BBC navigation

Ўзбек гази бир ярим асрга етади

Сўнгги янгиланиш 17 июл 2013 - 12:26 GMT

Ўзбекистон ўз халқига газ беришни камайтириб, ёқилғини кўпроқ Хитой ва Россияга сотмоқда.

"Ўзбекистонда иш олиб бораётган халқаро мутахассислар мамлакатдаги газ захиралари ҳозирги ҳисоб-китоблардан камида 6-7 баравар кўплигини айтишади" - дейди халқаро энергетика хавфсизлиги бўйича Британиядаги таҳлилчи Жон Робертс.

Мавжуд ҳисоб-китобларга биноан, Ўзбекистондаги газ захиралари келаси 20-25 йил ичида тугайди. Аммо янги хомчўтлар Ўзбекистон ҳали газга анча бойлигига ишора қилмоқда.

Агар мутахассислар ҳозирги рақамлардан 6-7 баравар кўп газ борлигини айтишаётганига қаралса, Ўзбекистондаги газ ҳозирги қазиб олиш суратида яна 100-150 йилга етиши мумкин.

"Аммо мазкур конларни ишга тушириш ҳозирча имконсиз, бу учун жуда катта маблағ ва замонавий технология керак" - дейди Жон Робертс.

Би-би-си Ўзбек Хизматига бу борада айтган олим мавжуд газ захираларини ривожлантириш учун зарур сармоялар келишини таъминлаш муҳимлигини айтади.

"Ўзбекистон ўз ҳудудида сармоядорлар ишлаши учун ўнғай шарт-шароит яратиши керак" - дейди мутахассис - "Аммо Ўзбекистонда айнан ана шу шароит йўқ".

Жаноб Робертсга кўра, Ўзбекистон келаси йиллар ичида мавжуд газ конларини ўрганиш ва уларни ривожлантириш ишларига катта эътибор қаратиши эҳтимоли катта.

Айни дамда, келаси чорак аср давомида кутиладиган технология тараққиёти ушбу газ конларини ишга солиш имконини ҳам яратиши мумкин.

Газга бой Бухорода қишлоқ аҳли ўтин ё тезак териб, ёқишга мажбур.

Ҳозир Ўзбекистондаги газ-қидирув ишларини, асосан, Россия ва Хитой ширкатлари олиб боришади.

Газ бошида газсиз....

Сўнгги йиллари Ўзбекистон жаҳон газ бозорига жадал кириб бормоқда. Россияга сотадиган газ миқдори оширилди. Хитой янги харидор сифатида ўртага чиқди.

Аммо Ўзбекистон ўз халқи ва қўшниларига сотадиган газ ҳажмини қисқартираётир.

Ҳозир Ўзбекистоннинг қатор қишлоқ ҳудудларида одамларнинг уйларига борувчи газ қувурлари кесилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Мутахассисларга кўра, бу ерда ҳамма гап пулга бориб тақалади. Чунки Хитой ва Россия жаҳон нархида нақд пул тўлайди.

Ўзбекистон халқи эса халқаро бозорлардаги нархда газ сотиб олишга қурби етмайди.

Шунингдек, қўшни Тожикистон ва Қирғизистон каби камбағал давлатлар ҳам ишлатган гази учун вақтида пулини тўлаб боришга қийналишади.

Бироқ Ўзбекистонни Тожикистон каби кичик бозорлар эмас, балки Хитой каби улкан харидорлар кўпроқ қизиқтираётгани ҳам айтилади.

Кўпчилик, Ўзбекистонда газ ҳажми камайиши ички бозорда газ таъминоти тортилишига бош сабаб бўлиши мумкин, деб ўйлайди.

Қиш пайти Ўзбекистон қишлоқларида одамлар мевали дарахтларни ҳам кесиб ёқишмоқда. Сабаби - газ йўқ, бозорда ўтин ё кўмир олиш кўпчилик учун қиммат

Шу боис Туркманистон-Хитой газ қувури Ўзбекистон орқали ўтишини мутахассислар олқишлашган.

Чунки Туркманистондаги газ ҳозирги суратда қазилса, ҳали 300 йилга етиши айтилади.

Ўзбекистонда эса Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи яшайди. Шу боис ички газ истеъмоли катта.

Айни дамда, мамлакат четга газ хомашёси сотиш қаторида, табиий газдан олинадиган иккиламчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни мақсад қилганини ҳам айтиб келади.

Бироқ мамлакат шаҳар ҳудудлари асосан газга мослаштирилган.

Ҳалича эса экологик тоза, арзон ва самарали энергия манбалари ривожлантирилгани йўқ. Бироқ қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш борасида муайян тажрибаларга йўл урилмоқда.

Айни дамда, газ босими пасаядиган қиш кунлари пулдор одамлар кўмир сотиб олишади, имконсизлар эса ғўзапоя ёки ўтин ёқишга мажбур.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.