҳолат чиндан ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқлари поймол қилинаётганининг исботидир.

"Ё ҳарбий хизматни ўтаб келганлар учун умумий қабул квоталаридаги ўринларга дахл қилмайдиган қўшимча ўринлар ажратилсин, ёки қизларнинг ҳам шундай имтиёзларни қўлга киритиши учун имконият берилсин. Токи мен каби ўқишга ҳавасманд қизларнинг орзулари саробга айланавермасин",- дейди тошкентлик абитуриент қиз.

Биометрик паспорт можароси

Бу йил Ўзбекистонда навбатдаги қабул жараёни ҳали бошланмай турибоқ, турли миш-мишлар урчиди. Эмишки, биометрик паспорт олмаган абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинмас эмиш. Кимлардандир буни эшитган абитуриентлар фурсатни қўлдан бермай янги паспорт олиш ҳаракатига тушди.

Қабулнинг илк кунларида бу миш-миш тасдиғини топди. Айрим олийгоҳлардаги қабул комиссиялари эскича намунадаги паспорт эгаларидан ҳужжат қабул қилишмади. Бунинг сабаби сўралганда, юқоридан шундай кўрсатма борлиги айтилди.

Вазият мураккаб тус олгач, бир қатор абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари мамлакат оммавий ахборот воситалари ва ахборот сайтларига мурожаат қилиб, ушбу масалага ойдиклик киритиб беришни сўрашди. Энг қизиғи шундан сўнг юз берди. Ўзбекистон Ички ишлар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан бу борада ҳеч қандай кўрсатма берилмаган бўлиб чиқди.

Хўш, у ҳолда бу гап-сўзлар қаердан чиқди? Юқоридан кўрсатма берилгани ёлғонмиди?

Исмини ошкор қилишимизни истамаган манбага кўра, бу ҳам коррупциялашган соҳанинг "ўйин"ларидан бири. Аслида кўрсатма ростдан ҳам бўлган. Фақат ҳукумат даражасидаги расмий ҳужжат мақомида эмас, балки оғзаки ички буйруқ шаклида. Ўзбекистондаги айни кунларда долзарб бўлиб турган паспортлаштириш сиёсати дея хаспўшланадиган бу воқеъликнинг замирида аслида бошқа мақсад яширин. У ҳам бўлса, турли йўллар билан абитуриентлар йўлига тўғаноқ бўлиш, ҳужжат топширувчилар сонини камайтиришдан иборат. Бу жирканч мақсад бошқа усуллар ёрдамида ҳам амалга оширилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий сайти (edu.uz)да келтирилишича, "Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига тест ўтказиш тўғрисида"ги низомга мувофиқ абитуриентлар таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни топширади: олийгоҳ ректори номига ариза, маълумоти ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, 3,5х4,5 ҳажмдаги 6 дона фотосурат, 086-U шаклдаги тиббий маълумотнома, паспортдан нусха. Бироқ айрим олий таълим муассаларининг қабул комиссиялари барча учун умумий бўлган бу тартибга зид, энг ачинарлиси, мутлақо асоссиз равишда абитуриентлардан қўшимча ҳужжатларни талаб қилишган.

Масалан, Тошкент Давлат Техника Университетининг механика ва машинасозлик факультетига ҳужжат топширган қашқадарёлик Муроднинг сўзларига қараганда, факультет қабул комиссияси абитуриентлардан юқоридаги ҳужжатлардан ташқари 063-U шаклдаги тиббий маълумотнома, меҳнат дафтарчаси, у бўлмаган тақдирда, маҳалладан берилган ҳақиқатдан ҳам ота-онасининг қарамоғида экани ҳақидаги маълумотномани талаб қилишган.

