BBC navigation

Ноқонуний муҳожирлар: хўрланган ва ҳақоратланганлар

Сўнгги янгиланиш 15 июл 2013 - 15:52 GMT

Коммерсант нашрининг "Ҳокимият" иловаси

Россиянинг Коммерсантъ нашри марказий осиёлик ноқонуний меҳнат муҳожирларининг ачинарли тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи мақола чоп этган.

Муаллифларга кўра, Москва ҳокимлигига сайловолди кампаниясида меҳнат муҳожирлиги масаласи “байроқ” қилинмоқда.

Деярли барча номзодлар, нашрга кўра, бир фикрда якдил. Яъни, меҳнат муҳожирлари сони қисқартирилиши керак.

Мутахасисларга кўра, сайловолди кампаниясида энг машҳур ва “ютиш кафолати” бор бўлган мавзу шудир.

Муаллифлар Олга Алленова ва Сергей Расуловлар ноқонуний меҳнат муҳожирларининг бугунги тақдирини кўчма маънода «қуллар» ҳаётига менгзашади.

Ўзбекистон фуқароси Лутфулло Эшонқуловни Махачқалъадаги машиналар ювадиган корхонада топишди, у ҳушсиз эди деб бошлашади бу ҳикояни муаллифлар.

Эшонқулов касалхонада кўзини очади ва уни Москвадан Махачқалъага келтиришганини айтади.

«Иш берувчилар» унга яхшигина иш ваъда қиладилар, ҳали Москвада экан унинг ҳужжатларини олиб қўйишади.

Москвадан Доғистоннинг тоғли минтақасига келтириб чўпонлик қиласан дейишади.

То касал бўлиб қолмаганига қадар у қўй боқиб кун кечиради.

Саломатлигини йўқотган Лутфулло бир неча кундан кейин касалхонада жон таслим қилади.

Бу орада Доғистонда бир қатор кўнгиллилар ижтимоий тармоқларда бонг уришади, деб ёзадиКоммерсантъ.

Улар Лутфуллонинг яқинлари билан боғланишга ҳаракат қиладилар.

"Мемориал" яна меҳнат муҳожирларига ёрдамчи бўлган

Доғистонлик журналист Зокир Исмоиловга кўра, одамлар меҳнат муҳожирига бунақа муносабатдан ғазабга келишган.

“Улар айни масала ўрганилишини талаб қилишди, аммо ҳозирга қадар жиноий иш очилганми йўқми, аниқ эмас. Умид қиламанки, очилган... Мулозимлар ўз қилмишларига яраша жазо оладилар”.

Кўнгилли ҳайрихоҳлар маҳаллий масжид ёрдамида муҳожирни дафн этиш учун маблағ тўплашади.

Аммо Коммерсантъ нашрига кўра, марҳумнинг яқинлари Доғистонга сафар қилишдан чўчишади.

Москвадаги инсон ҳуқуқлари фаоллари аралашуви билан улар Эшонқуловни Доғистонда диний расм-русумларга мос дафн қилишмоқчи бўладилар.

Журналистга кўра, шу орада Лутфуллонинг акаси телефон қилиб Самарқанддан йўлга тушганини айтади.

Тўпланган пуллар жасадни фақат Москвага қадар жўнатишга етади.

Москвада эса “Тожикистон” жамғармаси ва “Гражданское содействие” ташкилотидан Светлана Ганнушкина ёрдами билан тобут Самарқандга жўнатилади.

“Ҳуқуқ ва миграция” ташкилоти ва “Мемориал”марказига кўра, ўтган йили Доғистонга келган муҳожирлар сони ва расман рўйхатдан ўтганлар орасида жуда катта фарқ бор.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Денисинконинг айтишича, республикада ишчи кучига эҳтиёж катта, аммо мулозимлар ишлаш ҳуқуқини жуда оз муҳожирларга беришади.

Унинг айтишича, бу минтақада ноқонуний меҳнат муҳожирлари кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Коммерсантъ нашрига кўра, Доғистон Муҳожирлар Хизматига ҳар куни Марказий Осиё, Вьетнам ва Хитой фуқаролари келтирилади.

Улар ғишт заводларидан ташқари қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлашади.

Лутфулло Эшонқуловнинг фожеали қисмати алоҳида бир ҳолат эмас, деб ёзади Коммерсантъ.

"Сазойи" қилинган меҳнат муҳожирлари

Россиянинг овлоқ қишлоқларида Марказий Осиёдан келган муҳожирлар қуллар каби ишлатилаётгани бор гап.

Ҳатто Москвадаги дала ҳовли эгаларининг айримлари, мана шу “қуллар меҳнатини” афзал билишади, деб ёзади муаллифлар.

Иш ва турмушнинг абгорлигидан аксарият муҳожирлар саломатликларини бой беришади.

Аммо ноқонуний ишлаётганлари учун ҳам улар кўпинча тиббий ёрдамсиз қолишади.

"Қулликка тушган ва беркитиб ишлатилаётган муҳожирга ёрдам бериш жуда қийин. Ҳеч ким улар ҳақида билмайди. Муҳими бу ҳолатларни ошкор қилиш, улар ҳақида хабар беришда”, дейди меҳнат муҳожирлари касаба уюшмаси раиси Ренат Каримов.

Умуман олганда, меҳнат муҳожирларини қулларга айлантириш ҳолатлари камаймоқда, дейди у.

Аммо бир неча ойлаб ишлатиб пул бермай қувиб юбориш одат тусига кириб бормоқда.

Коммерсантъ нашри журналистлари яна бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожири билан учрашишган.

Феруза Тилламуродовага бир ойу 18 кунлик иш ҳақини бермай ишдан қувганлар.

Феруза икки кун касал бўлиб қолганини, ишга қайтса ўрнига бошқа одам олинганини айтади.

Ферузани ҳам расман ишга олингани ҳақида рўйхатга тиркашмагани ҳуқуқларининг поймол этилишига сабаб бўлади.

Ҳозир Феруза барча ҳужжатларини расмийлаштирган.

Ишлаш ҳуқуқини ҳам олган.

Аммо иш берувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган ишчини эмас, балки ноқонуний меҳнат муҳожирини маъқул кўришади, деб ёзади Коммерсантъ.

Айрим маълумотларга қараганда, бугун Россияда 10 миллион меҳнат муҳожири бор ва улардан тўқсон фоизи ноқонуний муҳожирлардир.

Изоҳлар

Изоҳлар учун ёпиқ

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.