Тошкентда кучли ер қимирлаши юз берди

  • 25 Май 2013
Ер силкиниши одамларни уйқудан уйғотиб юбориб, кўчага чопиб чиқишга мажбур қилган.

Шанбага ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат 3.20 да Тошкентда ер силкиниши содир бўлган.

Маълумотларга кўра, 5,5-6 магнитудага тенг зилзила маркази Бўка шаҳридан 9 километр узоқликда, 15,8 километр чуқурликда юз берган.

Хабарларда айтилишича, ер қимирлаши жуда кучли бўлиб, одамлар ваҳимада кўчаларга отилиб чиқишган.

Биз билан гаплашган тошкентликларнинг айтишича, дастлаб қаттиқ бир овоз чиқиб, ер силкинишидан жавонлардаги нарсалар тушиб кетган.

Аброр исмли талабанинг сўзларига кўра, у турган уй юқори қаватда эканлигидан ер қимирлаши жуда даҳшатли бўлган.

"Ухлаб ётган жойимдан худди биров қаттиқ силкитгандай бўлди. Кўчага югуриб чиққанимда қўшниларнинг ҳаммаси кўчада эди. Кўплари эрталабгача ҳам ўтиришди",- дейди у.

Аҳоли орасида зилзила талофотлари ҳақида турли миш-мишлар ҳам тарқалган, бироқ бу ҳақда расмий маълумот берилмаган.

Қайта ер силкиниши

Ўзбекистондан олинган бугунги хабарларга кўра, маҳаллий вақт билан соат 11 да бир қанча шаҳарларда қайта силкинишлар содир бўлган.

"Тошкент" сейсмология станцияси маълум қилишича, Тошкент ва Олмалиқда 4 балл, Жиззах, Самарқанд ва Қаршида 5 балл, Газлида 3 балл, Андижонда 2 баллик ер қимирлашлари кузатилган.

Зилзила маркази Ўзбекистон ҳудудида бўлиб, пойтахт сейсмология станциясидан 297 км, Жиззахдан 50 чақирим узоқликда, 18 км чуқурликда бўлгани айтилмоқда.

Шунингдек, зилзила марказида 6,2 магнитуда, зилзила ўчоғида эса 7 баллик куч қайд этилган.

Қаршилик суҳбатдошимизнинг гапириб беришича, зилзила жуда кучли бўлган, кундузи рўй бергани учун ҳам одамларда унча ваҳима уйғотмаган.

Ургутлик ўқувчимиз ҳам силкиниш ваҳимали бўлгани, лекин одамларнинг ўзи ва молига зарар етказмаганини айтди.

Тошкентдаги зилзила нафақат республика вилоятлари, балки қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Жанубий Қозоғистонда ҳам сезилган.

Ўзбекистон Сейсмология маркази иккала ер силкинишида ҳам вайронагарчиликлар бўлмаганини билдирди.

Олдинроқ, Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳрида баъзи талофот ва жабрланганлар борлиги норасмий манбалар томонидан айтилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