BBC navigation

ГЭС лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон яна БМТга мурожаат қилди

Сўнгги янгиланиш 15 июн 2013 - 15:08 GMT

Тошкентда Ўзбекистон ва Қозогистон ўртасида стратегик шериклик шартномаси имзоланди.

Ушбу ҳужжатда барча соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий тамойиллари мустаҳкамлангани хабар қилинган. Буларнинг орасида Марказий Осиёда сувдан адолатли фойдаланиш тизимини ривожлантириш борасидаги икки томон орасида келишилган ягона мавқе яна бир бор тасдиқланган. Президент Ислом Каримов ва Президент Нурсултон Назарбоев Бирлашган Милллатлар ташкилотишга мурожаат қилиб, минтақада сув муаммосини ечиш учун халқаро ва мустақил экспертиза ўтказилиши кераклигини таъкидлаганлар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари Тожикистон ва Қирғизистон томонидан тўғонлар барпо этилишининг потенциал хавфи кўриб чиқилишини сўраганлар.

Президент Каримов мунозарали муаммони халқаро экспертлар кўриб чиқишлари керак, деб айтди.

"Биз халқларимининг ва мамлакатларимизнинг бугуни ва келажаги учун зиммамиздаги умумий маъсулиятни яна бир бор тасдиқладик. Агар биз осон бўлмаган даврда яшаётганимизни ва глобал иқтисодий инқироз давом этаётган дунёдаги вазиятни инобатга олсак, минтақада оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган ҳодисалар рўй бериши мумикн. Шунингдек, Афғонистондан халқаро тинчликпарвар қўшинларининг чиқиб кетиши ортидан минтақага яқин бўлган ҳудудларда экстремизм кучайиб, қарама-қаршилик юзага чиқиш эҳтимоли катта", деб айтган Президент Каримов.

Президент Ислом Каримовга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро ҳаракатларини мувофиқлаштиришга келишиб олган.

Ўзбекистон раҳбари минтақанинг икки йирик дарёсининг юқори қисмида режалаштирилаётган гидроэнергетика лойиҳаларини назарда тутиб, халқаро мустақил текширув меъёрларга мувофиқ бўлиши ва дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар билан ўзаро келишиб олиниши керак, деб айтган.

"Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Камбарота ГЭСи каби ҳар қандай гидтехник иншоот БМТ доирасидаги халқаро мустақил текширувдан ўтиши, Сирдарё ва Амударёнинг қуйи оқимидаги мамалкатлар билан ўзаро келишиб олиниши керак", деган Ўзбекистон раҳбари.

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ҳукуматининг сув-энергетика бўйича мавқеи Ўзбек томонининг мавқеи билан ҳамоҳанг, деб айтди.

У ўз нутқида Қозоғистон ҳамиша Ўзбекистон билан алоқаларнинг ривожанишига катта эътибор қаратганини ва Ўзбекистонни минтақадаги стратегик шерик сифатида кўришини таъкидлаган.

"Қозоғистон билан Ўзбекистон мавқеларининг бирлиги минтақада тинчлик ва хавфсизликка бевосита боғлиқ эканини яхши тушунамиз. Аксар соҳаларда, хусусан сув тақсимлаш соҳасидаги мавқеларимиз бир-бирига мос келади. Биз қўшниларимизга дўстона муждани йўллаймиз, яъни бу муаммоларни фақат биргаликда ҳал этишимиз лозим. Ҳал қилиб бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ. Бу трансчегара дарёларида гидроэнергетика иншоотларини барпо этишга ҳам тааллуқли", деб айтган Президент Назарбоев.

Бу келишмовчиликларни ўзаро музокаралар орқали ҳал қилиш мумкин, деди Қозоғистон президенти.

Иккала томон музокаралар давомида сув манбаларидан адолатли фойдаланиш тизимини ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлашган.

Тожикистон билан Қирғизистон улкан ГЭСларни барпо этиш билан ўзларининг сурункали энергетика тақчиллиги муаммоларини ҳал этмоқчи эканларини айтишади.

Бироқ бу муаммоларни улкан эмас, ўртача катталикдаги тўғонлар билан ҳам ечиш мумкинлиги ҳақидаги эътирозлар ҳам ўртага ташланади.

Изоҳлар

Изоҳларга ўтиш
 
 
 

Изоҳлар учун ёпиқ

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.