Ўзбекистонга қайтасизми ёки чет элда қоласизми?

  • 26 Июн 2013
  • изоҳлар

Ўзбекистонда 2015 йилга режаланган президентлик сайловлари аллақачон мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида ижобий ўзгаришларга оид умидларни пайдо қилган.

Бўлажак президентлик сайловлари Ўзбекистонда бир шахс – яъни президент Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 25 йиллик бошқарувига якун ясайди. Ўзбекистонда янги раҳбарнинг қудратга келишини таъминловчи сайловларда кимларнинг иштирок этиши, овоз беришларнинг қанчалик адолатли ва холис ўтиши ҳозирча маълум эмас.

Президент Каримовнинг чорак асрлик бошқарувини маҳаллию халқаро кузатувчилар бирдек мустабид эканликда танқид қилиб келишади. Улар Ўзбекистонда диктатура тузуми ҳукмрон экани, демократия, инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлар билан боғлиқ вазият абгор даражада эканини урғулашади.

Ўзбекистондаги ночор ижтимоий-иқтисодий вазият ва сиёсий тазйиқлар сабаб ўтган чорак аср давомида мамлакатни тарк этган фуқароларнинг сони миллионларга етган. Бугун ўзга юртларда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликлар баробарида хорижий давлатдан бошпана олган сиёсий қочқинларининг сони ҳам мамлакат тарихида кузатилмаган даражада. Устига устак болаларининг таҳсили ёки яхшироқ келажак илинжида Ўзбекистонни тарк этаётганлар сони-да оз эмас.

Айнан бўлажак президентлик сайловлари ортидан Ўзбекистоннинг янгиланишларга юз тутишига бўлган умид, бир маънода, бугун ана шу миллионлаб сондаги муҳожирларни ҳам бирлаштирган умумий бир кайфиятга айланган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати янги лойиҳаси доирасида ҳозир дунёнинг турли давлатларида муҳожиратда умргўзаронлик қилаётган ўзбекистонликларга микрофон тутиб, уларнинг ўй-фикрларига қулоқ тутган:

ФРАНЦИЯ

73 ёшли Толиб Ёқубов. Асл касби ўқитувчи. 15 йилдан ошиқроқ "Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти" ҳуқуқбонлик ташкилотига раҳбарлик қилган. Ўзбекистонни сиёсий тазйиқлар туфайли тарк этганини айтган Толиб Ёқубов 2006 йилдан буён Франциядан бошпана топиб келади:

"Мен бир-икки йил илгари, "75 ёшга кирсам, Ўзбекистонга қайтаман, мени нима қилса-қилсин", деб болаларимга айтганман. Мени ўлдириш қийин эмас. Менга 4-5 соат овқат берилмаса, қандли диабетга чалинганим боис шок ҳолатига тушиб қоламан. Одам бирпасда ўлиб қолиши мумкин экан. Ўзимда жуда кўп марта бунга гувоҳ бўлганман. Ўзбекистонда одамларни сўзсиз, сўроқсиз кунлаб, ҳафталаб, ойлаб қамаб қўяверади. Овқат ҳам бермайди кўпинча. Биз буни минг марта кўрганмиз. Шундай қилиб, менга 4-5 соат овқат бермаса бўлди, одам ўзидан-ўзи ўлиб қолиши мумкин. Лекин, шунга қарамасдан, мен, "Ўзбекистонга бораман", деб болаларимга айтганман", дейди ўзбекистонлик кекса инсон ҳуқуқлари фаоли.

"Биз мулла Ёқуб бободан 5 фарзанд эдик. Ўшалардан фақат битта мен қолдим. Қолган ҳаммалари боқий дунёга кетишди. Менинг жасадим ҳам уларнинг қабрлари ёнида тупроққа қўйилса деган ниятим бор. Одамнинг дунёдан қачон кетиши бу - Аллоҳга боғлиқ. Лекин мен ўзимнинг ҳаётимни мазмунли яшаб ўтдим деб ҳисоблайман. Менинг ҳозир бу дунёдан оладиган, қиладиган нарсаларим деярли қолган эмас. Қаерда ўлим бўлса ҳам, мени шуни кутишим, қабул қилишим керак. Шунинг учун ҳам, яхшиси, "Ўз уйинг, ўлан тўшагинг", деганларидек, ўша отамиздан қолган ҳовлида нариги дунёга кетиш - мен учун жуда катта афзаллик. Фақат шунинг учун. Бўлмаса, менинг уёқда қолган аёлим, учта қизим, набираларим, Худога минг қатла шукур, яхши яшашяпти, ёмон эмас..."

"Мен Францияда жудаям яхши яшаяпман. Аммо Ўзбекистоннинг ҳамма нарсасини соғинаман. Оврўпонинг ҳамма давлатларида деярли шунақа, на олмада ва на бошқа ҳалигиларда ҳеч қанақа маза-матраси йўқ. Менга шундай туюлади. Мен энди қариб қолдим, шундан бўлса керак деб ўйласам, йўқ, ёшлар ҳам шу гапни айтишаяпти. А Ўзбекистонда бутунлай бошқача: Мен Ўзбекистоннинг меваси, бошқаси нақадар лаззатли эканини жуда яхши биламан. Мен, ҳеч бўлмаса, шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг афзаллигини биламан", дейди 7 йилдан буён Францияда муҳожиратда яшаб келаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Толиб Ёқубов.