"Мен 19 июль куни ҳужжат топширишга келгандим. Соат еттиларда 236-бўлиб навбатга ёзилдим. Пешиндан сўнг навбатим келди. Бироқ қабул комиссиясидагилар узоқдан келаганимниям, шунча навбат кутганимниям инобатга олишмади. 063-U шакл ва ота-онамнинг қарамоғида эканим ҳақидаги маълумотнома бўлмаса, ҳужжатларим қабул қилинмаслигини айтишди. Уйга сим қоқиб вазиятни тушунтирганимдан сўнг ота-онам ортиқча оворагарчилик ва харажатлар билан Тошкентга қатновчи киракашдан керакли ҳужжатларни бериб юборишди. 20 июлда яна минг бир азоб билан ҳужжат топширдим. Қабул жараёнида шунча машмаша бўлса, имтиҳон куни қандай бўларкин", - дейди қашқадарёлик абитуриент.

Муроднинг сўзларини текшириб кўриш мақсадида турли олийгоҳларга ҳужжат топширган абитуриентлардан бу ҳақда сўраб-суриштирдик. Ҳақиқатдан ҳам айрим таълим муассасаларида юқоридаги ҳужжатлар талаб қилинаётган экан. Сабаби сўралганда, одатдаги эътирозга ўрин қолдирмайдиган жавоб янграган: "Юқоридан шундай кўрсатма бор!".

Ўзбекистон ахборот порталларидан бирининг маъмурининг сўзларига кўра, бу абитуриентлар сонини камайтириш, уларни умидсизлантириш ёкм ҳафсаласини пир қилиш йўлида амалга оширилаётган сунъий тўсиқдан ўзга нарса эмас.

"Бу каби ҳолатлар неча йилдан бери давом этади. Мамлакатдаги бир қанча номдор олий ўқув юртлари қонунга зид равишда абитуриентларда қўшимча ҳужжат талаб қилади. Табиийки, қабулнинг сўнгги кунларида узоқ вилоятдан келган абитуриентлар бундай ҳужжатларга эга бўлмайди ва ноилож бошқа олийгоҳга ҳужжат топширади", - дейди суҳбатдошимиз.

Жар ёқасидаги таълим тизими

Олий таълим Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланиб, мамлакатдаги йирик амал эгалари, институт ва университет ректорлари, шунингдек, куч ишлатар тизимлардаги масъулларнинг ўзига хос бизнеси - мўмай даромад манбаига айланган. Ҳатто Президент атрофидаги амалдорларнинг бу бизнесдан "улги" олиб туриши ҳақида гап-сўзлар бор. Шундай бўлгач, улар ҳақиқий манзаранинг фош бўлишига йўл қўярмиди?!

2013 йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатдаги 4 та йирик олийгоҳ - Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари, Тошкент давлат техника, Тошкент давлат педагогика университетлари ҳамда Тошкент давлат юридик институти (2 марта) ректорлари алмашган. Бевосита таълим тизимига алоқадор инсонлар буни ўта даромадли "пост"ларни сотиб олиш билан изоҳлашади.

Бозорнинг оддий қонуниятига кўра, бир сўм сарф қилган одам, уни икки сўм қилиб қайтармагунча тинчимайди. Демак, порахўрлик ва жиноятчилик давом этаверади. Ўзбекистоннинг оддий фуқароси ҳам қайси университет қанча туришини тахминан бўлса ҳам билади.

Самарқандлик бошланғич таълим ўқитувчиси Тожихол опа икки фарзандини пул билан ўқишга киритган. "Тўнғичим 2008 йили университетдаги бир домланинг ёрдами билан бюджетга ўқишга кирди. Унинг "хизмати" учун мол-ҳолни сотиб, 3000 доллар бердик. Қизим 2009 йили Низомийнинг тил-адабиёт факультетига контрактга ўқишга кириши эса 4000 долларга тушди. Бошқа иложимиз бўлмаганидан фоизга қарз олдик. Ҳозиргача шу қарзни тўлаб келаяпмиз. Иккита болани ўқишга киритиш, яна контрактини тўлаш силламизни қуритди. Бунинг жабрини эса кенжа қизимиз тортмоқда. Мана, тўрт йилдирки, ўз кучи билан ўқишга киролмаяпти. Шундан ҳам билиш мумкин тест синовининг бебурдлигини. Агар катта болаларимга ҳам пул топиб бера олмаганимизда улар ҳам аро йўлда қолиб кетган бўлармиди?! Бугун олийгоҳда ўқиш камбағалнинг боласига чикора бўлиб қолди".

