BBC navigation

Ўзбекистонда атиги 1000 та кекса дарахт қолган

Сўнгги янгиланиш 21 июл 2013 - 14:06 GMT

Тошкент ва Фарғона шаҳридаги 100 йиллик чинорлар кесиб ташлангани кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлганди.

Ўзбекистондаги Интернет нашрларнинг хабар қилишича, республика ҳудудида шу кеча-кундузгача сақланиб қолган ёши бир асрдан ошган дарахтлар сони ҳисоблаб чиқилган ва кекса дарахтлар сони 1014 та экани аниқланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мулозими Ўлмас Собиров маълум қилган.

Жаноб Ўлмасовнинг билдиришича, ёши 100 дан ошган дарахтлар 2007 ва 2011 йиллар орасида ўрганиб чиқилган.

Кекса дарахтларнинг 88 фоизи Ўзбекистоннинг чўл ҳудудларида, тўққиз фоизи тоғ ўрмонларида ва бир фоизи тўқайларда аниқланганини айтган Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси вакили.

"Кекса дарахтларга табиат ёдгорлиги мақоми берилди", дея хабар қилган Ўлмас Собиров.

Ушбу хабар Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида қайта қуриш ва шаҳарларни янада ободонлаштириш мақсади кўзлангани рўкач қилиниб кўплаб кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлаш ҳамон давом этаётган кунларда тарқалган.

Шу кеча-кундузда ҳам Ўзбекистоннинг энг иссиқ нуқталаридан бири Термиз шаҳрида соя-салқин бериб келган камида 50-60 йиллик дарахтлар илдизлари билан қўпорилмоқда.

Термизнинг Акмал Икромов кўчаси шаҳарнинг энг обод, дарахтзор гўшаси бўлган, шаҳарнинг бугунги амалдорлари бу кўчада яшаётган инсонларнинг норозиликларига қарамасдан, милиция ва Миллий Хавфсизлик идоралари ходимлари ёрдамида тазйиқ ва зуғумлар билан аҳоли турар-жой уйларини бузишни давом эттирмоқдалар.

Шу йил бошида Фарғона шаҳридаги 100 йиллик чинорлар кесиб ташлангани кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди.

Аммо шаҳар расмийлари чинорнинг инсонлар саломатлигига салбий таъсири, баланд чинорларнинг кўчаларни тўсиб қўйишию-илдизлари асфалтларни қўпориб ташлаши сингари важлар билан "чинорнинг Ўзбекистон шароитига мос келмаслиги"ни исботлашга уриндилар.

Аксар мутахассислар бундай уринишларнинг илмий исботланганини савол остига олдилар.

Уларга кўра, Оврўпою-Американинг шаҳар ва кўчалари, яшовчилари учун муаммо пайдо қилмаган чинорларнинг Ўзбекистон учун мос келмаслиги бугунги кунга келиб "аниқлангани" ғалатидир.

Азим дарахтларни қўпориб олиш осон бўлмаган.

Кўпчилик кузатувчилар фикрича, Ўзбекистондаги бир асрдан кекса, бугун ҳам соғлом ва бақувват, ёзнинг жазирамаларида инсонларга соя берадиган дарахтларнинг илдизлари билан қўпорилиши ортида камида учта сабаб бор.

Бири мансаб курсисини эгаллаган амалдорларнинг "юқорига ёқиш" ва шаҳарни қайта қуриш ва ободонлаштириш баҳонасида давлат бюджетидан кўпроқ маблағни ноқонуний ўзлаштириш истакларидир.

Шунингдек, СССР замонини эслатадиган хотира қолдирмаслик, мамлакат мустақиллиги йилларида Ўзбекистон шаҳар ва кўчаларининг нақадар кенг ва обод бўлганини кўрсатиб қўйиш интилиши.

Ўзбекистонда 100 йиллик дарахтлар ёппасига, оддий аҳолию-табиат ҳимоячилари ва мутахассисларнинг фикр ва ғазаблари назар-писанд қилинмасдан кесиб ташланган энг катта ҳодиса Тошкентдаги Амир Темур хиёбони дарахтларининг қўпорилиши бўлди.

2009 йил декабридан олдин Амир Темур хиёбонида айланган киши ҳар бир дарахт тагида унинг қандай дарахт экани ва 1880- ёки 1893-йилда ўтқазилгани ҳақидаги ёзувлар ёзилган темир табличкаларни кўриш мумкин эди.

Бу ёзувларнинг ўзи Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бугун берган табиат ёдгорлиги мақомини ўша кесилган дарахтларга беришга етарли эди.

Афтидан, табиат ёдгорлиги мақомидан кўра янги қурилган Форумлар Саройининг қанчалар маҳобатли эканини намойиш этиш муҳимроқ саналган.

Тошкент ва Фарғонадаги кекса дарахтлар кесилмаганида, Ўзбекистондаги ёши асрдан ошган дарахтларнинг сони 1000та эмас, камида 1500та бўлиши мумкин эди.

Кекса дарахтлар ўрнига хориждан олиб келинган ва маҳаллий иқлим шароитига мос келиш-келмаслиги ўрганилмаган арча турлари ўтқазилган.

Бунинг устига бу арчалар касалланган ва энди уларни қуримаган қилиб кўрсатиш учун яшил бўёқ билан бўяшга киришилган.

Яқинда Тошкентда арча дарахтига бағишланган кўргазмани ташкил қилган Носвой гуруҳи аъзоларидан бири мамлакат пойтахтини мақбараларга ўхшаган қатор-қатор оқ бинолар ва арчалар қоплаган қабристонга қиёслади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.