Риштонлик фермер: ҳоким маҳкама қарорига бўйсунмаяпти

  • 20 Июн 2013
  • изоҳлар
Маҳкамалар ерни бошқа фермерга бериш ҳақидаги ҳоким қарорини ноқонуний топган.

Фарғона вилояти Риштон туманидаги "Азизбек Асилбек ери" фермер хўжалиги иш юритувчиси Пирмуҳаммад Ғаниевнинг айтишича, Риштон туман ҳокими Ғайратали Мамадалиевга қарши маҳкама ишларини ютиб чиққанига қарамасдан, ҳоким фермерга ишлагани қўймаяпти.

2012 йил февралида Риштон тумани ҳокими қарори билан 45, 9 гектар майдон "Азизбек Асилбек ери" фермер хўжалигининг тасарруфига берилган.

Ҳужжатларга биноан, фермер хўжалиги деҳқончиликка яроқли ери 42 гектарни ташкил этган майдондан 49 йил мобайнида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган.

Фермер хўжалиги иш юритувчиси Пирмуҳаммад Ғаниевнинг айтишича, ўтган йили ўзларининг зиммасига юкланган ғалла топшириш режасини 104 фоиз қилиб ошириб бажарган.

Кейинги йил учун ҳам 2012 йил сентябрида шартнома тузилган ва фермер хўжалиги аъзолари ерга уруғ ва ўғит солганлар.

Лекин 2013 йил бошида Риштон тумани ҳокими ер майдонини яна давлат захирасига ўтказиш қарорини чиқарган.

Пирмуҳаммад Ғаниевнинг айтишича, ер бошқа фермерга сотилган.

"Азизбек Асилбек ери" фермер хўжалиги туман ҳокими қарори устидан Фарғона вилоят хўжалик маҳкамасига мурожаат қилган.

Вилоят хўжалик суди ҳокимнинг ерни фермер хўжалигидан тортиб олиш қарорини қонунга зид деб топган.

Бу ҳукмдан норози бўлган Риштон тумани ҳокими Ғайратали Мамадалиев шикоят аризаси билан маҳкамага мурожаат қилган.

Аппеляция маҳкамаси ҳам ҳокимни ноҳақ деб топган.

Бироқ фермер хўжалиги иш юритувчиси Пирмуҳаммад Ғаниевга кўра, туман ҳокими маҳкамалар қарорларини писанд қилмаяпти.

Би-би-си телефон орқали Риштон туман ҳокимлиги билан боғланди.

Бироқ Риштон туман ҳокимияти вакиллари ҳокимнинг мажлисда эканини айтишди.

"Азизбек Асилбек ери" фермер хўжалиги иш юритувчиси Пирмуҳаммад Ғаниев билан суҳбат