Каримов меҳнат муҳожирларини "дангаса" деб атаб, улардан "жирканиш"ини билдирди

  • 21 Июн 2013
Ислом Каримов Москвада кўча супураётган ўзбеклардан жирканишини айтади

Президент Ислом Каримов Москва кўчаларини супураётган ўзбекларни "дангасалар" деб атаган ва уларни "тиламчилар"га тенглаштирган.

"Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ... Одам жирканади, ки ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ!" - деб айтган Жиззах вилоятига сафари чоғида вилоят фермерлари ва фаоллари билан учрашган президент Каримов.

Ўзбекистон президентига кўра, иш топиш учун хорижга чиқиб кетганлар "шарманда қилади ҳаммамизни".

"Энди тиламчи бўлиб, кўчага чиқиб, қўлини узатиб сўраш, одамнинг ор-номусига қаттиқ тегади. Ўзбек миллати нима билан ажралиб туради бошқалардан? Ор-номуси билан. Ўлим билан баробар эмасми бу?! Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб, шарманда қилади ҳаммамизни," - деб айтган Ислом Каримов.

Ўзбекистон президентининг меҳнат муҳожирлари ҳақида билдирган бундай фикрлари 20 июн куни Ўзбекистон Телевидениеси орқали унинг Жиззах ва Сирдарё вилоятларига сафарига бағишланган махсус кўрсатувда намойиш этилган.

Президент Ислом Каримов иккинчи бор ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида гапирмоқда.

Россиядан ўзбек меҳнат муҳожирлари юборган маблағ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади

Йил бошида ҳукумат мажлисида гапирган жаноб Каримов четда қийналиб ишлаётган миллионлаб ўзбек муҳожирлари аҳволига илк бора эътибор қаратиб, Ўзбекистондаги ишсизликни тан олганди.

"Уч йил ўқиб, мутахассис бўлган коллеж битирувчиси қаердан иш топади?" - деганди Ислом Каримов - "Мен болаларимизнинг иш қидириб, сарсон бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман".

Агар, расмий рақамларга қаралса, Россия ва Қозоғистондаги ҳам қонуний, ҳам ноқонуний ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар сони 5 миллион атрофида.

Уларнинг кўпчилиги қийин шароитларда, ҳақ-ҳуқуқсиз ва энг оғир ишларни қилиб, пул топишади.

Ўзбекистон ичкарисида эса, одатда, бу каби муҳожирларни борига қаноат қилмасдан, бойлик орттириш учун четга кетган ношукурлар сифатида тасвирлашади ва ҳатто, машҳур ашулачилар муҳожирларни қоралаб қўшиқлар айтишган.

Аммо Ўзбекистон иқтисодида муҳожирлар жўнатадиган пулларнинг салмоғи жуда катта ва уларнинг Ўзбекистонда қолган оилалари айнан ана шу маблағ эвазига кун кўраётгани, уй солиб, тўй қилаётгани айтилади.

Россия Марказий Банкининг сўнгги маълумотларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 2012 йили ўз Ватанларига 6 миллиард долларга яқин пул юборишган.

АҚШ Марказий Истиҳборот Агентлиги ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2012 йилда 51 миллиард доллардан сал кўпроқ бўлган.

Бу рақам биргина Россиядан меҳнат муҳожирлари юборган маблағ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади ва Ўзбекистоннинг пахта ва газ экспорти даромадидан кўпроқдир.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

ИЗОҲЛАР:

Кетмончи: Жуда хунук гап қилибдилар, муҳтарам Президентимиз. 5-6 миллион ўзбек мухожир ишчи десак, шундай ишчиси йўқ оила Ўзбекистонда йўқ ҳисоби. Мухолифат нима қиляпти? Чет элдаги ўзбеклар билан яқинроқ ишлаб, улар дардига даъво бўлиш ўрнига, Ғарбда сиёсий бошпанада бир-бирига интернетда лой чаплаш билан оворалар...

Узбек, Узбекистон: Нега мухожирлар дангаса экан ва нега урток Каримов мухожирлардан жирканар экан? Ахир мухожирлар кутариб турибдику иктисодий тангликни? Дангаса одам узок юртларга бориб оиласини бокиш учун канча кийинчиликларга бардош бериб юрмайди, дангаса одам соккасини бериб, Узбекистонда иш битириб, угрилик килиб оила бокяпти, мухожирлар жирканса арзийди бунака рахбардан, кимсан жирканиш санга колибдими,Узбекистонда агар шароит булса свет газни бериб куй кани уша бечора мухожирлар кетадими четга?

Hashmat: Agar dunyodagi boshqa birorta davlat prezidenti "men o'z fuqarolarimdan jirkanaman" desa o'sha vaqtning o'zidayoq siyosiy hayotiga nuqta qo'yiladi.

SL: Karimovdan jirkanmaydigan tomon topish qiyin bulib qoldi. Uzbekistondagi hatto kichkina kursiga utirib olgan odam tinimsiz chetga pul toshish bilan ovora, lekin don't give a sh*** about ordinary people! Aslida uni siyosatini maqtab yurgan va uni kuproq taxtda qolishini taminlayotgan odamlar ham narigi dunyoda "majbur edim" degan bahonasi qanchalik utishini bilmadim, u yog'i Ollohdan.