КАНАДА

Шарофиддин Қорабоев. Асл касби қурилиш бўйича олий малакали муҳандис. Канадада 10 йилдан бери истиқомат қилади. У кишининг айтишича, ҳеч қандай сиёсий сабаблар эмас, балки фарзандларининг хорижда таълим олишини истаганлиги учун оиласи билан чет элга кетишга қарор қилишган:

"Савол жудаям мураккаб. Лекин қисқа қилиб жавоб берадиган бўлсам, албатта, қачондир Ватанга қайтиш режамиз бор. Бу ерда 10 йил умримизни бердик, болаларнинг ўқишлари,..ўзимиз ҳам ҳозирги даражага етиш учун таҳсил олдик, қаттиқ ҳаракат қилдик. Энди ана шу эришган нарсаларимизни бир кунда ёки бир йилда йўқотиш биз учун жудаям қийин. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга қайтиш қарорини беришимиз маълум вақт талаб қилади. Лекин охирги қароримиз, албатта, Ватанга қайтиш бўлади. Лекин бунинг қачон эканлигини аниқ айтолмайман", дейди суҳбатдошимиз.

"Бунинг сабаби - чет элдан Ўзбекистонга қайтиб борадиган хоҳ талаба бўлсин ва хоҳ мутахассис бўлсин, ўзининг бу ердаги мактабда, университетда олаётган таълими Ўзбекистон шароитида қайси даражага тўғри келишини аниқ билиши керак. Яъни, Ўзбекистон давлати бу борада маълум стандартларни ишлаб чиқиши керак, яъни, таълим масаласида эквивалентлар аниқ бўлиши лозим. Акс ҳолда бирор қарорга келиш жуда мураккаб бўлади. Чунки ўша мактаб ва университетда ўқиётган одамлар аниқ билишлари керак, чунки Ўзбекистонга борган пайтда қайси синфга ёки қайси курсга қабул қилинади?..Ёки бўлмасам, олий таҳсилни тугатган одамлар бор, уларнинг дипломлари нима бўлади, қай даражада ишлайди, кейин мутахассислик бўйича рухсатнома олган одамлар бор, биз чет элларда давлат имтиҳонларини топшириб олганмиз уларни, булар Ўзбекистонда қандай ишлайди, биз ўша даражадаги мутахассис ҳисоблана оламизми, бу масалалар жуда ҳам муҳим. Агар шу нарсалар аниқ бўлса, кўпчилик учун қарор қилиш жудаям осон бўлади".

"Энди, Ватан Ватан-да. У ерда оиламиз бор, қариндошларимиз бор. Киндик қони тўкилган еримиз, бу муҳаббатни тушунтириб бўлмайди, ҳеч ким изоҳлаб беролмайди. Бу табиатан шундай. Канадада яшасак ҳам, бошқа ватанда яшасак ҳам, барибир, менимча, шу. Масалан, биз яшаётган Канада - дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бири. Табиати гўзал, масалан, ўқиш учун, ишлаш учун ҳамма шароит муҳайё. Лекин, боя айтганимдек, шу қандайдир Ватан туйғуси ҳаммамизни барибир ўша ерга тортиб туради-да", дейди оиласи билан 10 йилдан буён Канадада умргўзаронлик қилиб келаётган Шарофиддин Қорабоев.

АВСТРИЯ

Ёдгор Обид, адабиётшунос, муҳожиратга юз тутганига қарийб 20 йил бўлган. 1997 йилдан буён Австрияда яшайди. Ўзбекистонда асосий қиладиган ишим – шеър ёзардим. Кейин Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасида Шеърият бўйича адабий маслаҳатчи бўлганман. Ўзбекистондан чиқиб кетишимга асосий сабаб бўлган нарса – тўғрисўзлигим, талабчанлигим бўлган. Ёзган шеърларим уларга ҳукуматни ҳақорат қилгандек бўлиб туюлган. Президент Каримов қудратга келгандан кейин 13 марта қамалдим. Ундан олдин Шўролар даврида ҳам бўлган, Сибирда уч йил бўлиб келганман, дейди Ёдгор Обид:

“Чет элда қолиб кетиш ниятим бўлган эмас, ҳалиям йўқ. Ватан деган туйғу бор. Ватан фақат нон, пул ёки имкониятлар эмас, бу – инсон қалби билан, инсон туйғуси билан боғлиқ қадрият. Шунинг учун ҳам, Ватандан кечиш – жондан кечиш билан баробар. Австрия мени яхши қабул қилди. Сиёсий бошпана, кейин фуқаролик ҳам берди. Лекин Ватандан кўнгил узилгани йўқ. Фуқаролик беришдан олдин бир уч-тўртта ёзувчилар, дўстларим менга билдирмай, Москва, кейин Ўзбекистонга сайёҳ сифатида бориб, баъзи мени таниган одамлардан сўрашган. Тўғрироғи, улар менинг ҳақиқий аҳволимни, яъни қайтсам, менга нима бўлишини ўрганиш учун махсусан юборилганлар. Фуқароликни олиб бўлиб, орадан 5-6 йил ўтгандан кейин суҳбатлашиб ўтириб, менга бу сирни очишди. “Нима дейишди, кимлардан сўрадингиз?”, дедим. Фалон, фалон, Москвада ПЕН-клуб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, Ўзбекистондан бир-иккита ёзувчилардан сўрашибди. Ҳаммаси бир овоздан, “Келса, ўлдиради”, деб жавоб беришган. Мен шунақалигини Ўзбекистондалик пайтимдаям билардим. Менинг бошимда ўша хатар ҳалиям бор”.

