Аудиони юкланг

Юқори сифат mp3 (3.1 Mb)

Янги 5000 талик сўмнинг қадрсизланишини тўхтата оладими?

28 Июн 2013 Сўнгги янгиланиш: 15:07 GMT 20:07 UZT

Ўзбек сўми сўнгги йилларда шиддат билан қадрсизланиб бораётгани кузатилади

Мутахассислар ҳукумат жорий пул-молия сиёсатини ўзгартирмагани тақдирда, яқин келажакда 10000 сўмлик пулларнинг ҳам пайдо бўлишини истисно этишмайди.

5000 сўмлик пул хали муомалага чиқиб улгармасидан, интернетда 10000 сўмликларнинг ҳам чоп этилиши ҳақидаги башорат ва истеҳзоли шарҳлар пайдо бўлган.

Аммо иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайиновнинг айтишича, миллий валютанинг ҳозирги ҳақиқий қиймати амалда 10000 сўмликларни чоп этишга изн беради.

"1 долларнинг қиймати 2800 сўм бўлгани ҳолда, энг катта пулнинг 1000 сўмлик экани аҳоли учун катта миқдордаги қоғозларни кўтариб юриш муаммосини пайдо қилди. Йирикроқ пулни чоп этиш истеъмолчиларнинг талабига айланган эди. Ўйлайманки, яқин орада 10000 сўмлик пулларни ҳам муомалага чиқаришса, ёмон бўлмас эди. Чунки шу йўл билан анча қоғоз ҳам тежаб қолинади. Бу пулларни чоп этиш, машиналарда ташиб юриш жуда катта харажатларни талаб қилади", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Унинг фикрича, беш мингталикнинг муомалага чиқарилиши ҳукумат ҳақиқий инфляция даражасини билвосита тан олаётганини англатади.

"Ҳақиқий воқеъликдан келиб чиқиб, иш қилишаяпти. Беш мингталик пул айланишини осонлаштирадиган, истеъмолчиларнинг оғирини енгил қиладиган тадбирдир", - дейди таҳлилчи.

Аммо унга кўра, янги пулни чоп этиш ягона ва энг оқилона тадбир эмас.

"Молиявий асбобларнинг қайси биридан фойдаланиш ҳукуматнинг қўлида. Менинг фикримча, сўмни худди Туркия ёки Японияда бўлгани каби, деноминация қилиб, ноллардан воз кечилса ва унинг қадри янгидан белгиланса, тўғри бўлар эди", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Ёпиқ бозор

2005 йилда Туркия миллий пул бирлиги - турк лирасини деноминация қилган пайти мамлакатнинг ички қарзлари 80 миллиард, ташқи қарзлари эса 100 миллиард долларни ташкил этгани айтилади.

Ўзбекистоннинг ички ва ташқи қарзи борасидаги ҳақиқий рақамлар сир сақланади.

"Расмий маълумотлар йўқ. Умуман, молия тўғрисида очиқ статистика мавжуд эмас", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Унинг айтишича, Ўзбекистон иқтисоди ёпиқ бўлгани, банк ва молия тизими жаҳон молия институтларидан ихоталангани учун беш мингталикнинг жорий этилиши техник характерга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг ички бозори ёки ташқи бозорга умуман таъсир кўрсатмайди.

Унинг аҳолига руҳий таъсири ҳам чекланган.

"Аҳоли бундай тадбирларга кўникиб қолган. Аммо бу айрим савдо аҳлининг кўнглига ғулғула солиб, узоқ муддатли хулосалар чиқаришга ундаши мумкин", - дейди иқтисодчи.

Анвар Ҳусайиновнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати сўмнинг ҳозирги қийматини маълум муддат ушлаб туриши мумкин, аммо узоқ муддатда миллий валютанинг қийматини мустаҳкамлаш учун жиддий ислохотларга қўл урилиши керак.

"Халқаро молия ташкилотларидан кредитлар олиш, сўмнинг эркин конвертацияси ва хорижга маҳсулот чиқаришни йўлга қўйиш керак. Хорижга маҳсулот чиқарилмаса, ҳар қандай давлат иқтисоди ҳам инқирозга учрайди", - дейди Анвар Ҳусайинов.