Соҳиба Ҳайитбоева: "Ўзбеклар ахлат титишаяпти"

  • 22 Июл 2013
  • изоҳлар
Фаррошлар супермаркетлар маҳсулотлари чиқариб ташланадиган жойларни ва ташлаш вақтини яхши билишади

Москвага келганимдан бери бир ачинарли ҳолни кузатаман: юртдошларимиз чиқитга чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмларини олиб, ейишади, кийишади, ишлатишади...

Йўқ, улар ишсиз ҳам, пулсиз ҳам эмас. Ночорликдан ҳам ахлат титишаётганликлари йўқ. Бу халқимизга хос "иқтисодчи"лик оқибати. Емишига сарфланадиган пулни тежаб, уйга кўпроқ пул юбориш учун ориятни четга суришмоқдалар.

Озиқ-овқатлар

Энг кўп юртдошларимиз супермаркетлар атрофида кўп ўралашишади.

Маълумки, супермаркетлар, умумий овқатланиш корхоналарида озиқ-овқат маҳсулотлари яроқлилик муддати тугаши билан чиқитга чиқарилади.

Ҳар куни чиқиндига айланаётган тонналаб маҳсулотни меҳнат муҳожирлари олиб бемалол истеъмол қилишмоқда.

- Нима қилибди, айнимаган, мазаси бузилмаган бўлса!, - деди Сабоҳат опа. - Руслар муддати 10 минут ўтган бўлса ҳам ташлайверади. Лекин еса бўлади-ку. - Лекин чиқиндига ташланган нарсани олиш...? - Топ-тоза, қадоғи ҳам бузилмаган.

Таниш фаррош йигитча кунда-кунора қора целлофан қопда турли маҳсулотларни яшаш жойига олиб келади, лекин музлатгичи бўлмагани учун уларни сақлаш муаммо бўлиб танишларга тарқатади.

- Савоб бўлади, - дейди у кулиб. – Менгаям текин келаяпти-ку!

- Айниган нарса бўлса-чи?

- Ўзбекларга жин ҳам урмайди! Шунча одам ўлгани йўғу ҳали.

Фаррошлар супермаркетлар маҳсулотлари чиқариб ташланадиган жойларни ва ташлаш вақтини яхши билишади.

Куни кеча яна бир ҳолатга дуч келдим. "Ёғ олмайсизми?" - деб қўнғироқ қилиб қолди бир юртдошим.

Ўз нархидан анча арзонга таклиф қилди.

Сабаби билан қизиқсам, ишлатилган ёғни тўкиб ташламай сотишар экан.

"Кўпмас, уч-тўрт марта беляши, чебуреки пиширилган холос," - дейди опа.

Кузатишларимга янги мавзу топилгани қизиқиши билан ёғни кўрдим, беш литрли кир баклашкага қуйиб сотишга тайёрлаб қўйилган. Ёғни тагида эса куйган ун чўкмалари кўриниб турибди.

Атиги уч-тўрт мартамас, яхшигина ишлатилган ёғлигини ичида ҳар нарсалар сузиб юрганидан билиш қийинмас.

Азбаройи қўшимча пул топиш илинжида раҳбарларида бекитиқча чиқинди ёғни сотаётганлар ҳам, арзонлигига учиб уни олиб ишлатаётганлар ҳам соғликлари учун қайғуришни умуман унутиб қўйишгани ачинарли.

Кийим-кечаклар

Чиқинди идишларига ҳамиша ҳам ахлат ташланмайди. Сал уринган ёки урфдан қолган кийим-кечаклар ҳам кўриниб қолади гоҳи. Бу "тежамкор" юртдошларимизнинг назаридан четда қолмади, албатта.

Янги ташланган пойафзалларни пакетга солаётган ҳамюртимизни учратиб қолдим ва нима учун олаётганини сўрадим.

"Қаранг, Италияники экан," - деди киши. – "Деярли янги. Аёлимга олиб бораман, ўлчами тўғри келса, кияр. Бўлмаса, бирортасига берар."