“Нега қайтолмас эканман. Албатта, қайтаман. Лекин биз кутаяпмиз. Худо хоҳласа, яхши кунлар келади. Раҳматли Боймирза Ҳайит айтгандек, бизни фақат умид сақлайди. Умид бўлса, одамда бошқа имконлар пайдо бўлади. Ҳаракат имкони пайдо бўлади. Масалан, мутлақо ўзидан қониқиб қолган одамда ҳеч нарса қолмайди. Доимий изланишда, доимий ҳаракатда бўлган одамгина мақсадига эришиши мумкин. Умид шунақа бир қудратли нарса. Менимча, бундан кейин узоққа чўзилмаса керак. 1992 йилда Озарбайжонга қочиб борганимда, журналистлар, “Ўзбекистонга қачон қайтасиз, умид борми”, деб сўрашганида, “Албатта умид бор, менимча, икки, уч йилдан нарига бормаса керак”, дегандим. Хато қилган эканман, мана, ҳозир 20 йилдан ошиб кетди. Ҳалиям умид билан яшаб юрибмиз”.

“Биласизми, биринчидан, менинг яхши, ўзим яхши кўрадиган оилам бор ва болаларим ҳам мени яхши кўришади. Телефонда гаплашиб қолсак, “Қачон келасиз?”, деб йиғлашади. Бу – бир томони. Иккинчидан, Ватан муҳити: мен, ҳатто, ўзим туғилиб ўсган қишлоқда ялангоёқ юрсам ҳам, буниям бир гашти бор. Мен Рауф Парфи ҳақида ёзган бир шеъримда иккаламиз ажриқ устида оёғимизни сувга тиқиб ўтириб, чой ичганимизни ёзган эдим. Бу – шунчаки тасвир эмас, юракдаги бор армонлар, холос. Буларни қумсамасдан имкони йўқ. Ҳавосини, ҳатто, оддий иссиғини, совуғини, тупроғининг ҳидини,..булар инсон руҳияти билан боғлиқ нарсалар. Буларни соғинмасдан иложи йўқ...”, дейди қарийб 20 йилдан буён муҳожиратда яшаб келаётган шоир Ёдгор Обид.

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ

Суҳбатдошимизнинг илтимосига мувофиқ, исм-шарифи келтирилмади. Уч йилдан бери Жанубий Кореядаман. Бу ерда пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхонада ишлайман. Меҳнат шартномаси билан келганман. Ўзбекистонда ҳеч қаерда ишламаганман, дейди у:

“Шароит тарафидан яхшию, оиладан йироқда бўлмас экан. Чунки миллат бошқа, булар мусулмон эмас, уларнинг яшаш тарзлари, ейиш-ичишлари менга тўғри келмайди. Муддатим тугашига кетаман, ўшангача етиб борсам агар, чидолсам. Соғинч азоб бермаса, чидайман. Буёғи бир ярим йил қолди. Қолиш ниятим йўқ. Билмадим, ҳалигача кўникканим йўқ. Барибир ўзимизда тоза ҳаво-да... Барибир бошқача. Емишдан менинг соғинадиганим йўқ. Ўзимга ёққанини еб кетавераман. Унақа нарсаларни соғинмайман”.

“Ўзбекистонга қайтгач, иш топишга...билмадим, тополмайманми, билмадим...Бу ердагига ўхшаш иш топиш қийин. Нимагаки, ўқимаганмиз, бирор бизнесни йўлга қўямиз-да, бозордами, Жанубий Корея билан келишилган ҳолдами, олди-сотди ишини йўлга қўяманми, шундай режам бор, лекин. Тўғри, ҳамма ишнинг ўзига яраша муаммоси бор. Пулни осонликча топиб бўлмайдию. Бу ердаям меҳнат қилсангиз беради, у ердаям меҳнат қилсангиз беради”.

“Энди, қачон,..қачон пул бўлмай қолса, афсус чексам керак. Масалан, олдин шу ерда, Жанубий Кореяда ишлаган акам яқинда қайтиб келди. Ўзбекистонда оиласини боқолмасдан, қайтиб келди. Ҳозир борсам, балким у ерда “свет” ҳам йўқдир. Бу ерда ҳамма нарса қилсангиз бўлади. Масалан, бизга кўп ҳуқуқ бериб қўйилган. Шулар қатори ҳуқуқларимиз бор, ҳамма нарса қилишимиз учун. Қўлингиздан келса, тилни билсангиз, ишни билсангиз, хоҳлаган ишингизни қилсангиз бўлади-да! Хоҳлаган ишхонамга бориб, хоҳлаган ишимни қилишим мумкин”, дейди 3 йилдан бери Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган суҳбатдошимиз.

ГОЛЛАНДИЯ

Суҳбатдошимизнинг илтимосига мувофиқ, исм-шарифи келтирилмади. Этнограф олим. У оиласи билан Голландиядан бошпана топганига тўрт йилдан ошиб қолгани, сиёсий тазйиқлар туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтади. Тилимизда барьер бўлгани, соғлиғимда бироз муаммолар борлиги, жисмоний оғир меҳнат қилолмаганимиз учун шахсан менда ва рафиқамда бу ерда ишлаш имконияти йўқ, дейди у:

“Очиғини айтадиган бўлсак, голланд халқи, голландлар бизга умуман яхши муомалада. Мана, биз яқинда бошқа шаҳардан уй олиб, кўчдик, қўшниларимиз бизга жуда яхши муомалада. Умуман биз Голландияда тазйиққа учраганимиз йўқ, ҳаммаси яхши. Фақатгина Ватанни қумсаймиз, қариндош-уруғларни соғинамиз. Шу яхши кунлар келса, шароитлар ўзгарса, Ўзбекистондаги қаттиқ режим озроқ юмшаса,..ўшани кутиб яшаймиз, холос. Бу ерда умуман бошқа қийинчилик йўқ. Ўзбекистондаги каби маош олиб туриб, учма-уч яшаш ҳолатлари бизга яхши маълум, ўзимизнинг бошимиздан ўтган. Бу ерда маош олмаганларнинг ҳам ижтимоий таъминотлари, фақат қочқинлар учун эмас, умуман Голландияда расмий яшаётганлар учун бир моддий муаммо йўқ”.

