Ўзбекистонда биометрик паспорт олиш учун қанча вақт керак?

  • 4 Июл 2013

Ўзбекистонда янги биометрик паспортларни жорий қилиш жараёни авж палласига кирган.

Одатда 9 кунда бериладиган паспорт сунъий талабнинг орттирилиши ва ресурсларнинг етишмаслиги натижасида камида бир ой деганда берилмоқда.

МДҲ давлатларининг бирида ишловчи ўзбекистонлик журналист бизга паспорт алмаштириш давомида ўз бошидан кечирганлари ва кузатганларини ҳикоя қилади.

Паспорт алмаштириш истагим борлигини эшитган танишим, "ҳа, роса вақтида келдинг, бизнинг қишлоқларда одамларни тўп-тўп қилиб, автобусга солиб, паспорт алмаштириш учун туман марказига олиб бораяпти", деди.

Май ойида вилоятлардаги туман паспорт столларида навбатлар узундан-узоқ эди. Паспорт стол ходимлари тонгдан кечгача ушбу одамларнинг бармоқ изларию, суратини олишни эплолмай қолган вақт.

Ўзбекистонда биометрик паспорт олишнинг биринчи босқичи 2011 йили бошланди. Бу босқичда асосан хорижга чиқувчилар паспорт олишди. Ўша вақтлар навбатлар унча катта эмасди ва 9 кунда янги паспортни олиш мумкин эди.

2013 йилнинг март ойидан биометрик паспорт ҳаммага берила бошланди.

Аввалига янги паспортни олишга қизиқиш унча бўлмади. Аммо маҳалладан тортиб ишхонагача янги паспортни талаб қилиш бошланган кейин ҳамма ёппасига паспорт алмаштиришга тушиб кетди.

Ҳаттоки, биометрик паспорти бўлмаган абитуриентларнинг ҳужжати ўқишга қабул қилинмайди, деган гаплар ҳам чиқарилди.

Паспорт столларида киритилган янги иш тартиби - эрталабки соат 8:00 дан тунги 22:00 гача тинимсиз ишлаш ҳам бундай оқимни бажаролмай қолди. Бир, икки кун аввал навбат олишлар одатий ҳолга айланди.

Четда ишлаб юрган миллионларнинг бири сифатида таътилга боришдан илк мақсад паспортни алмаштириш ва чиқиш визасини олиш эди.

Яхши ният ярим давлат деганларидек - режанинг ярми бир ой деганда зўрға амалга ошди.

Паспорт столдаги турнақатор навбатлар ҳақида эшитганим учун ва ҳар сафар дуч келганим туфайли ўзимни руҳан шу нарсага аввалдан тайёрлаб бордим. Аммо тушдан кейинги соат 17:00 атрофида идорада 5-6 кишидан бошқа ҳеч ким навбатда йўқ эди.

Май ойининг охирига келиб энди ташкилотлар янги паспорт олишни талаб қилишни озгина сусайтирганди. Сабаби одам кўплигидан паспорт тайёрлаш муддати чўзилиб кетди ва ажратилган персонал бундай кўламни уддалолмай қолди.

Паспортингиз билан иккинчи қаватга чиқасиз. У ерда қизлар сизга паспорт алмаштириш учун белгиланган аризани 2 минг сўмга тўлдириб беради ва рақам олиш учун пастга тушасиз.

Рақамни олгач давлат божини тўлаш учун паспорт столи биноси олдида махсус очилган кассага борасиз. Давлат божи- 40 минг сўмни тўлайсиз ва кассир аёл ҳам квитанцияни тўлдириб бергани учун учун сиздан қўшимча 500 сўм сўрайди.

Навбатингиз келиши билан паспорт алмаштириш учун махсус ишга олинган ходим сизни суратга ва бармоқ изларини олиш ускунасига таклиф қилади.

5-6 дақиқа давом этган жараёндан сўнг, 20 кундан кейин келишни сўрашади.

-Тезлатишнинг имкони йўқми, ҳали чиқиш визаси ҳам олишим керак эди, деган саволга, "бу бизга боғлиқ эмас", деган жавоб оласиз.

Паспорт столдаги ходим сизнинг телефон рақамингизни ҳам ёзиб олади. Аммо нима мақсадда олгани номаълум. Чунки паспорт тайёр бўлса ҳам бўлмаса ҳам сизга ҳеч ким телефон қилмайди.

Айтилган муддатга келдим. Аммо паспорт ҳали тайёр эмас.

- Мана сиздан олдин топширганлар ҳали ҳам олгани йўқ. Биз 600 талаб паспорт топшираяпмиз, аммо 100 та тайёрлаб беришга улгуришаяпти. Яна 10 кундан кейин келинг, дейди паспорт стол раҳбари.

Бир ой деганда паспорт чиқди. Аммо паспорт ичида берилган муддати 10 кун олдинни кўрсатиб турарди. Ходим 500 сўм ташлаб кетишни сўрайди.

Ўзбекистонда биометрик паспортга тўлиқ ўтиш 2015 йилнинг декабр ойигача деб белгиланган. Аммо жойларда юқоридан келган буйруқ асосида одамларни тўп -тўп паспорт столига ҳайдаш кузатилмоқда.

Оммавий алмаштириш учун идоралар тайёр бўлмаган бир вақтда, бундай маъмурий буйруқбозликдан кимга фойда.

Сизнинг биометрик паспорт олиш тажрибангиз қандай кечди? Фикрларингизни биз билан ўртоқлашинг.