Узбек, Турон:

Менга колса Россияга келмас эдим, Уз юртимдан узга жойни билмас эдим, Ишсизликдан бу юртларга келиб колдим, Кулдай ишлаб дангасага чикдим мана.

.................................................................

Келмай десам ер участка олиш керак, Кенжамга туй,каттамга уй солиш керак, Кизларга сеп,сандик жавон килиш керак Кулдай ишлаб дангасага чикдим мана.

Уртанчамни укимишли килмок керак, Укишига хар йили беш миллион керак. Мард узбекка мардикорлик хавас эмас, Кулдай ишлаб дангасага чикдим мана.

Аёлим хам огир ишга ярамайди, Шифокорлар курук кулга карамайди, Даволашга камида уч миллион керак, Кулдай ишлаб дангасага чикдим мана.

Ёнмаган газ,светга пул бериш керак, Киш келмасдан утин,кумир олиш керак. Хеч булмаса курук тезак териш керак, Кулдай ишлаб дангасага чикдим мана.

Менга колса Россияга келмас эдим....

Азимбай Атаниязов: к,изик, гап бу'пди-ку, ха, ,, Пулат кандай тобланди" дан рухланиб усган авлод вакилдан бошкача гап чикиши кийин

Axror UZ: Bizni davlatda ko'tariliwingaham q6yiwmidi, naloglar iwbilarmonlarimizni qurutiwadi.... Karimov bunday gapirmasa b6lardi, o'zi warmanda b6lsin wu halqiga chet eldagi waroitlarni qilib bera olmaganiga

Shaxnoza Xon: To'g'ri aytilgan gap. Wuyerdayam hech kim ochdan o'lgani yuq! Iwlagan tiwlaydi, bizam rivojlanib taraqqiy etib olaylik ko'chalarimizni supurtirib pul to'laymiz hali... O'wa kunlar keliwini kutib yawayman!

Davron Nasimov: Shahnozaxon:

Adashasiz Shahnozaxon. Bizda o'girlayotgan, davlatni talon-toroj qilayotganlar albatta yashayapti. Oddiy aholini esa hukumat faqat ezishni bilad. Majburiy paxta mehnati shulardan bir misol (qaysi davlatda majburiy mehnat bor ekan?! Qamoqxonadan farqi yo'q-ku bizda!)

Bizni sharmanda qilayotgan bu Karimov va uning qizi. Buni o'zlari ham yaxshi bilishadi.Qo'rqqanidan ham xalqni miyasiiga shunday bemazza gaplarni quyib keladi...

Rossiyada ishlab oilasini boqib yuruvchilarni esa men millatimiz qahramonlari deb bilaman!

Умид Холлиев: мен хозир ҳафтада 5кун 4соат учун 150доллорга ишчи топа олмаяпман. яна тушлик мени ҳисобимдан хамма Россияга кетган қолганлари. ҳақиқатда "дангасалар" мен буни икки карра ишонч билан айтаман. уйида бекор ўтиради аммо 150 долларга 4соат ишламайди.

Хасанбой Тошбайев: бу менимча булмаган гап узбекистон фукороларини призидетга карши килиш учур уйлаб топилган Одамзотри рискири каёкка сочган булса уша йердан теради худони айтгани булади бандасини айтгани емас. Бодшох хечкачор бундай демайди

Komronbek Jalilov: bilmayman, Rossiya vaqtida uyalmay o'rta osiyodan faqat resurs tashigan, poezd vagonlarida, endi osiyoliklar o'shalarni qaytarib olishayapti, bu yerda adolatsizlik yo'q, Rus yeri shundoqam resurslarga boy davlat

Сохиба Хайитбоева: Меҳнатнинг айби йўқ! Меҳнаткаш халқидан орият қилгунча, ярим яланғоч, ширакайф тушган расмлари дунёга тарқалган қизидан орият қилсин!!!

Hasan Gayub: Президент Каримов ҳақиқий ҳаёт реалликларидан узилиб қолган!

Шер Назаров: Мен бугун РОССИЯ ва хорижда мехнат килаетган хар бир мухожирни бугунги куннинг КАХРАМОНЛАРИ деб биламан. Улар у ерда ишлашга мажбурлар... Мамлакатда куплаб инсонларнинг чикиб кетишига мамлакатда амалдорларнинг бизнесга тазийки сабаб. Ахир улар миллиардлаб маблаг жунатиши хисобига миллий валютамизнинг касод булишини олдини олмаяпти-ми? Кора бозорни валюта билан таъминламаяпти-ми? Бизни бутун дунега ШАРМАНДА килаетганлар - бу бизнинг амалдорлардир. Узимизга етмаган газни хорижга экспортини купайтириш ШАРМАНДАЛИК эмасми? Кулланилаетган кийноклар-чи? Уни эътиборга олмаганлар-чи? Еки мунтазам электр энергиясидаги узилишлар Шармандалик эмас-ми? Биз ахир 21 асрда яшаяпмиз-ку? Бу саволларга нима учун жавоб топилмаяпти? Агар мухожирлар ШАРМАНДА килаетган булса КАЙСИ ЮЗ билан РОССИЯГА расмий ташриф буюрадилар... Уларнинг уйларида колиб кетган бола-чакалари юзига кандай карайди...