“Бу ердаги турмуш тарзи бизникидан фарқ қилади. Ўзбекчилик деймиз...Кўпчилик ўзбекчилик деб, минус томонига олишади. Лекин Ватан ватан-да, бу ерда Ғарб, маданиятларда фарқ бор. Мана, биз ҳозир кўчиб келган жойимизда мусулмонлар кўп экан, марокашликлар, турклар, қўшниларимиз бор турклар, уларнинг ҳаммаси бизни кўриб, “туркмисан”, деб яхши муомалада бўлади. Турклар шунчалик яхши, бир миллатки, бу ерда ўзимизнинг ҳамқишлоқдек кўрамиз. Чунки Ватандан йироқдамиз. Барибир, Ватан бу –Ватан. Ватанга ҳеч нима тенг келмайди. Ўзбекистонда қўни-қўшничилик, маҳалла, тўй, бошқа ижтимоий алоқалар жуда фаол. Бу ерда ҳамма нарса етади, аммо ҳаммаси ўзининг қобиғида, ўзи билан. Бу ерда ижтимоий муҳит бошқача”.

“Ватанни ҳамма томонлама соғинамиз: Табиатини ҳам соғинамиз, инсонларни соғинамиз, қариндошларни соғинамиз, яшаган шаҳримиз, туғилган қишлоғимизни соғинамиз. Бу ерда бир табиатга чиқсангиз, жуда гўзал. Бирорта бир ўзлаштирилмаган бурчаги йўқ, ҳаммаси жой-жойига қўйилган, биз ўша ўзимиздаги ёввойи табиатни ҳам соғинамиз, мен иш юзасидан Ўзбекистоннинг ҳамма қишлоқларига кириб чиққанман, шевалар ва урф-одатлар бўйича мутахассисман, шунинг учун ҳам Ватанга тенг келмайди-да, Ватан, энди, улуғ саждагоҳ. Менинг қайтиш ниятим бор. Биз қарияпмиз. Сизга қабрдан жой беришлари учун ҳам бу ерда пул тўлаб боришингиз керак. Ўзбекистонда ота-боболаримизнинг ёнида тупроққа қўйилишни хоҳлаймиз. Қонимизда бор шу нарса, биз шуни кутамиз, шуни хоҳлаймиз, агар вазият юмшаса, эртага деса, эртага кетамиз. Мен фақат Голландияда эмас, бошқа жойдаги ўзбеклар билан ҳам жуда кўп алоқада бўлганман, бўламан, билган ўзбекларимдан, мавқеъга эгалари ҳам бор, кейинги пайтда чиққанлар-да, мана, охирги 10-15 йилда, бирортасида қолиш кайфияти йўқ, ким билан гаплашган бўлсам, ҳатто, ёшлари, 20-30 ёшлилари орасида ҳам бирорта қолиш ниятидагисини кўрмадим шу пайтгача. Менимча, мендаги туйғу уларда ҳам бўлса керак. Ватан-ку, барибир, она Ватанимиз”, дейди қарийб 5 йилдан буён Голландияда яшаб келаётган ўзбекистонлик этнограф олим.

АМЕРИКА

Суҳбатдошимизнинг илтимосига мувофиқ, исм-шарифи келтирилмади. Шу йилни ҳам ҳисобга олиб айтганда, беш йилдан бери Америкада истиқомат қиламан. Талабаман, бу ерда шифокорликка ўқийман. Америкага “Green card” ютиб олиб, оиламиз билан бирга келганмиз, дейди у:

“Албатта, Ўзбекистонга қайтишни танлаган бўлардим. Бир умр Америкада қолмаган бўлардим. Лекин ҳозирнинг ўзида эмас. Инсон бир қарорга келишдан аввал бунинг фойдали, кейин зарарли томонларини ўйлайди. Мен ҳозир Америкада ўқишга кирганман, тиббиёт соҳасига, ҳозир қайтиб борганимда бу ердаги таҳсилим тўхтаб қолади, кейин Ўзбекистонга ҳам ҳеч қанақанги фойдам тегмайди. Шунинг учун ҳам, биринчи ўқишимни тугатиб, қанақадир халқимга ҳам, давлатимга ҳам муносиб одам бўлиб қайтмоқчиман. Америкада ўқишимни тугатиб, ишимни Ўзбекистонга бориб давом эттирмоқчиман. Лекин, шунда ҳам, Ўзбекистонга қайтишимга ўқиш, иш эмас, Ватанимни қанчалар соғинганим сабаб бўлади”.

“Америка, албатта, ёмон эмас. Уни ҳеч қачон ёмон демоқчи эмасман. Бу ерда ҳамма хоҳлаган нарсамни топганман. Лекин Америка пул берсаям, шароит берсаям, таълим берсаям, барибир, Ватан бўлолмайди. Менимча, бир кун яшасаям, бир йил яшасаям, инсон учун туғилиб ўсган жойи барибир Ватанлигича қолади. Америкага кўникдим, деганда эса, бу, қанақадир, ўқиш шароитига кўникдим, кейин тил ўргандим, одамлар билан келишолдим, бу томондан кўникдим. Лекин мен ҳеч қачон Америкага Ватаним сифатида қарай олмасам керак. Америкада бошқа жойга келиб қолганимни баъзида сезиб қоламан. Масалан, ўқишга борганимизда ҳам. Қанақадир одамлар билан гаплашганимда ҳам барибир сезилиб қолади. “Вой, ўзбекларимиз бўлса, бунақа қилардим”, деб қоламан. Американинг одамлари жудаям зўр, шунақа очиқкўнгил, шунақа яхши одамлар. Муомаласи зўр. Лекин, барибир, мингта инглиз билан гаплашсам ҳам, битта ўзбек билан сўзлашганимда, қанақадир завқланиб, меҳр билан...йиғлаб юбораман”.

