Самарқанд шаҳрида 'шаффофлик эксперименти' қандай натижа бераяпти?

  • 15 Июл 2013

Самарқанд шаҳрининг ҳокими маҳаллий журналистларни тўплаб қилинаётган ишлар ҳақида ҳисобот берган, саволларга жавоб қайтарган.

Маҳаллий амалдорлар журналистлардан қочиб юрадиган Ўзбекистон учун бу катта янгилик ва Самарқанд шаҳри ҳокими Акбар Шукуровнинг журналистлар билан ушбу мулоқоти Самарқанд ва Бухоро вилоятларида эксперимент сифатида ўтказилаётган маҳаллий давлат органларининг шаффофлигини таъминлаш амалиёти доирасида ташкил қилинган.

Брифингда қатнашган таниқли журналист ва блоггер Тошпўлат Раҳматуллаевнинг Би-би-сига айтишича, Самарқанд шаҳри ҳокими Акбар Шукуров барча соҳалар бўйича олти ой мобайнида шаҳарда қандай ишлар амалга оширилганига тўхталган. Айни шу йўналишларда йилнинг иккинчи ярмида нималар режаланганини айтиб берган.

Брифинг якунида журналистлар Самарқанд шаҳри ҳокимидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олганлар.

"Мен ўзим танқидий мақолалар ёзадиган журналист сифатида Самарқанд шаҳар рўзномаси ва бу рўзномада эълон қилинадиган танқидий мақолаларга шаҳар ҳокимлиги муносабатидан хурсандман", дейди Тошпўлат Раҳматуллаев.

"Кичкина танқидий мақола чиқса ҳам чора кўришга ҳаракат қиладилар", дейди блоггер.

Тошпўлат Раҳматуллаевнинг айтишича, бундай очиқлик, шаффофлик тажрибаси Самарқанд шаҳрида муаммолар камайишига, одамларнинг муаммоларининг тезроқ ҳал этилишига йўл очган.

У энди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва вилоятдаги бошқа давлат органлари раҳбарларининг шаҳар ҳокими Акбар Шукуровдан ўрнак олишларига умид қилинаётганини айтади.

Президент Ислом Каримов шу йил март ойида имзолаган фармойишга кўра, "шаффофлик эксперименти" Самарқанд ва Бухоро вилоятларида 1 йил давомида ўтказилади.

Унинг мазмуни - давлат органлари ўз фаолияти ҳақида халққа ҳисобот беришлари ва одамларнинг шикоятларини қисқа вақтда ҳал этишлари лозим, матбуотни мунтазам хабардор қилиб боришлари керак.

Президент Каримов "Давлат идораларининг шаффофлиги" борасидаги янги қонуннинг лойиҳасини икки вилоятда синаб кўришга буйруқ берган.

Янги қонун лойиҳасига кўра, ҳукумат идоралари ҳар қандай шахсдан тушган арз ва шикоятга 15 кун ичида, матбуот сўровларига етти кун мобайнида жавоб қайтаришлари керак.

Фармойишда давлат бошқаруви идорасига мурожаат қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, оғзакими, ёзмами, электрон почта орқалими ёки ўзининг ишончли вакили орқали бўладими, бу идора жавоб қайтариши шарт.

Бир йилдан кейин икки вилоятда ўтказилган экспериментлар хулосаларига таяниб давлат идоралари очиқлиги ёки шаффофлиги ҳақидаги қонунни қабул қилиш мўлжалланган.

Хўш, бу тажриба Самарқанд шаҳрида амалда қандай иш бераяпти?

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Алимардон Раҳматуллаев Би-би-сига қуйидагиларни гапириб берди:

Бу мавзуда батафсилроқ