Рафиқ Сайфуллин: "Гулнора Каримованинг катта сиёсатга лаёқати етмайди"

  • 18 Июл 2013
  • изоҳлар
"Гулноранинг катта сиёсатга лаёқати етади деб ўйламайман"

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Президент Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг элчилик вазифасидан олинганини очиқлар экан, интернет нашрларда бу қарор турфа талқинларга сабаб бўлмоқда.

Хорижда асосан “диктаторнинг қизи” дея қараладиган Гулнора Каримова Ўзбекистонда хайриячиликдан тортиб қўшиқчиликкача бўлган соҳаларда жонбозлик кўрсатиб келади.

Сўнгги пайтлар ижтимоий тармоқларда ҳам кузатувчиларга кўра, баъзан “агрессив фаоллиги” билан танилиб бораётган Гулнора Каримова ўзининг сиёсий иштаҳасини ҳам яшираётгани йўқ.

Би-би-си тошкентлик сиёсатшунос Рафиқ Сайфуллин билан боғланиб, ундан Гулнора Каримованинг элчилик лавозимидан олиниши билан боғлиқ қарор ортидаги сабаблар ҳақида сўраган.

Рафиқ Сайфуллин: Менинг фикримча, бунда бир қатор сабаблар бор. Авваламбор, Гулнора Каримова айрим объектив сабаблар ва субъектив манфаатлар боис, ўзининг аксар вақтини Ўзбекистонда санъат тадбирлари, концертлар, кўргазма ва мусобақаларни ташкиллаштиришга бағишлайди, бундан ташқари Фонд Форум номли ташкилотни бошқариш ҳам унинг деярли бор вақтини олади. Бу каби ўта фаоллигини чет элдаги дипломатик тадбирлар билан бирга олиб бориш осон эмас. У ё дипломатик фаолиятга ўзини бағишлаши, ё-да Ўзбекистондаги Фонд Форумни бошқаришга жиддий киришиб кетиши керак эди. Яъни бир пайтнинг ўзида уч-тўрт курсида ўтириш қийин бўлган, деб ўйлайман.

Би-би-си: Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг қарорини яқинда Францияда бўлиб ўтган полиция рейдлари ёки Швеция ва Швейцариядаги текширувлар билан боғлаш мумкинми?

Рафиқ Сайфуллин: Юзага келган ҳолатни можароли, деб таърифласак бўлади ва мен Франциядаги рейдларни ҳамда Швейцарияда кетаётган текширувни бевосита Ташқи ишлар вазирлиги қарорига боғламаган бўлардим. Албатта, мазкур текширувларнинг ҳаммаси бир шахсга бориб тақалади. Лекин уларнинг ҳаммасини битта нарса билан боғлаш унчалик ҳам тўғри эмас. Турли хил қонунбузарликлар суд орқали ҳал қилиниши керак. Лекин бу ҳаракатларни кадрлар ўзгаришига доир қарорга асос бўлган деб айтиш нотўғри.

Би-би-си: Каримованинг элчи лавозимидан кетиши дипломатик мақомидан айрилганини англатадими?

Гулноранинг сиёсатга вақти етмаяптими?

Рафиқ Сайфуллин: Йўқ, бу дипломатик мақомнинг олиб ташланилишини англатмайди. Бошқа сўзлар билан айтганда, у лавозимидан кетди, лекин дипломатик мақомини йўқотмаган. Биринчидан, Гулнора Каримова, машҳур оила аъзосидир, шунинг учун у бошқа оила аъзолари каби дипломатик паспорт ва дахлсизликка эга.

Би-би-си: Ҳозирда Швейцарияда кетаётган пул ювиш билан боғлиқ текширувлар манзарасида Гулнора Каримованинг Швейцария ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари борми?

Рафиқ Сайфуллин: Биласизми, баҳорда унинг блогида чоп этилган изҳоротларини ўқиган бўлсангиз, у бу ҳақда ва МТС билан можаро ҳақида ўз фикрларини билдирганди. Каримованинг айтишича, у айни ширкатларга шерик ва улушдор бўламагани боис, унинг бу можароларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу таъбир жоиз бўлса, унинг шахсий ишидир. У хоҳласа кўрсатма бериши мумкин, агар унга мурожаат қилишса, хоҳламаса йўқ. Бу ишларда у фигурант яъни гувоҳ сифатида иштирок этмаяпти. Яъни кўрсатма бериш унинг учун шарт эмас. Швейцария прокуратурасига ёки бошқа расмий органларга гувоҳлик бериш бу мутлақо унинг шахсий ишидир.

