BBC navigation

АҚШ сенаторлари Каримовни уч фаолни озод қилишга ундашган

Сўнгги янгиланиш 26 июн 2013 - 16:05 GMT

Солижон Абдураҳмонов аҳволи оғирлашгани хабар қилинади

АҚШнинг 12 сенатори Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, Ўзбекистонда "адолатсиз равишда" қамалган уч инсон ҳақлари фаолини озод қилишни сўраганлар.

Демократ Сенатор Дик Дербин ва Республикачи Сенатор Марк Керк бошчилигида ёзилган бу мактубга АҚШ президентлигига собиқ номзод Жон Маккейн ҳам имзо чеккан.

Мактубда сенаторлар Аъзам Турғунов, Дилмурод Саидов ва Солижон Абдураҳмоновларнинг иши "афтидан сиёсий сабабларга эга" экани айтилади.

"Уларнинг турмада қолиши ўзаро алоқаларимиздаги кўп тамойилларга мос келмайдиган воқеълик", - дейилади мурожаатномада.

Унда, шунингдек, айтилишича, БМТнинг ноқонуний ҳисблар борасидаги ишчи гуруҳи Турғунов ва Саидов жанобларининг қамоқ жазосига ҳукм қилинишини халқаро қонунларга зид деб топган, жаноб Абдураҳмоновнинг иши эса ҳозирда АҚШ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси томонидан кўриб чиқилаяпти.

51 ёшли журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилмурод Саидов (Дилмурод Саййид) 2009 йилда таъмагирлик айби билан 12,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Оғир сил касалидан жабр чекаётган Саидовнинг соғлиги турмада кескин ёмонлашган.

61 ёшли ҳуқуқшунос ва инсон ҳақлари фаоли Аъзам Турғунов ҳам таъмагирлик айби билан 10 йилга қамалган. Ёши улуғлигига қарамай, жаноб Турғуновнинг соатлаб меҳнат жамлоғида ишлатилаётгани аниқланган.

61 ёшли таниқли журналист Солижон Абдураҳмонов гиёҳванд моддалар савдоси айби билан 10 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Халқаро кузатувчиларга уни бориб кўриш рухсати берилмаган.

Охирги маълумотларга кўра, у ошқозон яраси зўрайиши туфайли Тошкентдаги турма шифохонасида даволанмоқда.

Сенаторлар мактубида уч фаолнинг саломатлиги борасида ҳавотирлар изҳор қилинади.

"Бу тутқунлар соғлиқларининг ёмонлиги ва уларга етарлича тиббий ёрдам берилмаётгани хабар қилинади. Бу вазият сизнинг ҳукуматнинг босимлари туфайли Қизил Ҳоч Халқаро Қўмитасининг Ўзбекистондаги тутқунларни бориб кўришни тўхтатиб қўйиши ортидан янада ёмонлашган деган ҳавотирдамиз", - дейилади мактубда.

Сенаторлар ўзбек президентини бу уч иш атрофидаги "ўта ҳавотирли" масалалар туфайли, Турғунов, Саидов ва Абдураҳмоновларни зудлик билан озод қилишга ундашган.

"Уларнинг озод этилиши икки томонлама алоқаларимизни янада яхшилайди деб ишонамиз", - дейилади мактуб якунида.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.