Россия саҳнасида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари

  • 27 Май 2013
Ҳар бир меҳнат муҳожирининг турфа тақдири, машаққатли ҳаёти ва аччиқ сабоқлари бор.

Кеча Москва театрларининг бирида янги спектакл премьераси бўлиб ўтди. Ўзбек муҳожирлари бош ролларда Москва театри саҳнасига чиқишди.

“Оқин опера-2” деб номланган мазкур хужжатли спектаклнинг муқобил номи “Муҳожирлар ҳақида баллада” дейилди. Унда Россия пойтахтидаги меҳнат муҳожирларининг турфа тақдирлари, муҳожирликнинг машаққатли ҳаёти ва аччиқ сабоқлари воқеа қаҳрамонларнинг ўз тилидан баён этилди.

“Меҳнат муҳожирлари мавзуси билан бир ярим йилдан бери қизиқиб қолдим. Бу мавзуга иккинчи бор мурожаат қилаяпмиз, - дейди лойиҳа раҳбари Всеволод Лисовский. Ўтган йилнинг сентябр ойида тожикистонлик санъаткорларнинг муҳожиротдаги қисматларини ёритган эдик. Бу галги бош қаҳрамонларимиз ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидир” .

Унинг айтишича, ўзбек актёрларини топиш ижодий жамоага осон бўлмаган. Улар таниш меҳнат муҳожирлари орқали Марказий осиёлик муҳожирлар ишлаётган кўпгина жойларда бўлишга тўғри келган. Ниҳоят, асл касби санъаткор бўлган меҳнат муҳожирлари улар қурилишлардан топилди.

Хужжатли спектаклнинг бош қаҳрамонларидан бири нукуслик Омон Кароматдиновнинг асли касби хореограф.

- Мен омадсиз ва бахтсиз инсонман, дея ҳикоясини бошлади қурувчилик қилаётган санъаткор. – Ўз юртига керак бўлмаган мутахассисни бошқача қандай аташ мумкин?!...

Нукуслик Омон Кароматдинов муҳожирликдаги аччиқ қисмати ҳақида ҳикоя қиларкан, томошабинларнинг кўзига ёш қалқди. Ҳамма бирдек ачинди, дардини тушунди. Шунча қийинчиликларга қарамай, асл касбидан узоқлашмасликка интилаётган Омон ака:

- Бу йил “Лужники”даги Наврўз байрами тантанасида катта саҳнага чиқдим. Ўзбек рақси билан минглаб томошабинлар олқишига сазовор бўлдим. Демак, мен омадсиз, бахтсиз эмасман, дея яна ўзини овутди.

Воқеалар орасида Омон Кароматдинов ижро этган “Андижон полкаси” рақси томошабинларни тўлқинлантириб юборди.

Анвар Юсупов эса фарғоналик, у айнан муҳожирлик сабаб шахсий ҳаётида содир бўлган барча мураккабликларни очиб беришга ҳаракат қилди.

- Муҳожирлик сабаб шахсий ҳаётим издан чиқиб кетди. Айни пайтда Қўқонда иккита хотиним бўлиш билан бирга бу ерда учинчи хотиним билан яшаяпман, - дея ҳикоясини тугатди Анвар.

Шунингдек, спектаклда қримлик меҳнат муҳожирининг бошидан кечирган воқеалари, Россияда меҳнат муҳожирлари учун ташкил этилган касаба уюшмаси раҳбарининг ўю кечинмалари саҳнага олиб чиқилди.

Спектакл давомида саҳнага ўрнатилган мониторда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳаётидан олинган лавҳалар узлуксиз намойиш этиб турилди. Шунингдек, воқеалар баёни пайтларида Артём исмли йигит ижросидаги танбур наволари саҳна кўринишларига шарқона руҳ бағишлади.

Бизнинг миллий чолғу асбобимизни чалишни кимдан ўрганганлиги ҳақидаги саволимизга “Ҳеч кимдан, ўзимча ўрганганман” , дея жавоб берди кулиб Артём. Танбурнинг оҳанги жуда сеҳрли, дейди у.

Режиссёр В. Лисовский ҳам ўз ижодий гуруҳи билан бирга бу мавзуни давом эттиришини билдирди.

- Муҳожирларни ўз истеъдодларини намойиш этишга имкон бермоқчимиз, - дея келгуси режалари билан ўртоқлашди лойиҳа раҳбари. – Лойиҳамиз шуниси билан эътиборлики, ҳар гал қаҳрамонларимиз ўзгараверади, улар ўз тарихларини ҳикоя қилишади. Ҳар гал янги қаҳрамон, янги воқеалар... Кейинги қаҳрамонларимиз қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари бўлади. Ҳаттоки, камерунликлар ҳам саҳнамизга чиқади”.

Спектакл сўнггида томошабинлар фикри билан қизиқдим.

- Оддий гастарбайтерни ичида шунча дард, шунчалик истеъдоди бўлиши мумкинлиги ҳаёлимга ҳам келмаган экан! – деди ўзини Женя деб таништирган томошабин.

Хужжатли спектакл ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ижроси йиғилганларга маъқул бўлди, бу давомли олқишларда яққол кўринди.

Менимча, В. Лисовский бошлаган иш кенг тарғиб қилинса, нафақат меҳнат муҳожирлари учун ўзини намоён этиш минбари, балки Россиядаги мавжуд миллатлараро келишмовчиликларнинг анча барҳам берилишига сабаб бўлар эди...

Бу мавзуда батафсилроқ