Яна бир аёл ҳар доим чиқиндига чиқариб ташланган кийимларни олиб юришини айтди. Уларни йиғиб уйга юборар экан.

"Россияни кийимлари сифатли бўлади," - дейди у. – "Уйга, далага кияверамиз. Биз томонда шулар ҳам фалон пул."

Кузатишларимдан билдимки, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ ёшлар, кийим-кечакларни катта ёшдаги меҳнат муҳожирлари олади.

Ёшлар кийимни кўпроқ нархи арзонлаштирилган дўконлардан харид қилишни маъқул кўришади.

Каттароқ ёшдагилар учун эса янги кийим кийиш у қадар муҳим эмас.

"Тўй қилишим керак, иккитам кетма-кет тайёр бўлиб турибди," - дея ҳасрат қилди навоийлик Жамила опа. – "Топганларимизни тежаб ишлатмасак бўлмайди. Ёшларга янги олсак, ўзимизга шуям бўлаверади."

Муҳожирлик кишини одатланмаган кўп нарсаларга кўникишга мажбур этаяпти. Аммо шу пайтгача ҳалқимиз ахлат титиб юриш даражасига тушиб қолмаган эди...

Уй-рўзғор буюмлари ва бошқалар...

Улар кеч бўлишини ҳам кутишмайди, ҳар доим хотиржам келиб ахлат титишади

Фарғоналик Гулини ишлагани келганига кўп бўлгани йўқ.

Ҳамма қатори турар-жой муаммоси билан ўралашиб қолди.

Саккиз аёл турадиган хонадан бир метрли жойга эга бўлдию, тагига солишга ҳеч нима топмади.

Дўкондан олишга ҳали пули йўқ, ҳужжат, ижара пули билан кейинги ойга етиб олиши керак.

Унга уй эгаси ахлатхоналарни кузатиб юришини, гоҳида руслар кроват ёки матрацга ўхшаш нарсаларни чиқариб ташлашини айтди.

Гули кўп кутмади. Бир ҳафта ахлатхоналарни қараб юриб матрац топди. Болаларникию, лекин бут-бутун. Жойига олиб кириб ётиб юрибди.

"Кроват сотиб олишдан қутилдиму, лекин матрацда кана бор экан, эрталабгача чақиб чиқаяпти," - дейди Гули.

Уй-рўзғор буюмлари сотиб олишга пулини қизғанган муҳожирлар чиқинди идишларида керакли бирор жиҳозни кўришса бўлди, уйга олиб киришади.

"Вақтинча яшаймиз, сотиб олиб нима қиламиз?! Барибир, ҳаммасини ташлаб кетишга тўғри келади," - дейди Адиба опа.

Сотиб олинмасликнинг яна бир сабаби, ўзбек муҳожирлари тез-тез ижара уйларини ўзгартириб туришади. Адиба опанинг айтишича, кўчганда ортиқча юк бўлади.

Москва кўчаларида велосипед ҳайдаб юрган фаррошларни кўп учратиш мумкин.

Кейинги пайтларда эътибор берсам, велосипедли фаррошлар икки киши бўлиб, чиқиндихоналарни текшириб юришади.

Улар кеч бўлишини ҳам кутишмайди, ҳар доим ҳотиржам келиб аҳлат титишади ва "пичоққа илингулик" нарсаларни саралаб йиғиб кетишади.

Уларнинг бир нечаси билан гаплашишга уриндим, аммо исташмади.

Энг қизиғи, уларнинг ҳеч бири касаллик юқтириб олишдан чўчиш у ёқда турсин, бу фикр ҳаёлларининг кўчасидан ҳам ўтмайди.

Аввалига темир-терсак, пластмасса, елим идишларни йиғиб қайта ишлаш корхоналарига топширишса керак, дея тахмин қилгандим.

Аммо суриштирсам, Россияда бундай корхоналар мавжуд эмас экан.

Ахлатлар йиғилиб, ташландиқларга элтиб ташланади.