“Барибир, айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон – Ватан, меҳри бошқача. Лекин мана бу шароит, тартиб жиҳатдан Америка барибир ҳам фарқ қилиб туради. Биринчидан, халққа ўшанақа эътибор, ёрдамнинг Ўзбекистонда бўлишини жуда-жуда хоҳлардим. Бу ерда ижтимоий, иқтисодий томондан халққа жуда катта эътибор берилган, кейин ёшларга жуда-жуда кўп шароит яратилган, ана шулар Ўзбекистонда қўлланса, жудаям фойдали бўлади, деб ўйлайман”, дейди беш йилдан буён Америкада истиқомат қилаётган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

РОССИЯ

Суҳбатдошимизнинг илтимосига мувофиқ, исм-шарифи келтирилмади. Россияга келганимга тўрт-беш йилча бўлиб қолди. Маҳаллий шифохоналарнинг бирида шифокор бўлиб ишлайман. Очиғи, бу ерга ишлаш мақсадида келувдик. Кейин имкониятлар очила борган сари, Россияда қолиб, сертификат олиб, ўз касбим бўйича ишлаш ва ўқишга аҳд қилдим, дейди ўзбекистонлик меҳнат муҳожири:

“Биласизми, бу ерда ўқишларим битса, қайтиш ниятим бор. Биринчидан, Ўзбекистоннинг, Ватаннинг туйғусини ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Ватан – бошқа нарса. Ватанда қариндошларимиз ҳам бор, ака-укаларимиз ҳам бор ва Ўзбекистонда бу ерга нисбатан меҳр-муҳаббат ҳам бор. Ҳурмат-эътибор бор, бир-бирининг ҳолидан хабар олиш деган гап бор, бу нарсалар бу ерда йўқ. Тўғри, бу ерда кўп нарсага эришиш мумкин. Аммо лекин бошингизга бирор иш тушса, меҳмондорчиликлар ёки бошқа ҳолатларда... Умуман, бизнинг Шарқ менталитетимиз Ватанни ташлаб кетишга йўқ қўймайди”.

“Энди, биласизми, ҳар қандай қийинчилик ҳолатлари, ҳар қандай диктатура ҳолатлари, ҳар қандай эркинликни чеклаш ҳолатлари бу – ҳаммаёқда бор. Бу – маълум бир давлатда, маълум бир мамлакатда алмашиниб турадиган ҳолат. Бу – ўтувчи ҳолат. Масалан, ўн, ўн беш йил шундай бўлиб турар, ундан кейин жойига тушиб кетар ва ҳоказо, шунга ўхшаган нарса...Лекин Ватан деган нарса бу – бошқа нарса. Ҳатто, Ватан ҳақида Фурқат ҳам, Бобур ҳам шеърлар ёзишган-ку, ахир. Уларнинг шароитлари ҳам яхши бўлган, ўзга Ватанда подшоҳ бўлишган, лекин умрбод Ватанни қумсаб яшашган-ку!”

“Ёшлик даврларимиз, ўқиган пайтларимиз, қариндош-уруғларимиз ва қишлоқ одамларининг соддалиги, шунга ўхшаш ҳолатлар соғинтиради. Бу ерда бироз миллатчилик кайфияти ҳукмрон. Бу ердаги маҳаллий аҳолининг ўзининг айбларини бошқа миллат вакилларидан кўриши ҳукмрон. Ёки баъзилари, “Сиз ўзбеклар келиб, бизларнинг ишларимизни тортиб олдингиз ва ҳоказолар”, дейишади. Аммо бу ердаги одамларнинг тилини топсангиз, яхши одамлар ҳамма ёқда бор. Битта миллатни биз ёмон, дея олмаймиз”, дейди қарийб 5 йилдан буён Россияда яшаб келаётган ўзбекистонлик шифокор.

НОРВЕГИЯ

Мен Намоз Нормўмин, 56 ёшдаман. Ўзбекистон фуқароси эдим, ҳозир Норвегия фуқаросиман. 14 йилдан бери Норвегияда истиқомат қиламан. Аввал шифокор-жарроҳ бўлиб ишлаганман, ҳозирги кунда мен сиёсат билан шуғулланаман ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муассислар мажлисининг аъзоси ҳамда мувофиқлаштирувчисиман. Ўша мустақиллик йилларида “Эрк” партиясига аъзо бўлганман ва биз ҳозирги Ислом Каримов режимига қарши сиёсий мухолифлик фаолиятини олиб борганмиз. Тазйиқларнинг, ўша репрессияларнинг бошланиши натижасида Ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлганман, дейди у:

“Норвегия Ғарб дунёсининг моддий жиҳатдан энг тараққий қилган давлати, албатта. Бу ерда яшашнинг кўрсаткичлари жуда юқори даражада. Шунинг учун ҳам биз иқтисодий жиҳатдан Норвегияда қийналганимиз йўқ. Аммо мен бир зиёли ва сиёсатчи сифатида доимо ўзимни Ўзбекистон фуқароси ҳис қилганман. Ҳозир ҳам айтай: икки фуқаролигим бор, ҳозирги пайтда мен ҳам Норвегиянинг ва ҳам Ўзбекистоннинг фуқаросиман. Шунинг учун ҳам бу ерда топган асосий нарсам – ўз сиёсий ва ижодий фаолиятимни давом эттириш имконияти бўлди”.