Сарвар 2008 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг Фалсафа факультети политология йўналишига ҳужжат топширган. Тест синовида жами 108 та саволдан 83 тасига тўғри жавоб бериб, 181,3 балл тўплайди. Бироқ бу унинг ўқишга кириши учун етарли бўлмади. "Билим билан институтга ўқишга кириш қийин, - дейди Сарвар. - Мени пул билан ўқишга киритиш учун эса уйдагиларнинг имконияти етмайди. Шунинг учун Россияга ишлашга келдим. Пул топиб ҳам оиламга ёрдам бераяпман, ҳам ўқишим учун пул йиғаяпман".

1 август куни бўлиб ўтадиган тест синовларидаги "ўйин"лар ҳақида кўпчилик билади. Бироқ ҳеч ким ҳуқуқ-тартибот идораларига бу ҳақда шикоят билан мурожаат қилмайди. Уларнинг ўзи жиноят бошида турганда, бундан не наф?!

Айтишларича, тест синовларидаги энг ишончли ва абитуриентнинг ўқишга кириши кафолатлангани бу бункер усулидир. Энг нуфузли, катта мансабдор ёки бадавлат шахслар ёки улар томонидан ишонч билдирилган инсонларгина бу хизматдан фойдалании мумкин. Табиийки, хизмат ҳақи ҳам шунга яраша катта бўлади. Гаплашилган абитуриент эл қатори тест синовига келади. Унинг саволлар китоби алоҳида тайинланган домлалар ва олдиндан келишилган хавфсизлик ходимлари томонидан бункерга етказилади. Жавоблар тайёр бўлгач, абитуриентга берилади. У тайёр калитни жавоблар варағига кўчириб беради холос.

Гувоҳларга кўра, Тошкент ахборот технологиялари, Тошкент давлат юридик, Тошкент давлат иқтисодиёт, Тошкент давлат техника, Тошкент давлат педагогика,Тошкент давлат аграр, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари, Ўзбекистон миллий университетлари, Тошкент молия ва Тошкент автомобил ва йўллар институтлари, Тошкент тиббиёт академиясида ташкил этилган "бункер"лар фаолиятини бевосита таълим муассасаси ректорлари, шунингдек, хавфсизлик ходимлари назорат қилади. Тошкентлик Умид Тошкент молия институтидаги ана шундай бункерларда 3 йил "ишлаган".

"Одатда қайсидир фанни сув қилиб ичиб юборганлар бункерга махфий равишда таклиф қилинади. Кўпинча олийгоҳ подвалларида ёки тест бўлиб ўтадиган бинонинг бирор бир хонасида ташкил этиладиган бункерларда 30-50 чоғли одам йиғилади. Вазифа уларга берилган вариантларнинг тегишли фан блокларидаги тестларни ечишдан иборат. Умиднинг таъкидлашича, абитуриент ўқишга кирган тақдирда ҳар бир блок учун 300 доллардан, жами 900 доллар ажратилади. Ўқишга кирган абитуриентлар учун ажратиладиган "улуш" шу тариқа йиғилиб, охирида бункердагилар сонига бўлинади. Шунда киши бошига тегадиган "улуш" келиб чиқади.

"Одатда бункердагилар ёрдами билан камида 70-100 нафар абитуриент ўқишга киради. Ўртача 80 нафар абитуриент ўқишга кирди деб олинса ва бункерда 30 киши ишлаган бўлса, 1 кишига 2400 доллардан тегади. Ўзбекистон шароитида бу ёмон даромад эмас", - тошкентлик талаба.

Тест синовларида қўлланадиган "Паравоз", "калла", қўл телефонидан бемалол фойдаланиш, "пешка" ёки "қаримас абитуриент" каби усуллар оммага ипидан игнасигача маълум бўлгани боис бу ҳақда тўхталмадик.

