Россия: фирибгар ўзбекистонликнинг ҳужжатларини қайтарди

  • 7 Июл 2013
Россияга иш излаб борган тажрибасиз ёшлар кўпинча товламачилар томонидан алданиб қолиши айтилади.

Санкт-Петербургдаги ўзини иш берувчи деб таништириб, ўзбекистонлик меҳнат муҳожиридан хужжатларини олиб қўйган киши топилди.

Оммавий ахборот воситаларида чиққан мақола уни қўрқитиб юборган кўринади.

5000 рубль эвазига хужжатларни эгасига қайтармоқчи бўлган фирибгар фикридан қайтди, дея хабар берди Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш Фонди матбуот хизмати.

"Бу воқеага кенг омманинг эътибор қаратгани уни қўрқитиб юборган кўринади", — дейди матбуот хизмати ходими. "Биз бу маълумот ҳақида ОАВларни хабардор этган эдик. Орадан икки кун ўтиб, у Фаррух Раҳмоновга қўнғироқ қилиб хужжатларини қайтаришини айтди. Ҳеч қандай пул, таъма ёки пўписаларсиз”.

Шунингдек, ОАВга берилган маълумотда ушбу фирибгарлик юзасидан полиция ариза билан мурожаат этилгани, ўзини иш берувчи деб таништирган киши қидирилаётгани билдирилган эди.

Воқеанинг бундай жиддий тус олишини кутмаган фирибгар хужжатларни ўз эгасига тинчгина қайтаришни маъқул топди.

Бу борада Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш Фонди ходимларининг саъи ҳаракатлари таҳсинга сазовор.

"Меҳнат муҳожирлари учун барча хизматлар бепул амалга оширилаяпти, — дейди Фонд матбуот хизмати раҳбари Махмуд Маматмўминов. — Ёрдам сўраб келаётганлар жуда кўп, имкон қадар маънавий ва моддий ёрдамлар кўрсатилаяпти. Аммо мурожаат этувчиларнинг ҳаммасига ҳам моддий ёрдам кўрсатишга қурбимиз етмайди. Ҳалигача Фондимизга "юртдошларимиз учун мана, мени ҳайриям" деб келган олийҳиммат ўзбекларни учратмадик".

Санкт-Петербургда меҳнат муҳожирларига кўмаклашишдек хайрли ишга қўл урган Фонд жамоасининг меҳнати Россияданинг бошқа барча вилоятларидаги ўзбек диаспораларига ибрат қилиб кўрсатса, арзигулик. Россиядаги минглаб юртдошларимиз амалий ёрдамга мухтож.

Бу мавзуда батафсилроқ