“Мен доим Ўзбекистонга қайтиш хаёли билан яшаганман. Ўзбекистондан ўзимнинг эрким, ўзимнинг истагим билан чиқмаганман. Мажбурий равишда чиққанман. Чунки, мен биламанки, Аллоҳ Таоло инсонларни яратган ва яратган пайтда бир миллат қилиб яратган, дунёда ҳар хил миллатлар бор ва бу миллатларнинг ўз мамлакатлари бор. Мана шу миллатларнинг мамлакатлари шу инсонларнинг табиатларига мос. Норвегия совуқ жой. Шунинг учун ҳам, балки, инсонларидаги совуқлик шундан бўлиши мумкинми, деб ҳам ўйлайман(яна Аллоҳ билади буни). Аммо биздаги инсон табиати бошқа юртга тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам мен ўзимнинг, айниқса, болаларимнинг, невараларимнинг бундай хорижий давлатларда қолиб кетишларини истамайман. Биз Ўзбекистонга қайтмоқчимиз. Мана, яқинда, 2014-2015 йилларда Ўзбекистонда катта ўзгаришлар кутаяпмиз. Биринчи имкон бўлиши билан биз Ўзбекистонга қайтамиз”.

“Энди, биз бу ерда Аллоҳга таваккал қиламиз. Яъни, дунё фақат Ўзбекистон ёки Норвегиядан иборат эмас. Мен Ўзбекистондан чиққандан кейин 5-6 йил Туркияда яшаганман, Туркияда яшашиш мумкин. Ёки мен дунёнинг бошқа бир давлатларида яшашим мумкин. Мен учун энг аввало қаерда яшашим эмас, қандай яшашим муҳим. Яъни, қаерда яшасак ҳам, бир соғлом эътиқод билан, яхши бир фикр билан, яхши ният билан ва ҳалол меҳнат билан яшашимиз керак. Аммо Ўзбекистонда яшаш, албатта, бизнинг орзумиз, хаёлимиз. Мен бунга эришишимизга, яъни ҳаёт эканимизда Ўзбекистонга қайтиб боришимизга қаттиқ ишонаман. Менинг ягона истагим – Ўзбекистонга қайтиш ва мана шунча тажриба орттирдим, илмий, сиёсий, бошқа инсоний тажрибаларим бўлди, уларни халқим билан баҳам кўриш, ўша халқимга, Ўзбек халқига, давлатимга қўлимдан келганча хизмат қилиш”.

“Мен хорижда юрган пайтда Ўзбекистонда менинг ота-онам вафот этди. Менинг у ерда укаларим, опаларим бор, қариндош-уруғларим бор. Кейин мен қишлоқ боласиман. Менинг энг кўп эслайдиганим – ўша қишлоқ кўчалари, қишлоқдаги юрган пайтларим. Кейин яна энг кўп эслайдиганим, мен Тошкентда 10 йил яшаганман. Бир маънода мен Тошкентнинг фарзандиман. Мен энг кўп қариндош-уруғларимни, қишлоғимни ва Тошкентимни соғинаман. Алҳамдилиллоҳ, биз Ўзбекистондан ажралган билан Ўзбекистоннинг неъматларидан нисбатан ажралмадик. Бизнинг уйимизда доим тандир нони пишади, янгангиз буни Ўзбекистонда қандай пиширган бўлса, ҳозир ҳам шундай пиширади, табиийки, газ тандирда. Паловни биз ҳамма жойда еймиз. Аммо, албатта, мен ўзбеклар билан ўзбегона жонона суҳбат, давраларни кўп соғинганман, оғайниларим, дўстларимни кўп соғинганман. Бу маънода сиз ҳақлисиз. Аммо ҳозир, турли тахминларга кўра, 6 миллиондан 8 миллионга қадар ўзбеклар ташқарида. Мен Норвегияда, Оврўпода, Америкада, араб давлатларида, Туркияда, қаерда бўлмайин, ўзбекларнинг давраси ичидаман”, 14 йилдан бери Норвегияда муҳожиратда яшаб келаётган ўзбекистонлик шифокор, мухолифат фаоли.

БЕЛЬГИЯ

Суҳбатдошимизнинг илтимосига мувофиқ, исм-шарифи келтирилмади. Ёши 47 да. Асл касби шифокор. Сиёсий фаолият билан ҳам шуғулланган. Оиласи, фарзандлари билан Ўзбекистонни тарк этганига 7 йил бўлган. Ҳозир Бельгияда истиқомат қилишади. 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин қувди-қувдилар, қама-қамалар кўпайиб кетгани, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар, шулар ҳаммасига катта босим ўтказилганлиги учун Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганмиз. Лекин Андижон воқеаларига аралашган эмасмиз, дейди у:

"Худо хоҳласа, Ватанга қайтамиз. Бунинг учун ўзгаришлар, катта ўзгаришлар бўлиши керак. Энди, ўзгаришлар дейилганда, сиёсий ўзгаришлар бўлиши, бизнинг қайтишимизга йўл қўйилиши керак. Мана, ҳозир ҳам оилаларимизга босимлар ўтказилаяпти. Энди, мажбурмиз чет элда юришга. Қайтаман, деганимизда ҳам бу яқин ўртада қайтолмаймиз. Чунки жиноий ишлар қўзғатилиши мумкин. Демак, қамаб қўйиши ҳам мумкин, кўп нима бўлиши мумкин, шунинг учун ҳам ҳозир қайтолмайман, ҳеч иложи йўқ", дейди асли андижонлик суҳбатдошимиз.