Шпаргалкалар бозори

Ҳар йили 31 июлдан 1 августга ўрта кечаси Тошкент метросининг Чилонзор бекати атрофи абитуриентлар билан тўлиб-тошади. Ҳамма интизорлик билан ДТМда ишлайдиган ходимлар келтирадиган Х вариант ва шпаргалкаларни кутишади.

Х варинат ва шпаргалкаларнинг нархлари турлича: 50 доллардан 2000-3000 минг долларгача. Улар қанча қиммат бўлса, шунча самарали эканига ишонилади. Лекин бу кафолатланмаган. Келишув таваккалга асосланади. Бордию улар иш бермаса, пулни қайтариб олишнинг умуман иложи йўқ. Шу боис абитуриентлар арзорн ёки ўртача нархли Х вариант ва шгпаргалкаларни маъқул кўришади. Бир кишига оғир бўлмасин учун 5-10 кишилашиб биттасини сотиб олишиб, сўнгра кўпайтиришади. Шу куни Чилонзордаги ги нусха кўпайтириш жойлари узлуксиз ишлайди.

Опа-ука Салима ва Жаҳонгир ҳам шу ердан сотиб олган Х вариант ёрдамида ўқишга киришган. Ҳозир бири Ўзбекистон миллий университети, иккинчиси эса Тошкент давлат шарқшунослик институтида таҳсил олади. "Х вариант учун 1500 доллар сарфладик. Албатта бу катта таваккал эди. Бироқ амакимнинг танишлари орқали ишончли қўлдан сотиб олганимиз боис куйиб қолганимиз йўқ. Кўпчилик бундай нархга Х вариант сотиб олишга журъат қилавермайди. Аммо ажаб қилишади. Чунки арзон-гаров шпаргалкалардан кўра улар ишончли ва кафолатлангандир.нега бу ишга қўл урганимизга келсак, ўзимиз ҳеч қачон олийгоҳга ўқишга кира олмас эдик. Талабалар орасида мақолга айланиб кетган ибора бор" "Хорижий мамлакатда ўқишга кириш осон, ўқиш қийин. Ўзбекистонда эса бунинг акси. Шундай экан, йўлини топу ўқишга кир. Қолгани олам гулистон!".

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг шундоққина бурнининг тагида рўй берадиган бундай жиноий хатти-ҳаракат, мана кўп йилдирки, эътибосиз ва жазосиз қолдирилмоқда.

Жўжани ёзда санашади

Баъзида адолатсизликка чидолмаган абитуриентлар Давлат Тест Марказига шикоят ёзади.

ДТМ бунинг ҳам чорасини кўриб қўйган.

Одатда абитуриентларнинг тўплаган балига дахл қилинмайди, балки ўқишга кириши керак бўлган абитуриентнинг бали кўтариб қўйилади. Шу боис жуда ҳам камдан-кам абитуриентлар ДТМга апелляцияга беради.

Бироқ Ўзбекистон Бош прокуратураси нашри "Ҳуқуқ" газетасининг 2013 йил 28 март сонида чоп этилган мақола ДТМ томонидан абитуриентлар балларини ҳисоблашда қасддан хатога йўл қўйганлиги ҳақида мақола чоп этилди.

Манбага кўра, Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро М. Кабированинг фарзанди Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига кириш учун тест синови баллари нотўғри ҳисобланганлиги ҳақидаги мурожаати Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилиб, ҳақиқатан ҳам абитуриентнинг натижалари 100 баллга камайтириб ҳисоблангани аниқланаган.

Қайта ҳисоблаш натижаларига кўра, у давлат гранти асосида талабалар сафига қабул қилинган.

Шу каби, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, фуқаро Г.Абдуллаеванинг Тошкент тиббиёт академиясига давлат гранти, Ш.Муртазаеванинг эса Тошкент давлат педагогика университетига тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилиниши таъминланган.

Бундан ташқари, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг 7та, Давлат тест марказининг эса 11та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари амалдаги қонунларга зидлиги, уларда талабалар ва педагог ходимларнинг ҳуқуқларини чекловчи нормалар мавжудлиги аниқланган.