Би-би-си: Гулнора Каримова ўзининг twitterдаги ёзишмаларида , ҳозирда Ўзбекистон ичидаги лойиҳаларга кўпроқ эътибор қаратишга интилаётганини айтганди. Бу лойиҳалар Ўзбекистонда сайловолди жараён билан боғлиқ бўлиши мумкинми?

Рафиқ Сайфуллин: Йўқ, мен бундай ўйламайман. Сайловолди пойгасигача ҳали узоқ вақт бор. Бу ҳақда турли хил миш-мишлар бор, дипломатлар ва журналистлар орасида ҳам бу ҳақда қизғин баҳсу мунозаралар кечмоқда. Лекин шуни айтиш керакки, сайловолди ҳаракатларини бошлашга ҳали буйруқ бўлмаган. Бошқа жиҳатдан, Гулнора Каримова аҳоли орасида обрў ёки сиёсий вазнини ортириши юзасидан бу ишларга аралашиб кетиши мумкин. Ўтмишда ҳам шундай ҳолатлар бўлган… У асосан хайрия ва инсонпарварлик соҳаларига урғу бермоқчи, яъни бироз вақтини ёшларга , бироз вақтини эса таълимга қаратмоқчи ва ҳоказо... Фонд Форум айнан шу мақсадлар учун ташкил қилинганди. Айнан бу фаолият унинг асосий вазифасига айланмоқда. Менимча, бу унинг табиати билан боғлиқ…У авваллари ҳам бу ишларни берилиб бажариб келган…Катта сиёсатга унинг лаёқати етади деб ўйламайман. У келажакда сайловолди ҳаракатларнинг иштирокчиси сифатида катта рол уйнамайди... Лекин албатта буни ҳаёт кўрсатади...Ҳозирги босқичда бу савол очиқлигича қолмоқда…

Би-би-си: Бироқ интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, Ўзбекистонда президентлик курсисини эгаллаш учун қизғин кураш кетаётгани ва «ВОРИС» деган лойиҳа ишга тушгани ҳақида турли хил тахминлар пайдо бўлмоқда… Сизнинг фикрингиз қандай?

Рафиқ Сайфуллин: Президент курсиси учун кураш кетаётганини мен ҳар йил эшитаман. Ҳар гал «ВОРИС» амалиёти ва ҳоказо лойиҳалар амалга оширилаётгани борасидаги турли хил тахминларни ўқийман. Лекин шошилманглар, бу масала долзарб масалалардан эмас. Агар бу масала кун тартибида турганида, бирорта журналист хабардор бўлмас эди… Елциннинг лавозимидан кетганини эсланг-чи, эҳтимол бизда ҳам ҳеч ким эшитмаган айрим шахслар ҳокимиятга келишлари мумкин. Лекин бу масалани муҳокама қилишга ҳали эрта деб ўйлайман. Каримовнинг соғлиги жуда яхши. Масалан, Қозоғистон президенти яқинда Тошкентга келганида, менинг назаримда, унинг олдида Каримов, ёши каттароқ бўлганига қарамай, тетикроқ кўринди… Яна бир жиҳат, биз ўта жиддий воқеалар арафасида турибмиз, 2014 йилдаги Афғонистондан НАТО аскарлари чиқиб кетади…Кечувда отларни алмаштирмайдилар деган гап бор. Демак, ушбу жараён билан боғлиқ оғир ва муҳим қарорларни қабул қилаётган ҳар қандай сиёсатчи кардинал ўзгаришларга йўл қуймайди. Чунки ҳозирда ҳар бир киши ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг юкини сезмоқда. Бу эса келаси бир неча йилда тарихий масъулиятга айланиши мумкин…

Би-би-си: 2014 йилнинг энг катта воқеаси бу фақат Афғонистондан чет эллик қўшинларнинг олиб чиқилиши билан боғлиқ бўлмайди, Ўзбекистон парламенти сайловлари ўтиши керак…ва Гулнора Каримова Фонд Форумга таяниб, сайловларда иштирок этиши мумкин, шундай эмасми?

Рафиқ Сайфуллин: У кимнинг номзоди сифатида иштирок этади, мустақил номзод сифатидами? Агар ёшларнинг номзоди бўламан деса, унда ёшлар партиясини ташкил қилиши керак бўлади. Лекин ҳозирда у бундай интилишларини кўрсатмаяпти. Гулнора ҳозирда нафақат сиёсий вазн орттиришга, балки кўпроқ оммага ўзини ёқтиришга ҳаракат қилаяпти. Унинг келажакдаги қадамлари қандай бўлишини айтиш қийин, чунки Гулнора таъбир жоиз бўлса ранг-баранг шахс… Шунинг учун ҳам у қандай йўналишни танлашини башорат қилиш осон эмас.