"Энди, Ватанда яшамоқчи бўлади ҳар бир инсон. Шунинг учун ҳам Ватанини қумсайди ва инсон Ватансиз яшолмайди. Биз энди ўзбекмиз, ўзбекчилик деган нарсалар бор, она тилимиз бор. Бу ерда, демак, бошқа тил, бошқа урф-одатлар, ўзбеклар жуда оз, шунинг учун ҳам бу ерда яшашимиз қийин бўлаяпти. Бельгияда Ўзбекистоннинг кўпроқ об-ҳавоси билан инсонлари етишмайди, урф-одатлар, биз ўрганиб қолган таомлар, мева-чевалар, деярли ҳамма нарсаси етишмаяпти. Кун ора ёмғир, офтоб чиқиши жуда қийин, шунинг учун ҳам жуда қийин, қийин...Ўзининг мева-чеваси йўқ, ҳаммаси чет элдан олиб келинади. Ўзбекистоннинг мева-чевасига ўхшата олмаймиз, айниқса, узум, қовунини...Ўзбекистон узуми ва қовунининг бутун дунё бўйича тенги йўқ".

"...Бу ерда ўзбеклигимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Чунки Бельгияда кўраяпмиз, бошқа миллатлар ўзларининг миллийликлари, тилларини йўқотиб қўйишмоқда. Шунинг учун ҳам қўрқамиз, одам болаларининг келажагини ўйлар экан. Қачондир Ўзбекистонни ривожлантириш, қачондир оёққа қўйиш керак. Шунинг учун ҳам, ҳозирги ёшлар, мана, ўқиб туришсин. Уларнинг ўқиб, Ўзбекистонга бориб ишлашлари шарт, деб ҳисоблайман. Шуни болаларимга ўқтириб, ўргатиб келаяпман. Улар рози бўлишаяпти ҳозир, билмадим энди келажакда қандай бўлади, аммо ҳозир рози бўлишаяпти. Аммо Ўзбекистондаги режимлар ўзгармаса, сиёсатлар ўзгармаса, қайтолмаймиз унда", дейди қонли Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган суҳбатдошимиз.

БУЮК БРИТАНИЯ

Суҳбатдошимизнинг илтимосига мувофиқ, исм-шарифи келтирилмади. Бундан беш йилча бурун Буюк Британияга таҳсил олиш учун келганман. Таҳсил олиш жараёнида илмий изланишлар қилиб, шу ерда истиқомат қилиб келаман. Ёшим 35 лар атрофида, зиёлиман, халқаро сиёсат масалалари бўйича изланишлар олиб бораман, дейди у:

“Бу жуда ўйлантирадиган савол-да...Бу саволни, аслида, Британияга келган кунимдан бошлаб ўйлаганман, ҳалигача бир жавоб излайман. Ҳамма Ўзбекистондан келган талабалар бўладими, бошқами, идеал бир вариант – бу ерда мунтазам яшаш рухсатини олиб олиш. Лекин Ўзбекистон фуқаролигидан кечиш, кечмаслик масаласи турганда, мен, барибир, Ўзбекистон фуқаролигидан кечмаган бўлардим. Чунки келажагимни қандайдир Ўзбекистон билан боғлайман. Қайтиб бориб, Ўзбекистонда фаолият юритиш тарафдориман”.

“Худди ўша пушаймон бўламан, балким афсус чекаман, деган хаёл ҳам бор. Чунки Ўзбекистонга қайтиб кетган баъзи ўртоқларим билан гаплашганимда, шу жиҳатлар бўлганди. Масалан, Ўзбекистонга бекор қайтиб келибман, деганлари бўлганди. Биринчидан иш ҳақининг камлиги, иккинчидан, ўша хорижда таълим олиб борган ёшларга яратилаётган иш муҳити, шароитининг яхши эмаслиги, уларга қанақадир ёт бир кўз билан, ишонқирамай қарашларини ўртоқларим билан суҳбатлашганимизда кўп баҳс қилганмиз. Шунинг учун ҳам, қайтиб борсам, балким, пушаймон бўларман, деган қўрқувлар ҳам бўлади. Лекин ҳам иқтисодий, ҳам бошқа жиҳатлардан ўзимни ҳимояланганимни ҳис қилганимда, Ўзбекистонга қайтиб бормоқчиман-да...”.

“Буюк Британияга илк келган пайтларимда Ўзбекистонни жуда кўп соғинардим. Ватанни соғинардик, у ердаги тирик хотиралар билан яшардик. Биласизми, Ўзбекистонни соғинмаган бир ҳолат бўлмаса керак-да. Ҳар куни, ҳаттоки, кўчага чиқиб, тарвуз олдик дейлик, бу ерда тарвузлар кичкина, “Оҳ, қанийди, Ўзбекистондаги катта тарвузлар бўлсайди”, деймиз. Чунки тарвузларнинг энг ширини ва мазалиси Ўзбекистонда-ку! Меваларни кўрганда Ватанни соғинамиз. Ва ҳар қандай маҳсулотларни етиштирадиган даражада бир сермаҳсул тупроқларимиз борлигини эслаймиз, боғларимизни эслаймиз. Кейин барибирам қариндош-уруғларингиз, дўстларингизни эслайсиз. Уларнинг ўтказаётган тўй-давралари, маъракаларида қатнаша олмаётганингиздан баъзан сиқиласиз. Ўша оналаримизнинг бизни соғиниб, балки, кўзларидан томган бир томчи ёшни ўйлаганда, “Эҳҳҳ, кетамаган!”, деган қарорларга келасиз. Яна ақл билан мушоҳада қиласиз-да, “Кейин нима бўлади, кейин яна қийналиб ўтирганимда, онам мени бу аҳволда кўрганда, яна эзилиши мумкин эмасми, у ҳолда яна онамни қийнаб қўяман-ку!”, деб ўйлайсиз-да...”, дейди 5 йилча бурун Буюк Британияга таҳсил олиш учун келган ёш олим.

ШВЕЦИЯ

Ҳазратқул Худойберди, илмий ходим ва мухолифат фаолларидан. 18 йилдан бери Швецияда сиёсий муҳожир сифатида яшайман. Фуқароликдан ташқари ҳамма ҳуқуқларим бор. Фуқаролигига қизиқмаганман, чунки қаерда яшасам ҳам, Ўзбекистон фуқаросиман, барибир. Шунинг учун қайтиб бориш ҳамиша менинг кун тартибимда турган нарса, 18 йил давомида ҳар куни кун тартибимда турган нарса, дейди у:

“Нима учун Ўзбекистонга қайтиш мен учун бунчалар муҳим? Бу – турли-туман инсонларнинг ўз олдларига қўйган мақсадларига, нима учун мамлакатдан чиқиб кетганликларига ва кундалик ишларига боғлиқ. Мен сиёсий муҳожирман. Ўзбекистондан мажбур бўлиб чиқиб кетганман. Биласизми, мажбур бўлган инсонлар бор, ўз ихтиёри билан кетган инсонлар бор. Зарурат туфайли чиқиб кетганлар бор...Менинг мантиғим – сиёсий муҳожир бўлгандан кейин инсон сиёсий ғояларини амалга ошираман деганда, ҳукумат томонидан қаттиқ сиёсий қатағонлар уни яшагани қўймайди, ишлагани қўймайди, кўчада юргани қўймайди,... Эркинлик қанчалик кўп бўлса, давлатлар шунчалик гуркираб, яшнаб, ўсаяпти. Мен ҳам шундай бўлишини истайман. Шунинг учун ҳам, Ватанимга қайтиб бориб,.. худди шу эркинликларни бошда ўйлаганмиз, шунинг учун курашганмиз, ана курашимиз туфайли бизларни қамоқларга тиққан, қамоқдан чиққанимиздан кейин яшагани қўймади-да, ҳайдаб чиқарди. Лекин, барибир, мен улар нотўғри қилишган, деган фикрдаман. Балким орадан 23 йил ўтиб, хатоларини тушунганлари бордир. Тушунмаса, барибир, бир кун келиб тушунади”.

“Ҳақиқатан оғир масала. Истак бор ва уни амалга ошириш имкониятлари бор. Имкониятлар ҳозир йўқ, истак ҳамиша бор. Аммо имкониятлар ҳам одамнинг ўз қўлида. Масалан, индамай ўтираверсак, у қайтиш 20 йил, 30 йил, яна 50 йилдан кейин ҳам бўлмаслиги мумкин. Лекин имкониятни ҳаракат қилиб, ўзимиз яратсак, яъни инсонларга мамлакатдаги вазиятни тўғри тушунтириб, тайёргарлик кўриб, ҳукуматнинг олдига ҳам кескин талабларни қўйиб, “Мана бундоқ кетгани, мана шуларга олиб келди, яна қачонгача давом этади, келинг, ўтиринг, гаплашинг, мулоқот қилинг, инсонларга яшашга рухсат беринг, бўлмаса, бошқа давлатларда нималар бўлаётганини кўриб турибсиз, одамлар қачонгача чидайди, кўп чидамайди, 10 йил, 20 йил, 30 йил, мана, ағдар-тўнтар қилиб ташлади ҳамма диктаторларни, ҳамма жойдаям сабр-тоқатнинг чегараси бор, тошу тарози бор, дегандек”, деб айтилади”.

“Энг кўп соғинганим, биринчи навбатда, қариндошлар. Ўзбекларни биласиз, доимо катта оилали бўлади. Ҳар бир оилада камида 50 та, 60 та қариндош бор. Бўлмаса, бир хилларда юзлаб, икки юзлаб...Иккинчидан, ерингиз: Ўзингиз туғилиб ўсган ер, у ернинг ҳавоси, у ернинг мева-чеваси, у ернинг одамлари, ўрталаридаги муносабатлар, бу нарсаларни бошқа бирор нарсага тенглаштириб бўлмайди. Билмайман, бошқа одамлар, масалан, чет элларда бойлик орттириб, яхши, катта-катта уйлар қуриб, ҳовлилар олиб, машиналар қилиб, бола-чақаларини ўйлантириб, шу ерда қолишни ўйлаши мумкин. Лекин, ўша инсонлар ҳам бир кун эмас бир кун келиб, барибир, Ватанни соғиниб, қайтиб бориб, яна кетишга қийналиб қолади, деб ўйлайман. Чунки одамнинг ўзининг юртининг ҳавоси ҳам бошқача, биласизми! Ҳали бошқа нарсаларни қўйиб туринг. Бўлмаса, бу ҳаво дегани нима деган нарса? Шамол у ёққа, бу ёққа судраб кетаверади-ку!...”, дейди Швецияда 18 йилдан буён муҳожиратда яшаб келаётган ўзбекистонлик илмий ходим, мухолифат фаоли Ҳазратқул Худойберди.

СИЗНИНГ ФИКРИНГИЗ: Азиз ўқувчи, агар бугун муҳожиратда умргўзаронлик қилаётган бўлсангиз, Сизнинг бу хусусдаги фикрингиз қандай: ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАЙТАСИЗМИ ЁКИ ХОРИЖДА ҚОЛАСИЗМИ? Фикрларингизни биз билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, мақола остидаги махсус формадан фойдаланиб, уларни бизга йўллашингиз мумкин.